Диққат, BBC – Ўзбекистонда қимор ўйинларини тақиқлаш керакми ё тартиблаш? - видео

Онлайн қимор

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда онлайн қимор йилдан-йилга оммалашмоқда.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ўзбекистонда 2025-йил 1 январдан онлайн қимор ташкил этишга бўлган тақиқ бекор қилинади. Аввалроқ расмийлар бундай қарор олинишининг сабабини тақиқлар амалда иш бермаётгани билан изоҳлаган эди.

Бир вақтнинг ўзида маҳаллий матбуотда онлайн қимор билан боғлиқ ташвишли хабарлар ҳамон чиқмоқда. Шу йил май ойида Бухорода 16 яшар бола ўзгалар номига жами 100 миллион сўм миқдорда кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборгани хабар қилинди. Августда андижонлик аёл онлайн қиморда 15 минг доллар пулини бой бериб қўйгач, ўз жонига қасд қилишга уринди. Октябр охирида эса Андижонда 24 ёшли йигит онлайн қиморда ютқазиб қўйгани ортидан пайнет шахобчасида ўзини ёққани шов-шув бўлди.

Мавзуга алоқадор мақолалар:

Ўзбек маҳаллий нашлари сайтларида онлайн қимор, тотализатор, букмекер каби калит сўзларни киритсангиз, бундай хабарлардан кўплаб топасиз. Ҳатто, банк ё МИБ ходими каби ваколатли шахслар ўзига ишониб топширилган маблағни онлайн қиморга тикиб юборгани ҳақидаги хабарлар ҳам ўзбек жамияти учун аллақачон янгилик бўлмай қолган.

Бу қиморда ютқазиб ўз жонига қасд қилаётган, қарзларни тўлаш учун уйини сотаётган, умуман олганда, қимор деб ҳаёти барбод бўлаётган ўзбекистонликлар ҳақидаги хабарларнинг матбуотга чиқаётган қисми, холос.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар 2007-йилдан буён тақиқда эди. Ҳукумат хоҳ анъанавий, хоҳ онлайн бўлсин, барча турдаги қимор ўйинларига қатъий тақиқлар жорий этган ва қимор билан боғлиқ жиноятлар учун кунора ҳукмлар ўқилётган эсада, ўзбек жамиятининг таваккалчиликка асосланган ўйинлардан ҳали ҳануз чанқоғи босилмагандек.

Яқин-яқингача бу тақиқ қайсидир маънода ўз самарасини бериб келётган эди.

Гарчи байрам тадбирларида хўроз уриштириш ёки от чоптириш каби анъанавий ўйинлар халқ ҳаётида у ёки бу кўринишда сақланиб қолган бўлсада, улар фуқароларнинг шахсий ҳаётларида ўтказадиган таъсир кўлами анчайин паст эди.

Бироқ, сўнгги йилларда мамлакатда интернетдан фойдаланиш миқёси кенгаяр экан, бошқа чекловлар қатори таваккалчиликка асосланган ўйинларни ҳам назорат қилиш имконсизга айланди. Виртуал ҳаёт фаоллашуви билан онлайн қимор ўйинларининг ҳам фавқулодда оммалашуви кузатилди.

Бу жабҳада қонундан ташқари фаолият олиб борувчилар сони кенгайиб, у билан параллел равишда фирибгарлик ҳам авж олди.

Эндиликда ҳукумат қиморни тақиқлаш ўрнига уни тартибга солиб, бу каби ўйинлар ортидан пайдо бўлиши мумкин бўлган аянчли оқибатларни камайтиришга ҳаракат қилаётганини айтади.

Dima Qayum
Dima Qayum
Boshida biroz summa beradi. Don sepadi, semirtiradi. 100 ming pulini 500 ming qilib beradi, 1 millionini 10 million. Odam sekin-sekin azartga kirib ketadi.
Dima Qayum
Bloger (bbc.com/uzbek)

Ўзбекистонда қиморга рухсат берилади

Расмий маълумотларга кўра, шу пайтгача чекловлар мамлакатдан 1 млрд долларгача бўлган валютанинг ноқонуний чиқиб кетишига олиб келган. Жорий йилинг 19 апрелида имзоланган “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони кучга киргач эса давлат бюджетига ҳар йили 6 млн доллар фойда олиб келиши кўзда тутилган.

Унга кўра, 2025 йил 1 январидан бошлаб таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.

Қонун ижросига маъсул Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг қайд этишича, мазкур чоралар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қимор ўйинларига қарамликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, ҳамда маблағларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг олдини олишга қаратилган.

“Миллий провайдерларнинг таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолияти ва уларни мониторинг қилиш, ўйинларга ҳаддан ташқари қарам бўлган шахсларни ва айрим тоифадаги фуқароларни ўйинларда қатнашишдан ҳимоя қилиш механизмларини жорий этишни ўз ичига олади”, дейилади хабарда.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг
YouTube/Daryo
Mazkur faoliyatni asosan internet orqali amalga oshirish yo‘lga qo‘yiladi, ya’ni kazino yoki shunga o‘xshash offlayn o‘yinlarni tashkil etish nazarda tutilmagan.
Nodirjon Jo'rayev
Istiqbolli loyihalar agentligi rasmiysi (bbc.com/uzbek)

Ижтимоий мулоҳазалар

Қонун лойиҳаси аҳолининг аксар қисми томонидан жуда яхши кутиб олинди. Онлайн муҳокамаларда ҳам бу борада илиқ изоҳларни ва амалиётни қўллаб-қувватловчи фикрларни одатдагидан кўра кўпроқ учратиш мумкин.

Хусусан, телебошловчи Даврон Файзиев ҳам асосан спорт ишқибозлари орасида оммалашган онлайн қимор дастурлари хусусида сўз юритар экан, ушбу қонун лойиҳасини маъқуллашини билдира туриб, онлайн қимор ўйинларини қатъий тақиқлаш шу вақтгача ҳеч қандай фойда олиб келмаганини, аксинча, бу орқали ютқазиб келинганини таъкидлаб ўтган.

Бизнес адвокат Бектош Хатамов эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйидагича изоҳ қолдирган:

“Замонавий дунёда қимор ўйнаш учун жойнинг ва рухсатнинг умуман кераги бўлмай қолди, чунки бундан буёғига интернет қиморхоналар кучайиб бораверади. Бу пойгадек гап, худди футболдаги сен урмасанг, сенга уришади. Ҳозир ҳам онлайн қиморларга ўзбекистонликлар томонидан миллиардлаб пуллар тикилмоқда, бу пуллар четга чиқиб кетмоқда, бу пуллардан фақат ўзбекистонликларга ҳеч қандай фойда йўқ, солиқлар тўланмайди, лекин миллиардлаб пуллар ўзбекистонликлар сабаб четга чиқиб кетмоқда.”

Гарчи қонун лойиҳаси юқорида саналган сабаблар билан ўзини дастакласада, ҳамма ҳам унинг ижросини очиқ юз билан қарши олганича йўқ. Баъзилар амалиёт кўзда тутувчи ижро шартлари қимор ўйновчиларга ноқулайликлар туғдиришини таъкидлаган бўлса, бошқалар вазиятга диний тус берди.

Карта ўйини

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тўйларда карта ўйинлари тақиқланиши ортидан онлайн қимор кучайди.

“Қимор тўғрисида яқинда кучга кирадиган қонунни бекор қилиш керак. Менимча, бутун халқ буни талаб қилади. Ҳукумат халқ талабини инобатга олсин!” дея пост қолдирганди диний қатлам орасида машҳур блогер Мубашшир Аҳмад ўзининг Telegram саҳифасида.

“Бир таниш манзарани айтайми? Вилоятларимизда бирон тўй бўлса, айниқса водийда, қўшнининг уйи қиморхонага айланади... Бизнинг, сизнинг жигарларимиз ҳам унинг қурбонига айланиши мумкин, агар биз лоқайд бўлсак,” дейилади шунингдек, хабарга илова қилинган видеода омма орасида анъанага айланиб улгурган баъзи қимор ўйинларига ишора қилиниб.

Диний қатлам қиморга рухсат бериш тартибсизликларни бартараф этиш ўрнига мавжуд муаммоларни янада кўпайтириши мумкинлигидан хавотир билдиради. Уларга кўра, қиморнинг ҳар қандай шакли ҳар қандай сабаблар билан бўлмасин, тақиқланиши керак.

Қиморбозлик оқибатларидан огоҳлантириб, қиморни тақиқлашни тарғиб қилиб келадиган блогер Дима Қаюмнинг ВВСга айтишича, ҳар қандай ҳолда ҳам, қиморнинг охири вой.

“Бошида бироз сумма беради. Дон сепади, семиртиради. Масалан, 100 минг пулини 500 минг қилиб беради, ёки 1 миллион пулини 10 миллион қилиб беради. Охирида одам секин-секин азартга кириб кетади. Бой берган 10 миллион пулини қайтиб олиш учун яна ўйнайди, йўқотиши 20 миллион, 50 миллион бўлади. Бу ўйиннинг охири – 2 метр арқон-да.”

У тақиққа чақирса ҳам, ҳозирги замонда бу ўта қийин эканини тан олади.

“Тўйларда 100 сўм-100 сўмдан карта ўйнашарди. Уни тақиқлашди - мана онлайн ўйинлар чиқди. Хашакларни тақиқлашди – синтетик таблеткалар чиқди. Бу азартни тўхтатиб бўлмайди. Ўйнайман деган одам, уйи қолмаса ҳам, машинаси қолмаса ҳам, барибир ўйнайди. Ҳеч нарсаси қолмагач, аттанг қилиши мумкин, лекин унда кеч бўлади. Шу сабаб, ўзини осяпти, ўзини ёқворяпти.”

Маҳаллий фаоллар мавзу юзасидан икки қутбга бўлинар экан, келгуси йил бошидан амалга кўчадиган қимор ўйинларига рухсат бериш бўйича қонун лойиҳаси аслида қандай амалиётларни ўз ичига олади, деган савол туғилади.

Хўш, у мавжуд тартибсизликларнинг олдини оладими ёки Ўзбекистонни қимор шаҳрига айлантирадими?

Қонун лойиҳаси қандай ишлайди?

Қонун ҳужжатига кўра, энди 1Х ва шу каби аҳоли орасида оммалашган ташкилотчи компаниялар фақат лицензия асосида фаолият олиб боришлари мумкин. Ушбу лицензиялар эса қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан берилади.

Агентликнинг ҳар бир ташкилотчи юзасидан тадқиқот ўтказиши ва ўрганишлардан кейингина лиценцияни тасдиқлашни кўриб чиқувчи ишлаш усули жиноий тарихга эга бўлган компанияларнинг мамлакат бозорига киришига тўсқинлик қилишига умид боғланади.

Жумладан, агентлик ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ташкилотчиларнинг қонунчилик ҳужжатларига риоя этишини мониторинг ва назорат қилиш функцияларини ҳам амалга оширади. Бу эса ўз-ўзидан ташкилотчиларга ўйин ташкиллаштиришда мутлақо эркинлик берилмаслигини англатади.

Шунингдек, қимор ўйинларида фақатгина 18 ёшдан катта фуқароларгина иштирок этишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, ҳар бир иштирокчидан шахсий паспортлари билан рўйхатдан ўтиш талаб қилинади. Баъзи мутахассисларнинг фикрича, айни шу амалиёт кўпчиликнинг ўйинлардан тийилишига олиб келади.

Фуқаролар бир ой давомида ўйинга тикишлари мумкин бўлган маблағнинг энг юқори миқдори ҳам белгилаб берилади.

“Фармонга асосан, мазкур фаолиятни асосан интернет орқали амалга ошириш йўлга қўйилади, яъни казино ёки шунга ўхшаш оффлайн ўйинларни ташкил этиш назарда тутилмаган”, - деб айтди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Нодиржон Жўраев.

Фармоннинг амалга оширилиши мазкур фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш учун ишончли асос яратиб, қонуний равишда ташкил этилган ўйинларда иштирок этаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни назарда тутади.

Бироқ, амалиёт фуқароларнинг шахсий турмуш тарзида қандай акс-садо бериши ҳануз савол остида қолаверади.

Қимор инсон ҳаётини қандай ўзгартиради?

Қиморга қарамлик Ғарбда руҳий касаллик дея таснифланади.

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Қиморга қарамлик Ғарбда руҳий касаллик дея таснифланади.

Ушбу ўйинларнинг оқибатлари мамлакатнинг умум манфаатларидан кўра, энг аввало, одамларнинг индивидуал молиявий шароитида, руҳий саломатлигида ва инсонлар ўртасидаги муносабатларида тезроқ намоён бўлади. Бу каби ҳолатларда қонунга қанчалик амал қилиниши ёки қилинмаслиги деярли аҳамият касб этмайди.

Тадқиқотларга кўра, тотализаторларга кириш инсонни пулга боғлаб қўяди. Одатда катта умидлар билан ўйинни бошловчилар уни тез-тез мағлубият билан якунлайди. Бу иқтисодий мотив билан қайта-қайта ўйновчиларнинг янада қарзга ботишига олиб келади. Фирибгарлик, товламачилик ва жиноятчилик ўз-ўзидан кенгаяди.

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб содир этиладиган жиноятларнинг 60 фоиздан ортиғи қиморбозликка алоқадор ҳодисалар сабабидан юзага келади.

Давомли ўйинлар нафақат инсоннинг шахсий моддий аҳволини ёмонлаштириши, балки унинг оиласи ва яқинларининг ҳаётига ҳам бевосита таъсир қилиши мумкин. Бундай қарзлар туфайли кўпчилик молиявий қийинчиликларга дуч келади. Ғолиблик учун курашиш эса ўйинга қарамликни кучайтиради.

Бундан ташқари, қимор ўйинлари одат тусига айланиши мумкин. Бу ҳолат инсоннинг ҳаётида жиддий қийинчиликлар туғдириб, унинг кундалик вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилади.

Бутун фикру ёди ўйин билан банд инсон нафақат қимордаги йўқотишлардан азият чекади, балки у оила, иш ва ижтимоий муносабатлар каби масалаларда ҳам оқсашни бошлаши мумкин.

Қимор ўйинларига қарамлик кўплаб давлатларда аллақачон руҳий касаллик сифатида таснифланган бўлиб, лудомания деб аталади. Америка Психиатрия Ассоциацияси маълумотларига кўра, АҚШ катта ёшли аҳолисининг ўртача 2-3 фоизи айни шундан азият чекади.

Қимор ўйинларининг рамзий тимсолига айланиб улгурган Лас-Вегасда эса бу анчайин оммалашган бўлиб, 4-6 миллион америкаликлар қиморбозлик ва унинг оқибатлари билан курашиб келади. Миллий миқёсдаги банкрот вазиятларнинг 15-20 фоизи ҳам айни қиморбозликка ружу қўйилишидан келиб чиқиши таъкидланади.

Финландияда гарчи барча қимор ўйинлари давлат тасарруфидаги Веиккаус компанияси томонидан амалга оширилиб, ҳукумат томонидан бир қатор чекловчи чора-тадбирлар йўлга қўйилган эсада, мамлакат аҳолисининг 3 фоиздан ортиғига қиморга қарамлик бўйича ташхис қўйилган.

Марказий Осиёда қимор

Қимор ўйинларига тақиқлар қўйилмаган ёки мавжуд чекловлар қайсидир маънода юмшатилган бошқа Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам бу вазият унчалик бегона эмас. Жумладан, Қозоғистонда бу энг оғриқли мавзулардан бири ҳисобланади.

Йиллик айланмаси 2,2 млрд доллардан ошувчи қимор ўйинлари Қозоғистонда тахминан бир миллионга яқин ўйинчиларни қамраб олади. Уларнинг асосий қисми эса ёшлар ва мактаб ўқувчиларига тўғри келади.

Фуқароларда товламачилик ва жиноятга рағбатни оширувчи бу ўйинлардан, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, жиноий ишларнинг 20 фоизи ёки 31 мингтаси келиб чиқади.

Қўшни Қирғизистон эса бу борада анчайин фарқли йўлни танлаган. Президент Садир Жапаров 2022 йилда мамлакатда қимор ўйинларини ташкил этишга рухсат берувчи қонунни имзолган эсада, фақатгина хорижий фуқаролар ушбу ўйинларда иштирок этишлари мумкинлиги белгилаб берилган.

Садир Жапаров қонун ижроси ҳақида сўз юритар экан, бу соҳадаги тақиқлар мамлакат иқтисодига йилига 7 миллион долларга яқин зарар келтириш билан бирга тахминан 600 минг қирғизистонликнинг ишсиз қолишига ҳам олиб келганлигини урғулаган эди.

Бироқ, кейинчалик хорижий давлатлар фуқаролигини олиб, ўйинларда қатнашишни бошлаган қирғизистонликлар сонининг ошиб боргани жиддий хавотирларни яратган эди.

Тожикистон ва Туркманистонда эса қимор ва унга алоқадор барча турдаги ўйинлар қатъий тақиқланган.