Ўзбекистон: Америкада яшашни истовчи ўзбекистонликлар сони 2 миллиондан ошиб кетди

Сурат манбаси, Spencer Platt/Getty Images
2018 йили 2 миллион 114 минг Ўзбекистон фуқароси Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи грин-карта лотереясини ўйнади. Америкага кўчиб кетишни истовчилар сони Мирзиёев ҳокимиятга келгач кескин ошишда давом этмоқда.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига қаралса, грин-карта ўйновчилар рўйхатида Ўзбекистондан олдин фақатгина Африканинг Гана Республикаси турганини кўриш мумкин.
30 миллион аҳолиси бор Ганадан 2018 йили 2,227,530 одам АҚШда яшаш ҳуқуқини берувчи лотерея ўйнаган.
Америкага кўчиб бориб янги ҳаёт бошлашни истаётган ўзбекистонликларнинг сони йилдан йилга ўсаётганини кўриш мумкин.
Ислом Каримов вафот этиб, ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келган 2016 йилнинг кузида грин-карта ўйновчи ўзбекистонликлар 1,448,984 нафарни ташкил қилган.
Мирзиёевнинг Каримовдан бошқача сиёсат олиб боришга ваъдалари манзарасида бу кўрсатгич 2017 йили 1 миллион 576 минггга чиққан.
2018 йилнинг кузига келиб эса бу рақам кескин ошган ва 2 миллион 114 минг 446 ўзбекистонлик грин-карта ўйнаган.
Шундан 1743 ўзбекистонлик Америкада яшаш ва ишлаш ҳуқуқини қўлга киритган.
Грин-карта ўйнаш ҳуқуқи мавжуд 201 давлатдан ўтган йили 23 миллион 88 минг 613 одам лотерея ўйнаган.
Ўзбекистонлик 201 давлатнинг ичида 9 фоиз билан Ганадан сўнг энг кўп ҳужжат топширган мамлакат бўлди.
МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистондан сўнг уруш ҳолатидаги Украинадан 1,450,487 одам грин карта ўйнаган.
Суриш керакми?
Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач хориждаги малакали кадрларни Ўзбекистонга қайтариш истагида эканлигини намойиш қилишга ҳаракат қилди.
2017 йилнинг сентбяр ойида БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаш учун АҚШга борган Шавкат Мирзиёев тор доирада бир гуруҳ ўзбекистонликлар билан учрашганди.
Америкада ўз соҳасининг етук мутахассиси айланган бу шахсларни Президент Мирзиёев Ўзбекистонга қайтишга чорлаган.
Президент ҳатто ўша ердаги айрим кадрларга истаган лавозим ва учоқ учун чипта таклиф қилганди.
Ўтган вақт давомида хориждаги айрим кадрлар давлат лавозимларида ишлаш учун Ўзбекистонга қайтганини кўриш мумкин.
Бироқ сўнгги вақтларда ижтиимоий тармоқларда ислоҳотлардан хафсаласи пир бўлаётган ўзбекистонликларнинг "суриш керак" деган иборалар билан ёзилган изоҳлари кўпайган.
Бу каби изоҳлар Ўзбекистонда нон нархи ошганида, божхона импортига тўловлар оширилганида ва навбатдаги блогернинг қамалганида ёзилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
"Бизни давлатга нима бўлябди фақат солиқ солишга ўтиб олди хали нафас олиш бир йил учун фалонча деган тарифлар чиқиб кетади бу туришда. Суриш_керак", деб ёзди твиттер фойдаланувчиси.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Семинарга бормаган фермерларни ИИБ ходимлари йўқлаб келган хабарларга суриш керак, деган муносабат билдирилганини кўриш мумкин.
"Суриш керак... Суриш керак... Лекин суриб бу давлатни кимга ташлаб кетамиз Ғаниевсифатларгами? Бировни мол мулкини тортиб оладиган куёвларгами? Ўзи нега улардан қўрқиб ташлаб кетишимиз керак? Улар қанчалик ҳақли бўлса бизиям ҳаққимиз йўқми?", дейди Фараон.
Грин-карта...
Грин-карта лотерея дастурига 1990 йилда асос солинган.
Айни дастур доирасида ҳар йил 50 мингга яқин иммигрант Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.
Собиқ Шўро давлатлари эса, бу дастурда 1995 йилдан бошлаб иштирок этиб келишади.
Вашингтонда жойлашган Катона Институти маълумотларига кўра, 2010 йилда ўзбекистонлик иммигрантларнинг 69 фоизи АҚШ да доимий яшаш ҳуқуқини айнан грин-карта дастури орқали қўлга киритишган. 2017 йилда бу рақамлар 58 фоизни ташкил этган.
Бу дастурда иштирок этишингиз учун ўрта маълумотли бўлишингизнинг ўзи ҳам кифоя қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












