"Уйғурларга айтинг, қайтишмасин". Хитойнинг Шинжонида нималар бўлмоқда?

Сурат манбаси, Xinjiang police
- Author, Айсимбат Тоқоева
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 11 дақ
"...У менга ишониш мумкинлигини тушунгач, кўрсаткич бармоғи билан юқоридан пастга, худди экранда кўрсатаётгандек ишора қилди – "авиарежимни ёқинг" деган маънода, – деб ҳикоя қилади Шаҳриёр. – Сўнг: "Телефонингизни шу ерда қолдиринг," деди ва биз нарироқ кетдик..."
Хитой Қозоғистон фуқаролари учун визаларни бекор қилиб, Шинжон чегараларини очгач, нафақат чет элдаги уйғур қариндошлар, балки хорижлик тадқиқотчилар ҳам минтақага қайтиш имкониятига эга бўлди. Уларнинг таъкидлашича, Шинжондаги зоҳирий қулайлик ортида тўлиқ назорат мавжуд, тинчлик эса оммавий қатағонлар ва "қайта тарбиялаш лагерлари"дан қўрқув ва хотиралар асосида сақланиб турибди.
Қозоғистонлик этник уйғур Шаҳриёр* визасиз режимдан фойдаланиб, тўққиз йил ичида биринчи марта ШУАРга (Шинжон-Уйғур автоном райони) боришга муваффақ бўлди. Ҳозир у Би-би-сига Шинжонда нималарни кўргани ва охирги борганидан бери нималар ўзгаргани ҳақида сўзлаб берди.

"Кейин бошқа шаҳарда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди... Авиарежимни ёқишдаги ўша имо-ишора: "Юринг, омборхонада гаплашамиз..."
Шинжон ташқи дунё учун очилди ва сайёҳларни (асосан Хитойнинг бошқа ҳудудларидан) фаол қабул қилмоқда. Бироқ, уйғурларнинг қандай яшаётганини тушуниш ҳали ҳам осон эмас. Шаҳарларда назорат пунктлари йўқолган, меҳмонлар шаҳарлар тинч ва осойишта кўринишини таъкидламоқда. Аммо бу осойишталикни юзлаб кузатув камералари назорат қилади, маҳаллий аҳоли эса бегоналардан ўзини олиб қочади ёки партия ва ҳукумат туфайли уларнинг ҳаёти яхшиланаётгани ҳақида бир хил гапни такрорлайди.
Кузатувлар ва камдан-кам телефонсиз суҳбатлар шуни кўрсатадики, лагерларга тушганларнинг барчаси ҳам уйга қайтмаган, уйғур ва бошқа миллат болалари ўзаро хитой тилида гаплашади, масжидлар очилган бўлса-да, жамоат сийраклаб қолган.
"Шинжонга хуш келибсиз!"
Ипархон* 2024 йил бошида Шинжоннинг маъмурий маркази Урумчига етиб келди. У уйғурлар ва минтақа тарихини ўрганади ва бу саёҳат унинг кўп йиллик орзуси эди. Ипархон Урумчига келганида сайёҳлар гуруҳларини кўрмади. Аэропортда у жуда оз сонли чет элликлардан бири эди. Сафар мақсади "туризм" эканлигини аниқлагач, уни қўшимча текширувларсиз ва саволларсиз ўтказиб юборишди.

Ковид чекловлари бекор қилингач, чет элликларга алоҳида талаблар қўйилмаяпти. Шундай қилиб, Шинжон саёҳат қилиш учун, масалан, Тибетдан ҳам қулайроқ бўлиб қолмоқда.
Аммо Шинжоннинг турли жойларида ўтказган бир неча кун давомида Ипархон минтақадаги вазият фақат ташқи томондан осойишта эканлигини тушунди. У "қора рўйхат"га тушиб қолмаслик ва ХХРда учрашган одамларга муаммо туғдирмаслик учун ҳақиқий исмини айтмасликни сўради.
Ипархон – мусулмон аёл, Европа паспортидаги суратига рўмолда тушган. Шу боис у чегарадаги саволларга тайёр эди, аммо чегарачилар унга эътибор бермади. Урумчи аэропортида у рўмолини худи капюшонига алмаштирди, бироқ полиция ҳужжатларни текшириш учун меҳмонхонага келганида, унга Шинжонда ҳижоб кийиш "одат эмас"лигини эслатди.
Бу воқеа парвоздан бир неча кун ўтгач содир бўлди. Эрталаб рўйхатга олиш бўлимидан қўнғироқ қилиб, қабулхонага тушишни сўрашди. Пастда икки зобит – этник уйғур ва хитойлик кутиб турарди. Улар ташриф мақсади ва режалари ҳақида саволлар беришди. Паспортимни уйғур зобитига топширганимда, унинг қўллари қалтираётганини сездим, деб эслайди Ипархон.
"У "Уйғур тилини қандай ўргандингиз?" деб сўради. Мен она тилимга ўхшашлигини тушунтирдим. Кўплаб саволлардан сўнг у паспортимга қаради ва дудуқланиб, суратдаги ҳижобни назарда тутиб, бу ҳолатда юришим мумкин эмаслигини айтди," дейди Ипархон.
Қозоғистонда туғилиб ўсган уйғур Шаҳриёр ҳам визасиз режимдан фойдаланди. Ипархондан фарқли ўлароқ, Қозоғистон билан қуруқликдаги чегарада уни бир неча соатлик сўроқ кутарди. Телефонини олиб қўйишди, ижтимоий тармоқлар ва ёзишмаларини текширишди.
"Менга қозоғистонликлар, айниқса, уйғурлар узоқ вақт текширилишини айтишганди. Аммо мен бу қандай бўлишини ўз кўзим билан кўришни хоҳладим," дейди Шаҳриёр, хитойлик чегарачи аёл дарҳол "Уйғурми? Кутиб туринг," деганини эслаб.
У 2015 йилдан бери биринчи марта Шинжонга борди. Унинг аввалги ва охирги ташрифи оммавий ҳибсга олишлар бошланишига тўғри келганди. "Ўшанда одамлар ғойиб бўла бошлаган эди". Шаҳриёр 2016 йилда виза олмоқчи бўлганида эса рад жавоб берилган.
Чегарадаги сўроқ тўрт ярим соат давом этди. Шаҳриёр алоҳида хонада қуролланган икки аскар билан бирга ўтирарди. Саволларни унинг телефонидаги маълумотларни текшираётган ва хонага галма-галдан кириб-чиқаётган бир нечта зобит – икки нафар этник уйғур ва бир қозоқ берди.
"Биттаси кириб келади: "Фалончига қўнғироғингиз бор экан. Нима ҳақида гаплашдингиз?" "Билмайман," дейман. Балки қўнғироқ қилишимни сўрашгандир. Мен бу одамни танимайман, ҳатто контактларимда ҳам йўқ, – деб эслайди Шаҳриёр. – Яъни улар қандайдир рақамни айтишади ва нега унга қўнғироқ қилганимни сўрашади, лекин у менинг контактларимда сақланмаган."
"Чегара соат саккизгача ишлайди. Қарасам, соат 8:30 бўлиб қолибди. Ўйлайман: энди тамом – мени қамашади. Ҳозир полиция ёки бошқа кимдир келади-да, мени қўйиб юборишмайди... Аммо охир-оқибат улар: "Ҳаммаси жойида, кетаверинг," дейишди," деб эслайди Шаҳриёр.
Қайта тарбиялаш лагерлари ва қамоқхоналар
Шинжонда 12 миллионга яқин уйғур яшайди. Уйғур тили туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, ўзбек тилига энг яқин тил ҳисобланади.
1990-йиллардан бошлаб Хитой, бошқа кўплаб мамлакатлар сингари, ислом фундаментализми ўсишидан хавотирда эди. Қўшни Афғонистон ва бошқа мамлакатлардаги воқеалар эҳтимолий ривожланиш йўлларини кўрсатди. Бундан ташқари, ХХР ҳукумати сепаратизмга оид ҳар қандай ишорага таъсирчан, СССР парчаланганидан кейин мустақилликка эришган Марказий Осиё республикалари кўплаб уйғурлар учун илҳом манбаи бўлган эди.
Хитой ҳукумати 2009 йилда Урумчидаги кенг кўламли миллатлараро тўқнашувлардан сўнг назоратни кучайтира бошлади. ШУАРдан ташқарида содир бўлган бир қатор ҳужумлардан сўнг, жумладан, 2014 йил баҳорида Кунмин вокзалида 31 киши ҳалок бўлган қирғиндан кейин, ҳукумат "Терроризмга қарши кучли зарба" кампанияси бошланганини эълон қилди.
Кенг қамровли рақамли назорат тизимларини жорий этиш, ҳужжатларни текшириш ва шахсий (шу жумладан тиббий) маълумотларни тўплашдан ташқари, оммавий ҳибсга олишлар бошланди. 2017 йилга келиб, кузатувчилар баҳолашича, Шинжондаги қатағонлар чўққисига етди.
Даниялик антрополог Руне Стинбергнинг айтишича, уйғурлар ва этник озчилик вакиллари дастлаб тергов изоляторларига жойлаштирилган, кейинчалик улар "қайта тарбиялаш лагерлари"га тақсимланган ёки қамоқхоналарга жўнатилган. Стинберг ва унинг Шинжонни ўрганаётган ҳамкасблари ҳисоб-китобларига кўра, "қайта тарбиялаш лагерлари"дан бир миллиондан икки миллионгача одам – мусулмонлар ва этник озчиликлар вакиллари ўтган.
"Энг ёмони, шубҳасиз, қамоқхона, ундан кейин тергов изолятори, қайта тарбиялаш лагерлари эса турли хил бўлади, уларнинг баъзилари бошқаларига қараганда бироз яхшироқ, аммо уларнинг барчаси даҳшатли. [...] Тергов изоляторларида уларни сўроқ қилишган, кўпинча қийноққа солишган, лагерларда эмас, айнан ўша ерда кўпроқ зўравонлик ишлатилган. Лагерларда ҳам хўрлашлар бўлиб турарди, лекин энг оғир ва шафқатсиз хўрлашлар тергов изоляторларида содир бўларди. Судланмаганлар ёки партия марҳамати билан афв этилган судланганлар қайта тарбиялаш лагерларига жўнатилган," деб тушунтиради Стинберг.
Хитой ҳукумати буларнинг барчасини "экстремизмга қарши кураш, қайта тарбиялаш ва касбий қайта тайёрлаш дастурлари" деб атади. Расмий ҳисоботларга кўра, 2014 йилдан 2019 йилгача 1,3 миллион киши "касбий қайта тайёрлаш дастурлари"га жалб қилинган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, гап аслида Иккинчи жаҳон урушидан бери мисли кўрилмаган концентрацион лагерлар ҳақида кетмоқда, уларда қуллар меҳнати, қийноқлар ва зўрлашлар кенг тарқалган. 2022 йилда Би-би-си полициянинг ички ҳужжатларини қўлга киритди, ўшанда қочишга уринганларга қарата ўқ отиш буюрилгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, ярим миллионга яқин миллий озчилик оилаларининг болалари интернатларга юборилди. У ерда уларни Хитойга содиқ фуқаролар этиб тарбиялаш мўлжалланган эди, деб ёзади New York Times.

Бир қатор давлатлар, жумладан, АҚШ, Британия, Нидерландия ва Канада ХХРнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини геноцид деб тан олди.
Хитой ҳукумати эса Шинжондаги ҳаракатлари халқаро терроризм ва сепаратизмга қарши курашга қаратилганлигини ва таҳдидларга мутаносиб эканлигини таъкидлади. Кўплаб мусулмон давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони, БАА ва Миср, шунингдек, Россия Хитойни қўллаб-қувватлаб муносабат билдирди.
Минглаб одамлар лагерь ва қамоқхоналардан қайтмади. Қамоқда ўлганлар ва бедарак йўқолганларнинг аниқ сонини ҳеч ким айта олмайди. Пессимистик ҳисоб-китобларга кўра, гап ўн минглаб одамлар ҳақида бориши мумкин.
Руне Стинбергнинг айтишича, 2020 йилдан кейин аксарият "қайта тарбиялаш лагерлари" ёпилган. Бироқ, минтақада мусулмонлар мажбуран ушлаб туриладиган бошқа муассасалар ҳамон ишлаяпти.
"[Лагерларнинг ёпилиши] ҳамма озодликка чиқди дегани эмас, кўп одамлар уй қамоғида ёки ўз тумани, қишлоғи, шаҳрини тарк эта олмаяпти, бошқалари эса эркин бўлмаган шароитларда ишлайдиган фабрикаларга ўтказилган," дейди антрополог.
"Биз 2017-2019 йиллар оралиғидаги маҳбуслар сонини ҳисоблаб чиқдик – 300 мингдан 500 минггача одам, уларнинг аксарияти ҳали ҳам қамоқхоналарда, оз қисми озодликка чиққан," дейди Стинберг.
«Бу бизнинг хавфсизлигимиз учун ахир»
"Шинжонда биринчи эътибор берган нарсам – ҳамма жойга минглаб камералар ўрнатилганлиги, – дейди Шаҳриёр. – Ҳатто пиёдалар йўлакларида ҳам: уйга бурилиш, ҳовлига кириш – ҳамма ерда камералар ўрнатилган, баландликда ҳам, бўй баробарида ҳам. Маҳаллий аҳоли бунга одатий ҳолатдек қарайди: "Бу бизнинг хавфсизлигимиз учун ахир. Шу сабабли ҳозир бизда ўғрилик, босқинчилик ва бошқа жиноятлар йўқ." Айтганча, ҳамма жойда турли хил биометрия сканерлари ҳам бор."
Ипархоннинг меҳмонхонасида бўлгани каби, чет элликларни атай сўроқлашмаса ҳам, ҳокимият вакиллари уларни кузатиш учун барча имкониятларга эга. "Ҳужжатлар доимий равишда сканердан ўтказилади. Меҳмонхоналар, чипта харид қилиш, вокзалга кириш ва шунга ўхшаш жойларда," дея қўшимча қилади Шаҳриёр.
Кўчаларда ҳарбийлар ва полициячилар сони сезиларли камайди. Бу минтақада тинчлик ҳукм сураётгани ва аҳолининг марказий ҳокимиятга содиқлигини кўрсатиши керак.
"2011-12 йилларда барча полициячилар этник хитойликлар эди ва уларнинг ҳаммаси ҳарбий кийимда эди. Бу эса кескин вазиятни юзага келтирарди, – дейди Шаҳриёр. – Ҳозир уйғур ва қозоқ полициячилар кўпайибди."
Шинжонда Хитойнинг бошқа ҳудудларидан келган сайёҳлар кўп. "Бу туризмнинг барчаси ички Хитойдан келган сайёҳларга мўлжалланган," дейди Шаҳриёр ва айниқса гастротурлар, шунингдек, уйғур миллий мавзулари машҳур эканлигини қўшимча қилади.
"Масалан, шундай хизмат бор – "миллий либослар кийиш", ва у ерда нархлар қуйидагича: TikTok учун – 100 юань, тўлиқ фотосессия тахминан 700 юань. Сайёҳлар кийинишади, пардоз қилинади. Жуфтлар учун ҳам, ёлғизлар учун ҳам. Улар учун буларнинг барчаси экзотика – мана, улар уйғур миллий кийимида ва буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлар учун," дейди Шаҳриёр.
Бундай фототурлар, айниқса, Шинжоннинг тарихий ва маданий маркази Қашқарда машҳур. 2 минг йилдан ортиқ тарихга эга бу шаҳарда 2023 йилда сайёҳлар сони биринчи марта ойига бир миллион кишидан ошди. China Daily маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида Қашқарда фотосессияларни ташкил этувчи компаниялар сони иккитадан 200 тага кўпайган.

Ипархон Урумчидан поездда Қашқарга йўл олди. Купега видеокамералар ўрнатилган, бошқа йўловчилар эса чет эллик аёлдан ўзларини четга олишарди.
"Поездда телефонимни қувватлашим керак эди. Кекса уйғурнинг олдига бориб, [унинг ёнидаги] розеткага улашга рухсат сўрадим. У гапни "Қаерликсан, қизим?" деб сўрашдан бошлади. Унга жавоб берганимда, икки ёш уйғур дарров ўринларидан туриб, ўз купеларига кириб, эшикни ёпиб олишди," деб эслайди Ипархон.
Кекса эркак уларнинг хатти-ҳаракатларини ёшлар лагерь маҳбуслари бўлгани ва ҳозирда "қора рўйхат"га киритилгани билан тушунтирди. Кейин у намойишкорона ва Ипархоннинг назарида киноя билан Қашқар "катта ютуқларга эришганини" айтиб, Хитой компартиясини мақтай бошлади.
Шаҳриёрнинг айтишича, одамлар уйғур тилини тушунадиган ва гапирадиган чет эллик билан учрашаётганини билса, айниқса, эҳтиёткор бўлиб қолишади.
"Қозоғистонликлар учун, айтайлик, "ассалому алайкум" – бу оддий кундалик ибора. [Шинжонда] эса одамларга бундай мурожаат қилмаслик керак – бунинг учун уларни қамоққа олишлари мумкин, – дейди Шаҳриёр. – Биз, масалан, беихтиёр: "Худо хоҳласа, кўришамиз" деймиз. Мана шундай гапларни асло айтиб бўлмайди."
Шу билан бирга, Шаҳриёр таъкидлаганидек, кўпчилик суҳбатлашишни истайди. У кечқурунлари тўрт марта бир жойга овқатланишга борганини эслайди.
"Мана, тўртинчи кун кетма-кет бир одамни кўряпман. Биринчи куни озми-кўпми "юзаки" гаплашиш мумкинлигини тушунаман. "Қандай келдингиз? Ҳаммаси жойидами? Кўриб турганингиздек, бизда ҳам ҳаммаси ажойиб, биз яхши яшаяпмиз, бизда шундай иқтисодий юксалиш бор. Давлатдан миннатдормиз." Эртаси куни, учинчи-тўртинчи куни уни яна кўрасиз... У ўтиради, нимадир айтмоқчи бўлади ва ўгирилиб қарайди, лекин жим қолади. Нимадир сўрамоқчи, аммо қўрқади. Қандай мурожаат қилишни билмайди."
"Мактабларингиз қандай?" Мен: "Ҳа, бизда рус тилида, қозоқ тилида, уйғур тилида мактаблар бор," дейман. У учун бу ҳайратланарли. "Сизларда уйғур тилида мактаб борми?"
"Бизда эса болалар хитой тилида ўқийди. Бундан кейин нима бўлишини билмаймиз. Биз уйғур тилида ўқиганмиз. Ҳозир болалар боғчадан бошлаб, мактабдан бошлаб тўлиқ хитой тилида таълим олади. Буларнинг барчаси биз учун жуда оғир, жуда қийин." Кейин у [кўрсаткич бармоғи билан юқоридан пастга қараб ишора қилади] – "авиарежимни ёқинг" дейди. Биз четга чиқиб гаплашамиз."

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, ҳатто телефонлари ўчирилган ва гувоҳлар бўлмаса ҳам, Шинжон уйғурлари жуда эҳтиёткор гапиради ва аниқ фикр айтишдан қочади.
Шаҳриёрнинг айтишича, ҳатто энг оддий нарсаларни ҳам юзма-юз суҳбатларда ҳамма очиқ айтишга тайёр эмас. "Ҳаётимизни жуда қийинлаштириб юборишяпти..." – у "хитойликлар" демоқчи бўлади-ю, лекин айтолмайди. Ўзларини аллақачон шунга ўргатиб қўйишган. Илгари уйғурлар хитойликларни "Хитой" деб аташарди. Кейин "ханзу" – "хан халқи" дейдиган бўлишди, лекин ҳозир бундай ҳам айтиб бўлмайди. Фақат "қариндошлар" ёки "ўртоқлар" дейиш мумкин. "Ўртоқлар ҳаётимизни жуда қийинлаштириб юборишяпти". Яъни, иккаламиз бўлсак ҳам, у барибир "хитойликлар" сўзини айта олмайди.
Қабрларда ярим ой, кўчаларда хитой тили
50 ёшли Шарипхан Тўре* – Шинжон таркибига кирувчи Или-Қозоқ автоном округида туғилиб ўсган этник қозоқ. Унинг бир неча авлоди шу ҳудудда яшаган.
Тўре 1990-йилларда Қозоғистонга кўчиб келган ва фуқаролигини ўзгартирган. Кейинчалик у Шинжонга бир неча бор бориб, Хитой визасини олган. Охирги марта – 2016 йилда.
2024 йил баҳорида визасиз режим жорий этилгач, Тўре қариндошларини зиёрат қилишга ва отаси қабрини кўришга қарор қилди.
Қабристонга у қариндоши билан борган, лекин қариндоши ҳудудга киришдан бош тортган. Шунда Шарипхан Тўре ёлғиз ўзи қабр бошига бориб, мусулмонча дуо ўқиган.
"Мен дуо ўқий бошлаганимда, ташқарида турган қозоқлар қочиб кетишди. Қўрқишади," дейди Тўре.
Унинг айтишича, 2024 йил бошида ҳокимият қатағонлар бошланишида олиб ташланган мусулмонларнинг ярим ой рамзларини қабрларга қайтаришга рухсат берди.

Ипархоннинг айтишича, масжидлар ҳам очиқ ва зиёрат учун рухсат берилган. У Қашқардаги Ид Қаҳ масжидига кирган. XV асрга оид бинонинг майдони тахминан 16 минг квадрат метр бўлиб, масжид 20 минг кишигача сиғдира олади. "Мен ичкарида бир неча соат ўтирдим. Шу вақт ичида мендан бошқа ҳеч ким келмади. Масжидда ҳатто имом ҳам кўринмади," дейди Ипархон.
Шарипхан Тўренинг туғилган қишлоғида, бутун округда бўлгани каби, мактаблар хитой тилига ўтказилган. "Қишлоғимиздаги болалар ҳозир қозоқча гапирмайди. Агар уйда ота-она қозоқ тилида гаплашса ҳам, болани боғчага олиб борганда, у ерда фақат хитой тилини ўргатишади. Болалар ўзаро хитой тилида гаплашади," дейди Тўре. Унинг кузатишича, уйғур ва қирғиз синфлари ҳам худди шундай аҳволда.
"Ҳозир кўчада ҳамма хитойча гапиради, дўконда қозоқча гапирсанг, давлат тилида гапиришингни сўрашади. [...] 5-10 йилдан кейин у ерда қозоқни тополмайсиз, ҳаммаси тўлиқ ассимиляция бўлади. Ёшлар энди ўз она тилида гапирмайди. Бунга барча мусулмонлар дучор бўлди: уйғурлар ҳам, қирғизлар ҳам," дейди Тўре.
Визасиз режим ва қўрқув
Визасиз режим жорий этилгач, Қозоғистонга хитойлик сайёҳлар оқими бир ярим баравардан кўпроқ ошган. "Kazakh Tourism" миллий компанияси (Маданият ва спорт вазирлигининг шўба корхонаси) маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатга 605 минг нафар хитойлик фуқаро ташриф буюрган, бу ўтган йилга нисбатан 65 фоизга кўп.
Антрополог Руне Стинбергнинг айтишича, Пекиннинг визасиз режим жорий этиши ва чегараларни очиши ҳам иқтисодиётни рағбатлантиришга, ҳам этник озчиликларнинг геноцидида айбланганидан кейин обрўсини тиклашга қаратилган.
"Менимча, бу қисман Шинжон ёпиқ ва зулмат жой деган тасаввурни йўқотиш учун қилинган. Улар [Хитой Компартияси] ҳамма яхши ва бахтли деган кўплаб тарғиботларни яратди ва энди шу йўл билан далиллар келтириб, одамларни ўз гапларига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда," дейди олим.
Стинберг маълумот тўплаганидан сўнг, визасиз режим Қозоғистонга қочиб келган қозоқлар ва уйғурларнинг аҳволини оғирлаштирди, деган хулосага келган, чунки ҳозир Хитой махсус хизматлари ходимлари уларни бемалол топиб бориши мумкин.
"Этник қозоқлар менга айтишича, лагерларнинг собиқ маҳбуслари ва фаолларнинг олдига Шинжондан келган, визасиз кирган хавфсизлик хизматидан бўлган меҳмонлар кўпайган. Улар уйларига келиб, уларни сўроқ қилишган, шунингдек: "Агар ўзингизни яхши тутмасангиз, биз исталган вақтда келишимиз мумкин, сизни олиб кетамиз," деб огоҳлантиришган. Одамлар бундан жуда қўрқишади," дейди Стинберг.
Бундан ташқари, 2023 йил октябрь ойида визасиз режим жорий этилиши арафасида ратификация қилинган Қозоғистон ва Хитой ўртасида маълумотлар алмашинуви тўғрисидаги келишув этник қозоқлар ва уйғурлар аҳволига таъсир қилиши мумкин. Ўшанда томонлар фуқаролигини ўзгартирган, мамлакатга кириш, бўлиш ёки чиқиш қоидаларини бузган шахслар тўғрисида ҳар чоракда маълумот алмашишга келишиб олган.
Антропологнинг таъкидлашича, Қозоғистон билан визасиз режим уйғурларнинг қўшни давлатга кўчиб ўтишини осонлаштирмайди. Улар чегарани кесиб ўтиб, Қозоғистонга қочиб кета олмайди – аксариятининг хорижга чиқиш паспорти йўқ ва улар Шинжонда том маънода "қамалган."
"Бу очиқ осмон остидаги қамоқхонага ўхшайди, чегаралари мустамлакачи ҳокимият томонидан назорат қилинади ва уйғурларнинг аксарияти ташқарига чиқа олмайди. Агар чиқишга муваффақ бўлса ҳам, уларнинг ҳаракатлари, кимлар билан учрашиши ва қачон қайтиши жуда қаттиқ назорат қилинади. Акс ҳолда, ватанидаги оилалари жазоланади," деб таъкидлайди тадқиқотчи.
Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Шинжоннинг 26 миллионга яқин аҳолисининг 6 фоизидан камроғини қозоқлар, 45 фоизини уйғурлар ташкил этади. Хитойликлар эса тахминан 42 фоиз.
Қозоғистонга ҳар йили Хитойдан минглаб этник қозоқлар кўчиб келмоқда. Тадқиқотчилар таъкидлашича, Хитойни тарк этишга муваффақ бўлган уйғурлар Қозоғистондан транзит сифатида фойдаланиб, имкон қадар тезроқ бошқа жойларга жўнаб кетишмоқда. Уйғурларнинг ўзлари буни Қозоғистон ҳукумати уларни Пекин таъқибидан ҳимоя қила олмаслиги билан изоҳлашмоқда.

Шинжонга қилган саёҳати чоғидаги яна бир воқеа Ипархонда кучли таассурот қолдирди. У хусусий такси ёллаб, шаҳар ташқарисига йўл олди. Йўл давомида таксичи йўловчи аёл билан уйғур тилида суҳбатлашди. Бир пайт қиз ва ҳайдовчи орқаларидан қорайтирилган ойна машина келаётганини пайқаб қолишди.
"Машина ойнаси қорайтирилгани учун рулда ким ўтиргани ва ичида қанча одам борлиги кўринмасди. Керакли жойга етиб борганимизда, мен таксидан тушиб, ҳайдовчидан мени кутиб туришини сўрадим. Қайтиб келганимда, унинг юзида қўрқув аломати бор эди. Такси ҳайдовчиси, уларнинг ортидан келаётган машинадан тўрт киши тушиб, уни йўловчи аёл ҳақида сўроқ қилганини айтди. Улар уни қўрқитиб қўйишганди, шунинг учун ортга жимгина қайтдик," деб ҳикоя қилади Ипархон.
Қиз тан олишича, Шинжонда бўлган вақтида маҳаллий аҳоли хавфсизлиги учун – уларни махсус хизматлар сўроққа тортишидан қўрқиб, деярли ҳеч ким билан суҳбатлашмаган.
Қашғарда Ипархоннинг олдига бир ўсмир йигит келиб, унга ёрдам керак-керакмаслигини сўради. Ипархоннинг асли келиб чиқишини билган йигит унга муҳожир уйғурларга айтинг, ҳеч қачон Шинжонга қайтишмасин деди.
* Суҳбатдошлар исмлари ўзларининг илтимосига кўра ўзгартирилган












