Янгиликлар: Толибон эҳтиёт чорасини кўрди, минтақага янги хавф таҳдид солаётгани билан огоҳлантирди O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади...
Алоқадор мавзулар:
Нима гап?

Сурат манбаси, EPA
Толибон маймунчечак Афғонистон ва минтақага таҳдид эканини айтди.
Унинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўрганлигини маълум қилди.
Сўнгги янгилик Афғонистонга чегарадош Покистонда камида битта маймунчечак ҳолати тасдиқланганига оид расмий хабарлар ортидан олинди.
Покистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда жума куни маълум қилди, аммо ҳалича унинг қай бир штамми эканини айта олмасликларини билдирди.
Вазирликка кўра, бу борада текширув ишлари бошланган ва жараён ниҳоясига етгачгина, унинг қай бир штамм эканига ойдинлик киритишлари мумкин бўлади.
Покистон Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой ва Эрон билан бирга минтақанинг Афғонистонга чегарадош олтита давлатидан биттаси бўлади.
Маълум бўлишича, маймунчечаги вируси Форс Кўрфази давлатидан қайтган покистонликда аниқланган ва хабарларда мазкур мамлакат Саудия Арабистони ўлароқ тилга олинган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи маймунчечагининг янги штамми глобал миқёсда аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган бир манзарада кузатилган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 14 август куни маймунчечаги эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат, деб эълон қилган.
Худди ўша куни бир Европа давлати мисолида Швецияда маймунчечагининг янги штамми аниқланганига оид хабарлар олинган.
Бу касаллик янги штаммининг Африка қитъасидан ташқарига ёйилаётганининг илк белгиси ўлароқ баҳоланган.
Маймунчечаги вирусининг янги штамми мунтазам яқин алоқада осон юқиши билан экспертларда жиддий хавотир уйғотган.
Покистондаги илк ҳолат эса, мамлакатнинг Афғонистонга чегарадош шимолий Хайбар-Пахтунхва вилоятида аниқланган.
Вилоят масъуллари ўзларининг даслабки баёнотларида бир ҳафтанинг ичида Бирлашган Араб Амирликларидан қайтган уч кишида маймунчечаги аниқланганини айтишганди.
Покистон томонининг ҳар икки баёнотида ҳам тилга олинган бу икки давлат ўзбекистонликлар мисолида ҳам Марказий Осиё фуқаролари ҳам зиёрат, ҳам саёҳат ва ҳам тижорат илинжида энг кўп сафар қилувчи мамлакатлар сирасига киради.
Аммо, покистонлик масъулларга кўра, маймун чечаги вируси аниқланган эркакнинг ҳозир қаердалиги маълум эмас.
Уларнинг айтишларича, эркак вилоят маркази Пешовардаги касалхонада тестдан ўтиб, тавсия олгач, Мардан туманидан бир неча чақирим узоқликдаги уйига қайтган, аммо қўшниларининг сўзларига кўра, кейин оиласи билан бошқа туман - Дирга кетган.
Мардан тумани соғлиқни сақлаш масъулларининг сўзларига кўра, эркакни Дирдан ҳам топа олишмаган.
Уларнинг айтишларича, ҳозир марданлик, деб ишонилган мазкур бемор билан мулоқотда бўлганларни излашмоқда.
Вазирлик баёнотида айтилишича, қўшимча тиббиёт ходимларини жалб этган ҳолда аэропортларда кузатув ва назоратни ҳам кучайтиришган.
Минтақага таҳдидми?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Сўнгги янгилик, бошқа томондан, юз минглаб афғон қочқинлари ҳануз Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга қайтаётган бир манзарада олинган.
Толибон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, маймунчечагининг Афғонистонга тарқалишининг олдини олиш учун чегара-ўтиш нуқталарига юқумли касалликлар билан ишловчи тиббиёт мутахассисларидан иборат текширув гуруҳларини сафарбар этишган.
Вазирлик матбуот котибининг айтишича, улар Покистондан қайтаётганлар, айниқса, қочқинларни текширишади ва касалликка гумон қилинганлар карантинга олинади.
Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукумати, уч йилдирки, ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган.
Халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ҳукумати, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ асосий талабларига қулоқ тутмай келаётгани боис, Афғонистоннинг четдаги музлатиб қўйилган миллиардлаб долларлик активлари деярли очилмаган, кесиб қўйилган катта миқдордаги хорижий молиявий кўмаклар ҳам ҳануз тикланмаган ва бугун мамлакатда фаолият олиб бораётган халқаро ёрдам ташкилотларининг сони ҳам бармоқ билан санарли.
Фавқулодда инсонпарварлик ёрдами кўрсатилмаса, мамлакат "Ер юзининг жаҳаннамига айланажаги"га оид хавотирларнинг янграганига ҳам унча кўп бўлмаган.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш тизимининг ҳозирги аҳволи бугун мамлакат аҳолисининг энг кўп шикоят, халқаро ёрдам ташкилотларининг эса, энг кўп хавотирига молик долзарб муаммолардан бири бўлади.
Бу ковид пандемияси чоғида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Афғонистон билан боғлиқ хос ташвишларига сабаб соҳа ҳам бўлган.
Пандемия чоғида катта сондаги аҳолиси учун имконли тиббиёт марказлари, малакали мутахассислар, тиббий жиҳозлар ва сифатли дори-дармонларнинг қанчалик тақчиллиги яна бир бор ўзининг ўткир ифодасини топмай қўймаганди.
Толибоннинг хавотирлари билан боғлиқ сўнгги янгилик, бошқа томондан, Ўзбекистон Бош вазирининг Афғонистонга ташрифи манзарасида олинган.
Асосий эътибор икки ўртадаги савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришга қаратилиши айтилган мазкур ташриф чоғида маймунчечаги масаласининг кун тартибига чиққан-чиқмагани маълум эмас.
Ўзбекистон Бош вазирининг Афғонистонга ташрифи билан боғлиқ пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга таянилса, 1 августдан икки давлат ўртасидаги Айритом-Ҳайратон чегара пости 24 соатлик иш режимига ўтказилган.
Халқаро Термиз савдо марказига ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим ҳам жорий қилиниши айтилган.
Ҳозирча Покистонга қўшни бирор бир минтақа давлатидан маймунчечаги аниқланганига оид бирор бир хабар олинмаган.
Бошқа томондан, қолган икки Марказий Осиё давлатиники билан қиёсланганда, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан давлат чегараси энг қисқаси бўлади.
Узунлиги 144 километрни ташкил этади, аммо энг кучли қўриқланувчи чегараларидан бири сифатида кўриб келинади.
Хавотирлар қанчалик асосли?

Сурат манбаси, Science Photo Library
Ўта юқумли маймунчечаги штамми дастлаб Конго Демократик Республикасида авж олган ва у ерда камида 450 кишини ўлдирган.
Энди эса, марказий ва шарқий Африкага кириб борган, олимлар касаллик янги штаммининг қанчалик тез тарқалаётгани ва ундан ўлим даражаси юқорилигидан хавотирда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари янги штаммнинг Африка бўйлаб ва қитъа ташқарисига янада ёйилиши эҳтимоли "жуда хавотирли" эканини айтмоқда.
Унга кўра, "эпидемияни жиловлаш ва инсонларнинг ҳаётларини асраб қолиш учун халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар лозим".
Бугунги маймунчечак

Маймунчечак яқин алоқа - жинсий муносабат, терининг терига тегиши, ўзаро мулоқот ёки ҳаво-томчи йўллари орқали юқади.
Касаллик худди гриппникига ўхшаш белгиларни намоён қилади, терининг шикастланишига сабаб бўлади ва ҳар юзта ҳолатдан тўрттасида ўлимга олиб келиши мумкин.
Маймунчечак тарқалишини вакциналар ёрдамида назорат қилиш мумкин, аммо улар барча учун бирдек имконли эмас, одатда, хавф остидагилар ёки касал одам билан мулоқотда бўлганлар учун кўзда тутилган.
Унинг иккита - Clade 1 ва Clade 2 деб номланувчи штаммлари бор.
2022 йилда маймунчечаги эпидемиясининг фавқулодда ҳолат, деб эълон қилинишига сабаб бўлган иккинчи штамми анчайин мўътадил.
Аммо бу гал унинг анчайин ҳалокатли биринчи штамми ҳақида сўз бормоқда.
У аввалги эпидемиялар чоғида маймунчечагига чалинганларнинг 10 фоизчасини ўлдирган.
Маймунчечагининг худди шу штамми ўтган йилнинг сентябр ойи ўрталарида мутацияга учраган ва касалликнинг Clade 1b деб номланаётган янги штаммини пайдо қилган.
Тезлик билан тарқалишни бошларкан, олимлардан бири айнан уни шу пайтгача маълум бўлганлари орасидан "энг хавфлиси" эканини айтишгача борган.
Йил бошидан буён Конго Демократик Республикасида 13 700 дан ортиқ маймунчечаги аниқланган, камида 450 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Шундан сўнг янги штамм Африканинг бошқа давлатлари - Бурунди, Марказий Осиё Республикаси, Кения ва Руандадан ҳам топилган.
Янги штамми билан боғлиқ вазиятнинг халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат, деб эълон қилиниши энди тадқиқот, молиялаштириш ва халқаро миқёсдаги бошқа чора-тадбирларни тезлаштиришига умид қилинаётир.
Унинг анчайин мўътадил иккинчи штамми 2022 йилнинг июлида Европа ва Осиёдагилари илова дунёнинг юзга яқин давлатига кириб борган.
Агар, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига таянилса, ҳали шу штаммининг ўзиёқ тезликда тарқалган, уни 87 000 дан зиёд одам юқтирган бўлса, 140 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Маймунчечагини ҳар ким юқтириши мумкинлиги, аммо касалликнинг кўпроқ гей эркаклар орасида учраши айтилади.
Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази раҳбари ўтган ҳафта огоҳлантириш билан чиққан, агар жиловлаш учун фавқулодда чоралар кўрилмаса, эпидемия назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигини айтганди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маймунчечаги тарқалишининг олдини олиш учун саёҳат чекловларини киритишни ҳозирча маслаҳат бермаган.
Марказий Осиёда нима гап?

Воқеаларнинг минтақадаги сўнгги ривожи манзарасида Марказий Осиёнинг икки йирик давлати - Ўзбекистон ва Қозоғистонлик масъулларнинг ҳам маймунчечакдан хавотирда эканликлари кўрилган.
Кеча, 18 август куни минтақадан аввал Ўзбекистон, кейин эса, Қозоғистоннинг ҳам маймунчечакнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўраётганига оид хабарлар олинган.
Ўзбекистон томонининг расман маълум қилишича, бунинг учун мамлакатдаги вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган, маймунчечак касаллигини ташхислаш учун зарур диагностика ва тест системаларини олиб келиш юзасидан ишлар йўлга қўйилган, ўтган йили берилган тест системалари жойларга тарқатилмоқда, иш жойида тажриба алмашинувини амалга ошириш, иш жойида кўникма ҳосил қилиш учун видеоконференция алоқаси орқали лаборатория ходимларининг билим-савиялари ҳам оширилмоқда.
Маймунчечагига гумон ҳолатини эрта аниқлаш учун яқин кунларда шифокорлар учун ўқув семинарлари ҳам ташкил қилинмоқчи.
Афғонистонга чегарадош Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Расмий маълумотларда мамлакат аҳолисининг бугунги сони 37 миллиондан ортиши айтилади.

Минтақадан олинаётган бошқа хабарларга кўра, Қозоғистон маймунчечак сабаб, чегаралари, хусусан, санитария-карантин масканлари, аэропортлар ва чегара-ўтиш жойларида назорат чораларини кучайтирган.
Эътиборнинг эса, маймунчечаги ҳолатларини қайд этилган давлатлардан келаётган фуқароларга қаратилишини билдирган.
Маълум бўлишича, Қозоғистон, бундан ташқари, эндемик мамлакатларга боришни режалаштираётган фуқароларига қандай эҳтиёт чоралари кўришлари лозимлиги борасида қатор тавсиялар билан ҳам чиққан.
Қозоғистон томонига кўра, ҳозирча мамлакатда бирор бир маймун чечаги ҳолати қайд қилинмаган.
Кўрилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистондан олинаётган хабарлар манзарасида маймунчечак тарқалишининг олдини олиш йўлида Қирғизистон нима қилаётгани саволига ойдинлик киритиш учун kaktusmedia интернет нашри таҳририяти мамлакат масъулларига мурожаат қилган.
Қирғизистон Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати департаменти эпидемиология бўлими бошлиғининг мазкур нашрга айтишича, "бу ҳақдаги буйруқ лойиҳаси, касаллик клиникаси, уни даволаш, аниқлаш, эпидемиологик назорати ва бошқа, бошқаларни кўзда тутувчи норматив ҳужжатлар тайёр".
"Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида олинган тест системалари ҳам бор. Аниқланган тақдирда, ташхис қўйиб, лаборатория шароитида уни тасдиқлаш имконига эгамиз. Лаборатория ходимлари ўқитилган. Санитария-карантин пунктларида мутахассислар ҳам иш олиб боришмоқда", - деб айтган Динара Оторбаева.
Қолган Марказий Осиё давлатларининг маймунчечакка қанчалик ҳозир эканликларига оид хабарлар эса, ҳозирча минтақавий нашрларда кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистон илова қолган беш давлатига чегардош давлати бўлади.
Минтақа давлатлари пойтахтларидан шу пайтгача маймунчечак билан боғлиқ расман тасдиқланган бирор бир хабар олинмаган.
Россияда нима гап?

Сурат манбаси, Getty Images
Роспотребнадзор эса, 15 август куни Россияда маймунчечакнинг тарқалиш хавфи йўқлигини айтиб чиққан.
Россия Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий осиёликлар сони миллионларга нисбат берилади.
Россия дунёнинг ҳаводан бўладими ёки ердан, минтақа давлатлари билан ўзаро қатнов фаол давлатларидан бири бўлади.
Роспотребнадзорнинг маълум қилишича, Россияда маймунчечакни аниқлаш бўйича барча зарур чоралари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Давлат чегараларидаги чегара-ўтиш пунктларида кучайтирилган санитария-карантин назорати амалда.
Агар, Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги маълумотларига таянилса, мамлакатда илк маймунчечак ҳолати 2022 йилнинг 12 июлида қайд қилинган.
Касаллик Португалиядан қайтган фуқарода аниқланган, аммо тарқалмаган.
Бунинг ортидан ҳам Россияда бир неча маймунчечак ҳолатига оид хабарлар олинган.
Аммо касалликнинг ўта юқумли экани айтилаётган янги штамми Россияга кириб борганми-йўқлиги саволига Роспотребнадзор ҳозирча ойдинлик киритмаган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, Крокусдаги қонли ҳужумдан кейин Марказий осиёлик мигрантларнинг Россияга кириши қийинлашган, расмий Москванинг кучайиб бораётган аксилмиграцион сиёсати сабаб, мамлакатда бўлганларининг ёппасига ёки оммавий ортга қайтишларига оид хавотирлар ҳануз буткул аримаган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Тошма пайдо бўлдими? Маймунчечакми ёки бошқа нарса?
Мишел Робертс
Би-би-си
Маймунчечак нима?

Сурат манбаси, Getty Images
Тошма кўп сабабларга кўра юзага келиши мумкин, шу жумладан, жуда камдан-кам ҳолларда учраса ҳам, маймунчечак вируси сабабли.
Нималарни текшириш ва эътиборга олиш керак?
Бу ҳақиқатан ҳам маймунчечак бўлиши мумкинми?
Ўзингиздан сўрашингиз керак бўлган илк савол: касал одам билан контакт қилган бўлишингиз мумкинми? Бунинг учун инфекцияланган одам билан яқин, узоқ муддатли алоқа - кўпинча теридан терига контакт керак бўлади. Ҳозирги вақтда дунёда бунчалик контакт қиладиган одамлар кўп эмас, яъни юқтириб олиш имкониятлари катта эмас.
Ҳатто баъзи Африка давлатларининг чекка ҳудудларида ҳам бу касаллик вақти-вақти билан тарқаладиган жойларда болалар камдан-кам ҳолларда у билан касалланади.
Агар сиз маймунчечак билан касалланган бўлсангиз, биринчи навбатда грипп белгиларини сезасиз: чарчоқ, ўзингизни ёмон ҳис қилиш ва иситма. Буни шифокорлар касалликнинг "босқин даври" деб аташади, яъни вирус ҳужайраларингизга кирган вақт.
Безларингиз шишгандек кўринади, чунки бу вақтда иммунитетингиз инфекцияга қарши сафарбар қилинади.
Кейин терида тошма пайдо бўлиб, у турли босқичлардан ўтади. У дастлаб текис ва қизил рангда кейинроқ қорақўтирлар пайдо бўлишидан олдин бўртма ва қабариқ шаклда.

Сурат манбаси, UKHSA
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фавқулодда вазиятлар дастуридан доктор Росамунд Люис тушунтиради: "Ҳаммаси биз «макула» деб атайдиган нарсадан бошланади. Бу шунчаки қизил доғлар. Кейин улар папулаларга ўтади. Бу сиз ҳис қилишингиз мумкин бўлган, бўртиқроқ нарсадир.
Кейин бу қизил доғлар ва бўртмаларда пуфакчалар пайдо бўлиб, оқ, йирингли суюқлик билан тўла бошлайди.
Кейин бу пустулалар қурий бошлайди ва парчаланади. Охир-оқибат, қорақўтирлар тузалиб, тушиб кетади.
"Шунинг учун уни сувчечак билан чалкаштириш мумкин", дейди доктор Люис.
Маймунчечак тошмаси одатда юзда, баъзан оғизда, сўнг қўл ва оёқларда, баданда бошланади.
Сўнгги пайтларда баъзи ҳолларда тошма кўпинча генитал ҳудудда тарқалгани кузатилди. Доктор Люис шундай дейди: "Тошма кўринмаслиги, яъни усти қопланган бўлиши ҳам мумкин".
Турли хил тери рангларида бир оз бошқача кўриниши мумкин бўлган тошма чойшаб ва кийимларни зарарлаши мумкин.
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлигининг маслаҳати шуки, терининг ҳар қандай ноодатий ўзгариши ёки шикастланиши, айниқса, жинсий аъзолар атрофида бўлишидан хабардор бўлиш ва агар ташвишли бўлса, Миллий соғлиқ хизмати 111 ёки Жинсий саломатлик хизматларига мурожаат қилиш керак.
Британия дерматологлар ассоциацияси президенти доктор Таня Блейкер шундай дейди: "Тошмаларнинг ҳар хил турларини фарқлаш қийин. Шунинг учун, агар шубҳангиз бўлса, маслаҳатга амал қилинг ва текширувдан ўтинг."
Тошма яна нима бўлиши мумкин?
Кўп эҳтимоллар мавжуд, аммо баъзи умумийлари қуйидагилардан иборат:
Сувчечак

Сурат манбаси, Getty Images
Бу тошма одатда жуда қичишади ва шунга ўхшаш босқичлардан ўтади, қорақўтир билан тугайди. Сиз ҳаётингизда бир неча марта сувчечак билан касалланишингиз мумкин - катталар болалигида бўлса ҳам, уни яна юқтиришлари мумкин. Сувчечак вирусининг қайта фаоллашиши ҳам тошма пайдо бўлишига олиб келади. У доғ шаклида кўриниши мумкин ва одатда оғриқли бўлади.

Қўтир

Сурат манбаси, SPL
Қўтир терига тухум қўядиган, кучли қичишиш ва қизаришни келтириб чиқарадиган каналар туфайли юзага келади. Тошма тананинг ҳар қандай жойида пайдо бўлиши мумкин, лекин кўпинча бармоқлар орасидан бошланади. Сиз теридаги чизиқлар ёки белгиларни, шунингдек нуқталарни кўришингиз мумкин. Жиддий бўлмаса да, у жуда юқумли ва даволанишни талаб қилади.

Қандала ёки ҳашаротлар чақиши

Сурат манбаси, Getty Images
Агар сиз ухлаётган тўшакда қандала бўлса, улар сизни чақиши мумкин. Қандалаларнинг ўзи жуда кичик, шунинг учун сиз уларни сезмаслигингиз мумкин. Бошқа ҳашаротлар чақиши каби, жароҳат ўрни қичишади ва қизаради, кўпинча улар бир чизиқ ёки бир жойда тўп бўлиб туради.

Жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, масалан, сифилис ёки генитал герпес.

Сурат манбаси, Getty Images
Сифилис бактериал инфекция бўлиб, одатда касал одам билан жинсий алоқада юқади, генитал герпес эса жинсий йўл билан юқадиган вирусдир. Иккаласи ҳам пуфакчаларга сабаб бўлиши мумкин. Агар сизда жинсий касаллик борлигига шубҳа қилсангиз, имкон қадар тезроқ текширувдан ўтиш ва даволаниш керак.

Эшак еми / Аллергия

Сурат манбаси, Getty Images
Бу қичийдиган қизил тошма - бу тана таҳдид сифатида қабул қиладиган нарсага терининг реакцияси. Баъзида сабабчиси умуман, лекин кўп учрайдиган сабаблар маълум озиқ-овқатлар истеъмол қилиш ёки маълум ўсимликлар, кимёвий моддалар ёки дорилар бўлиши мумкин.

Моллюск

Сурат манбаси, Getty Images
Кўпинча болаларда учрайдиган бу вирусли инфекция зарарсиздир, лекин бутун танага тарқалиб, ўртада кичик чуқурчали қичима, қаттиқ, шишган доғларни келтириб чиқариши мумкин. Улар одатда қўлтиқ остида, тиззалар орқасида ёки чотда тўпланади. Уни тери контакти ёки сочиқ каби ифлосланган нарсаларга тегиб юқтиришингиз мумкин.

Қўллар, оёқ ва оғиз касалликлари

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу вирусли инфекция йўтал ва аксириш орқали, шунингдек, вилкалар, пичоқ каби қирус билан ифлосланган уй-рўзғор буюмлари орқали тарқалади. Бу гриппга ўхшаш аломатларга олиб келиши мумкин, шунингдек, оғизда яралар ва кафтлар ва оёқ тагида қизил тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Одатда ўз-ўзидан яхшиланади.

Импетиго

Сурат манбаси, Getty Images
Бу юқумли бактериялар одатда аллақачон шикастланган терига юқиб, қизил яралар ва оқиш, қобиқли пуфакчаларни келтириб чиқаради - кўпинча юзада. Бу жиддий кўриниши мумкин бўлса да, уни антибиотик крем билан даволаш мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














