Украина Америка қурол-яроғисиз урушдан омон чиқа оладими?

tank

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украина Америка берган зирҳли транспортдан фаол фойдаланиб келади.
    • Author, Олег Черныш, Павел Аксенов
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

АҚШ Украинага бундан уч йил аввал кенг кўламли уруш бошлангандан бери ҳарбий ёрдам бериб келди. Бироқ эндиликда у тўхтатилиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, Америка президенти Доналд Трамп бундай эҳтимолни истисно қилмаётир ва Киевга берилаётган мудофаа ёрдами юки Европа зиммасига тушиши керак, демоқда. Бу Украина учун нимани англатади?

Ҳозирда, Украина Қуролли кучларига мўлжалланган Америка қуролларини етказиб бериш собиқ президент Жо Байден даврида тузилган шартномалар асосида давом этмоқда.

Режага кўра, бу кўмак 2025 йил охиригача давом этиши керак. Бироқ, эндиликда, Трамп ҳокимиятга қайтар экан, ёрдам тўсатдан тўхтатиб қўйилиши эҳтимоли юзага чиқмоқда.

Аммо Украина расмийларининг сўзларига кўра, фронтда қўлланилаётган қуролларнинг қарийб 40 фоизи аллақачон маҳаллий ишлаб чиқариш билан таъминланмоқда. Қолган қисми эса ҳамон европалик ва америкалик ҳамкорлар томонидан етказиб берилмоқда.

Биргина ўтган йилда Украина ҳарбий-саноат мажмуаси 9 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Шу билан бирга, стратегик саноат тармоқлари вазири Герман Сметаниннинг баҳосига кўра, ҳарбий-саноат мажмуасининг салоҳияти бундан икки баравар катта.

"Украин корхоналари ўтган йили 20 миллиард долларлик мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қодир эди", дея қайд этади у.

Ҳозирда Киевнинг асосий саъй-ҳаракати маҳаллий ишлаб чиқариш ва Европа Иттифоқи кўмагида Америка қуролларининг катта қисми ўрнини босишга қаратилган.

Мақсад – Трамп Киевга ёрдамни бекор қилганда ёки бекор қилса, бу ҳолат фронтда муваффақиятсизликка сабаб бўлмаслиги керак.

Алоқадор мавзулар:

Ички саъй-ҳаракатлар

Мудофаа масалалари билан шуғулланувчи юқори лавозимли украин мулозимининг BBC'га маълум қилишича, аслида Киев фақат бир неча турдаги қурол-яроғлардагина АҚШга юқори даражада қарам, холос.

Масалан, фронтдаги асосий зарба берувчи ва "сарфланувчи" воситалар — разведкачи, зарба берувчи ва FPV дронлари бўйича қарамлик йўқ . Уларнинг мутлақ аксарият қисми хусусий ва давлатга қарашли украин корхоналарида йиғилади.

qurol

Сурат манбаси, Ukrinform

Сурат тагсўзи, Украина расмийларининг сўзларига кўра, фронтда қўлланилаётган қуролларнинг қарийб 40 фоизи аллақачон маҳаллий ишлаб чиқариш томонидан таъминланмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги ярим йилдан бери украинлар, аввало, Хитой ва АҚШдан олиб келинаётган барча асосий эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида иш олиб боришмоқда.

Бу иш деярли якунига етган: ҳозирда Украинада ишлаб чиқарилаётган дронларнинг 95 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарилган деталлар ҳисобидан йиғилади.

Мамлакатдаги энг йирик хусусий мудофаа компанияларидан бири — "Ukrainian Armor" раҳбари Владислав Белбаснинг сўзларига кўра, FPV дронларидан ташқари, маҳаллий ҳарбий-саноат мажмуаси зирҳланган автомобиллар, миномётлар, артиллерия тизимлари бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ ҳажмда қондирмоқда, шунингдек, Украина ўқ-дорилар бўйича ҳам ўзини қисман таъминлай олмоқда.

"Биз ўзимизда ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиряпмиз – ҳозирдаёқ совет калибрларидаги ўқ-дориларни Ғарбдаги барча ҳамкорларимизни бирлаштиргандан ҳам кўпроқ ишлаб чиқаряпмиз", дейди Белбас.

Шунингдек, Украина ҳукумати Европа қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилари билан қўшма корхоналар ташкил этиш устида фаол ишламоқда. Зирҳли техникадан тортиб ракеталаргача бўлган турли қуролларни ишлаб чиқарувчи ўндан зиёд бундай қўшма корхоналар аллақачон мамлакатда фаолият юритмоқда.

Украинага берилаётган Американинг F-16 қирувчи самолётларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ҳам муаммога сабаб бўлмайди, демоқда Киев.

"Европада бунга ихтисослашган битта корхона мавжуд, шу сабаб у Америка ёрдамининг ўрнини боса олиш мумкин", дейди украин мулозимларидан бири BBC'га.

Худди шундай тайёргарлик Starlink сунъий йўлдош алоқаси борасида ҳам олиб борилмоқда. Компаниянинг ўзи ва унинг эгаси Илон Маск украин ҳарбийларини бу технологиядан маҳрум қилиш режаси йўқлигини таъкидлашига қарамай, Украинада бунга зарурат туғилган ҳолда, бир неча захира вариантлар мавжуд. Шундай лойиҳалардан бири Курск вилоятида синовдан ўтказилган – у ерда Starlink ишламайди.

Жиддий қарамлик

Бироқ BBC'га гапирган украин мулозими сўзларига кўра, Киев ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари ва улар учун ракеталар масаласида Америкага ҳамон жиддий қарам.

Гап, аввало, баллистик ва аэробаллистик нишонларни уриб тушира олувчи Patriot зенит-ракета комплекслари ҳақида бормоқда.

"Биз бу тизимларга муқобил вариант топиш устида ишлаяпмиз. Аммо дунёда фақат бешта давлат ўз ҲҲМ тизимларини ишлаб чиқаради. Шу сабабдан Америка тизимларини ўрнини босиш анча қийин бўлади", дея тушунтиради BBC суҳбатдоши.

Getty Images
Muqobil yoʻllar izlayapmiz... ammo dunyoda faqat besh davlat oʻz havodan mudofaa tizimlarini ishlab chiqaradi. Shu sababdan Amerika tizimlarini oʻrnini bosish ancha qiyin boʻladi.
Ukrainalik mulozim
(Batafsil: bbc.com/uzbek)

Владимир Зеленский Украина Patriot зенит-ракета комплекси муқобилини ишлаб чиқаётгани ҳақида айтган эди. Лекин манбаларнинг BBC'га айтишича, бу лойиҳа якунланишига ҳали анча бор, шунга қарамай, "иш жадал кетмоқда".

Бир вақтнинг ўзида, украин ишлаб чиқувчилари Ғарбнинг тақчил ҲҲМ ракеталарини тежаш мақсадида ҳаводаги душман нишонларини уриб туширишнинг бошқа усулларини изламоқда.

Сўнгги ҳафталарда бу борада маълум ютуқ ҳам кузатилган. Узоқ масофага зарба бера олувчи Шаҳед дронини Украинанинг таннархи арзон турувчи дрони иккинчи бор муваффақиятли уриб туширгани қайд этилган. Россия ҳар тунда Украина шаҳарларини Шаҳед дронлари билан ялпи ўққа тутиб келмоқда.

Himars тизимлари ва улар учун мўлжалланган ракеталар – Украинанинг АҚШ ҳарбий-саноат мажмуасига бўлган бошқа бир қарамлиги.

2022 йил ёзида Himars тизимлари фронтда Украина учун жиддий муваффақиятлар олиб келган эди. Кейинроқ Россия радиоэлектрон кураш тизимлари орқали Himars зарбаларига қарши самарали чоралар кўриш уддасидан чиққан бўлсада, Америка берган бу ракеталар ҳануз украин ҳарбийлари қўлидаги кучли қуроллигича қолмоқда.

Himars ракеталари

2022 йил ёзида нишонни аниқ урувчи Himars ракеталари Украина армиясига Россия ўқ-дори омборларини яксон қилиш тактикасини амалга оширишда роса қўл келган эди.

Бу тактика шу даражада самарали бўлдики, Москва фронтнинг олдинги чизиғидаги бўлинмаларни таъминлаш тизимини ўзгартиришга мажбур бўлди.

90 километргача уча олувчи бу ракеталар икки турдаги жанговар қисм билан таъминланган -парчаланувчи-фугас ёки кассетали жанговар каллаклар.

Юқори аниқликдан ташқари ракеталар самарадорлигини яна бир омил жиддий оширади – тезкорликда ҳаракатлана олиш. Ракета комплекси ўрнатилган ғилдиракли ёки занжирда ҳаракатланувчи транспорт разведка маълумотлари олинганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, зарба бериш нуқтасига етиб бора олади.

Шунингдек, бу учиргич-транспорт воситалари 300 км масофага учадиган ATACMS ракеталари учун ҳам қўлланилади.

Россия радиоэлектрон кураш тизимлари ёрдамида бундай замонавий ракеталар ҳаракатланув йўналишига таъсир ўтказиш йўлини ўзлаштирган бўлсада, кутилмаган зарбадан тўлиқ ҳимояланишнинг иложи йўқ.

Аммо муаммо шундаки, бу ракеталар фақатгина АҚШда – Lockheed Martin корхоналарида ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш мураккаб вазифа, чунки ракеталарда кўплаб юқори технологияли деталлар мавжуд.

Бундан ташқари, бу ракеталар Украинада ўз самарасини жуда яхши намойиш этганидан сўнг бутун дунёда уларга бўлган талаб янада ортган ва таъминотда энди Украинага рақобатчилар кўпайган.

Himars ва ATACMS ракеталари ўрнини на миқдор, на сифат бўйича ҳеч нарса боса олмайди.

Зенит ракеталари

Зенит комплекслари ва улар учун ракеталар Украина учун жиддий аҳамиятга эга.

Америка ҲҲМ мажмуалари эса бу тизимларнинг катта қисмини ташкил этади.

ҲҲМ ракеталарининг аҳамиятини тушунтириш қийин эмас – улар ҳозирги кунда асосий мудофаа воситасига айланган ва Россия деярли ҳар куни ҳаводан ҳужумлар уюштирар экан, мамлакатдаги инфратузилмани ҳимоя қилиш шундай ракеталар зиммасига тушган.

Шу кунларда Россия узоқ масофали дронлар билан уюштириладиган кенг кўламли ҳужумларда сохта дронлардан фойдаланишни ошириб, Украинанинг ҲҲМ ракеталари заҳирасини тугатишга ҳаракат қилмоқда.

samolyot

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиянинг қанотли ракеталарига қарши қўллаётган F-16 қирувчи самолётлари Америка ўқ-дориларини ишлатади.

Шундай қийин вазиятда Украина дронларга қарши курашда авиациядан – зарба берувчи ва транспорт вертолётлари, шунингдек, пулемёт билан қуролланган енгил самолётлардан фойдаланиш ҳадисини олмоқда.

Шунга қарамай, Россиянинг гипертовушли ёки баллистиc ракеталарини уриб туширишда Украинага фақатгина АҚШ берган Patriot зенит-ракета комплекси ёрдам бериши мумкин.

Бундан ташқари, Украина Европа Иттифоқидаги ҳамкорларидан олаётган ва Россиянинг қанотли ракеталарига қарши қўллаётган F-16 қирувчи самолётлари Америка ўқ-дориларини ишлатади.

Снарядлар

dron

Сурат манбаси, Terminal Autonomy

Сурат тагсўзи, Ёғочдан ясалган AQ 400 Scythe дронининг учиш масофаси 750 километр.

Тактик мақсадларда ишлатиладиган FPV (First Person View) дронлари каби воситалар фронтдаги энг самарали қуроллардан бирига айланган.

Бундай дронлар бронтехника колоннаси ҳужумини тўхтата олади, ҳатто, алоҳида аскарларни ҳам "овлайди".

Жиддий шахсий таркиб танқислигини бошдан кечираётган Украина Қуролли кучлари учун FPV дронлар чинакам нажотга айланган, чунки улар россияликларнинг сон жиҳатидан устунлиги катта бўлган ҳолатларда ҳам мудофаани ушлаб туриш имконини беради.

Фронт чизиғининг аксарият жойларида позицияларни бир неча километрлик масофа ажратиб туради. Аскарлар билан ҳужум уюштирганда душманга етиб бориш учун ана шу масофани босиб ўтиш керак бўлади. Бу эса ҳаёт учун жуда хавфли, аммо дронларга бу иш чўт эмас.

Бироқ дронларнинг ҳам ўз камчиликлари бор. Энг аввало, ҳар бир учувчисиз учувчи қурилмани битта оператор бошқаради, шу боис дронлардан кенг кўламда фойдаланиш ҳарбийлар сонига боғлиқ.

Иккинчидан, Украинада дрон ишлаб чиқариш учун портловчи моддалар етишмайди.

Шу сабабли, оддий артиллерия снарядлари ҳануз урушдаги энг муҳим зарба берувчи восита ҳамда энг талабгир ресурслардан бирилигича қолмоқда. Замонавий гаубицалар кузатувчи дронлар узатган маълумот асосида турли нишонларни аниқ яксон қилиш имконига эга.

Украина кенг фойдаланадиган 155 миллиметрли М107 снарядида етти килограммдан сал камроқ портловчи модда бўлади, корпуси эса 36 килограмм пўлатдан иборат.

Америкадан снарядлар етказиб берилиши Украина учун ҳаётий аҳамиятга эга, аммо 2022 йилдан бери Украинанинг ҳамкор-давлатлар коалицияси ("Рамштейн гуруҳи") ҳам ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни сезиларли кенгайтиришга эришган.

Энг ёмон сценарий

Дастлаб, Америка ёрдамининг тўхтатилиши Украина учун воқеалар ривожининг энг ёмон сценарийларидан бири бўлиб туюлган эди.

Энди кўмак тўхтатилиши анча реал кўринмоқда ва бунга тайёргарлик кўриш зарур.

Wall Street Journal газетаси билан суҳбатлашган ҳарбий экспертлар хавотирли, бироқ ҳалокатли бўлмаган прогнозларни илгари сурган.

"Биз, эҳтимол, ярим йил ёки бир йил бардош бериб, шу орада Европага ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга имкон беришимиз мумкин. [...] Биз йўқотишларга учрашимиз, эҳтимол, ҳудудимизнинг бир қисмини бой беришимиз мумкин. Аммо қийинчиликларга қарамай, бизнинг жанг қилишдан бошқа чорамиз йўқ", — дейди Украинанинг "Омон қайт" (Вернись живым) хайрия фонди катта таҳлилчиси Николай Белесков.

"Назарий жиҳатдан, Европа АҚШ даражасидаги кўмакчига айланиши мумкин, аммо мен унда зарур бўлган қурол-яроғнинг барча турларини таъминлаш имконини кўрмаяпман. Айниқса, ҳаво ҳужумидан мудофаа учун зарур ракеталар каби масалаларда тез орада захира билан боғлиқ муаммо юзага келади", дейди Швеция Мудофаа университети эксперти Оскар Ёнссон.

ҲҲМ ракеталарини бошқа нарса билан алмаштириб бўлмайди. Уларни ишлаб чиқаришни ошириш ҳам осон эмас – янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишдаги соф технологик мураккабликлар билан бир қаторда, инвестиция ва ташкилий масалалар ҳам мавжуд.

Иқтисодий нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи – давлатларнинг ўзига хос уюшмаси бўлиб, у АҚШ ёки Россиядан фарқ қилади, чунки у ерда ягона миллий ҳарбий-саноат мажмуаси мавжуд эмас.

Европаликлар бир вақтнинг ўзида, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масаласи билан шуғулланишга мажбур, шу билан бирга ҳарбий-саноат мажмуасини ислоҳ қилишга ҳам ҳаракат қилишмоқда.

Ана шундай мураккаб вазиятда украиналиклар фронтда артиллерия ёки, ҳатто, ҳаво мудофааси ўрнига янги турдаги дронлардан фойдаланиш орқали самарали ечимларни топишга уринмоқда.