Илм-фан: Ўт-ўлан ҳам қичқиради, буни жониворлар эшитади ва тушунади

Видео тагсўзи, Стрессда бўлган уч ўсимлик қандай овоз чиқаришини тингланг
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Би-би-сининг илм-фан мухбири
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўсимликлар чиқарадиган товушларга ҳайвонлар реакция қилиши мумкин, дейди олимлар. Бу эса улар ўртасида кўзга кўринмас экотизим мавжудлигини англатиши мумкин.

Тел-Авив университети тадқиқотчилари биринчи марта шундай хулосага келишди: помидор ўсимлиги хавотирга тушганда чиқарадиган товуш эшитилса, урғочи капалак унга тухум қўйишдан тийилади. Бу эса ўсимлик соғлом эмас, деган сигнал сифатида хизмат қилган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар икки йил аввал ўсимликлар стресс ҳолатида товуш чиқаришини илк бор тасдиқлаган эди.

Ушбу товушлар инсон эшитиш қобилиятидан ташқарида бўлади, аммо кўплаб ҳашаротлар, кўршапалаклар ва айрим сутэмизувчилар уларни ҳис этиши мумкин.

Алоқадор мавзулар

"Бу – тарихда илк бор ҳайвон ўсимлик чиқарган товушга жавоб қайтарганини тасдиқловчи ҳолат," дейди профессор Йосси Йовел.

"Ҳозирча бу фараз даражасида, аммо эҳтимол, турли ҳайвонлар ўсимликлар чиқарадиган товушларга қараб қарор қабул қилиши мумкин – масалан, чанглантириш, беркиниш ёки ўсимликни истеъмол қилиш каби."

Олимлар капалаклар айнан товуш таъсирида шундай йўл тутганини аниқлаш учун синчиклаб назорат қилинган тажрибалар ўтказишди.

Улар капалакнинг ҳаракатлари ўсимлик кўринишига эмас, балки чиқараётган товушга боғлиқ эканини тасдиқлашди.

Тадқиқотчилар энди турли ўсимликлар қандай товуш чиқаради ва бошқа жонзотлар ҳам бу сигналларга жавоб берадими, деган саволга жавоб топишни режалаштирмоқда.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Бу ўзаро таъсирлар жуда мураккаб бўлиши мумкин. Биз ҳозиргина биринчи қадамни қўйдик," дейди профессор Йовел.

Профессор Лилах Ҳаданига кўра, яна бир қизиқ соҳалардан бири – ўсимликларнинг товуш орқали бир-бирига маълумот узатиши ва, масалан, қурғоқчилик шароитида сувни тежаш каби чоралар кўриши мумкинлигини ўрганишдир.

"Бу жуда қизиқ савол, – дейди у Би-би-сига. – Агар бир ўсимлик стрессда бўлса, энг кўп эътибор бериши мумкин бўлган жонзотлар – бошқа ўсимликлар. Улар жавоб қайтариши эҳтимолдан холи эмас."

A brown moth laying white eggs on a green tomato plant

Сурат манбаси, TAU

Сурат тагсўзи, Капалаклар ўсимлик чиқарган, соғ экани аломатини берадиган товушдан келиб чиқиб тухум қўйиши кузатилди

Олимлар таъкидлашича, ўсимликлар онгли эмас.

Чиқадиган товушлар уларга таъсир қилувчи маҳаллий шароит ўзгариши натижасида юзага келадиган жисмоний таъсирлар оқибатидир.

Аммо бу товушлар айрим ҳайвонлар ва, эҳтимол, бошқа ўсимликлар учун фойдали маълумот манбаи бўлиши мумкинлиги аниқланди.

Агар шундай бўлса, ўсимликлар ва ҳайвонлар эволюция давомида бир-бири билан мувофиқлашган ҳолда товуш чиқариш ва эшитиш қобилиятини ривожлантирган бўлиши мумкин, дейди профессор Ҳадани.

"Ўсимликлар, агар бу улар учун фойдали бўлса, кейинчалик кўпроқ ёки баландроқ товуш чиқарадиган даражада эволюциялашиши мумкин.

Ҳайвонларнинг эшитиш қобилияти ҳам шунга мос равишда ривожланиши мумкин.

Бу ҳали деярли ўрганилмаган улкан соҳа. Бу – кашф этилиши керак бўлган бутун бошли янги дунё."

Тажрибада олимлар айниқса урғочи капалакларга эътибор қаратдилар. Улар одатда тухумларини помидор баргларига қўяди, қуртлари у билан озиқланиб ўсади.

Тадқиқотчилар шундай фаразга келишди: капалак тухум қўйиш учун энг соғлом ва қуртлар ривожланишига муносиб ўсимликни танлашга ҳаракат қилади.

Агар ўсимлик стрессда эканини товуш орқали билдирса, капалак бундан хабардор бўлиб, ундан узоқлашиши мумкин.

Бунда капалаклар тухум қўймайди, чунки ўсимлик чиқараётган товуш уларни хавотирга солади.

Тадқиқот eLife журналида чоп этилди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг