Ўзбекча феминизм: тараққиёт белгисими ё ижтимоий таҳдид? Видео

- Author, Фирдавс Завқиев
- Role, Би-би-си мухбири
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2021 йили 179 аёл зўравонлик оқибатида оламдан ўтган. Тошкентдаги "NeUyat" кўргазмасида намойиш қилинаётган Анна Иванованинг қўғирчоқлар инсталляцияси зўравонлик қурбони бўлган ушбу 179 нафар хотин-қизларни тимсол қилади.
Кўргазма ташкилотчиларига кўра, жамиятда аёлларнинг ўз ҳуқуқини талаб қилиши беҳаёлик деб кўрилади. Оиладаги зўравонлик ҳақида гапириш итоатсизликка йўйилади. Аёлларга нисбатан адолатсизлик "уят" деб аталадиган умум қадрият ортига беркинаркан, аслида уялиши керак бўлган жиноятчилар жазосиз қоладилар.
Айни шу сабаблардан ҳам, кўргазма "Зўравонлик қурбони эмас, зўравон бўлиш уят" деган қарашни ўз шиорига айлантирган. Фаоллар, гап унинг ҳақ-ҳуқуқи ва эркинлиги ҳақида борар экан, ҳеч бир хотин-қиз сукут сақламаслиги керак, дея таъкидлайдилар.
Бироқ айни шу нуқтада Ўзбекистонда жамоатчилик турфа қутбларга бўлинади. Бир томон эскирган стереотиплар аёллар учун жиддий хавфлигини таъкидлайди. Бошқалар эса янги гендер қарашлари анъанавий турмуш тарзига зарба беришидан ёзғиради.
Сенат раиси Танзилла Норбоева аёлларга нисбатан тазйиққа барҳам бериб, гендер тенглигига эришиш тараққиётниг бир қисми эканини айтган. Бироқ собиқ депутат Расул Кушербаев бундай ёндашув эркаклар доминантлигининг йўқолишига олиб келишидан хавотир билдирган. Шоира Тилланисо Нурёғди эса гендер тенглиги на ҳукумат, на эркаклар аралашувисиз, фақатгина аёллар уйғониши фонида юз бериши керак, деб ҳисоблайди.
Ўз навбатида, холис ёндашувга муҳтож бўлган Ўзбекистондаги гендер тенглиги мавзуси воқеликка уч хил нуқтаи назар билан қараётган уч тоифа орасида қолмоқда: ҳукумат гендер лойиҳаларига ҳомийлик қилишни истайди; мутаассиб қатлам тенглик борасидаги барча қарашларни рад этади; феминист гуруҳлар эса гендер фаоллик ҳукумат буюртмаси билан эмас, аксинча, жамиятнинг ичидан отилиб чиқиши керак деган қарашда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳукумат нега аралашади?

Сурат манбаси, .
Оилавий зўравонлик ўзбек оилалари учун бегона мавзу эмас. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили маиший зўравонлик билан боғлиқ ўртача 14-15 минг ҳолат қайд этилади. Уларнинг баъзилари жиддий тана жароҳатлари билан якунланса, баъзилари фожиали ўлим билан тугайди.
Шунга қарамай, маиший тазйиқлар ҳақида ҳар доим ҳам очиқ гапирилмайди. Кўпчилик бу воқеликларга турмушнинг одатий қисми сифатида қараб ўрганган.
Бироқ 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, бу мавзу сиёсий кун тартибидаги масалалардан бирига айланди. Баъзи сиёсатчилар қабили билан айтганда, шу вақтга қадар "ҳатто гендер тенглик сўзини ишлатиш мумкин бўлмаган" Ўзбекистон учун бу катта бурилиш эди.
2019 йилга келиб, Танзилла Норбоеванинг Сенат раиси сифатида сайланиши мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди. Кейинчалик эса бир неча туман ва шаҳарларга аёл ҳокимлар тайинланди.
Бошқарув ўринларида аёлларни қамраб олиш, хоҳ табиий, хоҳ сунъий йўл билан бўлсин, амалга оширилган эса-да, жамиятнинг бошқа жабҳаларида аёлларга бўлган муносабат аввалгидек қолаверди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистондаги аёлларнинг 70 фоизи (оиласидаги) эркаклар орасида "аёллар фақат уй ишлари ва болалар билан шуғулланиши керак," деган фикр мавжудлигини тасдиқлаган.
Табиийки, асрлар давомида шаклланган ушбу қарашлар атиги бир неча йил ичида буткул ўзгармайди. Бунинг юз бериши учун узоқ вақт ва муттасил фаоллик талаб қилинади. Бироқ, Ўзбекистон мисолида вазият бироз чигал. Аёлларга нисбатан иккинчи даражали шахс сифатида қараш фақатгина эркаклар эмас, балки аёллар орасида ҳам мавжуд.
Гарчи Сенат раиси Танзилла Норбоева мамлакатдаги гендер ҳаракатларига аёллар доминантлигини ошириш учун эмас, аксинча, фақатгина тенгликка эришиш учун дея изоҳ берган бўлса-да, баъзи фаоллар ушбу лойиҳаларга ҳануз радикал қиёфа беради. Улар орасида расмийларни Ғарб ақидаларини ёйишда айблайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Жумладан, собиқ депутат Кушербаев гендер тенглик лойиҳалари "четдан" "тиқиштирилаётган"лигини урғулаган. Кушербаев бу хусусида аниқ тафсилотларни очиқламаган бўлса-да, унинг ушбу чиқиши жамоатчилик орасида очиқ юз билан кутиб олинган.
Эркаклар ҳам кўмакка муҳтожми?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Хусусан, баъзи кузатувчилар ҳукумат лойиҳаларида аёлларга нисбатан ёнбосишлар ҳаддан ортиқлигини таъкидлайди. Уларга кўра, Ўзбек жамиятида аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ ёрдамга муҳтож. Сабаби, асрий эркаклик масъулиятлари билан тарбияланганлар кўп ҳолларда руҳий муаммолар билан курашадилар.
Ёш шоир Абдураҳмон Эргашев шундай сатрларни ёзган: "Йигитларга қийин бўлди, Лайли. Гуманитар ёрдам сизга, бизлар ўлсак мотам сизга, тинчлик – қизларга, уруш – бизларга, иш ўрни – қизларга, автобус тўри – қизларга, ҳар нени зўри қизларга..."
Унинг таъкидлашича, жамиятда аёллар фаровонлигига эришиш учун эркаклар фаровонлиги ҳам таъминланиши керак. Булар ҳар иккиси узвий боғлиқ. Ўзбекистонда эса аёллар билан бир қаторда эркаклар ҳам жиддий кризисни бошдан кечирмоқда.
"Оилавий зўравонликларнинг кўпчилиги, аслида, биз пайқамайдиган, аммо талаб қиладиган 'эркакча' нормалардан келиб чиқади," дейди у, "Аслида, эркаклар ҳам маънан кучсиз бўлиши, ишсиз қолиши, уйга пулсиз қайтиши каби ҳолатларни тўғри қабул қилишимиз керак."
БМТ ўрганишларига кўра, Ўзбекистонда эркаклар билан боғлиқ суицид ҳолатлари аёлларга қараганда икки баравар кўп. Бу мос равишда эркаклар орасида 12 фоиз, аёллар орасида эса 6 фоизни ташкил қилади.
Мақолани ёзиш давомида аҳолидан айни шу борадаги фикрларини сўраганимда, қатнашувчиларнинг деярли барчаси аёллар орасида суицид ҳолатлари кўпроқ деган жавобни маъқуллади. Баъзилар ҳатто статистика маълумотлари ҳақида шубҳа ҳам билдирди. Кўринадики, бу борада жамоатчилик орасида ҳақиқатан муболағали қараш мавжуд.
"Медиа ташкилотлар аёлларни кўпроқ жабрдийда томон сифатида кўрсатишга мослашган. Гарчи эркаклар билан боғлиқ муаммолар кунора юз берса-да, ушбу воқеликлар шунчаки эътиборсиз қолдирилади," дейди Абдураҳмон Эргашев.
Аёллар қандай уйғонади?
Гендер фаоллар эса Ўзбекистонда жинсий тенглик ҳақидаги қарашлар буткул янглиш талқин этилаётганидан нолийди. Ўзбек жамиятида фикр ёки иқтисодий эркинлик борасида ҳар икки жинснинг имкониятлари чекланган бўлса-да, бироқ, ижтимоий қадриятлар эркакларни мустақил, аёлларни эса тобе қатлам ўлароқ тавсиф этади.
Шоира Тилланисо Нурёғди феминист ҳаракатларнинг туб мағзи аёлларни уйғотиш эканлигини таъкидлайди.
"Феминизм – бу сиёсий ҳаракат.
Тенглик – аёллар ўзлари курашиб, тортиб олиши керак бўлган ҳуқуқ. Аммо улар қачон ва қандай уйғонади? Мана шу савол," дейди у.
Кузатувчиларга кўра, ахборот алмашинуви тезлашган ва ижтимоий тармоқларда радикал чиқишлар кўпайган бир вақтда гендер муносабатларида ҳам диний қарашлар устунлик қилаётгани кузатилади. Тармоқларда кўп хотинлилик ва оилавий зўравонликни тарғибот қилувчи ижтимоий контентлар эса ўзбек жамоатчилиги учун янгилик бўлмай қолган. Ҳукуматнинг бу борадаги жазо нормалари қайсидир маънода етарли эмасдек.
Шунингдек, кўпчилик аёллар гендер ҳаракатларни исломий қадриятларга зид деб ҳисоблайди. Аҳолисининг 90 фоизидан ортиғини мусулмонлар ташкил қиладиган Ўзбекистонда ушбу мулоҳаза сабабидан ҳам тушунмовчиликлар юзага келади. Баъзи диндорлар гендер тенглик борасидаги лойиҳаларни диний масалаларга аралашиш ва Исломга қарши тарғибот ўлароқ қабул қилади.
"У (феминизм) бизнинг оила қадриятларимизга қарши (дейишади). Лекин феминизмни нима қизиқтиради? Зўравонликка учраб ўлаётган аёллар", дейди шоира Тилланисо Нурёғди.
Аёлларга қарши зўравонлик муаммосига яна бир бор эътибор қаратишни истаган фаолларга кўра, мамлакатда хотин-қизларнинг кўпчилиги уларнинг вазифаси рўзғор ишларидан бошқа нарса эмаслиги ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлайди. Анъанавий қадриятларга асосланган Ўзбек оилаларида эса бу тарбиянинг бир қисми. "Қиз бола бировнинг хасми" қабилидаги мақоллар умумхалқ қадриятлари даражасига чиққан.
Кўргазма ташкилотчиларига кўра, йилига минглаб аёл зўравонликка учрайди ва юзлаб хотин-қиз жинсий таҳқирлашлар сабабидан вафот этади. Бироқ кўпинча юз берган воқелик учун аёллар айбланади. Қизларга ўз ҳаётлари юзасидан қарор беришга ва очиқ гапиришга рухсат этилмайди.
Фаоллар айни шу камситилишларга қарши.












