Ўзбек тили куни: Лотин ёзувига тўлиқ ўтилади ва Сенатда нима гап? - O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Ўзбек тили куни: Лотин ёзувига тўлиқ ўтилади ва Сенатда нима гап? - Қийноқлар, бюджетни талон-тарож қилиш ва пичоққа қарши қонун. bbcuzbek.com дайжести.
21 октябрь - ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун ва Ўзбек тили байрами куни арафасида президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилини янада ривожлантиришга оид фармон имзолаган.
«Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланган
Фармонда Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.

Сурат манбаси, official
Фармон билан мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва олий таълим муассасаларида ўзбек тилли гуруҳлар, кафедралар сонини ошириш ҳамда ўзбек тили фанини ўқитиш кўламини ошириш кўзланмоқда.
Бундан ташқари хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш, кўп жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг тўлдирилган янги нашрини тайёрлаш вазифалари ҳам белгиланган.
2020 йилнинг апрель ойида президент томонидан имзоланган қонун билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланган эди.
Бир вақтнинг ўзида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мамлакат аҳолисини табриклаган.
У ўзбек тили дунёнинг йирик тилларидан бирига айланиб бораётганини таъкидлаб, «янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тили ҳаётбахш қудратига таянилиши»ни билдирган.
Мурат Камалов - Сенат раиси ўринбосари

Сурат манбаси, official
21 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлаган.
Мажлисда Сенат Раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлишига оид конституцион нормага кўра, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов айни лавозимга сайланган.
Камалов 2 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Жўқорғи Кенгес навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари этиб сайланган эди.
Мурат Камалов 2018 йилдан 2020 йил августига қадар Давлат хавфсизлиги хизматининг Қорақалпоғистон бўйича бошқармасига бошлиқ бўлган.
Жўқорғи Кенгеснинг аввалги раиси Муса Ерниязовнинг шу йилнинг июль ойида вафот этиши ортидан Камалов Қорақалпоғистоннинг тўртинчи раҳбарига айланган эди.
Сенат хабарига кўра, Камаловнинг Сенат раиси ўринбосари этиб сайланиши учун 72 овоз берилган.
Камаловнинг отаси Қаллибек Камалов ҳам 21 йил давомида Қорақалпоғистонни бошқарган.
Олий Мажлис юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурасига парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Қийноқлар ва ОАВ билан ҳамкорлик

Сурат манбаси, official
Сенат мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний муомала жиноятлари бўйича парламент сўрови натижалари муҳокама қилинган.
Натижаларга кўра, ички ишлар органларининг 468 та маъмурий биноси, 91 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 13 та махсус қабулхона, 12 та реабилитация маркази, 43 та жазони ижро этиш муассасаси, 11 та тергов ҳибсхонасида жами 9,547 та кузатув камераси ўрнатилган.
Прокуратура органлари томонидан эса 2020 йилнинг 7 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5,116 та текшириш ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2,783 та тақдимнома киритилган.
Сенат мажлисида ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш зарурлиги маълум қилинган.
Шунингдек, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув дастури ишлаб чиқиш муҳимлиги билдирилган.
Август ойида ўтган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш жиноятлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Бюджетни талон-тарож қилиш ва депутатлар

Сурат манбаси, official
Сенат раиси Танзила Норбоева 21 октябрь куни бюджетни тўғри сарфлаш ва харажатлар шаффофлиги тўғрисида ҳам гапирган.
У, эндиликда, харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилиниши ва ушбу талабга риоя этишларини назорат қилиш эса, парламент палаталари ва маҳаллий Кенгашлар томонидан амалга оширилишини таъкидлаган.
Норбоева бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масаласи Тошкент вилояти мисолида ўрганилганда жуда кўп тизимли муаммолар аниқланганини билдирган.
«…бюджет маблағларининг тўғри сарфланишига оид саволлар фақатгина ижтимоий тармоқларда эмас, балки биринчи навбатда парламент минбаридан туриб, халқ вакиллари томонидан берилиши керак», деган у.
Пичоққа қарши қонун

Сурат манбаси, official
Сенат мажлисида фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учраётгани тилга олинган.
Маълум этилишича, 2020 йилнинг 6 ойида жамоат жойларида 14,957 та совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган предмет аниқланган: шундан 12,762 таси ёки 85 фоизи пичоқ ва қолгани бошқа турдаги предметлардир.
«2020 йилнинг 8 ойида айнан ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган бўлса, шундан 168 таси ёки 31 фоизи қотиллик, 289 таси, яъни 53 фоизи оғир тан жароҳати етказиш каби салбий ҳолатлар юз беришига олиб келган», дейилади Сенат хабарида.
Шу сабабдан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиб, совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни касбий фаолият ва хўжалик-маиший мақсадлардан ташқари ҳолларда жамоат жойларида кўтариб юришга нисбатан жазо ва жарималар белгиланмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















