Британияда ишлашни истовчи 3 миллион ўзбекистонлик, Германияга кетаётган юзлаб ўзбекистонликлар - Ўзбекистон янги меҳнат бозорларини қандай излаяпти?

Сурат манбаси, Reuters
Буюк Британияга мавсумий иш ўринлари учун 3 миллион ўзбекистонлик ҳужжат топширгани маълум бўлди. Ўзбекистон 700 нафар ҳайдовчини Германияга юбормоқчи. Ўзбекистон Россиядан бошқа меҳнат бозорларини излашда қанчалик муваффақият қозонмоқда.
Британияга кетишга тайёр 3 миллион ўзбекистонлик
Англияга мавсумий ишга бориш учун 10 январ куни бўлиб ўтган рўйхатга олиш натижалари бекор қилиниши қизиқ фактни ошкор қилди.
Танловни ўтказишга масъул Буюк Британиянинг HOPS рекрутинг компанияси бир вақтнинг ўзида платформадан фойдаланувчилар сони 2 миллиондан ортиб кетгани сабабли рўйхатга олиш вақтини узайтирганини айтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори ушбу танловга аввалги йили 1 миллион атрофида фуқаро Англияга кетиш мақсадида мурожаат қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 3 миллионга яқинлашганинини айтган.
"Англиядаги иш берувчилар ишчилардан ҳеч қандай касб мутахассислиги сўрамайди. Ҳозир 3 миллионга яқин одам мурожаат қилганини айтдик, бу ваҳимали нарса эмас. Чунки виза олиш мақсадида хоҳлаган одам, ҳатто оилавий ариза топшириши ҳам мумкин. Сабаби иш берувчилар „озгина рус тилини билса ва қўлидан меҳнат қилиш келса, бўлди", деяпти", — деган агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов.
HOPS га кўра, ташкилотга рўйхатга олиш жараёнига учинчи шахсларнинг аралашуви ҳақидаги кўплаб ишончли хабарлар келгани учун бу йилги танлов жараёни тўхтатилган.
"10 январ, жума куни рўйхатга олиш жараёнига учинчи шахсларнинг аралашуви ҳақидаги кўплаб ишончли хабарлар туфайли HOPS Ўзбекистонда бўлажак ишга қабул қилиш босқичини кейинга суришга мажбур", дейилади баёнотда.
Германияга кетаётган ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, gazeta.uz
Миграция агентлиги Ўзбекистондаги юк машиналари, автобус ва локомотив ҳайдовчиларини Германияга ишга таклиф қилди.
Улар Ўзбекистонда немис тили ва малака курсларида ўқитилади. Ойлик маош ойига 2400 — 2600 еврони ташкил қилади.
"Икки давлат миграция соҳасида илк бор амалиётга татбиқ этилаётган бу келишув натижасида 700 нафар ҳайдовчи Германияга тўғридан-тўғри ишга юборилади", дейилади агентлик хабарида.
Ишчиларни тайёрлаш ва юбориш учун Германиянинг SBH West GmbH компанияси, Ўзбекистон Миграция агентлиги ва "Ватанпарвар" ташкилотлари ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
"Ҳозирги вақтда Германияда 80 мингга яқин оғир юк машиналари ҳайдовчиларига талаб бор. Бу борада ўзбекистонлик ишчиларнинг тил ўрганиш жараёнларидаги салоҳияти ва касбий ўзлаштириш қобилияти мамлакат иш берувчилари томонидан алоҳида эътиборга олинмоқда", - деган SBH West GmbH компанияси директори Петер Ниеманн.
Янги меҳнат бозори излаётган Ўзбекистон
Қозоғистоннинг vlast.kz нашри "Ўзбекистон янги меҳнат бозори изламоқда" сарлавҳаси остида мақола ёзди.
"Россияда Ўзбекистон паспорти билан яшаш ва ишлаш тобора хавфли бўлиб бормоқда. Ўзбекистон ҳукумати меҳнат миграциясининг анъанавий оқимини ривожланган давлатларга йўналтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу Россиядаги ўзбеклар Украина билан урушга юборилаётгани, генерал Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси ўлдирилиши ортидан ксенофобия кайфияти кучайгани фонида содир бўлмоқда", деб ёзади муаллиф Шуҳрат Ҳуррамов.
Муаллиф Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг мамлакат 2025 йили Германия, Британия, Япония ёки 21 та иқтисоди ривожланган давлатларга 200 мингдан ортиқ ўзбекистонликни ишга юборишни режалаштирган деган гапларини иқтибос келтирган.
"Россияга катта миқёсдаги миграция Ўзбекистонни унга қарам қилиб, суверенитетини чеклаб қўяди. Шунингдек, Украинадаги урушда қатнашишга мажбурлашлар ва Россияда бошланган аксилмигрант жазава ўзбек муҳожирлари учун катта хавф туғдиради. Бу қайта тақсимлаш жараёни эса сўнгги пайтларда муҳожирларнинг ўз ташаббуси билан ҳамда қатор давлатлар, масалан, Жанубий Корея ва Германия билан тегишли шартномалар тузаётган Ўзбекистон расмийларининг кўмаги билан ҳам тезлашди. Ўзбекистонлик мигрантлар оқими Туркия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва қатор Европа давлатларига ҳам кўпайган", дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence директори Алишер Илҳомов.
2024 йилда Ўзбекистонга 467 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири қайтган. Шундан 257 минг мигрант Россиядан қайтган бўлса, Қозоғистондан 129 минг киши келган.












