Коронавирус: Дельта ёки ҳиндча штаммни юқтирсангиз, нима бўлади? Ўзбекистон ва дунё Hindiston Qozog‘iston O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Sars-CoV-2 вируси биринчи марта аниқлангандан бери минглаб марта мутацияга учради, уларнинг баъзилари вирусни юқувчанроқ ва вакцинага бардошлироқ қилиб қўйди. Қуйида кўп такрорланадиган айрим саволларга жавоблар берилади.
Барча вируслар вақт ўтиб мутацияланади, Sars-CoV-2 ҳам бундан холи эмас. Бу вирус 2020 йилда аниқланганидан бери минглаб марта мутацияланган.
Мутацияга учраган вируслар штаммлар - вирус хиллари бўлади. Жаҳон Соғлиқ ташкилотига (ЖСТ) кўра, аксар ўзгаришлар вируснинг асосий белгиларини ўзгартирмайди ва яна аксарияти йўқолиб кетади.
Аммо вақти вақти билан вирус ўзининг яшовчанлиги ва кўпайишига ёрдам берадиган мутация боис омадли чиқиб қолади.
Дунё бўйлаб экспертлар Sars-CoV-2 вируси эволюциясини кузатмоқда ва ҳукуматлар ундаги жиддий ўзгаришларга қарши муайян чораларни кўрмоқда.
Шундай экан, бу вируснинг турли хиллари борасида қанчалик хавотирланишимиз мумкин?
Асосий хиллар қайсилар?

Сурат манбаси, Getty Images
Экспертлар Sars-Cov-2 вирусининг тўртта туридан кўпроқ хавотир олмоқда: Альфа (илк марта Британияда аниқланган), Бета (Жанубий Африка), Гамма (Бразилия) ва Дельта (Ҳиндистон).
Буларнинг бари ЖСТ томонидан хавотирли хиллар сифатида кўрсатилган, чунки улар одамлар соғлиғига кўпроқ хавф солади, оғирроқ касалликка сабаб бўлади, вакцина самарасига путур етказади.
Бошқа бир тоифа хиллар эса "қизиқиш уйғотувчи" деб кўрсатилган бўлиб, улар касаллик кластерларига сабаб бўлади ва бир неча мамлакатда аниқланган.
ЖСТ уларни илк аниқланган давлатлар билан ноўрин ассоциацияланиб қолмаслиги учун юнон ҳарфлари билан белгилаган.
Дельта хили нима?

Сурат манбаси, Getty Images
Кейинги вақтда асосий эътибор вируснинг Дельта хилига берилмоқда, чунки у одамлар соғлигига аввалги хилларга нисбатан каттароқ хавф туғдирмоқда.
Унинг юқувчанлик даражаси Альфаникидан 60 фоизга юқори, Альфа эса коронавируснинг илк штаммидан 50 фоизга юқувчанроқдир.
Дельта апрел ва май ойларида Ҳиндистонда ковид инфекциясининг ҳалокатли иккинчи тўлқинини кўтарди ва Британияда ҳам вируснинг асосий хили бўлди. У дунёнинг 90дан ортиқ мамлакатида, жумладан, АҚШ, Хитой, Африка, Скандинавия ва Тинч океан ҳавзасида қайд этилди.
Британия маълумотига кўра, Дельта юққан одам, агар вакцина олмаган бўлса, Альфа юққандагидан кўра икки баробар кўпроқ эҳтимол билан касалхонага тушади.
Тадқиқотлар кўрсатишича, Дельта коронавируснинг аввалги штаммларидан фарқли симптомларни намоён қилган.
Классик ковид симптоми, Британия Миллий Соғлиқ Хизматига кўра, давомли йўтал, тана ҳарорати кўтарилиши, таъм ва ҳид билиш йўқолишидир.
Аммо телефон иловаси асосидаги "Zoe Covid" симптом тадқиқоти етакчиси проф. Тим Спекторнинг айтишича, тана ҳарорати ошиши Дельтада кўп учраса ҳам, таъм ва ҳид билишнинг йўқолиши касалликнинг асосий 10 белгиси ичида эмас.
Британияда бош оғриғи, томоқ оғриғи ва бурун оқиши ушбу инфекция билан боғлиқ симптомлар бўлгани хабар қилинган.
Проф. Спекторнинг айтишича, бу ҳолат ёшларда "кўпроқ қаттиқ шамоллашга" ўхшаш шаклда кечади. Натижада улар ўзлари билмаган ҳолатда вирусни ташиб юради.
Дельта Плюс ва Лямбда хиллари қандай?

Сурат манбаси, Reuters
23 июнь куни Ҳиндистон Дельта Плюсни мавжуд Дельта хилининг бир шакли сифатида хавотирли вирус хиллари орасига киритди.
У биринчи марта Англия Жамоат Соғлиғи ташкилоти томонидан Дельтага ўхшаш деб топилган ва вирусни ҳужайрага ёпишишига ёрдам берувчи тожидаги битта мутация (K417N) билангина фарқланиши айтилганди.
Дельта Плюс тўққиз бошқа давлатда ҳам аниқланган - АҚШ, Британия, Португалия, Швейцария, Япония, Польша, Непал, Россия ва Хитой.
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Дельта Плюс анча осон тарқайди, ўпка ҳужайраларига қулай ўрнашади ва дорилар билан даволаш - моноклонал антитанача терапияси самарасини камайтиради.
Аммо вирусологлар бундай хулосага бориш учун етарли далиллар йўқлигини айтмоқда ва ЖСТ уни хавотирли ёки қизиқиш уйғотувчи хиллар тоифасига киритмаган.
Ташкилот яқинда Лямбдани вируснинг қизиқиш уйғотувчи хиллари сирасига киритди. У ҳам бир неча мамлакатда ковидга сабаб бўлган, хусусан, Жанубий Африка ва Андда (Перу, Чили, Аргентина ва Эквадор).
Қуш гриппи бўйича маълумотларни улашиш глобал ташаббусига кўра, Лямбда 29 давлатда қайд этилган.
Лямбдани аниқлаган тадқиқотчилардан бири, Перунинг Каетано Ҳередия университетидан микробиолог Пабло Тсукаяманинг Би-би-сига айтишича, вируснинг бу хили "юқувчан бўлиши эҳтимоли бор, чунки шу билангина унинг бу қадар тез тарқалаётганини тушунтириш мумкин."

Сурат манбаси, Reuters
"Унинг юқувчанлиги кўпроқ госпитализация ва ўлим ҳолати демакдир."
Проф. Тсукаяманинг айтишича, касалларнинг ўз сўзларига кўра, у ошқозонда кўпроқ муаммо чиқаради, аммо унинг вакцинага бардошлилиги қанчалик экани маълум эмас.
ЖСТ айтишича, унинг тўлиқ таъсирини тушуниш учун қўшимча тадқиқотлар лозим.
Вакциналар штаммлардан ҳимоя қиладими?

Сурат манбаси, Getty Images
Бахтимизга мавжуд вакциналар Sars-CoV-2 хилларига қарши ҳамон ишлайди.
Аммо вакциналарнинг янги штаммларга таъсири илк коронавирус штаммига нисбатан камроқ, айниқса, биринчи дозадан кейин.
Англия Жамоат Соғлиғи тадқиқотида "Pfizer" ёки "AstraZeneca" вакцинасининг биринчи дозаси Дельтадан 33 фоиз ҳимоя қилиши аниқланган. Ваҳоланки, Альфага қарши биринчи доза самараси 50 фоиз. Аммо бу даража иккинчи дозадан кейин ошиб, "Pfizer"да 88, "AstraZeneca"да 60 фоизга чиқади.
Оксфорд университети ўтказган тадқиқотда ҳам "Pfizer" ва "AstraZeneca" вакциналари Ҳиндистонда аниқланган Дельта ва Каппага қарши ишлаши тасдиқланди.
"Cell" журналида ёзган тадқиқотчилар ҳар икки вакцинани умумий код билан белгилаб, шундай дейди: "Вируснинг вакцина таъсиридан қочиб қолиши кенг тарқалгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, бу эса ҳозирги вакциналар B.1.617 линиясидаги вирусларга қарши ҳимояни таъминлашини англатади."
Аммо вакциналар 100 самарали эмас экан, бу штаммлар вакцина олган одамлар орасида ҳам касалхонага тушиш ва ўлим ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин, дейди АҚШнинг Касалликни назорат қилиш ва олдини олиш маркази, айниқса, битта доза олганлар орасида.
Марказга кўра, 14 июнь ҳолатида АҚШда 144 миллиондан ортиқ одам эмланган, улар орасида 3729 касалланиш ҳолати ва 671 ўлим қайд этилган.
Янги штаммларга қарши қандай курашамиз?

Сурат манбаси, EPA
Британияда Дельта ковиднинг тез тарқалишига қарши Англия, Шотландия ва Шимолий Ирлантиядаги ҳукуматлар кексалар учун биринчи ва иккинчи дозалар орасидаги муддатни қисқартирди.
40 ёшдан катталар 8 ҳафта оралиғида иккинчи доза учун мурожаат қилиши мумкин. Аввалги муддат 12 ҳафта эди.
Аммо эмлашлар суръатини ошириш паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун қийинчилик туғдирмоқда.
Масалан, "Our World in Data" нашрига кўра, Ҳиндистонда 4 фоиздан камроқ аҳоли тўла эмланган, 18 фоизи биринчи дозани олган.
Экспертлар ДНКсини ўрганиш орқали вирусни кузатиб бориш муҳимлигини таъкидламоқда. Шу йўл билан вирусдаги мутациялар ўрганилади.
Айримлар инфекция юқиши олдини олиш ва пандемия билан узоқ муддатда курашиш чораларини кучайтиришни таъкидлайди.
"Биз хавфли штаммларни эрта аниқлаш ва уларнинг тарқалиши олдини олиш чораларини кўришимиз керак", дейди эпидемиолог доктор Ларит Кант.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳиндистон очилишни бошлади ва, доктор Кантнинг фикрича, учинчи тўлқин бўлиши муқаррар.
"Биз вирус кодини аниқлаш - вирусдаги мутацияларни кузатиш, хавфсизлик протоколларини қатъий жорий қилиш каби йўллар билан унинг бошланишини кечиктириш ёки жиловлашимиз мумкин.
Ҳарвард университетидан проф. СВ Субраманианнинг айтишича, "мамлакатлар пандемиядан чиқиш учун эмлашларни уддалай олмайди".
У даволаш чораларига кўпроқ эътибор қаратиш, касалхонадаги ўринлар, сунъий нафас қурилмалари, кислородлар ва ходимлар томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга чақиради.
"Менинг фикримча, мутациялашаётган вирус қаршисида (ҳатто эмлашлардан кейин ҳам) уни буткул енгиш учун йўлимиз йўқ. Аммо керак бўлганда ёрдам берадиган тизим яратиш орқали одамларни тинчлантириш мумкин", дейди у Би би сига.
"Ҳозир даволашларга эътибор қаратиш ва соғлиқни сақлаш тизимимизни мустаҳкамлашнинг айни пайти."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













