Украина урушида янги қуроллар синовдан ўтмоқда ёки генераллар учун сабоқ

Сурат манбаси, Getty Images
Яқинда Россия билан Украина ўртасида 2022 йил февралидан буён кузатилган энг йирик дрон ҳужумлари амалга оширилди. Хабарларга кўра, Украина Россияга қарши 80 дан ортиқ дрон учирган, уларнинг баъзилари Москвани нишонга олган. Россия эса Украинадаги нишонларга 140 дан ортиқ дрон жўнатган.
Дронларнинг ҳужум қуроли сифатида кенг қўлланилиши ушбу можарода уруш услубларининг тубдан ўзгарганини кўрсатмоқда. Электрон уруш ва артиллерия ҳужумлари билан биргаликда қўлланганда, дронлар мудофаа қуроли сифатида ҳам жуда самарали бўлиб, душман кучларини жанг майдонида бир жойда ушлаб тура олади.
Дронлар: Фронтдаги ҳамма нарсани кўрувчи кўзлар
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дронлар аллақачон Украинадаги урушнинг асосий қисмига айланиб улгурган ва унинг олиб борилиш услубига катта таъсир кўрсатмоқда, дейди Шотландиядаги Сент-Эндрюс Университетининг уруш тадқиқотлари бўйича профессори Филипс ЎБраен.
"Дронлар жанг майдонини кўзга анча яқин қилиб қўйди," дейди у.
Кузатувчи дронлар билан бутун фронт чизиғи бўйлаб қўшинлар ҳаракатини ёки ҳужумга тайёргарлик кўрилётганини реал вақт режимида кўриш мумкин. Улар нишонни аниқлаган заҳоти, координаталарни қўмондонлик марказига юборади, у эса артиллерия зарбасини буюриши мумкин. Ҳарбий атамаларда "kill chain" (ўлдириш занжири) деб аталувчи ушбу жараён дронлардан фойдаланиш туфайли сезиларли даражада тезлашди, дейди профессор ЎБраен.
“Агар нишон кўздан жуда панада бўлмаса, дрон билан деярли ҳамма нарсани аниқлаш мумкин. Бу эса энди дронларни уриб туширмай туриб, танклар ва бошқа зирҳли техникалар билан ҳужумга ўтиш хавфли эканини англатади," дейди у.
Ҳужум дронлари артиллерия билан биргаликда душманга зарба бериш учун ишлатилмоқда. Украина кучлари рус танк колонналарининг олдинга силжишини фақат дронлар ёрдамида қайтара олишди.
Уруш бошида Украина Туркияда ишлаб чиқарилган TB-2 Bayraktar дронидан фойдаланган. Бу дронлар бомба ташлай олади ва ракета учиради. Бироқ, сўнгги пайтларда ҳар икки томон тобора арзонроқ “камикадзе” дронларидан фойдалана бошлашди. Бу дронлар кўпинча тижорат даражасидаги дронлар бўлиб, уларга портловчи моддаларни ўрнатиш мумкин. Шунингдек, улар бир неча километр узоқликдан бошқарилиши ва зарба бермасдан олдин нишон устида учиб юриши мумкин.
Россия ҳам Украина ҳарбий ва фуқаролик нишонларига зарба бериш учун минглаб камикадзе дронлардан, жумладан, Эрон томонидан ишлаб чиқарилган Shahed-136 дан фойдаланмоқда. Бу дронлардан кўпинча Украинанинг ҳаво мудофаасини босиб олиш учун бутун гуруҳларда фойдаланилади.
Артиллерия: Армиялар "сувдек ичиб юбораётган" қурол
Артиллерия Украина урушидаги энг кўп ишлатиладиган қуролга айланди. Лондондаги Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти (Rusi) тадқиқот марказининг хабар беришича, Россия кунига тахминан 10,000 снаряд ўқ узаётган бўлса, Украина кунига 2,000 - 2,500 ўқ узмоқда. Артиллерия душман қўшинларининг ҳаракатини назорат қилиш ва унинг зирҳли техникалари, мудофаа тизимлари, қўмондонлик постлари ва таъминот омборларини йўқ қилиш учун мунтазам қўлланилади.
"Одамлар учун сув ва машина учун ёқилғи қанчалик зарур бўлса, уруш пайтида ўқ-дорилар ҳам шунчалик зарур," дейди BBCнинг артиллерия бўйича мутахассиси ва ҳарбий эксперти, полковник Петро Пятаков.
Ҳар икки томон миллионлаб хорижий артиллерия снарядларини ишлатмоқда. АҚШ ва Европа давлатлари уларни Украинага етказиб бермоқда. Россия эса Шимолий Кореядан импорт қилмоқда. Ғарб давлатлари Украинага керак бўлган барча снарядларни етказиб беришда қийналмоқда, бу эса уларнинг қурол саноати билан боғлиқ муаммоларни кўрсатиб берди, дейди Британиядаги Сибйллине мудофаа таҳлилчилари бош директори Жастин Крамп.
"Ғарб мудофаа компаниялари нисбатан оз миқдорда юқори аниқликдаги қуроллар ишлаб чиқаради," дейди у. "Бироқ, улар асосий қуролларни, масалан, снарядларни ҳам катта ҳажмда ишлаб чиқариш қувватига эга эмас."
Россия ва Украина ҳам юқори аниқликдаги артиллериядан фойдаланмоқда. Украина Ғарб томонидан етказиб берилган сунъий йўлдош ёрдамида бошқарилувчи Excalibur снарядларидан ўқ узмоқда; Россия эса лазер билан бошқариладиган Краснопол снарядларини ишлатмоқда.
АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Украинага узоқ масофага уча оладиган ва сунъий йўлдош ёрдамида бошқариладиган Himars ракеталарини етказиб беришни бошлаган. Бу Украинага фронт ортидаги Россия ўқ-дори омборлари ва қўмондонлик постларига зарба бериш учун имкон берди.
Ақлли бомбалар: Оддий, ҳалокатли, ундан қочиб қутулолмайсан
Россия кучлари 2023 йил бошидан бери Украина жанг майдонидаги позицияларини бомбардимон қилиш ва фуқаролик турар жойлари ҳамда инфратузилмасига зарба бериш учун минглаб "режалаштирувчи бомбалар"дан фойдаланиб келмоқда. Бу оддий эркин тушадиган бомбаларга қанотлар ва сунъий йўлдош бошқарув тизимлари ўрнатилган.
Россия режалаштирувчи бомбалардан энг кўп фойдаланади. Уларнинг оғирлиги 200 кг дан 3,000 кг гача ёки ундан ҳам ортиқ бўлиши мумкин.
"Режалаштирувчи бомбалар ҳимояланган позицияларни вайрон этиш ва биноларни йўқ қилишда тобора самарали бўлиб бормоқда," дейди Rusi мутахассиси профессор Жастин Бронк. У Россия ушбу бомбаларни шарқий Украинанинг стратегик аҳамиятга эга бўлган Авдийивка шаҳридаги Украина мудофаасини йўқ қилиш учун кенг миқёсда қўллаганини айтади. Бу шаҳарни Россия 2024 йил феврал ойида эгаллаган.
Режалаштирувчи бомбаларнинг ишлаб чиқариш қиймати 20,000 ёки 30,000 долларни ташкил қилади, дейди профессор Бронк. Улар нишондан ўнлаб километр узоқликдан учирилиши ва фақат энг замонавий ҳаво мудофаа ракеталари ёрдамидагина уриб туширилиши мумкин.
Украина ҳам АҚШ ва Франция томонидан етказиб берилган режалаштирувчи бомбалардан, жумладан, узоқ масофага учадиган Joint Standoff Weaponʼдан фойдаланмоқда. Украина, шунингдек, АҚШ томонидан ишлаб чиқарилган, 200 кг портловчи моддага эга Small Diameter бомбаларига қанотлар ўрнатиб, ўз режалаштирувчи бомбасини яратишга муваффақ бўлди. Бироқ, Россияга қараганда Украинадаги режалаштирадиган бомбаларнинг сони анча кам.
Электрон уруш: Қиммат қуролларни арзон йўл билан ишдан чиқариш
Россия ва Украина урушида радиоэлектрон жанглар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қўлланмоқда.
Ҳар икки томонда ҳам минглаб аскарлар мутахассис бўлинмаларда ишлайди, улар душманнинг дронлари ва алоқа тизимларини ишдан чиқаришга, ва ракеталарни нишондан чалғитишга ҳаракат қилишади.
Россия кучларида 10 км радиусдаги барча сунъий йўлдош алоқаси, радио ва мобил телефон сигналларини ўчириб қўя оладиган "Житель" тизимлари мавжуд. Улар радио тўлқинларини катта миқдорда электромагнит энергия чиқариш орқали кучсизлантиради.
Россия кучларининг "Шиповник-Аэро" тизими эса дронни 10 км масофадан уриб тушира олади. Бу тизим, шунингдек, дрон учирувчиларининг жойлашувини аниқлаб, координаталарни артиллерия бўлинмаларига юбориши ва уларни ўққа тутиши мумкин.
NATO кучлари Россия радиоэлектрон уруш жиҳозлари Украинадаги Himars каби замонавий қиммат ракеталарни қандай осонлик билан ишдан чиқара олганидан ҳайратга тушиши мумкин, дейди Лондондаги Kingʼs College Уруш Тадқиқотлари Департаменти доктори Марина Мирон. "Бу ассиметрик уруш," дея қўшимча қилади у.
"NATO кучлари Россия кучларидан техник жиҳатда устун қуролларга эга бўлиши мумкин, бироқ Россия уларни ишдан чиқариш учун нисбатан арзон электрон ускуналарни ишлатиб, ўз устунлигини кўрсата олди."
Kingʼs College Лондондаги Freeman Air & Space Instituteʼда фаолият олиб борувчи Дункан Маккрори NATO мамлакатларининг ҳарбий раҳбарлари Россиянинг Украинадаги электрон уруш услубидан ўрнак олишлари кераклигини таъкидлайди.
"Улар қўшинлари дронлар томонидан овланаётганида қандай ҳаракат қилишни, ва душман уларнинг ҳар бир радио сигналини тинглаётган пайтда қандай курашишни ўрганишлари керак," дейди у. "Энди электрон урушга эски масала сифатида қараб бўлмайди. Тактика, тайёргарлик ва янги қурол тизимларини ишлаб чиқишда бу борада алоҳида тўхталиш керак."
Телеграм каналимиз:












