BBC 100 Аёл лойиҳаси ва Ўзбекистон: Нимага айнан Дилором Йўлдошева танланди?

Дунёни аёллар бошқарганида унинг бугунги аҳволи қандай бўлар эди? Тинчроқ, адолатлироқ, балки шафқатсизликлардан холи?
Энди,тасаввур қилишдан тўхтанг! Чунки аёллар аллақачон, турфа йўллар билан дунёни бошқармоқда. Улар инновацион тадқиқотлар олиб боришмоқда, кучли ҳаракатларга етакчилик қилишмоқда, янги бизнес ғоялари асосида атрофдагиларнинг ҳаётларини ўзгартиришмоқда ва ўзларининг жасорати ва матонати билан миллионлаб одамларга илҳом бахш этишмоқда.
Мана 10 йилдан зиёд, BBC эса ҳар йили келажагимизни шакллантираётган 100 та ажойиб аёлни эътироф этади. Бу аёлар BBCнинг 100 Аёл рўйхатида келтирилган йўлбошчилар, фикр етакчилaри ва тараққиёт ҳимоячиларидир.
Ушбу лойиҳанинг бу йилги рўйхатига Сурхондарёдан Дилором Йўлдошева ҳам кирди.

Дилоромнинг ҳаёт ҳикояси билан сизни аваллароқ таништирган эдик.
Баъзан қийинчиликлардан шикоят қилиб, руҳан тушкунликка тушиб қолиш инсонга хос. Шундай пайтларда аёллик кучи ва иродасига таяниш кераклигини Дилором каби аёллар исботлайди. Уларнинг ҳаёт ҳикояларини сизлар билан бўлишадиган 100 аёл лойиҳасидан ҳамкасбим Ребека Торн билан олдинроқ суҳбатлашдим.

BBC 100 аёл лойиҳаси ҳар доим турфа қатламлардан бўлган илҳом берувчи аёллар рўйхатини тақдим этади. Рўйхатга саралаш жараёни ва мезонлари ҳақида бироз гапириб берсангиз. Бутун бошли бир миллат аёлларига хос қадриятларни тамсил қилувчи бир кишини танлашда адолатли бўлишни таъминлашда нимага таянасиз?
Ребека: Жараён шундан иборатки, бу лойиҳа устида ишлаш учун бир қанча продюсерлар йиғилиб, йил сарҳисобини қилишади. Дунёда ижобий ўзгаришларга ўз таъсирини ўтқазган аёллар ҳақида маълумотлар йиғишни бошлаймиз. Хоҳ ўзларининг кичик жамоаларида, хоҳ бутун дунёда бўлсин, ижобий ўзгаришларга сабаб бўлаётган аёлларнинг жуда узун рўйхатини тузишдан бошлаймиз. Саралаш давомида бу рўйхат илк босқичда юзларга тушишни бошлайди. Жараёнининг озига хослиги эса BBC Жаҳон Хизматида 41 мамлакатнинг маҳаллий тили ва қадриятларни яхши тушунадиган мутахассисларнинг мавжудлигидадир. Бизлар улардан ўзлари ёритадиган мамлакатдан қойилмақом ишлар қилаётган аёлларни тавсия қилишларини сўраймиз. Бу лойиҳа BBC 100 аёл жамоаси ва BBC Жаҳон Хизмати ҳамкорлигида бир ойлик қаттиқ меҳнат натижасида юзага келади. Биз аёлларни танлар эканмиз, бутун минтақаларни қамраб олишга, аёлларнинг келиб чиқиши, ёши,диний ва сиёсий қарашлардаги турфахилликка интиламиз. Булар биз учун муҳим мезонлардир. Дунёда улкан ижобий ўзгаришларга сабаб бўлаётган турфа хил қатламлардаги аёлларни тақдим этамиз.
BBC 100 аёл дунё бўйлаб эътироф этилган ва ўбрўга эга лойиҳа. Хоҳ,аёлларга хос муаммоларга диққатни қаратиш бўлсин, хоҳ бошқа аёлларни илҳомлантириш бўлсин, Ушбу лойиҳа яратадиган ижобий натижалар сарҳисобини қай тарзда амалга оширасиз?
Ребека: Бу лойиҳа яратадиган ижобий таъсирларни кузатиш усулларимиздан бири, рўйхатни эълон қилганимиздан кейин унга киритилган аёллар дунё бўйлаб BBC дан бошқа янгиликлар сарлавҳаларидан қанчалик ўрин олганлигини кузатиш. Яна муҳим бир мезон, рўйхатга киритилган аёллардан келадиган фикр-мулоҳазалар. Биз улардан бу аёллар алалоқибат овозлари эшитилганлигини, эътироф этилганликларини, мукофотларга лойиқ топилганликларини эшитамиз. Бу лойиҳанинг асл мақсади ҳам, одатда медиа орқали оммага танитилмаган ва аслида жамият учун жуда фойдали ишлар қилган аёлларни танитиш. Охирги баёнотларга кўра, медиада кўриладиган, эшитиладиган ва ўқиладиган хабарлар қаҳрамонларининг атиги 25 фоизини аёллар ташкил қилади. Ҳайрон қоларлиси, ҳали ҳам аёлларнинг жуда кам сонда тамсил қилиниши. Бизнинг вазифамиз эса, айнан аёлларни кўпроқ медиада тамсил қилиш ва уларнинг ҳаётий ҳикояларига ўрин бериш.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ушбу лойиҳада бир қанча муддат ишлаб келар экансиз, шубҳасиз кўплаб жуда кучли аёлларнинг ҳикоялари билан танишгансиз. Айнан сизга таъсир қилган, қалбингиздан жой олган аёл ҳикояси борми?
Ребека: Менинг қалбимга яқин бўлган аёл, Суданлик шифокор- акушер Сафа Али. Яқинда Суданда авж олган уруш сабаб, унинг кўпчилик ҳамкасблари ўз хавфсизликларини ўйлаб, мамлакатни тарк этишган. Сафа эса ҳомиладорлиги сабаб Судандан чиқиб кета олмаётган аёлларни ташлаб кета олмаган. Бу аёллар унинг ёрдамига муҳтожликларини ҳис қилиб, уларга ғамхўрлик қилишда, туғруқларни қабул қилишда давом этган. Ҳатто шифохона ўққа тутилганида ҳам уларни ташлаб кетмай, аксинча эвакуация қилишга ҳам эришган. Ҳайратланарлиси, бошқа аёлларнинг ҳаёти учун, ўз ҳаётини хавф остига қўйган. Мен учун бу аёллар кўрсатиши мумкин бўлган ирода ва матонатнинг яққол кўринишидир. Шунингдек бу рўйхатда бўлган аёлларнинг барининг ажойиб фаолиятлари, фидокорлиги, бошқаларнинг ҳаётини яхшилаш учун қиладиган саъй-ҳаракатлари юксак ҳурматга лойиқ.
Ўзбекистондан танланган аёл, Дилором маҳаллий медиада ҳам катта эътибор топди. Бу аёлни айнан қайси жиҳатлари сизнинг рўйхатингиздан жой олишига сабаб бўлди?
Ребека: Дилором ирода ва матонат соҳиби аёл сифатида диққатимизни тортди. Биз қидираётган хислатларнинг бари унда мужассам эди. Йиғим-терими пайтида юз берган бахтсиз ҳодисада оёқларини йўқотганига қарамай, ҳаётдан юз ўгирмаган. Тикувчилик қилишни бошлаган. Фақатгина тикувчилик қилиб қолмай, тадбиркорлик ҳам бошлаган. Ресурсларни бошқариш, бошқа аёлларга сармоя киритишни йўлга қўйган. Кенгайиб бораётган бизнеси билан, нафақат ўзининг, балки бошқа аёлларнинг ҳам ҳаётларини яхшилаб келяпти. Бундай бахтсиз ҳодисаларда инсонлар ҳаётларини ўнглаб олишга ҳам қийналар экан, Дилоромнинг ўзидан бошқа аёлларга ва жамиятига катта фойдаси теккани бизни лол қолдирди.
Бу йил давомида дунёда бўлаётган зиддиятлар сабаб, аёлларнинг руҳий соғлиғига жуда катта путур етди. Депрессия, қайғулар, жисмоний соғлиққа бўлган таҳдидларга қарамай бундай аёллар иродаси ва матонати сабаб энг катта қийинчиликларни енгиб ўтиб, нафақат ўзларининг балки атрофдагиларнинг ҳам ҳаётларини ижобий ўзгартиришмоқда. Ўзлари мисолида, бутун жамиятнинг муаммосини ҳал қилишга, ҳаракат қилишмоқда.
Сизда ҳам аслида кенгроқ ёритилиши керак бўлган, лекин фақат аёлларга хос деб билингани учун етарлича эътиборга олинмаётган мавзулар ҳақида фикрларингиз бўлса, бизга ёзинг.












