Ўзбекистон: Лавров Самарқандда – Россия Ташқи ишлар вазири 'осон бўлмаган геосиёсий вазият'да Ўзбекистон билан нималарни гаплашиб олмоқчи ёки бу ерда "русча ёзувни кўрмаяпман"

Лавров ва Мирзиёев

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Россия томонининг ҳар икки ташрифи ҳам Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг Самарқандда бўлиб ўтган илк тарихий саммитидан қисқа вақт ўтмай амалга ошаётган билан ҳам ўзига эътибор тортди.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Бу – сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида россиялик юқори мартабали мулозимнинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифи бўлади.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш – ҳар икки ташриф манзарасида кун тартибидаги асосий масалалардан бири ўлароқ тилга олинди.

Шу ой бошида Тошкентда экан, Россия Федерал мажлиси Федерацияси Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Россия ва Ўзбекистонни "ҳақиқий иттифоқчилар", деб ҳам атади.

Бу ўша пайтда Россиянинг айрим етакчи нашрларида алоҳида урғу берилган нуқталардан бири экани ҳам кўрилди.

Бошқа томондан, ҳар икки ташриф ҳам Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг Самарқандда бўлиб ўтган илк тарихий саммитидан қисқа вақт ўтмай амалга ошаётган билан ўзига эътибор тортди.

Самарқанддаги саммит чоғида Европа Иттифоқининг президенти Антониу Кошта Россиянинг Украинага тажовузини "айни пайтдаги энг долзарб таҳдид", - деб атаган.

У Марказий Осиёни Россиянинг Украинадаги босқинига қарши биргаликда ишлашга чақирган.

Ўзбекистон эса худди шу саммитда Украина можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган сўнгги халқаро саъй-ҳаракатларга илк бор ўзининг расмий муносабатини билдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев музокаралар бошланганини олқишлашлари ва тўлиқ қўллаб-қувватлашларини баён қилганди.

Европа АҚШ президентининг Путин билан имкон қадар тезликда келишиб, Украина урушига чек қўйиш саъй-ҳаракатлари манзарасида ҳар томонлама расмий Киев ҳимоясида турган томон бўлади.

Нейтрал Туркманистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатлари Украина уруши масаласида бетараф мавқеъда, Россиянинг тажовузини на-да ошкора ёқлашган ва на-да қоралашган.

Самарқанд саммити фонида Европа Иттифоқи президентининг Марказий Осиё давлатларига қилган даъватига эса, Россия томонининг расмий муносабати ноаён қолганди.

Аммо Ўзбекистонга икки кунлик расмий ташрифи якунлари бўйича қилган нутқида Сергей Лавров "Марказий Осиё+Россия" формати АҚШ ва Европа Иттифоқиники билан қиёсланганда қанчалик иш бериши мумкинлиги саволига берган жавобида бу масалага эътибор қаратган.

Россия Ташқи ишлар вазири жавоб берган саволда "Дарҳақиқат, ҳозир Марказий Осиё учун ҳақиқий кураш бошланди", деган жумлаларни ҳам кўриш мумкин бўлган.

Сергей Лавров, ўзларининг, "ҳамкорлик жараёнларини сиёсийлаштириш, у ёки бу гуруҳ мамлакатларнинг шу ва бошқа геосиёсий маконларда ҳукмронлик ўрнатишга уринишлари билан боғлиқ мафкуравий элементларни киритишга мутлақо қарши" эканликларини билдирган, буни мавқеъларининг муҳим нуқталаридан бири сифатида тилга олган.

"Афсуски", деркан, Россия Ташқи ишлар вазири, "бундай уринишлар ғарблик ҳамкасбларининг Марказий Осиё "бешлиги" билан ўзаро муносабатларига бўлган ёндашувларида яққол кўзга ташланиши, айниқса, Европа Иттифоқи аъзолари ва Европа Комиссиясининг Брюсселдаги раҳбарияти алоҳида ажралиб туриши, улар минтақада ўз кун тартибини Россияга қарши очиқча кайфият билан олға суришга ҳаракат қилаётганлиги"ни таъкидлаган.

Сергей Лавровнинг айни мазмундаги баёнотларига минтақа давлатлари пойтахтлари, Европа Иттифоқи ва Европа Комиссиясининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи эса, Самарқандда стратегик шериклик декларациясини қабул қилган.

Декларацияда глобал ва минтақавий геосиёсий ландшафтни ҳисобга олган ҳолда муносабатларни яхшилашга қарор қилингани қайд этилганди.

Расмий хабарларга кўра, Россия Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон президенти билан айнан Самарқандда кўришиб, музокаралар олиб борган.

Худди шу ташриф манзарасида Россия нашрларида бўй кўрсатган айрим хабарларга кўра, Сергей Лавров гулчамбар қўяркан, ўзининг эътиборини Самарқанддаги "Мотамсаро она" ҳайкалидаги инглиз тилидаги ёзувга қаратган.

"Бу ерга инглизлар қандай келиб қолишди? Кўришимча, ёзув инглиз тилида", - деб сўраган.

Бунга жавобан Ўзбек томони вакили у ерда "барча тилларда ёзувлар борлиги"ни таъкидлаган.

Лавров эса, "мен русча ҳеч нарса кўрмаяпман", - дея жавоб қайтарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати ҳозирча бу хабарларни расмий ва мустақил манбалар орқали тасдиқлай олганича йўқ.

Янгилик мақола чоп этилаётган пайтда Ўзбекистондаги аксарият маҳаллий нашрларда ҳам сарлавҳаларга чиққан, улар ҳам баъзи Россия ахборот агентликларига таянишган.

Ўзбекистон нашрлари хабарида мазкур воқеа Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳозирлигида юз бергани ҳам айтилган.

Аммо айни мазмундаги хабарларга ҳозирча расмий Тошкент ва Москванинг муносабати кўзга ташланмайди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, ўзбекистонлик масъулларнинг мамлакатда Ўзбек тилининг мавқеъини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва тил масаласи ижтимоий тармоқларда аллақачон қизғин мунозаралар мавзусига айланиб бўлган бир манзарада ҳам кузатилди.

Россия Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи чоғидаги учрашувларидан олинган расмий суратлар эса, "чеҳраларнинг мамнун эмаслиги" талқинида ижтимоий тармоқларнинг ўзбекзабон сегментида хос эътибор топган яна бир мавзуга айланган.

Самарқанддаги "Мотамсаро она" ҳайкали

Сурат манбаси, t.me/MariaVladimirovnaZakharova

Кун тартиби

Самарқанддаги музокаралар

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Вазирликнинг расман таъкидлашича, Самарқанддаги музокаралар чоғида асосий эътибор "мураккаб геосиёсий вазиятда Москва ва Тошкентнинг ўзаро ҳамкорлигига қаратилади".

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга икки кунлик расмий ташрифи юзасидан оммавий ахборот воситаларига берган ахбороти қанчалик қамровли экани билан четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Вазирликнинг расман таъкидлашича, Самарқанддаги музокаралар чоғида асосий эътибор "мураккаб геосиёсий вазиятда Москва ва Тошкентнинг ўзаро ҳамкорлигига қаратилади".

"Москва ва Тошкентни дўстлик, суверен тенглик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган амалий, ҳурматга асосланган ва ўзаро манфаатли алоқалар боғлаб туради".

Россия томонига кўра, Ўзбекистон билан мулоқотларининг мазмунан бой эканига олий ва юқори даражадаги алоқаларнинг ўта фаоллиги ҳам далолат қилади.

Айни ўринда Россия Ташқи ишлар вазирлиги келтириб ўтган рақамларга таянилса, биргина ўтган йилнинг ўзида давлат раҳбарларининг турли форматдаги олтита учрашуви ва тўққизта телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган.

Вазирлик худди шу ахборотида, ҳаттоки, Россияда Ўзбекистоннинг олтита Бош консуллиги борлигига алоҳида тўхталиб ўтган.

Россиянинг Ўзбекистон – Самарқанддаги биринчи Бош консуллигини очишга тайёргарлик ишлари эса, якуний босқичда эканини ҳам маълум қилган.

Ўзбекистон билан муносабатлари кенг қамровли шартнома-ҳуқуқий база, яъни 300 дан ортиқ ҳужжатлар билан тартибга солинганини таъкидлаган.

Россия томонининг расман билдиришича, геосиёсий беқарорликлар, Ғарб давлатлари томонидан қўлланган ноқонуний чекловчи чоралар, уларнинг дўстларига бўлган таҳдидларига қарамай, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривожланмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми $10 миллиард АҚШ долларидан ортган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг ахборотида энергетика соҳасини ўзаро ҳамкорликларининг муҳим соҳаси, дея тилга олган.

Шундай деркан, вазирлик 2024 йил май ойида имзоланган шартномага мувофиқ, Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш – Россиянинг асосий лойиҳаси эканини айтган, аммо каттасими ёки кичиги эканига ойдинлик киритмаган.

Россиянинг мазкур лойиҳаси Ўзбекистонда кенг жамоатчиликнинг ошкора эътирозларига сабаб мавзулардан бири ҳам бўлади.

Россия томонига кўра, газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам белгиланган. 2023 йил июн ва 2024 йил октябр ойларида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ва Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида имзоланган ўз газларини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича келишувлар бутун Марказий Осиё минтақаси учун энергия хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Миллалараро уйғунликни қўллаб-қувватлаш, рус тили мавқеини асраш, республикадаги Россиянинг маданий ва тарихий иштирокини ҳамда бир миллионга яқин юртдошларимизнинг ўзига хослигини сақлаш йўлида Ўзбекистон ҳукумати саъй-ҳаракатларини ҳам Россия тарафи юксак баҳолайди.

Сергей Лавров
rasmiy
Samarqanddagi muzokaralar chog‘ida asosiy e’tibor murakkab geosiyosiy vaziyatda Moskva va Toshkentning o‘zaro hamkorligiga qaratiladi.
Rossiya Tashqi ishlar vazirligi
Batafsil: bbc.com/uzbek da.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлигини ҳам олқишлашларини билдирган.

Вазирлик, ўз ўрнида, мазкур иттифоққа тўлақонли аъзо бўлиб кириши Тошкентга катта афзалликлар бериши, кўплаб чекловларни автоматик равишда олиб ташлаши, товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракатини сезиларли даражада соддалаштиришини ҳам қўшиб ўтган. Россия томонига кўра, жорий йилнинг апрел ойида Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Тараққиёт банкига аъзо бўлиши бу йўлда муҳим қадам бўлган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расман маълум қилишича, Самарқанддаги музокаралар чоғида меҳнат миграцияси масалаларига ҳам эътибор қаратилади.

Вазирлик томони худди шу ўринда келтириб ўтган расмий рақамларга таянилса, ҳозир Россия иқтисодиётининг турли тармоқларида 1,1 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.

Самарқанддаги учрашув эса, ўтган йили Москванинг Крокус Сити Ҳоллида юз берган ва Марказий осиёлик мигрантлар алоқадорликда кўрилаётган қонли ҳужум ортидан Россиянинг кучайиб бораётган аксилмиграцион сиёсати ҳануз Ўзбекистон илова минтақанинг аксарият давлатлари пойтахтларида жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган бир манзарада бўлади.

Ўзбекистон томони эса, ўзининг расмий хабарида ташриф доирасида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўртасида учрашув ва музокаралар ўтказилиши, шунингдек, Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилганини маълум қилган.

Айнан Россия, мустақилликларини эълон қилишлари ортидан, кўпчилик Марказий Осиё давлатларининг юз минглаб фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади, улар ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар эса, бу мамлакатлар ҳукуматлари учун ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб, таъбир жоиз, ҳимоя камари вазифасини бажариб келади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Афғонистон масаласини ҳал этишда ҳам Ўзбекистон билан ягона мавқеъдан туриб иш олиб бораётганликларини қўшиб ўтган.

Афғонистон таҳдиди, миграция масаласи, Россия бошчилигидаги иттифоқларга аъзолик ва сўнги йилларда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларига ўзининг ҳар томонлама босимини ўтказишида Кремль қўлидаги энг самарали таъсир воситалари сифатида кўрилади.

Сергей Лавров сўнгги бор минтақада шу йилнинг 9 апрел куни бўлган, Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида МДҲ давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида иштирок этган.

Ўшанда Иккинчи Жаҳон урушининг 80 йиллик санаси алоҳида муҳокама этиб олингани ҳам хабар берилган.

Марказий Осиё давлатлари президентлари Украина уруши фонида ҳам Москвадаги айни сана муносабати билан уюштирилаётган тадбирларда иштирок этиб келаётган оз сондаги давлат раҳбарлари сирасига киришади.

Улардан аксариятининг бу йилгисида ҳам иштирок этишлари тасдиқланганига оид хабарлар аллақачон минтақавий нашрларда бўй кўрсатиб бўлган.

Айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, 9 май Россия президенти учун энг муҳим байрам ва унга бормаслик, Путин билан конфликтга ариза беришга тенг сифатида кўрилади.

"Шунинг учун ҳам, Марказий Осиё лидерларининг барчаси 9 майда Путинни юпатиб, тинчлантириб келиш учун, биз Россияга қарши эмасмиз, аксилРоссия бўлиш ниятимиз йўқ, Россия билан дўст ёки ижобий муносабатларни сақлаб қолиш тарафдоримиз дейиш учун ҳам боради".

Сергей Лавровнинг Самарқандга икки кунлик расмий ташрифи манзарасида Ўзбекистон яқинда АҚШ билан минерал ресурсларга оид Вашингтонда имзолаган битим айрим Россия нашрларида хос эътибор топган нуқталардан бири экани ҳам кўрилган.

Марказий Осиё эса, постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик минтақа бўлади, табиий энергия захиралари, уран ва бошқа ноёб, қимматбаҳо маъданларга бой, пахта ҳам етиштиради.

Минтақа сўнгги икки асрда айнан Россиянинг таъсири остида бўлиб келган.

Россия мустақилликларидан ўттиз йилдан ортиқроқ вақт ўтиб ҳам, минтақа давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори, энг яқин стратегик шериги ва иттифоқчиси.