Трамп: Америка "учинчи дунё мамлакатларидан" муҳожиратни "мутлақо тўх татади". Ўзбекистондан-чи?

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп "учинчи дунё мамлакатларидан" муҳожирлар қабул қилинишини "мутлақо тўхтатиши" ҳақида айтди.
Жаноб Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида бу қарор кўплаб америкаликларнинг «ўзлари учун эришган яшаш шароитларига зарар етказган» муҳожирот сиёсатидан ўнгланиб олиши учун имкон яратишини ёзган. У бу режанинг тафсилотларини ёки айнан қайси мамлакатлар назарда тутилишини очиқламади.
АҚШ президенти шунингдек, муҳожирларни "Америкадаги ижтимоиий издан чиқиш"да айблаб, мамлакат учун фойда келтирмайдиган ҳар қандай шахсни чиқариб юборишга ваъда берган.
Доналд Трамп изҳоротидан бир кун аввал Вашингтонда Миллий гвардиянинг икки аскари гумон қилинишича, келиб чиқиши афғонистонлик бўлган шахс томонидан ўққа тутилиб, улардан бири оламдан ўтганди.
Аввалроқ жаноб Трамп бу ҳодиса мамлакат хавфсизлигига жиддий хавфни очиқлаганини урғулаб, "ҳар қандай мамлакатдан бу ерга тегишли бўлмаган ҳар қандай шахсни" чиқариб юбориш йўлида чоралар кўришини айтганди.
26 ноябр куни Америкадан бошпана сўраган ҳамма афғонистонликлар аризаларини кўриб чиқиш тўхтатилгани эълон қилинган. Бу "хавфсизлик ва саралаш" жараёнини қайта кўриб чиқиш арафасида олинган қарор, дея таърифланган.
27 ноябр куни эса АҚШ Фуқаро ва Миграция Хизмати 19 мамлакатдан бўлган муҳожирларнинг грин карталари қайта кўриб чиқилишини маълум қилган.
Бу рўйхатда қайси давлатлар борлиги ҳақидаги Би-Би-Си саволига жавобан агентлик Оқ Уй томонидан ўтган июн ойида чиқарилган қарорга иқтибосан, Афғонистон, Куба, Ҳаити, Эрон, Сомали ва Венесуэла каби давлатларни тилга олган.
Аризаларни қайта кўриб чиқиш қандай амалга оширилиши ҳақида ҳозирча бошқа тафсилотлар йўқ.
Бу янги чоралар Вашингтондаги отишмани амалга оширганликда гумон қилинаётган шахс 2021 йили Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқилиши ортидан баъзи афғонистонликларга таклиф қилинган махсус миграцион ҳимоя дастури доирасида келганлиги ҳақидаги хабарлар ортидан кўрилмоқда.
Расмийларга кўра, гумонланувчи Раҳмонулло Лаканвал Афғонистонда АҚШ Марказий Жосуслик агентлиги билан ҳамкорлик қилган.
Шунингдек, у билан бирга ишлаган собиқ ҳарбий зобитнинг Би-Би-Сига айтишича, Кобул аэропортида эвакуация амалиётлари мобайнида қўриқчилар сафида бўлган.
Бу чораларнинг АҚШдаги ўзбекистонликларга таъсири бўладими?
AQShdagi O‘zbekiston fuqarolari diqqatiga! So‘nggi kunlarda Amerika Qo'shma Shtatlari bo'ylab federal migratsiya organlari tomonidan kuchaytirilgan reydlar o‘tkazilmoqda.
Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири матбуот котиби ўз Telegram каналида "АҚШдаги Ўзбекистон фуқаролари диққатига", дея эълон нашр қилган.
Унда айтилишича, "сўнгги кунларда Америка Қўшма Штатлари бўйлаб Федерал миграция органлари томонидан кучайтирилган рейдлар ўтказилмоқда".
Вазирлик баёнотида ушбу рейдлар мобайнида АҚШда ишлаётган ҳайдовчилар гувоҳномаларининг ҳақиқийлиги, ҳужжатларнинг муддати ва қонунийлиги, иш ҳуқуқи ва миграцион мақом, шунингдек "инглиз тилини билиш даражасига" эътибор қаратилаётгани айтилади.
Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот котиби бу эълон асосан АҚШда ҳайдовчилик билан шуғулланаётган ўзбекистонликларга тааллуқли эканлигини таъкидлаб, ҳужжатларни тартибга келтириш ва қонуний мақомни тасдиқловчи ҳужжатларни ўзлари билан олиб юриш кераклигини маслаҳат берган.
Президент Трамп тилга олган "учинчи дунё мамлакатлари" ва ўтган июн ойида Оқ Уй томонидан чиқарилган фармонда Ўзбекистон тилга олинмаган.
Аммо Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот котибининг Telegram каналидаги эълони охирги кунларда АҚШда муҳожирларга нисбатан кўрилаётган чоралар бир маънода хавотир уйғотаётгани белгиси бўлиши мумкин.












