Биз нега ғийбат қиламиз – бу гуноҳми ё фойда?

Screaming halftone lips. Illustration of gossip at work.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Би-би-сининг "Биз нега бундай қиламиз?" дастури
    • Role, BBC Radio 4
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ғийбат обрўнгизни тўкиши ёки хулқингизни оқлаши ҳам мумкин. У кўнгилочар. Аммо кўпчилик ғийбатни "гуноҳ" ҳисоблайди.

Ғийбат – антропологлар турли маданиятларда, шаҳар муҳитидан тортиб, олис қишлоқлару боғдорлик жамиятларигача кузатган хулқ-атвор.

"Ҳар қандай маданиятда, нормал шароитда, одамлар ғийбат қилади," дейди Вашингтон штат университетида эволюцион антропология бўйича доцент доктор Никол Ҳейген Ҳесс.

Ғийбат ҳақида ўйлар эканмиз, кўпинча кимнидир ёмон ният билан ортидан гапиришни кўз олдимизга келтирамиз. Лекин доктор Ҳесс бу хулқни кенгроқ талқин қилади.

Унинг таърифига кўра, ғийбат – "обрўга дахлдор маълумот" алмашинувидир. Бундай маълумот – дўстлар, оила аъзолар, ҳамкасблар ёки ҳатто рақиблар нима дейишидан тортиб, оммавий ахборот воситаларида айтилган гаплар ёки спорт мусобақалари натижаларигача бўлиши мумкин.

"Менинг таърифимга кўра, ғийбат қилиш учун сиз олдингизда йўқ шахс ҳақида гапиришингиз шарт эмас – у одам айнан олдимизда туриши ҳам мумкин, – дейди у. – Агар сиз унинг кийими ёки қилган иши ҳақида гапираётган бўлсангиз, мен буни ҳам ғийбат деб ҳисоблайман."

Бироқ инсонларда нега бундай хулқ ривожланган – бу масала тадқиқотчиларни ҳануз ўйлантирмоқда. Қуйида энг асосий назариялар келтирилган.

Яқинлик ва боғланиш

Ғийбат жамиятда ижобий ўрин тутиши мумкин деган ғояни эволюцион антрополог, профессор Робин Данбар оммалаштирган.

Унинг назариясига кўра, маймунларда бир-бирини тозалаш – гигиена воситаси бўлишдан ташқари, ижтимоий боғланиш усули ҳамдир. Бу хулқ курашдан кейин ярашиш, кайфиятни юмшатиш ва гуруҳ ичидаги иерархияни аниқлашга хизмат қилади.

Бу жараён "аллогруминг" деб аталади. Инсонларда тук йўқлиги учун, уларда ғийбат ва суҳбат шундай аллогрумингнинг замонавий шакли бўлиши мумкин – муносабат қуриш, жамоада ўз ўрнини топиш ва кимга ишониш ёки ишонмаслик каби ижтимоий маълумотлар алмашиш учун қилинади.

Данбарга кўра, ҳатто инсонда тил ғийбат қилиш имконини яратиш учун ривожланган бўлиши мумкин.

Офисда икки эркак суҳбатлашаяпти, орқада эса икки аёл компютерларида ишлашаяпти.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғийбат ҳақида ўйлаганимизда, кўпинча кимнингдир орқасидан ёмон ният билан гапиришни тасаввур қиламиз.

АҚШдаги Дартмут университетининг 2021 йилги тадқиқотига кўра, бирга ғийбат қилган одамлар нафақат бир-бирининг фикрига таъсир кўрсатган, балки улар орасида яқинлик ҳам ошган.

"Биз иштирокчилар биргаликда умумий дунёқараш яратиб, шу билан бир-бирининг хулқи ва қарашларига таъсир қилишди ҳамда ижтимоий боғланиш эҳтиёжини қондиришди, деб тахмин қиляпмиз," деб ёзади тадқиқотчилар.

Улар яна бир нарсани аниқлашди: ғийбат гуруҳ ичида ҳамкорликни кучайтирар экан. Масалан, ғийбат қилиш имкони бўлган қатнашчилар гуруҳ ўйини учун кўпроқ пул тўлашга тайёр бўлишган.

"Ғийбат бу оддий бўҳтон ёки кўча гапи эмас – у анча мураккаб тузилма, – дейилади тадқиқот хулосасида.

Normal Gossip подкасти асосчиси Келси МакКинни ғийбатдаги мазмунли ҳикоялар бегона одамларни ҳам бирлаштира олишини яхши билади.

Пандемия бошланиб, одамлар карантинда қолганида, ҳикояларга бўлган эҳтиёж янада ортди.

"Тушунишимча, биз ҳикоялардан жуда узоқлаб кетган эканмиз, – дейди у. – Биз ҳаётимизни ва дунёга муносабатимизни ўзимиз айтиб берадиган ҳикоялар орқали тушунамиз – ғийбат эса айнан шундай ҳикоя. Биз ўзимиз ҳақимизда бошқаларга ҳикоя қилганимизда, бунинг хавфи бор, албатта. Лекин фойдаси ҳам катта," дейди у.

Нимадандир ҳайратланган, мобил телефонга қараб суҳбатлашиб ўтирган уч ёш айл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқот натижасига кўра, бирга ғийбат қилган инсонлар ўртасида яқинлик ортган.

Омон қолиш

Инсонлар миллионлаб йиллар давомида ўзини ва яқинларини хавфдан асрашни ўрганиб келган. Аёллар учун эса ғийбат ҳаёт учун курашда муҳим восита бўлиши мумкин, айниқса, хавфли танишув каби вазиятларда.

"Аёллар жисмонан эркакларга қарши жанг қилишда жуда ожиз, – дейди доктор Ҳесс. – Шундай вазиятларда сингилларингиз ва яқин аёл дўстларингиз билан бўлишадиган маълумотларингиз жуда муҳим."

Омон қолиш ва жамиятдаги ўрнимиз эса обрўмизга бевосита боғлиқ. Ёмон обрў жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, дейди доктор Ҳесс.

У ижтимоий мақомга, иқтисодий имкониятларга ва ҳатто озиқ-овқат каби ресурсларга бўлган имконга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

"Агар одамлар сиз ҳақингизда салбий ғийбат тарқатса, бу ҳаётингизга сезиларли зиён етказиши мумкин," дейди у.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Доктор Ҳесснинг таъкидлашича, ғийбат шунчаки гап-сўз эмас, балки ижтимоий назорат воситаси бўлиб, инсоннинг жамиятдаги мавқеини сақлаш ёки оширишга хизмат қилади.

Инсонлар ўз жамоаларида ўзлари ҳақида яхши таассурот қолдиришни истагани учун, ғийбат орқали бир-бирларини "назорат" қиладилар, дейди у. Шунингдек, одамлар ғийбатни ўз обрўсини асраш ва баъзан рақибларини обрўсизлантириш учун ҳам ишлатишади.

"Инсон табиатан ўз турдошлари билан рақобатлашувчи жонзот. Зиддиятларни эса ҳаётдан бутунлай йўқотиб бўлмайди," дейди у.

Икки парта ўртасида ғийбат қилиб кулаётган икки ёш аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу эрмак бўладими ёки омон қолиш усули, ёки ижтимоий боғлиқликми, ғийбат бизнинг ҳаётимизнинг мунтазамий хоссасига айланган

Кўнгилочарлик

Кўпчилик учун ғийбат безарар, завқли суҳбатдек туюлиши мумкин.

"Мен айнан ана шундай ғийбат тури бўйича ихтисослашганман," дейди подкастчи МакКинни.

Унинг ғийбатга бўлган қизиқиши ва ҳикоя қилишга бўлган муҳаббати унинг диний муҳитда улғайгани билан боғлиқ.

Унга ғийбат қилиш гуноҳ деб ўргатганлар.

"Зўр ғийбат – оғзингиздан чиқиши биланоқ бошқа бировга айтиладиган ғийбатдир," дейди у.

Агар дунёда ғийбат бўлмаса-чи?

"О, Худо. Жуда зерикарли бўларди," дея кулиб жавоб беради у.

Қайси мақсадда бўлишидан қатъи назар – кўнгилочарлик, омон қолиш ёки ижтимоий боғланиш учун бўлсин – ғийбат ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир, дейди доктор Ҳесс.

Унга кўра, бу "инсонга хос универсал" хулқ.

"Ғийбатнинг ҳаётда реал оқибатлари бор, – деб тушунтиради у. – Агар у шунчаки тасодифий, ёлғон ва норасмий гап-сўз бўлганида, одамларнинг ўз жамоасидаги бошқаларга нисбатан муносабатига унча таъсир этмас эди."

Мақолани тайёрлашда BBC World Service хабарларидан фойдаланилган.