Афғонистондан Эронгача: АҚШ аралашувлари ҳеч иш берганми? Подкаст

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган май ойида Президент Доналд Трамп ўзидан аввалги АҚШ президентларининг халқаро можароларга аралашув сиёсатларини қаттиқ қоралаши билан кўпларни ҳайрон қолдирди.
«Натижада, ўзларини давлат қурувчиси деб атаганлар аслида кўпроқ давлатларни барбод қилишди», - деди у 2003 йилги Ироқ ишғолига ишора қила туриб.
«Ва бу интерверционистлар ўзлари тушунмаган мураккаб жамиятларга аралашдилар», - дея қўшимча қилди у.
Трампнинг Саудий пойтахти Риёдга ташрифи чоғида айтилган бу сўзларидан кўплар унинг иккинчи президентлик муддати даврида АҚШнинг Яқин Шарққа аралашуви камаяр экан, деган хулосани олди.
Лекин, бир ой ўтиб, АҚШ Эроннинг учта ядровий иншоотларига ҳужум қилиб, Эрон ва Исроил орасидаги можарога аралашди.
АҚШ ва Исроилнинг мақсади Эроннинг ядровий амбицияларини тўхтатиш эди.
«Мақсадимиз Эроннинг уранни бойитиш салоҳиятини йўқ қилиш ва жаҳондаги энг етакчи давлат терроризми ҳомийсидан келадиган ядровий таҳдидни камайтириш эди», - деди Трамп ҳужумдан кўп ўтмай.
Аммо, тарихдан маълумки, Ғарб хориждаги бирон муаммони «ҳал қилиш» учун аралашганида, ҳамма нарса ҳам режадагидек амалга ошавермайди.
Лондон иқтисодиёт ва сиёсатшунослик мактабидаги Яқин Шарқ сиёсати профессори Фаваз Жержесга кўра, АҚШ 1940-йиллар охирларидан бери Яқин Шарқ сиёсатига мунтазам равишда аралашиб келади.
"АҚШнинг Эронга қарши охирги ҳужумлари ана шу аралашув сиёсатининг ёрқин мисоли», - дейди профессор. У «Нима нотўғри кетти: Ғарб, ҳамда Яқин Шарқдаги демократия мағлубияти» номли китоб муаллифидир.
Хўш, АҚШ яна қаерларга аралашган ва оқибатлари қандай бўлган?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эрондаги давлат тўнтарилиши
1953 йилда Эронда демократик сайланган Бош вазир Муҳаммад Муссадиқ Эрон ҳарбийлари томонидан ағдарилди. Ҳарбийларни АҚШ ва Британия қўллаб-қувватлаганди.
Муссадиқ атиги икки йил аввал Эроннинг йирик нефть заҳираларини давлат тасарруфига ўтказиш ваъдаси билан ҳукумат тепасига келган бўлган.
Аммо, бу ва коммунизмнинг таҳдиди Лондон ва Вашингтонни ташвишга қўйган. Иккинчи жаҳон уруши ортидан уларнинг иқтисодлари Эрон нефтига жуда қарам бўлиб қолганди.
Аввалига Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни тахтга тиклаш йўлида чиққан халқ қўзғолонлари дея тақдим қилинган бу исённи Британия ва АҚШ хавфсизлик кучлари дастаклаган.
2000 йилда АҚШ Давлат котиби Мадлен Олбрайт Американинг бу давлат тўнтаришида ўйнаган роли ҳақида очиқ гапирди.
2009 йилда эса Президент Барак Обама Қоҳирада нутқ сўзлай туриб, Вашингтоннинг ўша воқеалардаги ролини тан олди.
Сўнг, 2013 йилда, давлат тўнтаришидан 60 йил ўтиб, АҚШнинг Марказий жосуслик агентлиги CIA Американинг бу ҳодисадаги аралашуви ҳақидаги ҳужжатларни илк марта оммага очиқлади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳарбий давлат тўнтариши… АҚШ ташқи сиёсати доирасида CIA буйруғи билан амалга оширилганди", дейилади Миллий хавфсизлик архиви томонидан чиқарилган ҳужжатларда.
Профессор Жержеснинг даъво қилишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги бугунги можаро илдизлари ана ўша жосуслик амалига бориб тақалади.
"Эронликлар ўзларидаги қонуний, демократик сайланган бош вазирнинг ағдарилиши ва Эрон шоҳидек бешафқат диктаторнинг унинг ўрнига қўйилиши учун АҚШни ҳеч қачон кечирмаганлар", - дейди у.
"Эрондаги бугунги аксил-американизмга сиёсий элитанинг Эрондаги сиёсий йўналиш ўзгартиб кетишида ҳануз АҚШни айблашлари сабаб."
Профессор Жержеснинг айтишича, АҚШ Миср Президенти Гамал Абдел Нассернинг ўз давлатидаги сиёсатини ўзгартиришга ва унинг миллатчи лойиҳаларини издан чиқаришга ҳам уринган, аммо кўп муваффақиятга эришмаган.
Eronliklar qonuniy, demokratik saylangan bosh vazirlarining ag‘darilishi va Eron shohidek beshafqat diktatorning uning o‘rniga qo‘yilishi uchun AQShni hech qachon kechirmaganlar.
"Эрондаги бугунги аксил-американизмга сиёсий элитанинг Эрондаги сиёсий йўналиш ўзгартиб кетишида ҳануз АҚШни айблашлари сабаб."
Профессор Жержеснинг айтишича, АҚШ Миср Президенти Гамал Абдел Нассернинг ўз давлатидаги сиёсатини ўзгартиришга ва унинг миллатчи лойиҳаларини издан чиқаришга ҳам уринган, аммо кўп муваффақиятга эришмаган.
АҚШнинг Афғонистондаги исломчиларни қўллаши
1979 йилда Совет армияси бир йил аввал давлат тепасига келган ва бўлинишларга юз тутаётган коммунист ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун Афғонистонга бостириб кирди.
Аммо, советлар тезда Мужоҳиддин дея танилган Исломий ҳаракатнинг қаршилишига дуч келишди.
Коммунист ҳукуматга мухолиф бўлган Исломий жиҳодчи экстремистлардан ташкил топган ушбу гуруҳни АҚШ, Покистон, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар дастаклашаётганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Совуқ уруш йилларида АҚШ Афғонистондаги Совет таъсирини камайтириш учун у ерга энг кўп қурол ва пул етказиб берган давлатлардан бўлди.
Йиллар ўтиб жамоатчиликка очиқланган ҳужжатлар, журналистик суриштирувлар ва гувоҳлар кўрсатмаларига кўра, АҚШ Совет Иттифоқини Афғонистонда қопқонга туширишни истаган. Мақсад, ҳудди АҚШнинг ўзи Вьетнамда юз тутгани каби, Совет аскарлари ва заҳираларини увол қилиш.
Бу миссия "Циклон операцияси" деб номланган ва матбуотда «CIA нинг тарихдаги энг йирик махфий амалиёти» дея тасвирланган.
Ўшанда АҚШ Президенти Роналд Рейган ҳатто Оқ Уйда жиҳодчи лидерларга мезбонлик қилган.
1988 йилда, ишғолнинг 10 йиллиги яқинлашаётганда ва Женева битими имзолангач, Совет лидери Михаил Горбачёв ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлади. Охирги аскарлар 1989 йилда олиб чиқилди.
Лекин, кўп ўтмай Афғонистонни турли тарафлар ўртасидаги фуқаролар уруши ўз домига тортди, Совет Иттифоқининг дастагисиз қолган ҳукумат эса қулади.
Бу вазиятда шариатнинг қаттиққўл талқинига бўйсунувчи Толибон ўртага чиқди. Унинг кўп етакчилари АҚШдан пул ва қуроллар олиб Совет ишғолига қарши жанг қилган мужоҳидлар эди.
Ўхшаш ҳолда, Совет-афғон уруши тугагач, бир гуруҳ афғон уруш фахрийлари Ал-Қоидага асос солиб, Исломий курашни Афғонистон чегараларидан ташқарига олиб чиқишга бел боғладилар.
Толибон эса Ал-Қоида ва унинг лидери Усама бин Лодинга ўз амалиётларини олиб бориш ва АҚШдаги 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларини режалаш учун бошпана яратиб берди.
Алабама университетидаги Яқин Шарқ ва сиёсатшунослик профессори Валид Ҳазбунга кўра, минтақадаги кўп АҚШ аралашувларини «мувозанатлаштирувчи ҳаракатлар" дея тасвирлаш мумкин.
"Уларнинг мақсади АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатларига зид бўлган сиёсий кучларга қарши чиқиш бўлган", - дейди у.
Профессор Ҳазбун АҚШнинг 1990-1991 йиллардаги Кўрфаз урушига аралашуви бунга яхши мисол дейди.
"Бу Ироқнинг Қувайтга бостириб киришига қарши амал эди. Қувайтнинг мустақиллиги тикланди, ва Совуқ Уруш тугаши билан АҚШ ҳукумати ва минтақадаги лидерлар ўртасида ўзаро муштарак хавфсизлик муҳокама қилинди", - дейди у.
Лекин, профессорга кўра, Клинтон маъмурияти остида сўнг бошқача йўналиш юзага келди.
«Мақсад АҚШнинг манфаатларига хизмат қиладиган ва минтақадаги тартиб бўйича АҚШнинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиган хавфсизлик тизимини яратиш бўлди», - дейди у.
«Бунга, бир томондан, тинчлик жараёнига асосий эътиборни қаратиш ва араб-Исроил муносабатларини нормаллаштириш орқали барча араб давлатлар АҚШ ва Исроил мавқеига мослашишларига эришиш кирса, бошқа томондан, Эрон ва Ироқни ҳарбий ва иқтисодий жазо чоралари орқали жиловлаш кирарди», - дейди профессор Ҳазбун.
Баъзида АҚШнинг аралашувлари Исроилни дастаклаш сиёсати билан бирга олиб борилган, чунки АҚШ президентлари Исроилга дастакни «шартларсиз ва ўзгаришсиз» дея тасвирлаб келганлар.
Иккинчи жаҳон урушидан бери АҚШ хорижий ёрдамининг энг катта қисми Исроилга сарфланди. Бу йилига миллиардлаб долларга тенг.
Афғонистонга қайтиш. Толибон изидан
2001 йил октябрида АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди. Оқ Уй буни 11 сентябрь ҳужумлари ортидан Толибонни сиқиб чиқариш, Ал-Қоида таҳдидини йўқ қилиш ва демократияни қўллаб-қувватлаш нияти билан изоҳлади.
Вашингтон осонлик билан Афғонистон пойтахти Кобулни қўлга олди.
2003 йилдан ҳарбий амалиётларга қўшилиш ва афғон қуролли кучларини машқдан ўтказиш учун НАТО қўшинлари ҳам у ерга кирди.
Уч йил ўтиб янги афғон ҳукумати иш бошлади. Аммо, Толибоннинг қонли ҳужумлари тўхтамади.

Сурат манбаси, Getty Images
2009 йилда Президент Обама АҚШ қўшинлари сонини кўпайтирди, бу Толибонни бироз ортга чекинтирди, лекин узоқ давом этмади.
2001 йилдан бери олиб борилаётган урушнинг энг қонлиси 2014 йилда бўлди, лекин ўша йили НАТО кучлари ўз миссияларини якунлаб, хавфсизлик масъулиятини афғон армиясига топширдилар.
Бунинг ортидан эса Толибон яна кўпроқ ҳудудларни эгаллашга муваффақ бўлди.
Бир йил ўтиб Толибон яна куч йиғди ва қатор ҳудкушлик ҳужумларини амалга оширди. У Кобулдаги парламент биноси ва халқаро аэропортга яқин йирик ҳужумлар учун маъсулиятни ўз бўйнига олди.
Ниҳоят, Байден маъмурияти 2021 йил апрелида, АҚШ бошчилигидаги босқиндан 20 йил ўтиб, Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга қарор қилди.
Бу зиддиятли қарор ортидан Кобул тезда қулади ва Толибон қўлига ўтти. Кўплар бунда АҚШнинг 1975 йилда Вьетнам жанубидан чиқиб кетишига ўхшашликларни кўрдилар.
"Бу Жо Байденнинг Сайгони. Халқаро саҳнадаги бу йирик мағлубият ҳеч қачон эсдан чиқмайди», - деб ёзди ўшанда Республикачи Конгресс аъзоси Элиз Стефаник.
Толибон кўплаб ҳарбий қурол ва техникани ўз қўлига олди. Би-би-сига аноним гапирган собиқ афғон амалдорига кўра, бу қуролларнинг аксари Американики эди.
2023 йилги БМТ ҳисоботида айтилишича, Толибон қўлган туширилган АҚШ қуролларидан 20 фоизи маҳаллий дала қўмондонлари қўлига ўтишига рухсат берган, қолгани билан эса қора бозор қизиган.
Ироқ босқини
1990 йилда Президент Саддам Ҳусайн қўмондонлигидаги Ироқ армияси чегарани кесиб Қувайтга кирди, қарши чиққан юзлаб одамларни ўлдирди ва Қувайт ҳукуматининг Саудия Арабистонига қочишига сабаб бўлди.
Кўплар учун бу воқеа Яқин Шарқ тарихидаги узун ва нотинч даврни бошлаб берган.
Кўплаб огоҳлантиришлар ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолиюцияси ортидан, АҚШ бошчилик қилган, Британия ва Саудия Арабистони қўллаган йирик коалиция кучлари 1991 йил 17 январда Ироқ қўшинларини қувиб чиқариш учун Қувайтга киришди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқдан барча оммавий қирғин қуроллари, хусусан ядровий, биологик, кимёвий қуроллар ва узоқ масофали баллистик ракеталарни йўқ қилишни талаб қилиб 687-резолюцияни қабул қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо, 1998 йилда Саддам Ҳусайн БМТнинг қурол инспекторларини мамлакатга киритмай қўйди. 2001 йил 11 сентбярь воқеаларидан сўнг эса Президент Жорж Буш Ироққа бостириб кириш режасини туза бошлади.
Буш Ҳуссайнни оммавий қирғин қуролларини ясаш ва ғамлашни давом эттиришда, Ироқни эса Эрон ва Шимолий Корея билан бир қаторда халқаро "зулм камони"нинг бир қисми бўлишда айблади.
АҚШнинг ўша вақтдаги Давлат котиби Колин Пауэлл 2003 йилда БМТга Ироқда биологик қуролларни ишлаб чиқарувчи "мобил лабораториялар" мавжудлигини айтганди.
2004 йили эса унинг ўзи буни асословчи далил-исбот «унчалик ҳам кучли эмас»лигини тан олди.
Британия, Австралия ва Польша АҚШнинг Ироқ ишғолига қўшилдилар, лекин кўплаб бошқа давлатлар, хусусан Германия, Канада, Франция ва Мексика унга қарши бўлишди.

Сурат манбаси, Reuters
Ўша вақтдаги Франция Ташқи ишлар вазири Доминик де Виллепин Ироқ босқини «энг ёмон ечим» бўлишини айтганди, НАТО аъзоси ва Ироқнинг қўшниси Туркия эса АҚШ ва унинг иттифоқчиларига Туркия ҳаво базаларини қўллашга рухсат бермади.
Профессор Ҳазбунга кўра, АҚШнинг мақсади Ироқдаги режимни ўзгартириш ва шу билан минтақада ўз талқинидаги хавфсизликни ўрнатиш бўлган.
Би-би-сининг Халқаро масалалар бўйича мухбири Жереми Боуэн Ироқ ишғоли Ироқ халқи учун фожиа бўлгани, ҳамда уни ўнлаб йиллик бошбошдоқлик қаърига ташлаганини айтади.
"Усама бин Лодин ва жиҳодчи экстремистларнинг мафкурасини йўқ қила олмагани етмагандек, 2003 йил ортидан юзага келган хаос жиҳодчи зўравонликни янада гуркиратди", деди Боуэн босқиннинг 20 йиллигига бағишлаб ёзган таҳлилида.
Ироқ ишғолининг яна бир оқибати шуки, ал-Қоида қайта шаклланиб ўзини Исломий Давлат деб номлади ва яна ўртага чиқди.
2003 йилги босқин натижасида қанча ироқликлар нобуд бўлгани номаълум. Ироқ жасад саноғи (IBS – Iraq Body Count) ташкилоти рақамларига қаралса, 2003 ва 2022 йиллар орасида 209 982 оддий ироқликлар ҳалок бўлган.
Профессор Ҳазбуннинг айтишича, ҳозир зарур бўлгани АҚШнинг минтақадаги ҳукуматларга хавфсизликни таъминлашда берадиган ёрдами.
"АҚШ ва унинг иттифоқчилари йирик ҳарбий куч ёрдамида мажбуран ўрнатадиган тартибдан кўра, муштарак хавфсизлик йўлида ишлайдиган минтақадан АҚШ кўпроқ манфаат кўрган бўларди", - дейди у.












