Гўшт, шакар, сут-қатиқ – ҳаммаси лабораторияда етиштирилади. Сиз ейсизми?

Сурат манбаси, BBC News
- Author, Паллаб Гош
- Role, Илм-фан бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Лабораторияда етиштириладиган гўшт, сут ва шакар Буюк Британияда икки йил ичида - кутилганидан тезроқ истеъмол учун сотувга чиқарилиши мумкин.
Озиқ-овқат стандартлари агентлиги (FSA) лабораторияда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини тасдиқлашни тезлаштириш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Бундай маҳсулотлар кичик кимёвий заводларда ҳужайралардан ўстирилади.
Буюк Британия компаниялари бу соҳада илмий жиҳатдан етакчи, аммо расмиятчиликлар уларнинг ишларини секинлатаётганини айтишмоқда.
Ўтган ойда Буюк Британияда итлар учун заводда етиштирилган гўштдан тайёрланган озуқа сотувга чиқарилди.
2020 йилда Сингапур ҳужайралардан етиштирилган гўштни инсон истеъмоли учун сотишга рухсат берган биринчи давлат бўлди, уч йилдан сўнг Қўшма Штатлар, ўтган йили эса Исроил унга эргашди.
Бироқ Италия ҳамда АҚШнинг Алабама ва Флорида штатлари бу маҳсулотларга тақиқ жорий қилган.
FSA юқори технологияли озиқ-овқат ширкатлари мутахассислари ва академик тадқиқотчилар билан ҳамкорликда янги қоидаларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Улар икки йил давомида лабораторияда етиштирилган иккита озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини тўла баҳолашни якунлашмоқчи.
Аммо танқидчилар янги қоидаларни ишлаб чиқишда ширкатлар иштироки манфаатлар тўқнашувига олиб келишини таъкидлашмоқда.
Бу ташаббус Буюк Британия ширкатларининг хорижий рақобатчиларга ютқазиб қўйиш хавотирларига жавобан амалга оширилмоқда, чунки бошқа жойларда тасдиқлаш жараёнлари икки баравар тезроқ кечади.
FSAнинг бош илмий ходими, профессор Робин Мей BBC Newsʼга истеъмолчилар хавфсизлиги масаласида муроса қилинмаслигини айтди.
"Биз жалб қилинган компаниялар ва илмий гуруҳлар билан улар учун фойдали, айни пайтда маҳсулотлар хавфсизлигини иложи борича юқори даражада таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий тизимни ишлаб чиқиш учун яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз," деди у.

Сурат манбаси, BBC News
Аммо Beyond GM ташкилоти директори Пет Томас каби танқидчилар бу ёндашувга ишонмайди.
"FSAга ушбу қоидаларни ишлаб чиқишда ёрдам бераётган ширкатлар тартибга солиш бекор қилинишидан манфаатдор. Агар бу бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулоти бўлганида, бундан ғазабланган бўлардик," деди у.
Илм-фан вазири лорд Валланс бу жараённи "тартибга солишни бекор қилиш" деб таърифлашга эътироз билдирди.
"Бу тартибга солишни бекор қилиш эмас, балки инновацияларни қўллаб-қувватловчи тартибга солишдир," деди у BBC Newsʼга.
"Бу муҳим фарқ, чунки биз тартибга солишни инновациялар эҳтиёжларига мослаштириш ва бюрократия ҳамда такрорланишларни камайтиришга ҳаракат қиляпмиз."
Лабораторияда майда ҳужайралардан ўсимлик ёки ҳайвон тўқималари ўстириш орқали озиқ-овқат етиштирилади. Бунда баъзан озиқ-овқат хусусиятларини ўзгартириш учун генлар таҳрирланиши мумкин. Уларнинг фойдаси шундаки, улар атроф-муҳит учун яхшироқ ва потенциал жиҳатдан соғломроқ ҳисобланади.
Ҳукумат лаборатория озиқ-овқатлари ишлаб чиқарувчи ширкатлар ривожланишидан манфаатдор, чунки улар янги иш ўринлари яратади, иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Буюк Британия илм-фанда кучли, аммо ҳозирги расмиятчиликлар бошқа мамлакатларга қараганда анча секин. Хусусан, Сингапур, АҚШ ва Исроилда тезроқ ишлашади.
Оксфорддаги Ivy Farm Technologies компанияси Уагю ва Абердин Ангус зотли сигирларидан олинган ҳужайралардан тайёрланган лаборатория стейкларини бозорга чиқаришга тайёр.
Фирма ўтган йил бошида ўз стейкларини ресторанларга сотиш учун рухсат олишга ариза топширган. Компания бош директори доктор Ҳарш Амин икки йил кутиш жуда узоқ муддат дейди.
"Агар биз Британиянинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича юқори стандартларини сақлаган ҳолда, бу муддатни бир йилдан камроққа қисқартира олсак, бу бизга ўхшаган янги компанияларга анча ёрдам бўларди."

Сурат манбаси, BBC News
Доктор Алисия Грэмнинг ҳам шунга ўхшаш ҳикояси бор. У Лондондаги Империал коллежининг Безос марказида ишлаб, шакарга муқобил маҳсулот етиштириш йўлини топди. Бу усулда резавор мевадаги ген ачитқига киритилади. Бу жараён унга ширин таъм қўшадиган кристалларни ишлаб чиқаришга имкон беради.
Унинг айтишича, бу маҳсулот одамни семиртирмайди ва газли ичимликлар учун ширинлаштирувчи соғломроқ восита бўлиши мумкин.
Менга уни татиб кўришга рухсат беришди. У ниҳоятда ширин, бироз нордон, лимон шарбатини эслатарди. Аммо доктор Грэмнинг MadeSweetly ширкати рухсат олмагунча уни сота олмайди.
"Рухсат олиш осон эмас," дейди у менга.
"Булар барчаси янги технологиялар бўлиб, назорат органларининг буларга мослашиши осон эмас. Бизда маҳсулотни маъқуллашнинг аниқ бир йўли йўқ, ваҳоланки биз айнан шуни хоҳлаймиз."
FSA маълум қилишича, улар келгуси икки йилда лабораторияда етиштириладиган иккита озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини баҳолашни якунлайди ҳамда янги лаборатория озиқ-овқатларини тасдиқлаш учун тезроқ ва самаралироқ тизимни йўлга қўяди.
FSA профессори Мейнинг айтишича, ширкатлар мутахассислари ва олимлар билан ҳамкорликдан мақсад илмий жиҳатларни тўғри тушунишдир.
"Бу жуда мураккаб бўлиши мумкин, шунинг учун озиқ-овқат маҳсулотларига рухсат беришдан олдин уларнинг хавфсизлигига амин бўлиш учун илмий томонларини тушунишимиз жуда муҳим."
Бироқ Томас хоним таъкидлашича, бу юқори технологияли озиқ-овқатлар айтилганидек экологик тоза бўлмаслиги ҳам мумкин, чунки уларни тайёрлаш учун энергия сарфланади ва баъзи ҳолларда уларнинг соғлиқ учун фойдаси бўрттириб кўрсатилмоқда.
"Лабораторияда етиштириладиган озиқ-овқатлар, аслида, ўта қайта ишланган маҳсулотлардир. Ҳозирги кунда биз одамларни бундай озиқ-овқатларни камроқ истеъмол қилишга ундаяпмиз, чунки улар соғлиққа салбий таъсир кўрсатиши мумкин," деди у.
"Бундай маҳсулотлар илгари одамларнинг овқатланиш рационида бўлмаган."












