Видео: Чумоли уясидаги ҳодисалар нимаси билан одамлар дунёсини эслатади?

Видео тагсўзи, Чумоли бошқа чумолининг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг шикастланган оёғини кемирмоқда
    • Author, Субагунам Каннан, Вишнупракаш Наллатамби
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Тадқиқотчилар кенг тарқалган жигарранг турдаги чумолиларда – Флоридадаги дарахтхўр чумолиларда ҳайратланарли ҳодисани кузатишди. Янги тадқиқотда бир гуруҳ олимлар ушбу чумолилар ўз шеригининг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг оёғини қандай кесиб ташлашини қайд этишди.

"Бу ҳайвонот оламида биринчи марта бошқа чумолининг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг танасининг бир қисмини олиб ташлашини кузатишимиз,"деб ёзади Вюрцбург университетининг хулқ-атвор экологи ва тадқиқотнинг етакчи муаллифи Эрик Фрэнк.

чумоли

Сурат манбаси, Getty Images

Тадқиқот ҳайвонлар орасидаги жарроҳлик аралашувининг янги ҳолатини кўрсатиб, алтруистик хулқ-атворнинг мисли кўрилмаган даражасини таъкидлайди.

Гарчи чумолилар колонияларида илгари ҳам ярадор биродарларини парвариш қилиш ва колонияни ҳимоя қилиш учун ўз ҳаётини қурбон қилиш ҳолатлари қайд этилган бўлса-да, экспертлар таъкидлашича, бу тўғридан-тўғри, ҳаётни сақлаб қолувчи аралашувнинг биринчи ҳужжатлаштирилган намунасидир.

Алоқадор мавзулар:
Getty Images
Quldor chumolilarning o‘zlari qul qilib olgan chumolilar bilan hech qanday aloqasi yo‘q; ular shunchaki qo‘lga tushgan chumolilardan koloniyasiga xizmat ko‘rsatishda foydalanadi.
Doktor Baydiya
Goadagi Aranya ekologik tadqiqotlar markazi entomologi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Тадқиқотчилар аллақачон чумолилар жамиятлари ва инсоният жамоалари ўртасида, айниқса, уларнинг ижтимоий тузилиши ва индивидлараро муносабатларида ҳайратланарли ўхшашликни қайд этишган. Ушбу янги кузатув чумолиларнинг хатти-ҳаракатлари ва уларнинг мураккаб, фидокорона ҳаракат қилиш қобилияти ҳақидаги тушунчамизга янги қирра қўшади.

Видео тагсўзи,

Остонада шиддатли кураш

Чумолилар колонияларида инсон хатти-ҳаракатларига ўхшаш хилма-хил хулқ кузатилади. Баъзи турлар барг ва таёқчаларни йиғиб, уларда қўзиқорин ўстиради ва истеъмол қилади.

Бир куни уйим остонасида бир чумоли бошқа чумолининг бошини ўз мўйловига қўйиб, жонсиз танани оёқлари билан судраб кетаётганини кўриб қолдим.

Видео тагсўзи, Чумоли рақибига синган оёғи билан ҳужум қилмоқда

Бангалордаги Экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари учун Ашока жамғармаси энтомологи доктор Приядаршан Дҳармаражаннинг айтишича, агар чумолилар турли уялардан бўлса, бир турдаги чумолилар ўртасида ҳам зиддиятлар юзага келиши мумкин.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Энг қизиқарли чумоли турлари орасида қул сақловчи чумолиларни эслаш мумкин – улар ўз колонияларида қул сифатида етиштириш учун ёш личинкаларни ўғирлаш мақсадида бошқа турларнинг уяларига бостириб киришади.

чумоли

Сурат манбаси, Subagunam Kannan / BBC

"Қулдор чумолиларнинг ўзлари қул қилиб олган чумолилар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ; улар шунчаки қўлга тушган чумолилардан ўз колониясига хизмат кўрсатиш учун фойдаланадилар," дейди Гоадаги Араня экологик тадқиқотлар маркази энтомологи доктор Байдия.

Уларнинг асосий мақсади рақобатчи колониялар ресурсларини талон-тарож қилишдир.

"Бундай жангларда ҳужумга учраган колония чумолилари ўз уяларини қаттиқ ҳимоя қилади. Бироқ, агар босқинчи чумолилар она чумолиларни қўлга киритишга муваффақ бўлса, қўриқчилар ва ишчи чумолилар қаршилик кўрсатишни тўхтатади ва колония амалда таслим бўлади," дейди Ашока жамғармаси илмий ходими Саханашри.

чумоли

Сурат манбаси, Getty Images

Чумолиларнинг ижтимоий тузилиши

Чумоли уяларида она чумолилар, эркаклар, ишчи ва аскар чумолилар яшайди. Уларнинг ҳар бири турли вазифаларни бажаради.

Чумолилар колонияларида аксарият чумолилар урғочи бўлса-да, фақат баъзилари кўпайиш қобилиятига эга. Уларни она чумолилар деб аталади.

Колонияда яшовчи эркаклар сони кам бўлиб, уларнинг ягона мақсади она чумоли билан жуфтлашишдир. Она чумолининг қўлга олиниши колония тугашига олиб келиши мумкин.

"Она чумоли колонияни шакллантириш ва сақлаш учун зарур. Агар у ҳалок бўлса, колония хавф остида қолади. Шунинг учун бошқа чумолилар кўпинча ҳаётини хавф остига қўйиб, босқин пайтида уни ҳимоя қилишади," дейди доктор Байдия.

Кўпайиш мавсуми олдидан она чумоли ва эркаклар никоҳ парвозида иштирок этиш учун ўз уяларини тарк этадилар. Бу жуфтлашиш маросими давомида она чумоли ҳавода бошқа колониядан эркакни танлайди. Жуфтлашгандан сўнг, она чумоли ерга қўнади, қанотларини ташлайди ва ер остида янги уя қуради, у ерда тухум қўя бошлайди. Тухумдан ишчи чумолилар чиқади, улар янги колонияни кенгайтиришга ёрдам беради.

Бу жараён колониянинг мавжудлигини давом эттиришда она чумолининг муҳим ролини кўрсатади ва унинг қўлга олиниши бутун колониянинг қулашига олиб келиши мумкин.

икки чумоли

Сурат манбаси, Subagunam Kannan / BBC

Колониялардаги иэрархия

Чумоли колонияларида аниқ иэрархия бор, бунда чумолиларнинг ҳар хил турлари турли ролларни бажаради.

"Чумолиларнинг мулоқот усуллари ниҳоятда мураккаб, – деб тушунтиради доктор Байдия. – Ушбу усуллар уларнинг ижтимоий табиати билан биргаликда нима учун чумолилар колонияни ҳимоя қилиш учун ўз ҳаётини қурбон қилишга тайёр эканлигини тушунтиради."

Чумолилар колониясида она чумолининг ўз ҳудуди бор
Сурат тагсўзи, Чумолилар колониясида она чумолининг ўз ҳудуди бор

Чумолилар колония фаровонлигини ёлғиз яшашдан устун қўйиб, жамоавий манфаатга амал қилади.

Доктор Байдия шундай тушунтиради: "Барча тирик организмларнинг асосий мақсади соғлом насл қолдириш ва ўз генларини давом эттиришдан иборат. Чумолилар колонияларида барча чумолилар ўз генетик таркибининг тахминан 75 фоизи умумий опа-сингиллардек бўлишади. Она чумоли ягона кўпаювчи организм бўлиб, колониянинг келажаги унинг тухумларига боғлиқ."

"Шундай қилиб, ишчи ва аскар чумолилар она чумолини озиқлантириш ва ҳимоя қилиш, личинкаларни тарбиялаш ва янги чумолиларнинг ривожланишига раҳбарлик қилишга эътибор қаратишади," дея қўшимча қилади у.

Колониянинг омон қолишига бундай садоқатдан нима учун чумолилар босқин пайтида фавқулодда чоралар кўриши, ҳатто ҳаётини қурбон қилиши мумкинлигини тушуниш мумкин.

чумоли уяси

Сурат манбаси, Subagunam Kannan / BBC

Чумолилар қандай мулоқот қилади?

Мулоқотда ва яшашда чумолилар кўп жиҳатдан сезгир мўйловларига таянади. Бу мўйловлар – бошда, кўз тепасидан ўсиб чиққан иккита нозик тузилма – кундалик фаолиятда жуда муҳим роль ўйнайди.

Масалан, чумоли ёлғиз ўзи уддалай олмайдиган катта озуқа манбасини топса, унинг жойини феромонлар билан белгилайди. Ушбу кимёвий из бошқа колония аъзоларини озиқ-овқат тўпланадиган жойга йўналтирувчи GPS тизими каби ишлайди.

"Агар чумолилар мўйловларини йўқотса, улар мўлжал олиш, мулоқот қилиш ва хавфни сезиш қобилиятини йўқотади. Аслида, мўйловлар чумолиларнинг яшаши учун жуда муҳимдир," дейди доктор Дҳармаражан.

Икки хил колониядан бўлган чумоли аёвсиз урушади

Сурат манбаси, Subagunam Kannan / BBC

Сурат тагсўзи, Икки хил колониядан бўлган чумоли аёвсиз урушади

Колонияни қандай боқиш керак

Чумолилар бошқа чумолиларни жалб қилиш, озуқани хавфсиз жойга олиб бориш ва кейин бутун гуруҳ бўлиб овқатланиш учун ўзига хос усулига эга.

Чумолилар дуч келган егуликни белгилаш учун танасидан чиқадиган кимёвий ажратмадан фойдаланди
Сурат тагсўзи, Чумолилар дуч келган егуликни белгилаш учун танасидан чиқадиган кимёвий ажратмадан фойдаланди
Овқатни кимёвий модда билан белгилаб олгач, танасидан чиқадиган модда билан уйигача борадиган йўлни ҳам белгилаб кетади
Сурат тагсўзи, Овқатни кимёвий модда билан белгилаб олгач, танасидан чиқадиган модда билан уйигача борадиган йўлни ҳам белгилаб кетади
Бошқа чумолилар кимёвий сигнални мўйловлари билан сезади ва егулик сари йўл топади
Сурат тагсўзи, Бошқа чумолилар кимёвий сигнални мўйловлари билан сезади ва егулик сари йўл топади
Бу каби GPS тизими билан чумолилар кимёвий кодларни қабул қилиш учун антенналарини ишлатади ва бошқа чумолилар юрган йўлни топади
Сурат тагсўзи, Бу каби GPS тизими билан чумолилар кимёвий кодларни қабул қилиш учун антенналарини ишлатади ва бошқа чумолилар юрган йўлни топади

Ушбу ажойиб мулоқот тизими чумолилар жамияти ҳаёти мураккаблигини яққол кўрсатади.