Нуқтаи назар: Ўзбеклар ўзбек тили нуфузи учун рус тили билан курашиши керакми? Ким қандай фикрда?

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
- Author, Юлдуз Абдурашидова, Ўзбекистон
- Role, Журналист
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
“Тил ҳақида гап кетаркан, зиёлиларда кучли бир ички оғриқ, алам, умидсизлик, ишончсизлик бор”, дейди журналист Илёс Сафаров. Унинг ёзишича тадбирларда ўзбек тили нуфузи кундан-кунга ошаётгани ҳақида баландпарвоз гаплар гапириладию, аммо у гаплар реал ҳаётга тўғри келавермайди.
Пойтахт Тошкентда рус тилини биладиганлар яхшигина маошли ишга қабул қилиниши кўп учраб туради. Эълонлар, пештахталарга қараркансиз ўзбек тилидаги айрим сўзлар хатоларга бой эканини кўрасиз. Баъзи қурилиш ташкилотлари ҳам шартномаларни фақатгина битта рус тилида расмийлаштирмоқда.
Бундан 35 йил аввал, Шўролар даври сўнгги кунларини яшаётган бир пайтда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтиш қарори ҳам ўзбек тилини ростакамига давлат тили даражасига кўтаргани йўқ.
“Бизда эътиборсизлик бор. Келадиганлар бор-ку, масалан шунча йилдан бери шу юртда яшаб келаётган рус миллатига мансуб халқ бор. Улар ўзбек тилини умуман билмайди. Бошқа миллат вакиллари ҳам шундай”, дейди Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова “Ҳошия” подкастидаги суҳбатида.
Дилором Каримова қонунчиликда Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун давлат тилида имтиҳон топшириш белгилангани, бироқ у етарлича ишламаётганини ҳам қўшимча қилди.
“Айримлар шу аҳволга тушишимизда оддий одамларни айбламоқда. Уларга кўра, тил борасида ғурур аввало халқнинг ўзида уйғониши керак. Шундагина ҳукумат, қонунлар ўзгара боради. Бўлса бордир, лекин бугун тил сиёсати борасида аввало ҳукумат қилиши керак бўлган иш, бериб қўйилиб, ижроси таъминланмаётган кўпгина ваъдалар борки, улар бажарилмай туриб, одамларни ўзгартириб, ғурурни уйғотиб бўлмайди. Режалар режалигича қолаверади”, дейди ўзбек тили жонкуярларидан бири журналист Илёс Сафаров.
Давлат тили тўғрисидаги қонун

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
Ўтган вақт мобайнида Давлат тили ҳақидаги қонуннинг кўпгина моддалари амалга оширилди, кўчалар, даҳалар номи ўзбек тилида ёзилди, мавзеъларнинг тарихий номлари тикланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарларида Ўзбекистон давлати томонининг нутқларида ҳам дунёга айнан давлат тилида мурожаат қилиняпти.
Ўзини оддий Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблайдиган, исмини эълон қилинишини истамаган суҳбатдошим рус тилини ўзбек тилининг “энг катта душмани”, деб атади. Унинг сўзларига кўра, форс, араб тиллари билан бойиган ўзбек тили рус тили сабаб “ўлмоқда”.
“Ўзбекча сўзлашаётганингизда “давай”, “остановка”, “уже” сўзларини қўлласангиз дарҳол бегона сўз ишлатилгани сезилади. Бироқ “ватан”, “истиқлол”, “маънавият” каби араб тилидан ўзлашган сўзларни қўлласак ҳеч қандай оҳанг ўзгармайди. Рус тилини мен ўзбек тили тараққиётига болта урган душман деб биламан, чунки ҳукумат тили форс, ижод тили араб, сўзлашув тили туркий тил бўлган бир вақтда ўзбек тилининг отаси Алишер Навоий “Хамса” асарини туркий тилда яратиб, бу тилнинг араб ва форс тили каби имкониятлари юқорлигини кўрсатган ҳамда туркий тилда асарлар яратилишига даъватни бошлаб берган. Ана шундан кейин ўзбек тили тараққий этишни бошлаган. Аммо руслар босқини сабаб ўзбек тили ўлдирилди. Ўшандан кейин мана ўзбек тилида на шоҳ асарлар яратилди, на Бобуру Навоийлар чиқди. Балки рус босмаганда эди ўзбек тили энг олий даражага чиққан бўлган бўлиши мумкин эди. Араб ва форс тилларини билган туркийзабон аждодларимизнинг сўз бойлиги кўп бўлган”, дейди у.
Ўзбекистонда рус тилли халқ кўпаяётган, бу тилдаги мактаблар сони кенгаяётган, кўплаб оилалар фарзандларини айнан рус синфларига бераётган бир вақтда ўзбек тили нуфузини қандай ошириш мумкин? Рус тилидан қўрқиш керакми? Журналист ва блогер Элдор Асанов аслида колониал мерос бўлган бу тилдан узилиб кетиш осон бўлмаслигини, унинг ижобий томонларидан ҳам фойдаланиш кераклигини ёзган.
“Рус тили бизга бир колониал меросдир. Колониал мерос фақат салбий бўлмайди, ундан ижобий мақсадлар учун ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозирча биз рус тилининг бундай фойдаларини ўйламай, асосан русча ўтмишни қоралашга, рус тилини сиқиб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. “Рус тили ўзбек тилини сиқиб чиқаряпти, ўзбек тили ўляпти”, деган дод-войлар ҳам учраб туради. Илгариям кўп гапирганман бу ҳақда — асоссиз ваҳималар. Ўзбек тили ўлмаяпти, кенгайиб боряпти, рус тили ҳаётимиздан секинлик билан чиқиб кетяпти. Албатта, ҳалиям баъзи соҳаларда у керак, ҳалиям ақл ва зиё белгиси, лекин ўзбек тилини енгишига бирор сабаб кўрмаяпман”, деган у.
Иқтисодий таҳлилчи, блогер Отабек Бакиров эса Марказий Осиё давлатлари етакчилари рус тили эмас, ўз тиллари келажаги ҳақида кўпроқ қайғуриши керак дейди.
“Бишкекдаги саммитда [13-октябрь куни бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити] Марказий Осиё лидерлари рус тили ҳақида жуда кўп баёнотлар бердилар, бизнинг умумий маконимизда рус тилидан фойдаланишни кенгайтириш ҳақида фақат бир меҳмонга ёқимли бўлган кўп таклифлар янгради. Якунда рус тили бўйича халқаро ташкилот тузишга, рус тилидаги нашрлар ва медиани қўллаб-қувватлашга, иқтисодий, маданий ва илмий йўналишларда рус тилидан кўпроқ фойдаланишга келишиб олдилар. Айтиш керакки, агар лидерларимиз ўз миллий тилларимизга нисбатан худди собиқ катта оғаларимизнинг тилига қайғурганлари каби қайғурганларида умумий аҳволимиз, тилларимизнинг аҳволи бу қадар қуйига инмаган бўлмаган бўларди”, ёзиб қолдирган у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дадил қадамлар лозимми?

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
Илёс Сафаров ҳукуматдан дадил қадамлар кутишини ёзган. Тайинли жавобгарликлар талаб қилмоқда у. Россиянинг Украинага уруши оқибатида ўзбекларда юзага келган ҳозирги кайфият ўзбек тилини ривожантириш учун айни муддао деб ҳисоблашини ҳам қўшимча қилган Сафаров.
“Масалан, ҳукумат биринчи навбатда бугун маънан эскириб, ишламай қўйган "Давлат тили тўғрисида"ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиши ва тил сиёсатини қатъий белгилаб олиши керак. Шунингдек, бу қонун истисноларсиз, аниқ ишлаши, уни бузганлик учун жавобгарлик эса тайин бўлиши керак. Бу ишни бошлаш учун бугунгидек қулай вазият назаримда, бўлмаган ва эҳтимол, бундан кейин ҳам бўлмаслиги мумкин. Иккинчидан, қўшёзувлилик масаласини тезроқ бир ёқли қилиш керак. Ҳа, ёзув масаласида ҳукуматнинг ижроси 2023-йил 1-январдан бошланиши айтилган аниқ қарори бор. Лекин негадир, қарор ижроси бошланишига 2 ой вақт қоляпти ҳамки, ҳукуматнинг ўзида қандайдир ишончсизлик бордек. Бирор киши бу мавзуда аниқ гап айтмаяпти, айтолмаяпти. Ҳукумат ёзув масаласида жамиятга аниқ қилиб позиция айтиши керак. Аниқроғи, бошлаган сиёсатидан ортга қайтмаслигини билдириши, тармоқларини тезроқ лотин ёзувига ўтказиши керак”, таъкидлади журналист.
Facebook фойдаланувчиси, рус тилини жуда яхши биладиган Мадина Ражабова ўзбек тилининг нуфузини ошириш мақсадида ишга қабул қилишда чет тиллар билан бир қаторда ўзбек тили бўйича ҳам юқори даражадаги саводхонлик талаби қўйилишини зарур деди.
“Буни мажбурий талаб бўлиши керак деб ҳисоблайман. Бундай талабни фақат медиа соҳасида ишга кирмоқчи бўлганларга қўйишади, лекин йўқ, у ҳаммадан талаб қилиниши керак. Айниқса, давлат идораларида. Нега инсонлар фарзандларини фақат рус, инглиз мактабларида ўқитишяпти, чунки, чет тилисиз ўз мамлакатимизда иш тополмай, ҳеч ким бўлиб қоляпмиз. Тилнинг мавқеи меҳнат бозоридаги ҳолат билан узвий боғлиқ деб ҳисоблайман”, дея таъкидлади у.
Мадинанинг сўзларига кўра, Алифбо масаласида ҳам якуний қарор қабул қилиниши керак. У “лотинчадаги ғ, ў ларнинг машмашаси одамларни оддий лотин алифбосида иш юритишда иккилантиряпти” демоқда.
Яқинда пойтахтдаги “Япона Мама” овқатланиш тармоғи жамоатчиликнинг норозилигига учраб ўзининг таомнома, реклама ҳамда хизматларини ўзбек тилида ҳам амалга оширишга ўтди.
“Тошкентда “премиум”ликка даъвогар кўплаб кафе, дўкон, салон мана шунақа жойларда ходимлар фақат рус тилида мурожаат қилишади. Ўзбек тилида гапирсангиз, уларда кибр, очиқчасига менсимаслик энг юқори ўринда. Давлат тилининг мавқеи оширишда ишлари аввало мана шундай кичик қадамлардан бошланиши керак”, ёзиб қолдирди у.

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
Bosqichma-bosqich o‘zbek tilining ahamiyatini oshiradigan qonunchilik bazasini yaxshilash va uni ijrosini ta’minlash zarur.
Asaxiy.uz асосчиси Фируз Аллаевнинг таъкидлашича, рус тилига қарши курашиш эмас, аксинча ўзбек тилини бойитиш ва унинг аҳамиятини ошириш ҳақида кўпроқ ўйлаш керак. Фақат шу йўл билангина бу масалада яқин ва узоқ муддатда яхши натижалар олиш мумкин.
“Босқичма-босқич ўзбек тилининг аҳамиятини оширадиган қонунчилик базасини яхшилаш ва уни ижросини таъминлаш зарур. Тепада айтдим, катта авлод тил ўрганиши жуда қийин. Лекин, янги авлодни ўзбек тилини ўрганишга мажбурлаш имкони бор”, дейди у.
Бу масалада Аллаев қўшни Қозоғистон тажрибасини мисол қилиб келтирди. Унга кўра, Қозоғистоннинг 2023-2030-йилларга мўлжалланган тил сиёсати стратегиясида босқичма-босқич қозоқ тилини билмаганларни давлат секторига ишга олмаслик кўзланган.
“Бизда ҳам худди шунга ўхшаб, давлат секторида ишлашни хоҳлайдиган 30 ёшдан кичик авлодга тил талабини қўйсак бўлади. Шунда қонун ҳозирда амалда ўзбек тилисиз ишлаётганларга таъсир қилмаса-да, келажакда ишлаш учун аста-секин ўзбек тилини ўрганишга мажбур бўлишади. Шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро конференцияларда ўзбек тилини мажбурий асосий тил қилиш каби бир нечта яхши инструментлар бўлиши мумкин. Яна бир муҳим қарор, асосий таълим тилидан қатъий назар, университетда ўқиш учун ўзбек тили сертификати мажбурий қилиниши мумкин”, дея таклиф билдирган Asaxiy.uz асосчиси.
Тадбиркор ўзбек тилини ўрганиш учун қулай воситалар, бепул курслар, дарсликлар, видео дарсликлар яратиш зарурлигини муҳим қадам деб атади.














