Гулираъно Қосимова иши: ИИБ бошлиғи ва ўринбосари 4 йилга қамалди

Сурат манбаси, kun.uz
ИИБ ходимлари уни ечинтириб, дўппослаганини даъво қилган Гулираъно Қосимова иши бўйича маҳкама қарори чиқди. Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловни айбдор, деб топди ва 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини берди.
Суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, шунингдек, улар 3 йилга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.
"Тергов ва суд даврида очиқда бўлган ҳар икки собиқ амалдор ҳукм эълон қилингач, суд залидан қамоққа олиниб, махсус автомобилда вақтинча сақлаш изоляторига олиб кетилган", дейилади хабарда.
Фарғона вилояти судлари телеграм-каналининг маълум қилишича, ИИБ амалдорлари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 5 моддаси бўйича айбли, деб топилган.
Улар Жиноят кодексининг 141-3 моддаси 2-қисми "б" банди: Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш. Шахс танасининг ва (ёки) жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото- ва (ёки) видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёхуд бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш моддаси билан айбдор деб топилган.
Шунингдек, 142-модда: Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш. Турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб кириш;
206-модда: Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш;
230-модда: Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш;
234-модда: Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш моддаларида айбли деб топилган.
Расмий хабарда айтилишича, улар тайинланган жазони манзил-колонияларида ўтаттирилиши белгиланди.
Жабрланувчилар келгусида маънавий зарар ва бошқа зарарлар юзасидан тегишли ҳужжатларни илова қилгани ҳолда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилган.
Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли эканлиги айтилган.
Олдинроқ Фурқат туман ИИБ бошлиғи ўринбосари "Аллоҳнинг олдида ҳам қонуннинг олдида ҳам айбимиз йўқ", деганди.
26 ноябр: Гулираъно Қосимова иши: ИИБ масъули муносабат билдирди: "Биз Худо хоҳласа, Аллоҳнинг олдида…"

Сурат манбаси, Effect.uz/kun.uz
ИИБ ходимлари уни ечинтириб, дўппослаганини даъво қилган Гулираъно Қосимова иши бўйича маҳкамага тортилган Фурқат туман ИИБ бошлиғи ўринбосари муносабат билдирди.
Effect.uz нашри журналистлари Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари деб тақдим қилган шахс билан суҳбатини чоп қилди.
Исми-шарифи айтилмаган ва видеода юзи хиралаштирилган ходим ҳолат суд жараёнида тўлиқ аксини топаётганини айтган.
"Ҳолат судда тўлиқ аксини топяпти. Мана кўриб чиқяпмиз. Биз Худо хоҳласа, Аллоҳнинг олдида ҳам қонуннинг олдида ҳам айбимиз йўқ. Шахсан ўзимнинг ҳам қўл остимда ишлаган бошқа ходимларнинг ҳам айби йўқ. Айбимиз йўқлигини исботлаймиз, мана Худо хоҳласа. Одил судловга ишонамиз. Адолатли қарор чиқаришини кутяпмиз".
Ходим ижтимоий тармоқларда ички ишлар органи ходимларига қарши қарши фикр билдираётганларга ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқишни тавсия қилган.
"Ўзимнинг фикрим икки томонни аниқ ўрганиб, кўриб, билмай туриб шу масаланинг ичига кирмай туриб фикр бериш, менимча нотўғри, деб биламан", деган у.
Effect.uz журналистининг "Ички ишлар томонидан калтакландик, деб бекордан бекор гапирмаса керак, шунга нима деб фикр билдирасиз?", деган саволига бу калтакланганини даъво қилаётганларнинг шахсий фикри деб жавоб қайтарган.
"Энди у ўзининг шахсий фикри. Энди мен бу бўйича аниқ иш ҳужжатлари билан тўлиқ таништириб, батафсил суд жараёнларини маълум қилолмайман. Чунки у ерда шахсга доир маълумотлар бор. Бу менинг йўналишим, касбимга зидлиги учун тўлиқ маълум қилолмайман. Лекин мен томонимдан, ходимларим томонидан айнан ўша жараёнда кимнидир шаъни ёки қадр қимматини топталадиган хатти-ҳаракатлар содир қилинмаган. Қонунни бузмаганмиз. Адолат биз тарафда, деб биламан", деган Фурқат туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, деб таништирилган шахс.

Нима бўлганди?
Октябр ойи бошида Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишлайдиган мактаб директори Гулираъно Қосимова ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланганини айтиб чиқди.
"Сочимиздан тортиб, судраб, кийимимизни ечиб, Соҳиб ичимга, ошқозон қисмимга тепди. 15-20 секунд нафас ололмай қолдим. Хонада фақат Тезкор қидирув вакиллари қолди. Мендан туҳмат қилишимни талаб қила бошлашди. Мени у ерда ваҳшийларча уришди. Соҳиб исмли Тезкор қидирув вакили мени уриб учириб юборяпти, бир метр масофадан Тоҳир сочимдан тортиб олиб келиб, камерага қаратяпти. Юсуф видеога оляпти", деганди у.
Кун.узга гапирган Қосимованинг даъво қилишича, у Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг туман солиқ инспекцияси бошлиғига қарши уюштирган жиноий томошаси қурбонига айланди.
Унинг айтишича, у аварияга учраган турмуш ўртоғининг жарроҳлик амалиёти учун қарз сўраб жорий йил апрелида ўз таниши, туман солиқ идораси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновнинг олдига борганида, ИИБ саҳналаштирган тузоққа тушган. Тўсатдан пайдо бўлган ИИБ тезкор ходимлари Қосимова ва Абдураҳмоновни уриб, қип-яланғоч қилиб ечинтиришган.
«Юсуф камерага олиб турибди, Соҳиб айтяпти: давай, камерага қарайсан, солиқнинг бошлиғи ҳозир мени мана шу ерга мажбурлаб олиб кириб, уриб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтиб берасан. Мен ҳайронман, ақлим етмаяпти нега ундай нарсани талаб қилаётганига. Мен бош тортдим. У мени уришда давом этди. Тоҳир сочимдан тортиб камерага олиб келиб беряпти. Соҳиб бошимга уряпти, бориб деворга тегиб қайтиб келяпман, оёғимга тепяпти. «Шундай гапириб берасан», деб телефонлари билан уряпти. «Пауза қил!» дейди, камерани пауза қилганда, Соҳиб уради», - дейди Қосимова.
34 ёшли аёлнинг айтишича, уни сўнгра Ички ишлар бошқармасига олиб боришган, ҳамда турмуш ўртоғи ва раҳбарини олиб келиб, уларни гўёки Қосимованинг қилмишидан огоҳ қилиш билан қўрқитишган.
«Гапимизга қулоқ солмасанг эрингга хотинингни ушлаб олдик, деймиз дейишди. Айтавер, экспертиза қилдирасан, ҳақиқатдан жинсий алоқа қилган бўлсам, бўйнимга қўйиб берасан, дедим. Кейин улар ноиложликдан эримни чақиртиришди-да, англашилмовчилик бўлибди, ҳаммаси жойида деб қайтариб юборишди."
Қосимовага унинг яланғоч ҳолатда ИИБ ходимлари томонидан олинган видеолари тарқатилиши билан таҳдид қилинган.
Аёлнинг айтишича, бир неча ИИБ ходимлари иштирок этган бу жиноий амалиёт ортида Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаевнинг ўзи турган.
Туман солиқ бошлиғи нима деди?
18 октябрда бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Фурқат туман солиқ инспекцияси собиқ бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов кўрсатма берди.
Суд мажлисида бевосита иштирок этган kun.uz нашрининг ёзишича, Фурқат туман Солиқ идорасининг собиқ раҳбари Қурбонали Абдураҳмонов туман ИИБ бошлиғининг 20 та телевизор олиб бериш таклифини рад этгани учун бу ҳодисалар рўй берган.
"Менинг уйимга бостириб киришганида дастлаб уйимга наркотик қўйиб, Г.Қосимовадан гувоҳ сифатида фойдаланади деб ўйладим. Сабаби мен ИИБ собиқ бошлиғи А.Хўжаев билан икки маротаба, бири пахта терими вақти фермер кетидан тортишганман, иккинчиси милиция ходимлари кунига 20 та телевизор олиб берасан деган топшириғини рад этганимда тортишдим. Ўша вақт менга ИИБга қарши чиқиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман деган эди. Аммо икки ярим йил бирга ишлаб бир дастурхонда овқатланиб, ота-онамни таништириб уйимда меҳмон қилган инсонимдан бу даража пасткашликни кутмаган эдим.
Мен қачонки Г.Қосимова иккимизни ходимлар уриб ётоқхонага олиб кириб гўёки «ушлаб олган»дек видеога олишганда тузоқни тушуниб етдим. Пастки қаватга мени олиб тушиб кетишди, юқорида эса Г.Қосимова билан Соҳиб, Тоҳир, Юсуф ва бир нечта ходим қолган эди. Г.Қосимованинг урма деган қичқириқлари эшитилар эди. Мени эса юқорига чиқармай ушлаб туришди. Бир неча дақиқадан сўнг Г.Қосимовани олиб чиқиб, бизни ИИБ биносига олиб келишди. У ерда Г.Қосимова «ака, нимага ундай дейишаётганини тушунмадим, лекин ходимлар мендан сизни зўрлади деб кўрсатма беришимни талаб қиляпти», деди. Шу ерда билдимки, мени номусга тегишда айбламоқчи бўлишган", деган Қурбонали Абдураҳмонов.












