Бу қизиқ: Ўзини дори билан даволовчи гориллалар ҳақида эшитганмисиз? Уларнинг билими бизга тиббиётда ёрдам бериши мумкин

Сурат манбаси, Getty Images
Олимлар таъкидлашича, гориллаларнинг ўз-ўзини қандай даволашини ўрганиш келажакда янги дори-дармонлар кашф этилиши калити бўлиши мумкин.
Габондаги тадқиқотчилар ёввойи гориллалар истеъмол қиладиган ва маҳаллий табиблар фойдаланадиган тропик ўсимликларни ўрганиб, улардан тўрттасининг шифобахш хусусиятга эга эканлигини аниқлади.
Лаборатория тадқиқотлари ўсимликлар таркибида кўп миқдорда антиоксидантлар ва микробларга қарши моддалар мавжудлигини кўрсатди.
Улардан бири антибиотикларга чидамли бактерияларга қарши курашда истиқболли эканлиги маълум бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Одамсимон маймунларнинг шифобахш хусусиятга эга ўсимликларни танлаб, ўз-ўзини даволаши фанга маълум.
Яқинда бир ярадор орангутан жароҳатларини даволаш учун ўсимликдан қандай фойдалангани матбуот сарлавҳаларига чиқди.
Сўнгги тадқиқотда ботаниклар Габондаги Мукалаба-Дуду миллий боғида ғарбий текислик гориллалари истеъмол қиладиган ўсимликларни қайд этишди.
Улар маҳаллий табиблар билан суҳбатларга асосланиб, фойдали бўлиши мумкин бўлган тўртта дарахтни танладилар: фромажер дарахти (Ceiba pentandra), улкан сариқ тут (Myrianthus arboreus), Африка тик дарахти (Milicia excelsa) ва анжир дарахтлари (Ficus).

Сурат манбаси, Getty Images
Анъанавий тиббиётда меъда касалликларидан тортиб бепуштликкача бўлган турли касалликларни даволаш учун қўлланадиган дарахт пўстлоғи таркибида феноллардан тортиб флавоноидларгача бўлган шифобахш таъсирга эга кимёвий моддалар мавжуд эди.
Тўрттала ўсимлик ҳам кўп антибиотикларга чидамли E.coli бактериясининг камида битта штаммига қарши антибактериал фаоллик кўрсатди.
Хусусан, фромажер дарахти барча текширилган штаммларга қарши "ажойиб фаоллик" кўрсатди, деб таъкидлашмоқда олимлар.
"Бу гориллаларнинг ўзлари учун фойдали ўсимликларни истеъмол қилишга эволюцион мослашганини кўрсатади ва, айни пайтда, Марказий Африка тропик ўрмонлари ҳақидаги билимларимиздаги улкан бўшлиқни ҳам кўрсатади," деди Буюк Британиянинг Дарем университетидан антрополог, тадқиқот устида габонлик олимлар билан ҳамкорлик қилган доктор Жоанна Сетчелл.

Сурат манбаси, Getty Images
Габонда ўрмон филлари, шимпанзелар ва гориллалар яшайдиган, шунингдек, фанга номаълум кўплаб ўсимликлар ўсадиган бепоён ўрганилмаган ўрмонлар бор.
Браконьерлик ва касалликлар ёввойи табиатда кўплаб ғарбий текислик гориллаларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келди.
Улар Табиатни Муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турлар сифатида киритилган. Тадқиқот натижалари PLOS ONE журналида эълон қилинди.












