Ёлғончи ёки хиёнатчи одамни юзига қараб аниқлаш мумкинми?

Паллаб Гош тадқиқотчилардан юзини тадқиқ қилишни сўради
Сурат тагсўзи, Паллаб Гош тадқиқотчилардан юзини тадқиқ қилишни сўради
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Асрлар давомида одамлар ўзгалар юз ифодасини ўқий олишларига ишонган, бу қадимий малака "физиогномика" деб аталган.

У 19-асрда жиноятчиларни аниқлаш учун қўлланган – катта жағ ва ёноқ суяклари, носимметриклик, бўртиқ қош чизиқлари ёки ясси ёхуд катта деб ҳисобланган бурунлар каби "камроқ маданийлашган" инсонларга хос белгилар сиздан шубҳаланишлари учун асос бўлган.

Албатта, бу мутлақо бемаънилик эди: буларнинг барчаси ижтимоий ва ирқий хато тушунчаларга боғлиқ бўлиб, фанга алоқаси йўқ эди. Физиогномика аллақачон инкор қилинган.

Шундай бўлса-да, баъзи замонавий тадқиқотлар кўрсатишича, одамлар ҳамон юз белгиларига қарайди, жозибадорлик даражаси, юз симметрияси ва мимикаларга эътибор беради.

Олимлар таъкидлашича, бу хусусиятлар одамни ишончлироқ кўрсатиши мумкин.

Очиқ юзлилар ишончлими?

Паллаб гош

2000 йилда эълон қилинган тадқиқот кўрсатишича, биз кўпинча юзаки белгиларга қараймиз. Бу эса қиёфаси жозибали одамлар ижобийроқ қабул қилиниши, яъни улар ақллироқ, малакалироқ ва ишончлироқ кўринишини англатади.

"Гўзал нарса яхши. Ички ишонч шундай, – дейди Ковентри университети ўқитувчиси, психолог Рейчел Молитор. – Агар сиз кимнидир кўрсангиз ва у сизга жозибали кўринса, бошқа ижобий фазилатлари ҳам бор деб ўйлайсиз." Тўғри, жозибалилик ёки гўзаллик тушунчалари бутун дунё бўйлаб фарқ қилади ва ҳатто вақт ўтиб ўзгаради ҳам.

Аммо 2015 йилда жозибадорлик ва ишончлилик ҳақидаги тасаввурларни ўрганган бошқа бир тадқиқот кўрсатишича, юз қанчалик одатий ёки ўртача бўлса, у шунчалик жозибали ва ишончли кўринади.

Алоқадор мавзулар:

Бу одамда ишонч уйғотадиган жозибадорликнинг ҳам маълум бир даражаси мавжудлигини англатади. Агар бу "жозибадорлик" маълум чегарадан ошиб кетса, одам ишонарсизроқ қабул қилина бошлайди.

Бизнинг "ишонч рефлексларимиз"ни шодон ва дўстона кўринадиганлар ҳам қўзғатиши мумкин.

Буни 2008 йилда Принстон университети олимлари ўтказган бир қатор тажрибалар ҳам тасдиқлаган. Унда иштирокчилар бахтли ёки табассум қилган юзларни ғазабнок, қайғули ёки хўмрайган юзларга қараганда анча ишончлироқ деб баҳолаган.

Иштирокчилар асосан маҳаллий университет жамоасидан жалб қилинган эди.

2015 йилда француз кўнгиллилари ўртасида ўтказилган бошқа тадқиқот кўрсатишича, самимийроқ кўринган табассумлар ишонч қозониш эҳтимолини оширади ва ҳатто юқори даромад олиш имкониятларини ҳам кўрсатади.

Бошқа томондан, қуёш кўзойнаклари, ниқоблар ёки ҳатто пешонани ёпувчи сочлар ишончни пасайтириши мумкин, дейди доктор Молитор.

Юз ифодаларим қанчалик ишонтиради?

Шундай қилиб, мен тадқиқотчилардан юзим қанчалик ишончли кўриниши ҳақида сўрадим.

Улар аввало юз тузилишимдаги симметрияни текшириб кўришди.

Симметрия – гўзаллик, гўзаллик эса ишончлилик, дейди Лондон Қироллик коллежининг психология ва криминология бўйича ўқитувчиси Мирча Злотяну. Аммо бу ерда ҳам маълум меъёр мавжуд.

"Барча одамларда юзнинг икки томонлама асимметрияси маълум даражаси кузатилади, – дейди доктор Злотяну. – Демак, юзнинг маълум даражадаги симметрияси гўзаллик билан боғлиқ бўлиши, лекин ҳаддан ташқари симметрия ғайритабиий кўриниши мумкин."

Шунинг учун ҳам рақамли аватарлар, роботлаштирилган ёки сунъий яратилган юзлар каби жуда мукаммал симметрик юзлар деярли ваҳимали туюлиши мумкин.

Юзим қандай ишончлироқ кўриниши мумкинлигини кўрсатиш учун унга турли таҳрирлар қилинди. Бунга Плимут университетининг психология ўқитувчиси Мила Милева ёрдам берди. У юзимнинг фотосуратини ўзгартириб, симметриясини созлади ва лабларимни табассум ҳосил қилгунча таҳрирлади.

Баъзи тадқиқотлар кўрсатишича, аёлларнинг овози, юзлари ва исмлари эркакларникига қараганда ишончлироқ қабул қилинади. Бошқа тадқиқотлар эса юзнинг аёллик хусусияти ошгани сари ишончлироқ кўринишини кўрсатган. Шу сабабли доктор Милева менинг юз тузилишимни янада аёлларга хос кўринишга келтириш учун ёшартирди.

Шундан сўнг у қисқа онлайн сўровномада юзимнинг турли вариантларини баҳолаш учун 26 нафар кўнгиллига берди. Расмлар 35 та бошқа расмлар тўпламига киритилган ва улар бирдан (умуман ишончсиз) тўққизгача (ўта ишончли) шкала бўйича баҳоланган.

Гарчи бу расмий илмий ёки академик тадқиқот бўлмаса-да, натижалар кутилганидек эди – ёшроқ, шодон, феминин, яъни аёлсифатроқ версияга кўпчилик кўпроқ ишонч билдирди.

Келажакда одамлар хабарларимга кўпроқ ишониши учун кўпроқ табассум қилишим керак деган қарорга келдим.

Тўда тафаккури ва сохта жамоавий фикр

ҳайкал

Бироқ, "Хоинлар" телешоусида кимга ишониш кераклиги ҳақидаги саволлар гуруҳ динамикаси туфайли анча мураккаблашади ва қатламлашади.

Доктор Молитор алдов соҳасида мутахассис. У "Хоинлар" телешоусининг катта мухлиси. Бу йилги иштирокчилар ёлғончини аниқлаш учун нима сабабдан шунча кўп вақт сарфлагани ҳақида ўз тушунчасига эга: унинг таъкидлашича, жамоавий фикр, яъни «мувофиқлик майли», хато қарор қабул қилишга олиб келади.

"Тўда тафаккури одамларни, ҳатто алдов белгилари ноаниқ ёки шубҳали бўлса ҳам, жамоавий хатога тортади."

Унинг таъкидлашича, ақл кўпинча аслида хато бўлган дастлабки жамоавий фикрга мувофиқ келмайдиган далилларни эътиборсиз қолдиради.

Одамларнинг кимга қанчалик ишониши тезлиги ҳам муаммонинг бир қисми бўлиши мумкин. Айни шу одамнинг ишончлилигини хато баҳолашга олиб келиши мумкин.

Доктор Милеванинг тушунтиришича, бизнинг ишончни баҳолаш қобилиятимиз инсоният эволюциясининг жуда эрта босқичларида шаклланган – аждодларимиз бир лаҳзада кимнинг дўст ёки душман эканлигини аниқлашлари керак бўлган. "Бу жуда тез жараён. Ишончлилик ҳақида барқарор тасаввур ҳосил қилиш учун бизга сониянинг атиги ўндан бири керак бўлади," дейди у.

Унинг тадқиқотлари кўрсатишича, бизнинг ишонч рефлексларимиз тез, аммо жуда хато ишлайди.

Нима учун ёлғончиларни аниқлашда эпсизмиз?

BBC
Kimdir shunchaki asabiylashgani, uyalgani yoki xavotirlangani uchun terlashi yoki ko‘zini olib qochishi mumkin – yolg‘on gapirayotgani uchun emas.
Mircha Zlotyanu
Batafsil: bbc.com/uzbek

Ёлғонни аниқлашнинг илмий усуллари ва алдовнинг ижтимоий роли бўйича мутахассис Мирча Злотяну ҳам бу фикрга қўшилади.

У икки нарсани аниқлади. Биринчидан, биз ким ишончли ва ким ёлғончилигини ажрата оламиз деб ҳисоблаймиз. Иккинчидан, аслида ундай эмас.

"Ҳаммамиз ёлғонни пайқай оламиз деб ўйлаймиз, чунки терлаш, кўзни олиб қочиш, қизариш, безовталаниш ёки бошқа жисмоний белгиларни қидирамиз. Аммо бу белгилар вазиятга боғлиқ ва умуман алдовнинг ишончли кўрсаткичлари эмас," дейди у.

"Кимдир шунчаки асабийлашгани, уялгани ёки хавотирлангани учун терлаши ёки кўзини олиб қочиши мумкин – ёлғон гапираётгани учун эмас. Кўпинча биз бу белгиларни хато талқин қиламиз, улар ёлғонни англатади деб ўйлаймиз, аслида эса улар шунчаки маълум бир вазиятдаги ноқулайлик ёки ҳаяжон белгилари".

Бир қатор тажрибаларда кўнгиллилар ёлғон ёки рост гапирган иштирокчилар видеоларини томоша қилишди ёки суҳбатларини тинглашди. Кузатувчилар ёлғонни аниқлаш учун терлаш, бошқа томонга қараш ёки қизариш каби одатий белгиларни қўллаб кўрган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Доктор Злотяну ва унинг жамоаси кўнгиллилар фарқни ажрата олмаслигини, улар сохта ҳис-туйғулар ёки тўқима ҳикоялар каби турли ёлғонларни пайқашда нўноқлигини аниқладилар.

Кўпроқ одам иштирок этганда, аниқлик янада пасайди, жамоавий фикр яна хато жавобни тасдиқлади. Бу тажриба икки ёки ундан ортиқ бош битта бошдан яхшироқ эмаслигини кўрсатди.

Ўзларининг ҳақликларига ишонган одамлар аслида янглишган эди.

"Илмий адабиётларга, шунингдек, уларга мувофиқ бўлган бизнинг натижаларимизга қарасангиз, одамларнинг ёлғонни аниқлай олиш даражаси деярли тасодифга тенглигини кўрасиз," дейди доктор Злотяну.

"Демак, бу аслида танга ташлаш билан баробар".

«Хоинлар» маҳорати

Эҳтимол, булар "Хоинлар" телешоусининг ушбу мавсум иштирокчилари нега узоқ вақт фош бўлмай қолгани сабабини изоҳлар.

Ҳар бир мутахассиснинг индивидуал хусусиятлар бунда қандай роль ўйнагани борасида ўз фикри бор.

Хўш, биз ишонадиган одамлар бизни бемалол алдайверадими?

Доктор Злотянунинг таъкидлашича, агар шундай бўлса, бу албатта ёмон нарса эмас.

Илмий нуқтаи назардан, дейди у, ёлғон қадимдан қоралаб келинган, аслида эса, бошқаларни алдаш ва алданиш қобилияти зарардан кўра кўпроқ ижтимоий наф келтиради.

"Сиз дўстларингизга оддий нарсалар ҳақида ёлғон гапирасиз, уларнинг кўриниши яхши эканлигини, ҳаммаси жойида бўлишини, тортнинг иккинчи бўлагидан ташвишланмаслик ҳақида айтасиз."

"Буларнинг барчаси ахлоқий жиҳатдан қораланмайди. Улар муносабатларни ўрнатиш, ҳамжиҳатликни сақлаш ва бошқаларга ўзларини яхшироқ ҳис қилишларига ёрдам беришга қаратилган."

Бу, ҳеч бўлмаганда, бир турдаги "ижтимоий елим" ҳисобланади.

Кимдир рост гапиряптими-йўқми, деган саволга келсак, олимлар таъкидлашича, "Хоинлар" телешоуси иштирокчилари ва бошқалар учун муҳим нарса нотўғри тушунча, майллардан хабардор бўлишдир, илк таассуротларни шубҳа остига олиш ва иложи борича ички туйғуларга камроқ эътибор беришдир.