Танамизда яширин бир хазина топилди, у биз учун қанчалик муҳим?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жеймс Галлаҳер
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Олимлар иммунитетнинг янги қисми кашф этилганини ва у келажак антибиотиклари учун «олтин кони» эканлигини айтмоқда.
Улар тананинг оқсилларни қайта ишловчи қисми бактерияларни ўлдирадиган кимёвий модда ҳам чиқаришини аниқладилар.
Исроиллик тадқиқотчилар айтишича, бу бизнинг иммунитетимиз ҳақидаги тушунчамизни тубдан ўзгартиради.
Шунингдек, бу ҳозирги дориларга чидамли бўлган супербактериялар муаммосини ҳал қилиш учун янги антибиотикларни топишга ҳам ёрдам беради.
Кашфиётнинг муҳим қисми тананинг ҳар бир ҳужайрасида бўлган кичик тузилма – протеасомадир.
Протеосоманинг асосий вазифаси эски оқсилларни парчалаш. Шунда улардан янги оқсиллар ҳосил қилинади.
Аммо "Nature" журналида батафсил ёритилган бир қатор тажрибалар кўрсатишича, ҳужайра бактерия билан зарарланганда протеасома бошқача ишлай бошлайди.
У ўз вазифасини ўзгартиради – эски оқсилларни бактерияларнинг қобиғини ёриб ташлайдиган қуролга айлантира бошлайди.

Сурат манбаси, Weizmann Institute of Science
Вайзманн илмий-тадқиқот институти профессори Йифат Мербл шундай дейди: "Илгари бундай ҳодисадан бехабар эдик.
Биз бактериал инфекциядан ҳимоя қиладиган иммунитетнинг янги механизмини кашф этдик.
Бу танамиздаги барча ҳужайраларда содир бўлади ва потенциал табиий антибиотикларнинг бутунлай янги синфини ҳосил қилади."
Biz bakterial infeksiyadan himoya qiladigan immunitetning yangi mexanizmini kashf etdik. Bu tanamizdagi barcha hujayralarda sodir bo‘ladi.
Тадқиқотчилар ушбу табиий антибиотикларни топиш учун "ахлат қутига шўнғиш" деб номланган жараённи амалга оширди.
Улар лабораторияда ўстирилган бактерияларда ҳамда пневмония ва сепсис билан касалланган сичқонларда синовдан ўтказилди. Тадқиқотчилар таъкидлашича, баъзи мавжуд антибиотиклар билан таққосласа бўладиган натижалар олинган.
Тадқиқотчилар лабораторияда ҳужайра протеасомасини ишдан чиқарганларида, уларга Салмонелла каби бактерияларни юқтириш анча осонлашган.

Сурат манбаси, Weizmann Institute of Science
Империал коллежнинг биологик фанлар бўлими бошлиғи ва иммунолог, профессор Даниэл Дэвиснинг айтишича, бу топилмалар "жуда муҳим ва қизиқарли", чунки улар танамизнинг инфекцияга қаршилиги ҳақидаги тушунчамизни ўзгартиради.
"Бунинг қизиқ томони шуки, бу ҳужайраларимиз ичида микробларга қарши молекулалар ҳосил бўлишининг бизга илгари маълум бўлмаган жараёни."
Унинг фикрича, буни антибиотикларнинг янги манбасига айлантириш "ҳали кўп синовдан ўтказилиши керак".
Тахминларга кўра, ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам антибиотикларга чидамли бўлган инфекциялардан вафот этади.
Аммо эҳтиёж катта бўлишига қарамай, талабга жавоб берадиган янги антибиотикларни ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар етарли эмас.
Бундай вазиятда янги имкониятнинг пайдо бўлиши баъзи олимлар учун умид манбаига айланмоқда.
Лондон Қироллик коллежининг микробиология бўйича катта ўқитувчиси доктор Линдси Эдвардс Би-би-си билан суҳбатда шундай деди: "Бу янги антибиотиклар учун потенциал олтин кони, бу жуда ҳаяжонли.
Аввалги йилларда янги антибиотикларни топиш учун тупроқни кавлаш керак эди. Ҳозир эса уларни ўз танамиздан топишимиз кутилмаган бўлди."
Уларни дори воситаларига айлантириш билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлиши мумкинлигини айтади олим, чунки улар аллақачон инсон танаси маҳсулоти, шунинг учун "хавфсизлик масаласи анча осонроқ ҳал этилиши мумкин."












