Президент BBC 100 Aёл рўйхатига кирган ўзбек аёли Дилоромни орден билан мукофотлади (видео)

Dilorom

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, У ўзининг ана шу ҳаётидан ва ишидан мамнун эди. Аммо бир мудҳиш ҳодиса Дилоромнинг ҳаётини остин-устун қилиб юборади.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев BBC 100 Aёл рўйхатидан ўрин олган ўзбек аёли Дилором Йўлдошевани "Мардлик" ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармон чиқарди.

" … ўзининг мустаҳкам иродаси, юксак матонати ва ишбилармонлик фазилатлари билан қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлаш, даромадларини оширишда ташаббускорлик ва шахсий намуна кўрсатиб келаётгани, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, қобилиятларини рўёбга чиқариш, ёшларни меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун…" Дилором Йўлдошева "Мардлик" ордени билан мукофотлангани айтилади фармонда.

BBC 100 Aёл рўйхатига кирган ўзбек аёли Дилором ким?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

“Ёз кунларининг жазирама иссиғида далада ишлаётган қизларни кўриб юрагим чидамасди. Шу аёллар ҳам шинам хоналарда ўтириб, оиласига нафи тегсайди деб орзу қилардим,” дейди қаҳрамонимиз сўнгги бир неча йил ичида ҳаётида юз берган эврилишларнинг бари орзулар билан бошланганини урғулаб.

Дилором Йўлдошева ҳозир қирқ ёшда. У Ўзбекистон жанубидаги Денов туманидан. Шу ерда туғилиб, вояга етган. Дилором бошқа қишлоқ аёллари каби далада кетмон чопиб, пахта териб, хўжалик ишларида эркаклар билан тенг меҳнат қилганини айтади.

Дилором Йўлдошева Ўзбекистонда Адлия вазирлиги ижтимоий лойиҳаси орқали илк бор жамоатчилик назарига тушган.

Далада ишлаб, рўзғорига ёрдам берган.

У ўзининг ана шу ҳаётидан ва ишидан мамнун эди. Аммо бир мудҳиш ҳодиса Дилоромнинг ҳаётини остин-устун қилиб юборади.

Қуйида илова қилинган YouTube линкимизни босиб, Дилором Йўлдошева ҳақида Ўзбекистоннинг ўзида ишланган ва ҳаётий воқеаларга асосланган фильм билан ҳам танишинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

dilorom

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Икки оёғидан айрилганидан сўнг Дилором оиласига қандайдир йўл билан ёрдам бериш ҳақида тинмай ўйлай бошлайди.

2022 йил. Йиғим-терим мавсуми кирар экан, ҳар доимгидек далада иш қайнайди. Экин майдонларига қатнаш Дилоромнинг кундалик вазифасига айланади. Бир маҳал ўзи ҳашар қилса, бошқа сафар ҳашарчиларга сув-овқат ташийди.

Одатий кунларнинг бирида ҳашарчи комбайнчиларга ёрдам бериш тараддудида у яна далага боради. Комбайннинг плуги томонга ўтиб, сомон ташлар экан, айни шу дақиқаларда фожиа юз беради. Узун халатининг бир учи ҳаракатланаётган плугга илашиб қолади. Плуг эса аёлнинг оёғини олиб кириб кетади.

Киприк қоқиб улгурмас вақт ичида Дилором ҳар икки оёғидан айрилади (У — ҳозирда биринчи гуруҳ ногирони). Аммо бу унинг ҳикояси учун якун эмас. Аксинча, ҳаммаси шундан кейин бошланади.

Мудҳиш воқеликнинг юз бериши бутун оила учун фожиа эди. Кечагина икки оёқда тик туриб, меҳнат қилиб юрган Дилором учун буни қабул қилиш осон кечмади.

Ўзига бўлган ишончнинг йўқолиши ва оиласининг тақдири ҳақидаги ўйлар уни ўз домига тортиб улгурганди. Аввалига ўз ҳаёти ва танаси ҳақида умидсизлик гирдобида қолган бўлса, вақт ўтган сайин унинг фикру ёдини бошқа ташвишлар ҳам эгаллаб борди.

Дилором оиласининг моддий аҳволи ва фарзандларининг келажагидан хавотирланарди. Айни шу хаёллар уни яна ҳаётга қайтишга ва нимадир янгилик қилишга ундади. У ҳаётида ўзгариш қилишни мақсад қилганди, аммо ушбу ўзгаришларни нимадан ва қандай бошлашни билмасди.

BBC Uzbek
Aslida, men qizlik davrimdan tikuvchilik qilardim. Katta roʻzgʻorga kelin boʻlib tushgach, uni toʻxtatishimga toʻgʻri keldi. Roʻzgʻor ishi, qaynona xizmati, bola-chaqa deganday…
Dilorom Yoʻldoshev
Tikuvchi va tadbirkor (Batafsil: bbc.com/uzbek)

“Бир йилча ҳеч ўзимга келолмадим. Эрталабдан кечгача куним на боши, на охири йўқ ўй-фикрлар билан ўтарди. Аммо кейин оиламга ва болаларимга кераклигимни тушундим. Яна ҳаракатга қайтишни хоҳладим. Мени нима кутаётганини эса билмасдим,” дейди у.

Бу бир йил Дилором Йўлдошева учун оғриқли кечгани бор гап. Бироқ, ушбу вақт ичида яшалган кунлар унга ўтган умрини тафтиш ва таҳлил қилишга ҳам фурсат берди. Экин-йиғин ташвишларидан бўшаб, ўз устида фикр қилишга ҳеч вақт топмаган Дилором айни шу кунлар ичида болалик орзуларию, далада кетмон чопиб қилган ҳавасларини эслайди.

Унда тикувчилик қилиш фикри туғилади.

“Аслида, мен қизлик давримдан тикувчилик қилардим. Катта рўзғорга келин бўлиб тушгач, уни тўхтатишимга тўғри келди. Рўзғор иши, қайнона хизмати, бола-чақа дегандай… юмуш ортган эди. Оиланинг асосий даромади даладан келгани учун кейинчалик мен ҳам шу ишга киришдим.

Кетмон чопганман… Тикувчилик қизиқишим унутилиб қолганди,” деб хотирлайди у. Дилором инсон ҳаёти муҳитга мослашиб, ўзгариб кетаверишини таъкидлайди.

Қаҳрамонимиз аввалига вақт ўтказиш ва “юракни еб битирадиган” хавотирларидан қочиш учунгина тикувчилик билан шуғулланишни бошлайди. Бироқ, у тиккан кўйлаклар қўшни аёлларнинг кўнглидан жой олиши ҳеч ҳам хаёлига келмаган эди.

Овсинлар ва маҳалладагилар буюртма бера бошлашди. Тез фурсат ичида унинг кўйлаклари довруғи бутун қишлоққа ёйилди.

dilorom

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Дилоромнинг кўйлаклари довруғи тез орада бутун қишлоққа ёйилди.

Дилором кунора келувчи буюртмалардан қишлоқда тикувчиликка талаб анча катта эканлигини тушунади. У кичик дўкон очишга қарор қилади.

Бироқ, кун сайин ортиб бораётган буюртмалар бир томондан уни хурсанд қилса, бошқа томондан анча кучини сарфлашга ундарди. Шу пайт Дилором ўзига ёрдамчи олиш учун тикувчиликни биладиган қизларни излайди.

Қарабсизки, маҳаллада бундай аёллар бармоқ билан санарли эди.

“Ёз кунларининг жазирама иссиғида далада ишлаётган қизларни кўриб юрагим чидамасди. Шу аёллар ҳам шинам хоналарда ўтириб, оиласига нафи тегсайди деб орзу қилардим. Ўзи учун тикса қандай яхши, кимгадир пул бериб харажат қилмайди. Шу иш билан шуғулланай деса ҳам оиласига қўшимча даромад,” дейди Дилором унда тикувчилик мактаби очиш ҳақида ғоя пайдо бўлган илк кунларни эслаб.

Кўп ўтмай мактаб очилди. Аввалига қўшни қизлар, кейинчалик эса бошқа маҳалладагилар ҳам хабар топиб, қатнай бошлади. Дилором Йўлдошева шу вақтга қадар тикувчилик мактабида 50га яқин қизларни ўқитди. Уларнинг кўпчилиги турмушга тайёрланаётган қизлар бўлганлигини айтади у.

Баъзилари маҳалладан бўлса, баъзилари қўшни қишлоқлардан келишган. Курсни битирганларнинг кўпчилиги аллақачон ўзлари мустақил фаолият билан шуғулланишади. Бир нечтаси эса Дилором билан бирга ишлайди.

Дилором ўқитиш курсларини шу билан якунлагани йўқ. Ҳозир ҳам унинг қўлида 15 дан ортиқ қизлар таълим олади. Уларнинг баъзилари мактабнинг юқори синф ўқувчилари. Мактабдан бўш вақтларида Дилоромнинг хонадонида ҳунар ўрганишади.

“Мактабдан кейин университетга боришга ҳамманинг ҳам қурби етмайди, лекин бу ёш қизлар далага чиқиб ишлаши керак дегани ҳам эмас. Ҳунар ўргансин, уйида ўтириб даромад қилсин,” дейди Дилором.

Бу орада тикувчилар сони ошиб, дўконнинг ҳажми кенгайди. Дилором Йўлдошева ҳам кўйлак тикиш билангина чекланиб қолмади. У ўз фаолиятини янада кенгайтирди. Маҳаллий ташкилотлар ва мактаблар билан умум-форма тикиш бўйича шартномалар имзолашга эришди.

dilorom

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Дилором аёлларга ўз орзусига эришиш йўлида ёрдам беришни исташини айтади.

Бир қанча вақт олдин ёлғиз тикувчилик қилиб, ойига 1.5 миллион ($120) атрофида пул топган бўлса, унинг ҳозирги даромади 15 миллиондан ($1,200) ошади.

Бу даражага етгунга қадар ўтган жараёнлар эса ҳар доим ҳам осон кечмади. У ёки бу қийинчиликлар Дилоромнинг иш фаолиятинида четлаб ўтмади. Бироқ, булар уни тўхтатиб ҳам қўёлмади.

“Қийинчилик ҳамманинг ҳаётида бўлади. Қийналдим, деб ўтирганимда эди, ҳозир бу даражага етмасдим. Мен ҳаракат қилдим ва бу билан ҳам тўхтаб қолмайман,” дея таъкидлайди у.

Дилоромнинг эндиги мақсади дўконни ҳозиргиданда кенгайтириш ва қўшимча жиҳозлар олиб келиш. У ўзи таълим бераётган аёл-қизларнинг иложи борича кўпроғини ўз бизнесида олиб қолишни истайди.

Дилором тобора кўпроқ аёллар тикувчиликка қизиқиш билдираётганини айтади. Муаммо эса шароит ва имкониятнинг чекланганлигида.

Қишлоқ аёллари ҳам ўзлари учун яхши ҳаёт ярата олиши ҳақида гапирар экан, Дилромда қайғуриш сезилади. Унинг овози секин пастлаб боради:

“Маҳалладаги аёллар билан гаплашарканман, уларнинг орзулари ҳақида сўрайман. Баъзида уларнинг ўзи бу ҳақида гап очиб қолишади. Улар ҳам ёруғ хоналарда, чиройли фабрикаларда ўтириб ишлашни хоҳлайди. Ёзнинг жазирамасию, қишнинг қаҳратонида далада юрмай, бир ҳунар ўрганиб, шу билан банд бўлишни хоҳлашларини айтишади.

Бу уларга орзу бўлиб қолишини хоҳламайман. Улар шу орзуларигада эришолмай кетишларини истамайман… Аёлларга ёрдам берсам дейман.”