Биздан бошқа ҳам ҳаёт борми - одамзод нега Уран ойига умид тикмоқда?

Санъат асари

Сурат манбаси, SPL

Сурат тагсўзи, Уран ва унинг бешта энг йирик йўлдошида жон асари йўқ, деб ўйланган.
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Уран сайёраси ва унинг бешта энг йирик йўлдоши олимлар узоқ вақтдан бери ўйлаганидек буткул ўлик бўлмаслиги мумкин.

Олимлар таъкидлашича, уларда океанлар, ҳатто ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимоли бор...

Улар ҳақида билганларимизнинг кўпи NASAнинг Voyager 2 космик кемаси томонидан тўпланган бўлиб, бу кема қарийб 40 йил олдин унинг олдидан учиб ўтган.

Аммо янги таҳлил шуни кўрсатадики, Voyager'нинг йўлдошларга яқинлашуви кучли қуёш бўронига тўғри келган, бу эса Уран тизимининг асл моҳияти ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишига олиб келган.

Уран Қуёш тизимимизнинг ташқи қисмида жойлашган гўзал, музли ҳалқали дунёдир. У энг совуқ сайёралардан бири. Шунингдек, у бошқа барча дунёларга нисбатан солиштирганда ён томонига кўпроқ оғган – гўё ағдариб қўйилгандай – бу уни энг ғалати сайёрага айлантирган.

Алоқадор мавзулар:

Uran va uning yo'ldoshlari
SPL
Uranda hayot uchun zarur sharoitlarga ega tabiiy yo‘ldoshlar bo‘lishi mumkin, hatto ular ostida baliqlar to‘la okeanlar mavjud bo‘lishi ehtimoli bor!
Uilyam Dann
London universiteti kolleji professori (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Биз уни биринчи марта 1986 йилда яқиндан кўрдик, ўшанда Voyager 2 унинг ёнидан учиб ўтиб, сайёра ва унинг бешта асосий йўлдошининг ажойиб суратларини юборганди.

Аммо олимларни янада кўпроқ ҳайратга солган нарса Voyager 2 юборган маълумотлар бўлиб, улар Уран тизими тасаввур қилинганидан ҳам ғаройиброқ эканлигини кўрсатди.

Космик кема асбобларидан олинган ўлчовлар кўрсатишича, мазкур сайёра ва унинг йўлдошлари ташқи Қуёш тизимидаги бошқа йўлдошлардан фарқли ўлароқ нофаол эди. Улар, шунингдек, Ураннинг ҳимояловчи магнит майдони ғалати тарзда бошқача эканлигини аниқлади. У сиқилган ва Қуёшдан узоқлаштирилган эди.

Сайёранинг магнит майдони сайёра ва унинг йўлдошларидан чиқаётган ҳар қандай газ ва бошқа моддаларни тутиб қолади. Булар океанлар ёки геологик жараён натижаси бўлиши мумкин. Voyager 2 буларнинг ҳеч бирини топмади, бу эса Уран ва унинг бешта энг йирик йўлдоши ҳаётсиз ва нофаол эканлигини кўрсатарди.

Бу кутилмаган ҳолат эди, чунки у Қуёш тизимидаги бошқа сайёралар ва уларнинг йўлдошларига ўхшамас эди.

Бизга аъзо бўлинг:
Миранданинг оқ ва қора тасвирда олинган сурати.

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ураннинг ойларидан бири бўлган Миранда. Voyager 2 томонидан суратга олинган. Янги тадқиқотларнинг далолат қилишича, унда ер ости океани ва ҳатто ҳаёт бўлиши мумкин.
Voyager 2 фазо кемаси НАСА олимлари томонидан текширилмоқда.

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Voyager 2 1977 йилда Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептунни ўрганиш учун учирилган.

Бироқ янги таҳлил ўнлаб йиллар давомида ечилмай келган жумбоқни ҳал қилди. У Voyager 2 ноқулай пайтда учиб ўтганини кўрсатди.

Янги тадқиқотларга кўра, Voyager 2 Уран ёнидан учиб ўтаётганда, кучли қуёш шамоли турган, бу эса моддаларни учириб юбориши ва вақтинча магнит майдонни бузиши мумкин бўлган.

Лондон университети коллежи профессори Уильям Данннинг таъкидлашича, 40 йил давомида биз Уран ва унинг бешта энг йирик йўлдоши ҳақида нотўғри тасаввурда бўлганмиз.

"Бу натижалар Уран тизими илгари ўйлаганимиздан анча қизиқарлироқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. У ерда ҳаёт учун зарур шароитларга эга табиий йўлдошлар бўлиши мумкин, ҳатто улар остида балиқлар тўла океанлар мавжуд бўлиши эҳтимоли бор!"

Ураннинг сурати

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ураннинг биринчи сурати 1986 йилда Voyager 2 томонидан юборилган.

Линда Спилкер Уран ҳақидаги маълумотлар келганда Voyager дастурида ишлаётган ёш олима эди. Ҳозир у Voyager миссияларининг лойиҳа олимаси. У Nature Astronomy журналида эълон қилинган янги натижаларни эшитиб, жуда хурсанд бўлганини айтди.

"Натижалар ажойиб, мен Уран тизимида ҳаёт учун имконият борлигини кўриб жуда ҳаяжонланиб кетдим," дейди BBC News'га билдирди у.

"Шунингдек, Voyager маълумотлари билан шунчалик кўп иш қилинаётганидан ҳам хурсандман. Олимларнинг 1986 йилда тўплаган маълумотларимизга қайтиб, янги натижалар ва кашфиётларни топаётгани ҳайратланарли."

Тадқиқот гуруҳидан мустақил бўлган Дублин Илғор тадқиқотлар институти доктори Аффелия Вибисоно натижаларни "жуда ҳаяжонлантирарли", деб таърифлайди.

"Бу эски маълумотларга қайта назар солиш нақадар муҳимлигини кўрсатади. Чунки баъзан уларнинг ортида янги кашф қилиниши мумкин бўлган нарсалар яширинган бўлади, бу эса бизга келажак авлод космик тадқиқот миссияларини лойиҳалашда ёрдам бериши мумкин."

NASA қисман янги тадқиқотларга таяниб айнан шу ишни қилмоқда.

"Voyager 2" музли дунё ва унинг йўлдошлари ёнидан учиб ўтганига деярли 40 йил бўлди. NASA 10 йилдан сўнг яқиндан ўрганиш учун янги миссия – Уран зондини учиришни режалаштирмоқда.

Сатурннинг йўлдошларидан бири бўлган Энцеладдан келаётган намуналар у ерда ер ости океанини борлигига далолат қилади.

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Сатурннинг йўлдошларидан бири бўлган Энцеладдан келаётган намуналар у ерда ер ости океанини борлигига далолат қилади. Уран йўлдошларида ҳам худди шундай бўлиши мумкинми?

Сатурннинг йўлдошларидан бири бўлган Энцеладдан чиқаётган тутунлар, ер ости океани мавжудлиги эҳтимолини кўрсатмоқда. Уран йўлдошлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкинми?

Voyager 2 маълумотларини қайта кўриб чиқиш ғоясини илгари сурган NASA олими доктор Жейми Ясинскийнинг фикрича, миссия ўз қурилмаларини лойиҳалаш ва илмий тадқиқотларни режалаштиришда унинг натижаларини ҳисобга олиши зарур.

"Келажакдаги янги космик кема учун баъзи қурилмалар, Voyager 2 дан олган ғояларимиз асосида ишлаб чиқилмоқда. Шунинг учун янги миссиядаги асбобларни қандай лойиҳалашни қайта кўриб чиқишимиз керак. Шунда кашфиётлар қилишимиз учун зарур бўлган илмий маълумотларни яхшироқ тўплай оламиз."

NASAнинг Уран зонди 2045 йилга бориб етиб бориши кутилмоқда. Айнан шунда олимлар бир пайтлар ўлик дунёлар деб ҳисобланган бу узоқ музли йўлдошларда ҳаёт бўлиши мумкинлигини аниқлашга умид қилишмоқда.