ББС 100 аёл: Бу йил рўйхатда кимлар бор?

ББС Жаҳон хизматининг 2024 йилги 100 Аёлидан айримларининг суратлари.

ББС 2024 йилги дунёнинг энг руҳлантирувчи ва катта таъсирга эга 100 Аёли рўйхатини эълон қилди.

Уларнинг орасида Нобель мукофоти совриндори Надия Мурод, жинсий зўравонлик қурбони ва фаол Жизель Пелико, актриса Шэрон Стоун, олимпиячилар Ребека Андраде ва Эллисон Феликс, қўшиқчи Рэй, рассом Трейси Эмин, иқлим фаоли Аденике Оладосу ва ёзувчи Кристина Ривера Гарса ҳам бор.

Ғазо, Ливан, Украина, Судандаги ҳалокатли можаролар ва гуманитар инқирозлардан тортиб, дунё бўйлаб рекорд сондаги сайловлардан кейин жамиятларда юзага келган қутбланишлар қаршисида қолишлари бу йил аёлларнинг янада кучлироқ бўлишларини тақозо этди.

ББСнинг 100 Аёл лойиҳаси атрофларидаги дунё ўзгариб бораётган бир пайтда ўз кучларидан фойдаланиб, ўзгаришларга интилаётган аёлларни олиб чиқиш билан кечаётган йил улар учун осон бўлмаганини эътироф этади.

Исмлар алифбо тартибида эмас

Маданият ва Таълим

Плестиа Алақад

Плестиа Алақад, Фаластин ҳудудлари

Журналист ва шоир

Ғазода уруш бошланган пайтда 22 ёшли Плестиа Алақад энди университетни тугатган эди. Урушнинг илк кунларида Плестиа Исроилнинг шиддатли ҳаво ҳужумлари остида уйида ўзини видеога олиб, кўпчиликнинг эътиборига тушган.

Алақаднинг видеоси оммалашиб кетади. У Ғазо ҳақидаги янгиликлари, шеърлари ва кундаликлари билан Instagramда тўрт миллион фолловер йиғади. Унинг ушбу хабарлари асосида ёзилган "Ғазонинг кўзлари" номли эсдаликлари тез орада нашр этилади.

Алақад 2024 йилда “Йилнинг энг яхши ёш журналисти” мукофотини қўлга киритди. У, шунингдек, Жаҳон ҳукумат саммити каби нуфузли форумларда фаластинликларни ҳимоя қилди.

У 2023 йил ноябрида Ғазони тарк этган. Ҳозирда Алақад Ливаннинг Байрут шаҳрида медиа тадқиқотлари бўйича магистратурада ўқиш имкониятини қўлга киритган.

Светлана Анохина

Светлана Анохина, Россия

Инсон ҳуқуқлари фаоли

Светлана Анохина йиллар давомида маиший зўравонлик қурбонларининг Шимолий Кавказдан қочишларига ёрдам бериб келган. Аҳолиси асосан мусулмон бўлган минтақа Шарқий Европа ва Осиё ўртасида жойлашган.

Бошқа кўнгиллилар қаторида у 2020 йилда “Marem” лойиҳасига асос солган. Лойиҳа Доғистон, Чеченистон ва Шимолий Кавказнинг бошқа республикаларидан хавф остида бўлган аёлларни олиб чиқиб кетиш ишларини ташкиллаштириш, уларга вақтинчалик турар-жой топиш, шунингдек, ҳуқуқий ва руҳий ёрдам беришга қаратилган.

Светлананинг ўзи 2021 йилда, Чеченистон ва Доғистон хавфсизлик кучлари унинг аёллар бошпанасига уюштирган рейддан сўнг Россияни тарк этишга қарор қилган.

Ўтган йили расмийлар унга нисбатан Россия Қуролли кучларини обрўсизлантириш айблови билан жиноий иш ҳам очишган.

Кристина Асси

Кристина Асси, Ливан

Фотожурналист

Фотожурналист Кристина Асси 1990-йилларда Ливанда катта бўлган. У фуқаролар урушидан кейинги доимий беқарорлик даврида улғайган. Бу эса, унинг можароларни ҳужжатлаштириш ва урушнинг айтилмаган ҳикояларини ёритишга бўлган интилишини кучайтирган.

Унинг ҳаёти 2023 йил октябр ойида фожиали бурилиш ясади. Кристина Асси Исроилнинг Ливан жанубига қилган ҳужуми натижасида оғир яраланди.

Портлашда журналист ҳамкасби Иссам Абдуллоҳ ҳалок бўлди, яна беш ҳамкасби яраланди, кейинроқ Ассининг оёғини кесиб ташлашди.

Кечмиши Кристина Ассини журналистлар хавфсизлигини ҳимоя қилишга ундади. У 2024 йилги Париж Ёзги Олимпиадаси машъаласи эстафетасидаги иштирокини хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган барча журналистларга бағишлади.

Евгения Бонетти

Евгения Бонетти, Италия

Роҳиба

Евгения Бонетти 100 дан ортиқ бошпаналарни бошқаришга ёрдам берган. Африкадаги роҳибалар билан бирга одам савдоси ва эксплуатацияси қурбонлари бўлган муҳожир аёлларни қўллаб-қувватловчи тармоқ яратишга кўмаклашган.

У кўп тунларини Римда тана савдосига мажбурланган аёлларга ёрдам бериш билан ўтказган. Одам савдоси ҳақида хабардорликни оширувчи Slaves No More ("Ортиқ қуллар йўқ") ташкилотига президентлик ҳам қилган.

Бонетти Кенияда 24 йилдан ортиқ миссионерлик қилган. Турли давлатларда масъулларга одам савдосига қарши кураш ташаббусларни ишлаб чиқишни ўргатган.

Нафақага чиқишидан олдин Рим Папаси ундан 2019 йилги Хоч йўли ваъзини ёзиб беришини сўраган. Хоч йўли - ҳар йили Колизейда католиклар томонидан Муборак Жума (Good Friday) кунини нишонлаш учун ўтказиладиган муҳим йиллик маросимдир.

Кристина Ривера Гарса

Кристина Ривера Гарса, Мексика/АҚШ

Ёзувчи

Машҳур ёзувчи Кристина Ривера Гарса йиллар давомида кўплаб мукофотлар билан тақдирланган. Унинг фемицид мавзусига бағишланган “Лилиананинг енгилмас ёзи” асари хотиралар номинациясида 2024 йилги Пулитцер мукофотига лойиқ, деб топилган.

Асар синглиси Лилиана ҳақида. Синглиси ўзининг йигити томонидан ўлдирилган. Йигит эса, қочиб кетган ва ҳеч қачон судга тортилмаган. Асар орқали ёзувчи ўз яқинидан айрилиш дардига тўқнаш келади ва дунёда аёллар ўлими даражаси энг юқори бўлган мамлакатлардан бирида адолат излашга киришади.

Ривера Гарса, шунингдек, Хьюстон университетида испан тилида ижодий ёзиш бўйича докторлик дастурининг асосчиси ва раҳбаридир.

Тил билан мунтазам ва мукаммал шуғулланиш керак. Шунда у ҳар қандай воқеага аёлнинг нуқтаи назарини етказа олади ва бу бизнинг чидамлилигимизнинг асосига айланиши мумкин.

Кристина Ривера Гарса

Линда Дрёфн Гуннарсдоттир

Линда Дрёфн Гуннарсдоттир, Исландия

Аёллар бошпанаси бошқарувчиси

Исландия Аёллар Бошпанасида Линда Дрёфн Гуннарсдоттир оиладаги зўравонликлар туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлганларга ёрдам беради.

Исландия кўпинча “аёл бўлиш учун энг яхши жой” сифатида рейтингларда пешқадамлик қилади. Аммо гендер асосидаги зўравонлик даражаси юқорилигича қолаётган мамлакат.

Линда Дрёфн Гуннарсдоттир марказнинг Бош директори сифатида янги маскан очиш лойиҳасига ҳам бошчилик қилаётир. Бу жой Исландиянинг хотин-қизлар учун илк мақсадли қурилган бошпанаси бўлади.

Линда Дрёфн Гуннарсдоттирнинг айтишича, 20 йил олдин бошпанадаги аёлларнинг 64 фоизи охир-оқибат ўз зўравонларига қайтишган бўлса, қўллаб-қувватлаш ва хизматларнинг яхшиланиши натижасида бу кўрсаткич ҳозир 11 фоизга камайган.

Шин Дэве

Шин Дэве, Мьянма

Кинорежиссёр

Мукофотга сазовор деб топилган ҳужжатли фильм устаси Шен Дэве юклари орасидан дрон чиққанида ҳибсга олинади.

У бу йил ҳарбийлар бошқаруви остидаги Мяньмада терроризмга қарши қонунларни бузганликда айбланиб, судга тортилди. Суд ёпиқ ўтди. Шин Дэвега адвокат берилмади ва у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Режиссёр 1988 йилдан бери ҳарбий бошқарувга қарши чиқиб келади ва ҳибслар унга бегона эмас.

Шин Дэви ўнлаб қисқа метражли ҳужжатли фильмларга режиссёрлик қилган. Фильмларидан кўпчилиги халқаро эътиборга тушган. Уларнинг орасида минглаб буддавий роҳиблар ҳам қўшилган хунтага қарши 2017 йилги демократпараст руҳдаги норозилик намойишлари ҳақида ишлангани ҳам бор.

Идания-дель-Рио

Идания-дель-Рио, Куба

Мода бўйича тадбиркор

Clandestina ўз кийимларини жаҳон бозорига онлайн сотадиган биринчи кубалик мустақил мода бренди. График дизайнер Идания-дель-Рио унинг ҳаммуассиси бўлади.

Ширкат президент Рауль Кастро мустақил бизнес ва савдо қоидаларини юмшатган пайтда дунё юзини кўрган.

Гаванада жойлашган кўпчилиги аёл дизайнерлардан ташкил топган жамоа томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Куба маданиятини намойиш этади ва орол ижодкорлигини қадрлашни рағбатлантиришга қаратилган. Дель-Рио ширкатнинг ишлаб чиқариш занжири қайта ишлашни ўз ичига олади ва умуман олганда, кийим тикишда барқарор усуллардан фойдаланишга интилади.

Гавана дизайн институти (ISDI) битирувчиси. У мода бизнесини бошлашдан олдин галереялар, театрлар ва фестиваллар учун плакатлар ясаган.

Йоҳана Баҳамон

Йоҳана Баҳамон, Колумбия

Ижтимоий фаол

Колумбия қамоқхонасига ташрифи актриса Йоҳана Баҳамоннинг ҳаётини ўзгартириб, уни "иккинчи имконият"га муҳтож бўлганлар учун ишлашга илҳомлантирди.

2012 йилда у ўз фаолиятини актёрликдан қамоқхона ислоҳоти тарғиботчисига ўзгартирди. Колумбиялик маҳкумлар ва озодликка чиққанларни қўллаб-қувватловчи Fundación Acción Interna нотижорат ташкилотига асос солди.

Хабар қилинишича, жамғарма бутун мамлакат бўйлаб 150 мингдан ортиқ одам ва 132 қамоқхонани қамраб олган.

Ижтимоий фаол, шунингдек, 2022 йилги “Иккинчи Имкониятлар тўғрисида”ги қонуннинг тарғиботчиси. Бу қонун унинг ўз номи билан танилган. Қонунда қамоқдан чиққанларни иш билан таъминлаш ва таълим олиш имкониятларини яхшилаш учун кўзда тутилган иқтисодий рағбатлар ҳақида сўз боради.

Чидамли бўлиш шунчаки қийинчиликдан кейин яна оёққа туриш ва олдинга интилиш эмас; балки уни шахсий такомил учун имкониятга айлантира билишдир.

Йоҳана Баҳамон

Дилором Йўлдошева

Дилором Йўлдошева, Ўзбекистон

Тикувчи ва тадбиркор аёл

Икки йил аввал Дилором Йўлдошева ўрим-йиғим пайтида бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғидан айрилади. Аммо бу унинг катта орзулар қилишига тўсқинлик қила олмади.

У янги касб-ҳунарларни ўрганиш баробарида пул топишлари учун ўзбекистонлик ёш хотин-қизларга ҳам кўмаклашмоқчи бўлди, шу боис ўзининг тикувчилик бизнесини очишга қарор қилди.

У тадбиркорлик ва ресурсларни бошқариш асосларини ўрганди. 40 дан ортиқ шогирд тайёрлади. Бир неча ойнинг ўзида бизнеси сезиларли даражада ўсди. Бепул машғулотлар ўтказа бошлади. Ишчилар ва мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузди.

Ўшандан бери унинг бизнеси ўзи ва бошқа ўнлаб аёллар учун даромад манбаига айланди.

Шэрон Кляйнбаум

Шэрон Кляйнбаум, АҚШ

Раввин

Нью-Йоркдаги яҳудий жамиятининг илғорларидан бўлган Шэрон Кляйбаум ўттиз йил давомида LGBT+ ҳуқуқлари ва дин кесишган нуқтада ўзгаришларни илҳомлантирди.

1992 йилда у шаҳар Бейт Симхат Тора жамоатининг биринчи раввини этиб тайинланди. Шундан сўнг 32 йил давомида бор пасту баланди билан, жумладан, 1990-йиллардаги ОИТС инқирози пайтида ҳам унга бошчилик қилди.

Кляйнбаум бошчилигида жамоат аъзолик талабларини кенгайтирди, трансгендер ва ўзини ҳеч бир жинсга тааллуқли деб билмайдиган одамларни ҳам қабул қила бошлади. Ҳозир у АҚШдаги энг катта LGBTQ + га дўстона синагога экани ишонилади.

Бу йил нафақага чиққан Кляйнбаум ижтимоий адолат лойиҳалари ортидаги етакчи куч эди ва у президент Жо Байден томонидан АҚШнинг Халқаро диний эркинлик комиссиясига ҳам тайинланган.

Хурсандчилик руҳий ва сиёсий қаршилик ҳаракатидир.

Шэрон Кляйнбаум

Лесли Локко

Лесли Локко, Гана/Буюк Британия

Меъмор

"Архитектурани демократлаштириш" бўйича иши Лесли Локкога Британия меъморлари Қироллик институтининг 2024 йилги олтин медалини келтирди - бу меъморчилик соҳасида дунёдаги энг юқори мукофотлардан бири - уни институт ташкил топган 1848 йилдан бери ушбу мукофотни олган биринчи қора танли аёлга айлантирди.

У сўнгги йигирма йил ичида меъморчилик соҳасига жамиятнинг кам таъминланган ва етарлича намоён этилмаган қатламларидан бўлган одамларни жалб қилиш йўлида фаол иш олиб борди.

Олима, шунингдек, ўзи декарбонизация ва деколонизация мавзуларига эътибор қаратган Венеция архитектура биенналесини бошқарган биринчи африкалик аёл бўлди.

У Гана пойтахти Аккрадаги меъморчилик, ўзига хослик ва ирқ ўртасидаги боғлиқликни ўрганувчи African Futures Institute (Африка Келажаги институти) га ҳам асос солган.

Чидамлилик узоқ вақт, ҳатто, норозиликдан кўра чидаш қийинроқ бўлган бефарқлик олдида ҳам мақсад сари ҳаракат қилишда давом этиш демак.

Лесли Локко

Оливия МакВей

Оливия МакВей, Буюк Британия

Пардозчи

Оливия МакВейга алопесия ташхиси қўйилгач, у париклар оламини ўргана бошлади. Янги услубларни синаб кўрган ва муқобил соч турмаги билан тажриба ўтказган ҳолда, у соч тўкилишига дуч келган аёлларни рағбатлантириш ва кучайтириш учун онлайн платформа яратди.

Ярим миллионга яқин фолловерлари билан у парик кийишни нормаллаштирди, шу билан бирга алопесия ва аёллар саломатлиги ҳақида хабардорликни оширди.

Шимолий ирландиялик пардозчи ва инфлюенсер МакВейнинг сочлари ўсмирлик йилларида тўкила бошлаган.

У ҳозир парик бўйича семинарлар ўтказади ва ўзига бўлган ишончни тиклаш борасида тажрибаси билан ўртоқлашади. Алопесия билан оғриган аёллар бир жойга йиғилиб, ўз аҳволлари ҳақида бемалол гаплаша олишлари учун хавфсиз макон яратади.

Чидамлилик биз аёллар киядиган тождир. Биз ҳар доим қандай шароитда бўлишидан қатъи назар, ўз муҳитимизга мослашиш, ўзгартириш ва ривожланишни ўрганишга қодирмиз.

Оливия МакВей

 Ясмин Мжаллий

Ясмин Мжаллий, Фаластин ҳудудлари

Дизайнер

Дизайнер Ясмин Мжаллий ўзининг ижодида фаластинликлар ҳаёти ва анъаналаридан илҳомланган.

У Америка жанубида улғайган. Кейин Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳга кўчиб ўтган. 2020 йилда у ерда ўзининг Nöl Collective брендини ишга туширган.

Унинг мода бренди оилавий тикувчилик устахоналари, табиий бўёқлар етказиб берувчи маҳаллий зираворлар дўконлари ва аёллар кооперативлари билан ҳамкорлик қилади. Тикувчи, тўқувчи, каштадўз ва ўймакорлар анъанавий услублардан фойдаланиб, фаластинликларнинг ҳунармандчилигига ҳурмат кўрсатишади.

Мжаллий фаластинликлар ҳаётидан ҳикоя қилиш учун ўз либосларидан фойдаланган. У, шунингдек, дунё миқёсида аёллар тўқнаш келувчи кўча тазйиқларига ҳам ўзининг эътиборини қаратган. Жинси курткалар ва футболкаларида "not your habibti " (болангиз эмас), деган ёзувни битади.

Су Мин

Су Мин, Хитой

Саёҳатчи ва инфлюенсер

50 ёшида Су Мин зўравон эридан қочиб, фақат машина, чодир ва нафақаси билан Хитой бўйлаб мустақил саёҳатга чиқди.

2020 йилдан буён машинада Хитойнинг 20 дан ортиқ вилоятидаги 100 дан зиёд шаҳарда бўлди.

Су Мин йўл-йўлакай бутун саёҳати билан ўртоқлашди. Ҳикоялари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. У жамиятда кўпинча "хола" деб аталадиган бошқа ўрта ёшли аёлларни ҳам журъатли бўлишга илҳомлантирди.

Ижтимоий тармоқларда ҳозирда олти миллиондан ортиқ фолловери бор Су Миннинг ҳаёти бу йил экранга чиққан Like a Rolling Stone фильмига ҳам мавзу бўлди.

Ҳелен Молино

Ҳелен Молино, Буюк Британия

Monumental Welsh Women ҳаммуассиси

2021 йилгача Уэльсда машҳур уэльслик аёлларга қўйилган ҳайкаллар йўқ эди.

Бунга жавобан адвокат Ҳелен Молино Monumental Welsh Women нотижорат ташкилотига асос солди. Унинг ташкилоти уэльслик аёлларнинг ҳиссаси ва ютуқларини кўрсатиш, уларни жамоатчиликка яхшироқ танитишни мақсад қилган.

Молино ва жамоаси жамоатчилик томонидан таклиф қилинган бешта аёл ҳайкалини ўрнатиш билан улар қилган ишларнинг унутилмаслигига эришмоқчи бўлишди.

Шу пайтгача тўртта аёлга ҳайкал ўрнатилди. Улардан биринчиси Кардиффда Уэльснинг биринчи қора танли мактаб мудираси Бетти Кэмпбелл шарафига қўйилди. Кейин ёзувчи Элейн Морганнинг ҳайкали Маунтин-Аш, Краногвенники Ллангранногда, леди Ронданики эса, Ньюпортда қад ростлади.

Ҳинда Абди Моҳамуд

Ҳинда Абди Моҳамуд, Сомали

Журналист

Ҳинда Абди Моҳамуд болалигидан ёзишни яхши кўрарди. Ҳинда кундалик юритиб, унда зўравонликлар боис Жижига шаҳридан Ҳаргейсага қочган одамлар кечмиши ҳақида ҳикоя қиларди.

Бугун у Сомалидаги биринчи ва фақат аёллардан иборат медиа жамоа – Bilan нинг бош муҳаррири.

Мазкур жамоага сомалилик аёллар иш жойларида кўп дуч келадиган сексизм ва таъқибларга қарши курашиш учун асос солинган. Бу муаммолар ҳатто БМТнинг сўнгги ҳисоботида ҳам қайд қилинган.

Bilan дунёнинг журналистлар учун энг хавфли давлатларидан биридаги ижтимоий муаммоларни ёритади. Улар ОИВ билан яширинча яшаётган сомалиликлар, таҳқирланган етимлар ва ўз жамоаларидан ажратиб қўйилган албинослар ҳақидаги мавзуларни кўтариб чиқишади.

Рокси Мюррей

Рокси Мюррей, Буюк Британия

Ногиронлик ҳуқуқлари ҳимоячиси

Кўп жиҳатли склероз билан яшовчи пансексуал шахс сифатида ўз тажрибаси ҳақида очиқ гапирар экан, Рокси Мюррей ўз платформасидан сурункали касалларга ёрдам бериш ҳамда тиббиёт, хайрия ва корпоратив соҳалардаги камситишларга қарши туриш учун курашади.

Ўзининг мода соҳасидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Мюррей одамларга ўзларининг ҳаракатланиш воситаларини замонавийлаштиришларига ёрдам беради. Шунингдек, у озчиликлар ва турли этник гуруҳларга мансуб ногиронлар ҳақида хабардорликни оширади.

У оғриқни бошқаришдан тортиб, жинсий саломатлик, тана ва жинсий муносабатлар ҳақида ижобий фикрлашгача ногиронлик ҳамда касаллик билан яшаш ҳақидаги цензурасиз ҳикояларни баҳам кўрадиган The Sick and Sickening подкасти асосчиси;

Ғайриоддий, оқ танли бўлмаган ва ногирон аёл сифатида, чидамлилик мен учун ўта шахсий ва ўта жамоавий тушунча. Чидамлилик мен каби одамларни четга сурадиган тизимларга қарши курашиш.

Рокси Мюррей

Ҳамида Омон

Ҳамида Омон, Афғонистон

Медиа ва таълим соҳасидаги тадбиркор

Толибон афғон қизларининг ўрта таълим олишига рухсат бермаганида, медиа-тадбиркор Ҳамида Омон мактабга бора олмаган ўқувчиларга бепул мультимедиа дарсларини таклиф қилувчи онлайн платформа сифатида Бегум Академиясини очишга қарор қилди.

Ўтган бир йил давомида мазкур таълим платформаси ўқувчиларга 7-12-синфлар ўқув дастурини қамраб олувчи дари ва пушту тилларидаги 8500 дан ортиқ видеоларни тақдим этди.

Март ойида Омон сунъий йўлдош орқали Бегум Академияси курсларини трансляция қилувчи ўқув канали Бегум ТВ ни ишга туширди.

Бу хизмат Толибон қудратга қайтганидан кейин аёллар томонидан аёллар учун асос солинган Бегум Радиоси лойиҳасидан кейин йўлга қўйилди.

Шаҳрнуш Парсипур

Шаҳрнуш Парсипур, Эрон/АҚШ

Ёзувчи ва таржимон

Шаҳрнуш Парсипур эронлик энг таниқли ёзувчилардан бири. У ўзининг асарларида аёлларга нисбатан жинсий зулм, патриархал жамиятга қарши исён каби табу саналувчи мавзуларни қаламга олади.

У ўз фаолиятини илмий-фантастик ёзувчи ҳамда Эрон миллий телевидениеси ва радиосида продюсер сифатида бошлаган. Аммо 1979 йилги инқилобдан олдин икки шоир фаолнинг қатл этилишига норозилик ўлароқ ишдан кетган. Бу унинг биринчи қамоққа олиниши билан якун топган.

Инқилобдан кейин унинг асарлари бутун Эрон бўйлаб тақиқланган. Парсипур ўзининг "Эркаксиз аёллар" романида бокиралик масалаларини очиқ тилга олгани учун яна қамоққа ташланган. Кейинчалик унинг бу романи асосида четда бадиий фильм ҳам суратга олинган.

Парсипур қамоқхонадаги кечмишларини ҳам қоғозга туширган ва 1994 йилдан бери Қўшма Штатларда муҳожиратда яшайди.

 Жанылсынзат Турганбаева

Жанылсынзат Турганбаева, Қирғизистон

Музей раҳбари

Жанылсынзат Турганбаева учун Қирғизистон маданий меросини сақлаш ва қайта тиклаш устувор вазифа ҳисобланади.

У Бишкекдаги этнологик музейни бошқаради. Бу музейда ноёб миллий осори атиқалар намойишга қўйилган. Улар кўплаб одамларни ўзига жалб қилиб келади.

Турганбаева хайрия ишларининг бир қисми қирғиз адабиёти, жумладан, "Манас" достонини асраб қолишга қаратилган. Достонда қирғиз ўлкасининг 40 қабиласини бирлаштирган қаҳрамон ҳақида ҳикоя қилинади.

ЮНEСКО рўйхатига киритилган достоннинг бир версияси тахминан 500 000 мисрани ўз ичига олади ва дунёдаги энг узун достон ҳисобланади, бу Гомернинг Одиссейидан тахминан 20 баробар кўпдир. Турганбоева уни куйловчи “манасчилар” учун имконият ва манбалар яратади.

Сюан Фонг

Сюан Фонг, Вьетнам

Кинорежиссёр, ёзувчи, галерея соҳиби

95 ёшга яқинлашган ёзувчи ва режиссёр жуда бой ҳаёт йўлини босиб ўтган.

У Ветнамда иккита урушни бошидан кечирган. 16 ёшида мамлакатининг Франциядан мустақиллиги учун курашган.

Сюан Фонг шифокорликка ўқиган. Клиникани бошқарган. Уруш мухбири бўлиб фаолият юритган. Вьетнам телевидениесида режиссёрлик қилган. Сайгоннинг қулаши каби тарихий лаҳзаларнинг гувоҳи бўлган.

62 ёшида у нафақага чиқишнинг ўрнига Lotus галереясини очган. Вьетнам санъатини дунёга танитишни мақсад қилган. У Ҳо Ши Миндаги илк хусусий галереялардан бири бўлади. Сюан Фонг дунёга танилишлари учун маҳаллий рассомларни ҳам рағбатлантиради.

Пужа Шарма

Пужа Шарма, Ҳиндистон

Дафн маросимларини бажарувчи

Пужа Шарма уч йилдан бери Деҳлида эгасиз жасадларнинг дафн маросимларини ўтказиб келади.

Шарманинг бу ишни қилишига ўзининг ҳаётий тажрибаси сабаб бўлган. Чунки биринчи дафн маросимини ўзининг укаси учун ўтказган. Укаси ўлдирилганида унинг дафн маросимига ҳеч ким ёрдам бермаган.

Аммо Шарма қилаётган иши учун руҳонийлар ва жамоасининг қаршилигига учрайди. Чунки Ҳинду динида бу ишни ҳамиша эркаклар бажариб келишган.

Қаршиликларга қарамай, Шарма турли дин ва эътиқоддан бўлган 4000 дан ортиқ инсоннинг дафн маросимларини ўтказган. У ижтимоий тармоқларда ўзининг фаолияти билан бўлишиб, одамлар ўлимдан кейин муносиб қадр-қимматга эга бўлишлари кераклигини таъкидлаб келади.

Трейси Эмин

Трейси Эмин, Буюк Британия

Рассом

Трейси Эмин 1990-йилларда одамларни жинсий тажрибалари ҳақида ўйлашга чорловчи “Менинг тўшагим ва Чодир” каби провокацион асарлари билан танилган.

Фаолиятининг бошиданоқ машҳурликка эришган Эмин ўзининг конфессионал автобиографик услуби билан машҳур.

Оммавий ахборот воситаларида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган "Менинг тўшагим" фильмининг Лондонда биринчи марта намойиш этилганига 25 йил бўлди. Бу йил қирол Чарльз бир вақтлар Британия санъатининг ёмон боласи сифатида кўрилган Эминга тасвирий санъатга қўшган ҳиссаси учун “dame” – аёл рицарлик унвонини берди.

Эмин ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Англиянинг Маргит шаҳрида Трейси Эмин фондига асос солган.

Менимча, ҳозир аёл сифатида биз имкон қадар бардошли бўлишимиз керак. Назаримда, аёллар учун янада бирлашиш ва фаолроқ курашишнинг вақти келди.

Трейси Эмин

Ҳарбия ал-Ҳимиарий

Ҳарбия ал-Ҳимиарий, Яман

Меросни муҳофаза қилиш муҳандиси

Ямандаги кўп йиллик урушлар кўплаб тарихий биноларни ҳам вайрон қилди. Шу боис, муҳандис Ҳарбия ал-Ҳимиарий уларга янги ҳаёт бахш этишни мақсад қилди.

У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНЕСКО маданий агентлиги каби бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилди. Эски Сана ва бутун мамлакат бўйлаб ўнлаб турар-жой, тарихий обидаларни қайта тиклади. ЮНЕСКО 16 000 дан ортиқ объектдаги зарарни ўрганиб чиқди.

Унинг меросни асраб-авайлаш соҳасидаги фаолияти нафақат тарихий обидаларни сақлаб қолиш, балки кўпчиликнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилди.

Ал-Ҳимиарий, шунингдек, маҳаллий аҳолини анъанавий қурилиш ҳунармандчилигига ўргатди ва ёш қизларни ушбу соҳага киришга илҳомлантирди.

Маҳедер Ҳайлеселассие

Маҳедер Ҳайлеселассие, Эфиопия

Фотограф

Қуриган дарёлар ва нобуд бўлган экинлар манзарасида ишларкан, эфиопиялик фотограф ўзининг суратларида мамлакатидаги оғир қурғоқчилик оилаларни ўз қизларини ёш турмушга беришга мажбур қилаётганлигини муҳрлайди. У шу мавзуси билан 2023 йилда Африканинг замонавий фотосуратлар бўйича мукофотини ҳам қўлга киритди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари башорат қилишларича, 2050 йилга бориб, иқлим инқирози натижасида эрта турмушга чиқиш хавфи остида қолувчи қизлар сони учдан бирга кўпаяди.

Маҳедер Ҳайлеселассиенинг фотосуратлари ўзиники баробарида у ҳар куни мулоқот қиладиган одамларнинг тарихи ва кечмишига ҳам асосланган.

Унинг иши кўплаб нуфузли жойларда, жумладан, бу йилги Африка фотосуратлари биенналесида намойиш этилди.

Мария Тереза ​​Орта

Мария Тереза ​​Орта, Португалия

Шоира

Ёзувчи ва журналист Мария Тереза Орта Португалиянинг энг кўзга кўринган феминистларидан бири. У кўплаб мукофотларга сазовор бўлган китоблар муаллифи. Аммо халқаро миқёсда тан олинган "Янги Португал ҳарфлари" (Novas Cartas Portuguesas ) тўпламининг ҳаммуаллифи сифатида кўпроқ тилга тушган.

Бадиий адабиёт, шеърият ва эротикадан иборат тўплам 1972 йилда Португалиянинг ўша пайтдаги авторитар ҳукумати томонидан тезда тақиқланган. Орта ва унга ҳаммуаллифлик қилганлар одобсизлик ва "матбуот эркинлигини суиистеъмол қилганлик" учун судга тортилганлар.

"Уч Мария" номи билан тилга тушган иш янгиликлар сарлавҳаларига чиққан ва бутун дунё бўйлаб оммавий норозиликларга туртки берган.

Уларнинг суд жараёни 1974 йилда Чиннигуллар инқилоби режимни ағдаргандан сўнг тугайди. Бу йил ўша тарихий воқеаларга 50 йил тўлди.

Маргарита Барриентос

Маргарита Барриентос, Аргентина

Эҳтиёжмандлар учун ошхона асосчиси

У 46 миллионлик аҳолисининг 53 фоизи қашшоқликда яшаётган Аргентинада очликка қарши курашга фидойилиги билан машҳур. Барриентос ўз бизнесини атиги 15 кишига мўлжалланган ошхона очишдан бошлаган. Ҳозир эса, у ҳар куни 5000 дан ортиқ одамни тўйдиради.

У мамлакатнинг энг қашшоқ минтақаларидан бирида туғилган. Болалигиданоқ қийинчиликларга дуч келган. 1996 йилда Барриентос Los Piletones ошхонасини очди. Кейинчалик у жамғармага айланиб, ҳозирда болалар боғчаси, соғломлаштириш маркази, тикувчилик устахонаси ва кутубхонани ўз ичига олади.

Барриентоснинг ижтимоий фаолияти кўплаб ширкатлар ва машҳурлар томонидан қўллаб-қувватланган - яқинда футболчи Лионел Месси кимошди савдосига қўйиши учун унга ўзининг имзоси туширилган футболкасини совға қилди.

Анат Ҳоффман

Анат Ҳоффман, Исроил

Диний фаол

Анат Ҳоффман ўнлаб йиллар давомида яҳудийликда гендер тенглиги ва диний плюрализм учун кампания олиб борган.

У Қуддуснинг Эски Шаҳаридаги Ғарбий деворда яҳудий аёллар учун тенг ибодат ҳуқуқлари йўлида курашаётган Women of the Wall ( "Аёллар девори") гуруҳининг асосчиси. Анат Ҳоффман йиллар давомида аёлларнинг ибодат рўмоллари ўрашлари ва Тавротни жамоат билан ўқишларини тақиқловчи қоидаларга қарши курашди.

Ҳоффман, шунингдек, 20 йил давомида Исроил Диний Ҳаракат Марказининг ижрочи директори сифатида ишлаган. Мазкур марказ эса, тенглик ва ижтимоий адолатни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи Ислоҳотлар ҳаракатининг ҳуқуқ ва тарғибот бўлими ҳисобланади.

У бундан аввал Қуддус шаҳар кенгашига кирган. Кенгаш аъзоси сифатида ультра-ортодокслар сиёсатига қарши чиққан.

Кўнгилочар ва Спорт

 Рэй

Рэй, Буюк Британия

Қўшиқчи

Қўшиқчи ва бастакор Рэй бу йилги BRIT Awards да тарихга кирди. У ўз номзоди илгари сурилган етти мукофотдан олтитасини қўлга киритди. "Йилнинг энг яхши қўшиқ муаллифи" номинациясида ғолиб чиққан илк аёлга айланди.

Рэй 2021 йилда ижтимоий тармоқдаги постида ўзининг альбомини чиқариш учун Polydor овоз ёзиш компанияси билан етти йилдан бери тортишаётгани ҳақида бўлишди.

2023 йилда у мустақил қўшиқчи сифатида ўзининг дебьют студиявий альбоми My 21st Century Blue ни чиқарди. Альбом танқидчилар томонидан яхши кутиб олинди, тижорий муваффақиятга ҳам эришди.

Рэй мусиқа саноатида ҳам, ундан ташқарида ҳам ўзи дуч келган муаммолар, жумладан жинсий зўравонлик, гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиш ва тана дисморфияси ҳақида очиқ гапирди. Қўшиқ муаллифларига адолатли ҳақ тўлашга чақирди.

Ребека Андраде

Ребека Андраде, Бразилия

Гимнастикачи

Ребека Андраденинг олтита медали уни Бразилиянинг энг совриндор олимпиячисига айлантирган. Унинг ҳисобида жаҳон чемпионатининг ҳам тўққизта медали бор.

У эркин машқларда 2024 йилги Париж Ёзги Олимпиадасининг олтин медалини қўлга киритди, ўзининг бу ютуғи билан дунёнинг энг совриндор гимнастикачиси Симона Байлзни ортда қолдирди. Медалларни топшириш маросими чоғида Симона Байлз ва жамоадоши Жордан Чайлз унга таъзим қилишди. Икковлоннинг бу иши тилга тушди ва Олимпиаданинг рамзий лаҳзаларидан бирига айланди.

Саккиз фарзанддан бири бўлган Андраде 10 ёшгача Сан-Паулу ташқарисидаги қашшоқлар яшовчи мазеъдаги уйидан машғулотларга пиёда қатнаган. Ёлғиз онаси унинг машғулотлари пулини тўлаш учун бировларнинг уйини тозалаган.

Юксалгунча у кўплаб жиддий жароҳатларни бошидан кечирди ва руҳий саломатликка кўпроқ эътибор берилиши кераклиги ҳақида очиқча гапириб келади.

Чидамлилик бизга нимадир бўлганида, унга қандай бас келишимиз ва жамоадошларимга вазият жуда ёмон бўлса ҳам яхши томонларини кўришга ёрдам беришдир.

Ребека Андраде

Наоми Ватанабэ

Наоми Ватанабэ, Япония

Комедия актрисаси

Япониянинг энг машҳур инфлюенсерларидан бири сифатида Наоми Ватанабэ ўз мамлакатида комедиячи аёлларнинг янги авлодига йўл очди.

У эркаклар устунлик қилувчи япон комедия саҳнасида тўсиқларни парчалади, фильмларда аёл бош қаҳрамон ролини ўйнади ва машҳур эскиз-шоуларни яратди.

Ватанабэ, шунингдек, Японияда аёл танасига нисбатан стереотипик муносабатни ўзгартиришга ҳам ёрдам бермоқда. У танага ижобий қаровчи “pochakawaii” ҳаракатига бошчилик қилади. “Pochakawaii” “думбоқ ва ёқимли” деган маънони англатади. Ватанабэ Японияда катта ўлчамдаги либосларни таклиф қилувчи брендлардан бирининг асосчиси ҳам бўлади.

Япония телевидениеси ва киносида катта муваффақиятларга эришганидан сўнг, у глобал комедия саҳнасини забт этиш учун АҚШга кўчиб ўтди.

Қандай қилиб бардошли бўлиш мумкин? Мен ҳар доим шундай деб ўйлайман: “Сиз мени ёқтирмайсизми, майли”. “Илтимос, менга бир йил вақт беринг, балки фикрингизни ўзгартирарсиз”. Менинг ёндашувим ҳамиша шундай.

Наоми Ватанабэ

Ким Йежи

Ким Йежи, Жанубий Корея

Ўқ отувчи олимпиячи

Бу йил Ким Йежининг жозибаси ва спортдаги ютуқлари дунёнинг эътиборини ўзига тортди.

Ким Йежин ўзи учун биринчиси бўлган Париж Ёзги Олимпиадасида аёллар ўртасида 10 метрга пневматик тўппончадан отиш бўйича кумуш медални қўлга киритди. Париждаги ютуғидан бир неча ой аввал эса, 25 метрга тўппончадан отиш баҳсларида жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлганди.

Унинг видеолари тезда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Нафақат маҳорати, балки совуққонлиги, диққатини жамлаши ва мўлжални аниқ олишга ёрдам берувчи махсус тайёрланган кўзойнакдаги илмий-фантастик ташқи кўриниши учун ҳам мақталди.

Ким Йежи оналик билан боғлиқ масъулиятга бўлган муносабати ҳақида ҳам очиқча гапирди. Шу кунларда у олти ёшли қизи билан вақт ўтказиш учун спортдан танаффус олди.

Спорт орқали биз матонат, жамоавий иш ва қатъиятни намойиш этамиз - бу қадриятлар ўйин майдонини ортда қолдириб, каттароқ ижтимоий ўзгаришларни илҳомлантиради.

Ким Йежи

Ҳадиқа Кианий

Ҳадиқа Кианий, Покистон

Қўшиқчи ва бастакор

Покистоннинг энг машҳур мусиқа тимсолларидан бири бўлган Ҳадиқа Кианий ўзининг кўп қиррали овози ва инсонпарварлик ишларига қўшган ҳиссаси билан танилган.

1990-йилларда машҳурликка эришиб, у Жанубий Осиё аёллар поп мусиқаси саҳнасида таниқли шахсга, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг яхши ният элчисига айланди.

Покистондаги 2022 йилги ҳалокатли сув тошқинлари пайтида Кианий Балужистон ва Жанубий Панжоб минтақаларидаги жабрланганларга ёрдам бериш учун ўзининг Vaseela-e-Raah лойиҳасини ҳам ишга туширди.

У одамларни кўчирилган оилаларга ёрдам беришга чақирди. Ўтган йили лойиҳа зарар кўрган ҳудудларда 370 та уй ва бошқа объектлар қурганини маълум қилди.

Фирда Марсия Курния

Фирда Марсия Курния, Индонезия

Оғир метал гуруҳи мусиқачиси

Гендер роллари ва диний меъёрларга қарши чиқишдан тап тортмайдиган Фирда Марсия Курния фақат рўмолли хотин-қизлардан иборат "Voice of Baceprot" оғир метал гуруҳининг солисти ва гитарачиси.

Трио Индонезияда энг кўп сўзлашилувчи инглиз ва сундан тилларида қўшиқ куйлайди. Қўшиқлари уларнинг патриархатдан норозиликларини ифодалайди.

Гуруҳ таваккал қилиб оғир метал йўналишига ўтганида, анчайин анъанадор мусулмонлар буни хуш қаршилашмади, салбий муносабатда бўлдилар.

Гуруҳга ўн йил аввал Ғарбий Яванинг Гарутидаги қишлоқ мактабида асос солинган. Улар ўшандан буён узоқ йўлни босиб ўтишди. Гуруҳ бу йил Гластонберида чиқиш қилди. Мусиқа фестивалининг 54 йиллик тарихида бунга муваффақ бўлган биринчи индонезиялик гуруҳга айланди.

Жоан Челимо Мелли

Жоан Челимо Мелли, Кения/Руминия

Узоқ масофага югурувчи

Узоқ масофаларга югуриш бўйича эришган ютуқлари билан танилган, асли Кенияда туғилган руминиялик олимпиячи Жоан Челимо бу йил Европа чемпионати ярим марафонида кумуш медални қўлга киритди.

Спортдан ташқари, ўзи ҳам гендерга асосланган зўравонлик жабрдийдаси экани боис, спортчилар тез-тез дуч келадиган таҳдидларни таъкидлаш учун шахсий тажрибасидан фойдаланишга интилмоқда.

Жоан Челимо кениялик спортчиларнинг Tirop’s Angels ташкилоти ҳамасосчиси. Бу ташкилотга ўзига ўхшаган югурувчи ва жаҳон рекордчиси Агнес Тиропнинг ўлдирилишидан сўнг асос солинган. У кенг кўламли тадбирлар орқали гендер зўравонлигига қарши курашади.

Бу йил Олимпия югурувчиси Ребекка Чептегейнинг собиқ йигити томонидан ўлдирилиши Кенияда аёллар ўлимига қарши чора кўриш чақириқларини яна бир бор кучайтирди.

Ишонаманки, ҳақиқий ўзгариш бизнинг дардимиз ҳикоямизнинг интиҳоси эмас, балки буюкроқ бир нарсанинг ибтидоси деб қарор қилганимизда бошланади.

Жоан Челимо Мелли

Инна Можа

Инна Можа, Мали

Санъаткор ва иқлим ҳимоячиси

Иқлим адолати ҳимоячиси, мусиқачи ва кинорежиссёр Инна Можа хотин-қизларнинг бичилишига қарши кампаниядан тортиб барқарорликни тарғиб қилишгача бўлган кўплаб вазифаларни ўз зиммасига олган аёл.

Инна Можа "Буюк яшил девор" ҳужжатли фильмини тасвирга олган ва унда ўзи ҳам суратга тушган. Фильм Африканинг чўлланишнинг олдини олиш ва Саҳелдаги ишдан чиққан ерларни тиклаш бўйича улкан саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳикоя қилади. Саҳел 12 мамлакат бўйлаб шарқдан ғарбга чўзилган ва Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган ҳудуддир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш бўйича Конвенциясининг яхши ният элчиси сифатида Можа иқлим ўзгаришидан зарар кўрган жамоаларнинг овозини кучайтирмоқда.

У, шунингдек, ижобий ҳаракатларни илҳомлантириш учун инновацион технологиялар ва ўйинларни бирлаштирган Code Green нотижорат ташкилотининг ҳаммуассиси ҳисобланади.

Чидамлилик хотин-қизларнинг етакчи бўлиш ва ўзгарувчан шароитга мос ечимлар топиш қобилиятини ривожлантиришдир.

Инна Можа

Габи Морено

Габи Морено, Гватемала

Мусиқачи

Лотин Америкаси мусиқа саҳнасидаги таниқли қўшиқчи ва бастакорлардан бири бўлган гватемалалик Габи Морено 2024 йилнинг Энг Яхши Лотин Поп Альбоми учун Grammy мукофотини қўлга киритиб, катта шуҳрат қозонди.

Икки тилда, Американа, соул ва Лотин Америкаси фольклори таъсирида ёзилган қўшиқлари ҳамда ҳиссиётли овози унинг бой маданий меросини ўзида акс эттиради.

Морено, шунингдек, ЮНИСЕФ Халқаро болалар жамғармасининг эзгу ният элчиси бўлган биринчи гватемалаликдир.

У яқинда 2,7 миллионга яқин ўғил-қиз таълим тизимидан четда экани айтилувчи мамлакатда сифатли мактаб тўпламларидан фойдаланиш имкониятини ошириш кампаниясини бошлади.

Ноэлла Вияала Нвадей

Ноэлла Вияала Нвадей, Гана

Афро-поп мусиқачиси

Хонанда ва бастакор Ноэлла Вияала Нвадей асосан ўзининг саҳнадаги номи "Вияала" билан танилган. Вияала унинг она тили Сиссаладан таржима қилинганда "бажарувчи одам" деган маънони англатади.

У ўзининг мода туйғуси ва ўзига хос услуби билан танилган. Санъаткор саҳна либослари ва аксессуарларини Гана шимолидаги ўзи туғилиб ўсган минтақанинг анъаналарини намойиш қилиш учун ишлаб чиқади.

Вияаланинг кўпгина қўшиқларида африкалик аёлларнинг эксплуатацияси ҳақида куйланади. У болалар никоҳига қарши курашда БМТ идоралари ва Гана ҳукумати расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, Вияала ўзининг она шаҳри Фунcида бандлик ва ижодкорликни ривожлантириш учун санъат маркази, жамоат радиостанцияси ва ресторан ҳам очган.

Трейси Отто

Трейси Отто, АҚШ

Камончи

2019 йилда собиқ йигити Трейси Оттога уйида ҳужум қилади. Қизнинг белидан пасти шол бўлиб қолади ва у чап кўзидан айрилади. У илгари фитнес-модел бўлган, аммо бошига тушган кўргуликларга қарамай, фаол машғулотларга қайтишга қарор қилади.

Отто 2021 йилнинг мартида ўзи ҳеч қачон синаб кўрмаган спорт тури – камончиликни танлайди. Биринчи зарбасиёқ нишонга тегади ва шу билан камончиликка меҳри тушиб қолади.

Бу йил Отто Парижда ўзининг биринчи Паралимпия Ўйинларида иштирок этди. Ногиронлиги туфайли у ўқларни камондан оғзи ёрдамида бўшатди.

Орадан беш йилча ўтаркан, Отто энди ўзининг кечмишига таяниб, маиший зўравонлик жабрдийдаларини ҳам ҳимоя қилмоқда.

Ҳенд Сабрий

Хенд Сабрий, Тунис

Актриса

Актриса Ҳенд Сабрий араб кино саноатининг энг ёрқин юлдузларидан бири. Унинг "Сарой сукунати" (1994) феминистик фильмидаги роли кўпчилик томонидан эътироф этилган. Мазкур фильмда Тунисдаги аёллар дуч келадиган жинсий ва ижтимоий зўравонликлар ҳақида ҳикоя қилинган.

У 2019 йилда Венеция кинофестивалида ҳакам сифатида ишлаган биринчи араб аёлига айланди.

Яқинда у Туниснинг 2024 йилги “Оскар” мукофотига номзод сифатида танлаб олинган ва “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясига қўйилган “Олфанинг қизлари” фильмида роль ўйнади.

Ноябр ойида Сабрий БМТнинг яхши ният элчиси лавозимидан кетди. У бунинг сабабини, ўз таъбирида, Ғазода очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланилишига норозилиги билан изоҳлади.

Бу фақат омон қолиш ҳақида эмас; қайта қуриш ва курашда мақсад топиш... азобни ҳаракатга айлантириш.

Хенд Сабрий

Шэрон Стоун

Шэрон Стоун, АҚШ

Актриса

Сўнгги ўттиз йил ичида Голливуд юлдузи Шэрон Стоун катта экранда ҳам, ундан ташқарида ҳам ўз изини қолдирди.

Актриса 1990-йилларнинг бошида "Асосий инстинкт" фильми туфайли машҳур бўлди. "Ҳаммасини эслаш" ва "Казино" каби блокбастерларда роль ўйнади. Бунинг учун у "Олтин глобус" олди ва "Оскар" мукофотига номзод бўлди.

Ўзининг самарали актёрлик фаолиятидан ташқари, Стоун кўплаб лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, хайрия ишлари билан ҳам шуғулланган. У ОИВ билан касалланган одамларни қўллаб-қувватлашдаги фаолияти учун Нобель мукофоти лауреатлари томонидан Тинчлик Саммити Мукофоти билан тақдирланган.

Унинг фаолияти шу йил бошида "Олтин глобус"нинг илк халқаро мукофоти - Golden Globe International Icon Award га лойиқ, деб топилган.

Чидамлилик - бу танлов. Сиз ўзингизнинг оқимингизни танлашингиз керак. Сиз ё ғазабни ёки қувончни танлайсиз.

Шэрон Стоун

Илоҳа Сурур

Илоҳа Сурур, Афғонистон

Қўшиқчи ва бастакор

Афғонистонда аёлларнинг овози жамият ҳаётидан ўчирилаётган бир пайтда хонанда Илоҳа Сурур босимга қарши туриш ва хотин-қизларга далда бўлиш учун “Нон, Иш, Эркинлик” мадҳиясини ёзди.

Қўшиқ биринчи марта октябр ойида Албанияда бўлиб ўтган ва шу пайтгача мисли кўрилмаган Бутун-афғон аёллари саммитида оммага тақдим этилди.

Кино, театр ва мусиқа соҳасидаги фаолиятида мукофотга ҳам сазовор бўлган санъаткор кўпинча ўз платформасидан аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун фойдаланади.

Ҳазара этник озчилигидан бўлган Сурур 2009 йилда машҳур “Афғон юлдузи” истеъдодлар танловида кашф этилган. Лекин у мусиқа билан шуғуллангани учун қаттиқ қаршиликка учраган ва 2010 йилда мамлакатни тарк этган.

Мэдисон Тевлин

Мэдисон Тевлин, Канада

Ток-шоу бошловчиси ва модел

Мэдисон Тевлин бу йил Assume That I Can кампаниясида юлдузлик қилди. Видео бутун дунёда оммалашиб кетди, жаҳонни забт этди. Даун синдроми бўлган одамларга нисбатан янглиш қарашларни парчалади.

Огоҳлик кампанияси 150 миллион мартадан кўпроқ кўрилди ва ижобий таъсири учун кўплаб мукофотларга сазовор бўлди, жумладан Канн шерлари фестивалининг нуфузли "Олтин шер" мукофотини олди.

Актриса ва модел Тевлин Нью-Йоркдаги мода ҳафталигида иштирок этди, у Клинтон глобал ташаббусига қўшилиш ҳақида гапирди ва Quincy Jones Exceptional Advocacy мукофотига сазовор бўлди.

У, шунингдек, мукофотга қўйилган “Who Do You Think I Am?” ток-шоуси ва “21 Questions” подкастига мезбонлик қилган.

Бардошлилик одамлар мени ҳукм қилганида ёки эътиборсиз қолдирганида ва ё менинг салоҳиятимни паст баҳолаганида ҳам таслим бўлмасликдир.... Бу мен ишонган нарсам учун туриб бериш ва ҳеч қачон ўзимдан ёки жамоамдан воз кечмаслик.

Мэдисон Тевлин

Эллисон Феликс

Эллисон Феликс, АҚШ

Енгил атлетикачи, спринтер

Аллисон Феликс 20 та жаҳон чемпионати ва 11 та Олимпиада медали билан спорт тарихидаги энг кўп медал олган енгил атлетикачидир.

У ҳомиладорлик пайтида преэклампсияни бошидан кечирган ва қизини муддатидан олдин дунёга келтиришга мажбур бўлган. Шундан сўнг, Феликс ҳомиладор аёллар ҳуқуқларининг ашаддий ҳимоячисига айланган. Қора танли оналар саломатлиги муҳофазасини яхшилаш мақсадида Мелинда Френч Гейтсдан $20 миллион доллар грант олган.

Истеъфодаги спортчи 2024 йилги Париж Ёзги Олимпиадасида тилга тушди. У Олимпия қишлоқчасида тарихда биринчи болалар боғчасини очишда муҳим роль ўйнади.

Шунингдек, бу йил Феликс Халқаро Олимпия Қўмитасининг Спортчилар ҳайъатига аъзо этиб сайланди ва ўзининг фақат аёллар спортига йўналтирилган спорт менежмент ширкатини очди.

Матонат – бу қийин вазиятларни муносиб енгиб ўтиш учун куч ва гўзаллик топа билиш, ҳар қандай муваффақиятсизликдан олдинга интилиш учун қувват сифатида фойдаланишдир.

Эллисон Феликс

Винеш Фогат

Винеш Фогат, Ҳиндистон

Курашчи

Олимпия Ўйинларининг уч карра иштирокчиси Винеш Фогат Ҳиндистоннинг энг совриндор курашчиларидан бири. Спортдаги аёлларга нисбатан сексист муносабатларнинг ашаддий танқидчиси. Жаҳон чемпионатлари, Ҳамдўстлик ва Осиё Ўйинлари медаллари соҳиби.

Бу йил Фогат Олимпия Ўйинларининг финалига чиққан ҳиндистонлик илк аёл курашчи бўлди. Аммо вазн ўлчаш босқичидан ўтолмади, Ўйинлардан четлатилди. Кейинчалик у спортни тарк этди ва сиёсатга кирди.

Гендер стереотиплари ҳақида очиқча гапирган Фогат ҳиндистонлик курашчиларнинг ўз федерациялари президенти Бриж Бҳушан Сингхга қарши бир неча ойлик норозиликларининг юзига айланди. Бриж Бҳушан Сингх аёл спортчиларга жинсий тегажоқлик қилишда айбланган. Аммо унинг ўзи бу айбловларни рад этган.

Полиция Фогат ва бошқа намойишчиларни ҳибсга олганида норозилик намойишлари ҳақидаги хабар сарлавҳаларга чиқди.

Чидамлилик ёмон иш кунидан кейин ҳам ўзни ўнглаб олиш қобилияти ва ўзингизга меҳрибон бўлишингизни англатади.

Винеш Фогат

Закия Худадодий

Закия Худадодий, Афғонистон

Таэквондо бўйича паралимпиячи

Закия Худадодий 2024 йилги Париж Ёзги Паралимпиадасида тарихга кирди. Паралимпия Қочқинлар терма жамоасининг медаль олган илк аъзосига айланди.

Спортчи битта билаксиз туғилган. Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот шаҳридан. Таэквондо билан шуғулланишни ҳеч кимга билдирмай 11 ёшида яширин спорт залида бошлаган.

2021 йилда Толибоннинг ҳокимиятга қайтиши Закияни илк бор Паралимпия Ўйинларида қатнашиш имкониятидан маҳрум этади. Закия Токиога боролмайди.

Аммо Халқаро Паралимпия қўмитаси аралашуви ва Франциянинг кўмаги билан у Афғонистондан чиқишга муваффақ бўлади. Толибон қудратга қайтганидан кейин халқаро спорт мусобақаларида қатнашган биринчи афғон спортчисига айланади.

Менинг Олимпия медали сари йўлим афғон аёллари, қочқин аёллар ва ҳар бир аёлнинг чидамлилигидан далолат беради. Таслим бўлмаслик орқали биз аёл киши қила олмайдиган ҳеч нарса йўқлигини кўрсатишда давом этамиз.

Закия Худадодий

Чжиин (Таня) Цзэн

Чжиин (Таня) Цзэн, Чили

Стол теннисчиси

Асли хитойлик стол теннисчиси Чжиин Цзэн ёки Таня 58 ёшида 2024 йилги Париж Ёзги Олимпиадасида дебют қилди.

Бу кўп вақт олди: Мураббий онасининг ёрдами билан у 12 ёшида профессионал спортчига айланди. Хитой терма жамоасига кирди. Аммо кейин Чилига кўчиб ўтди. У ерда тадбиркор бўлиш учун 30 йил спортдан узоқлашди.

Таня Цзэн ковид пандемияси пайтида стол теннисига қайтди.

2023 йилда у Жанубий Америка чемпионати ва Панамерика ўйинларида Чили шарафини ҳимоя қилди. Чилидаги энг юқори рейтингли аёл спортчига айланди. Кейин эса, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Ўзининг “бир умрлик орзуси”ни амалга оширди.

Хлоя Чжао

Хлоя Чжао, Буюк Британия

Кинорежиссёр

Кинорежиссёр ва ёзувчи Хлоя Чжао “Энг яхши режиссёр учун” Оскар мукофотини қўлга киритган оқ танли бўлмаган биринчи ва тарихдаги учта аёлдан биттаси.

Пекинда туғилган Хлоя Чжао кейинчалик Буюк Британия ва АҚШга кўчиб ўтади. Чжао ўзини кўчманчи, деб таърифлайди – бу унинг мукофотга лойиқ деб топилган “Nomadland” (2020) фильмининг бош мавзусига ҳам айланади.

Чжао ўзининг илк фильмларида туб аҳоли вакилларини тасвирлаган. Кейинчалик Marvel Universe даги турли-туман актёрларга режиссёрлик қилган. У энг кўп бизни инсон сифатида бирлаштирувчи нарсаларга иштиёқ сезади.

Чжао бу йил Шекспир даврида ёзилган Мэгги О’Фарреллнинг машҳур “Гамнет” романи асосида олинаётган фильм устида ишламоқда. Янги фильм 2025 йилда прокатга чиқади.

Агар биз ўзимиз ишлаётган соҳанинг структурасини ўзгартирмасак, қадр топишимиз учун эркаклардек бўлишимиз кераклигини қабул қилишимиз керак бўлади. Менимча, бизнинг кучимиз бунда эмас.

Хлоя Чжао

Сиёсат ва Ҳуқуқ ҳимояси

Энн Чумапорн (Вааддао)

Энн Чумапорн (Вааддао), Таиланд

LGBTQ+ ҳуқуқлари ҳимоячиси

Таиланд бу йил никоҳ тенглиги тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, Жанубий-Шарқий Осиёда бир жинсли уюшмаларни тан олган илк давлатга айланганида, Энн Чумапорн (Вааддао)нинг нишонлаш учун асоси бор эди.

Вакиллар палатасида ҳам, Сенатда ҳам ҳуқуқий экспертиза бўйича комиссар бўлиб ишлагани боис, у қонун лойиҳасини парламентдан ўтказишга ҳаракат қилди.

У Bangkok Pride асосчиларидан бири. Асли Таиланд жанубилик. Қишлоқда катта бўлган. Ўзи ҳам лесбиян бўлган фаол Чумапорн ўн йилдан ортиқ вақтдан бери инсон ҳақлари ва LGBT+нинг оила ҳуқуқлари учун курашиб келади.

Таиланддаги 2020 йилги ёшлар норозилик намойишлари пайтида Чумапорн демократия тарафдори бўлган Феминистлар Озодлик фронтининг лидерига айланди; у фаоллиги учун саккизта сиёсий айбловга юз тутди.

 Ҳала Алкариб

Ҳала Алкариб, Судан

Урушлардаги жинсий зўравонликка қарши фаол

Ҳала Алкариб Африка мугузидаги Аёллар учун Стратегик Ташаббуслар - SIHA нинг минтақавий раҳбари. Таниқли фаол ва ёзувчи. У минтақада гендер асосидаги зўравонликка қарши кураш бўйича ташаббусларга етакчилик қилмоқда.

2023 йил апрел ойида Суданда уруш бошланганидан бери SIHA аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлаб, можаро билан боғлиқ жинсий зўравонликларни кузатиб боради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2024 йил октябр ойидаги ҳисоботида муаммонинг кўлами "ақл бовар қилмас" экани билан огоҳлантирди. Ярим ҳарбий Тезкор Мадад Кучларини “шафқатсиз жиноятларда” айблади. Улар бу айбловларни рад этди.

Ҳисоботга кўра, 2024 йилнинг июлига қадар можаро билан боғлиқ жинсий зўравонликдан омон қолган камида 400 жабрдийдага ёрдам кўрсатилган. Шунда ҳам бу фақат "айсбергнинг учи" бўлган.

Кеми Баденоч

Кеми Баденоч, Буюк Британия

Консерватив партия етакчиси

Ноябр ойида Консерватив партиянинг етакчиси этиб сайланган Кеми Баденоч Буюк Британиядаги йирик сиёсий партияни бошқараётган биринчи қора танли аёлдир.

Ҳозирда у Шимолий Ғарбий Эссексдан парламент аъзоси. Бундан аввал ғазначилик котиби, Аёллар ва тенглик масалалари бўйича вазир бўлиб ишлаган.

Баденоч Лондонда туғилган. Ота-онаси нигериялик. Аммо Лагос, Нигерия ва Қўшма Штатларда катта бўлган. У 16 ёшида Нигериядан Буюк Британияга қайтиб келган. Бунга Нигерияда сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг ёмонлашгани сабаб бўлган. У Британияда компьютер муҳандислиги ва ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олган.

Сиёсий фаолиятидан олдин у Coutts хусусий банки директорининг муовини ва The Spectator журналининг рақамли технологиялар бўйича раҳбари бўлган.

Маҳранг Балоч

Маҳранг Балоч, Покистон

Шифокор ва сиёсий фаол

Покистон бўйлаб намойишларда иштирок этаётган юзлаб аёллар орасида Маҳранг Балоч ҳам бор. Улар Балужистон вилоятидаги мажбуран ғойиб бўлишларга қарши норозилик билдиришмоқда.

Унинг адолатга даъвати отаси 2009 йилда хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олингани ва икки йилдан сўнг қийноқ излари билан ўлик ҳолда топилганидан кейин янграган.

Ўз оила аъзоларининг қаерда экани ҳақида маълумот беришларини талаб қилиш учун Балоч 2023 йилнинг охирида юзлаб аёлларнинг пойтахт Исломободга қилган 1,600 чақиримлик юришига бошчилик қилган. У йўлда икки марта ҳибсга олинган.

Узоқ йиллар давом этган миллатчилар исёнига саҳна бўлган Балужистон вилоятидаги намойишчиларнинг айтишича, уларнинг яқинлари исёнчиларга қарши амалиёт чоғида Покистон хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ва ўлдирилган. Исломобод расмийлари бу айбловларни рад этади.

Шифокор шундан кейин ўзининг инсон ҳуқуқлари гуруҳи Baloch Yakjehti (Бирлик) қўмитаси BYC номи остида таниқли фаолга айланди. Унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти TIME журналининг 2024 йилги 100 та янги бўй кўрсатаётган етакчилар рўйхатида ўзининг эътирофини топди.

Лурдес Баррето

Лурдес Баррето, Бразилия

Секс саноати ходимлари ҳуқуқлари ҳимоячиси

Кўпгина кампаниялар ортидаги етакчи куч бўлган Лурдес Баррето ўз ҳаётини Бразилиядаги секс ходимлари ҳуқуқларини яхшилашга бағишлади.

Фаолиятини Амазон минтақасидаги Белен-ду-Парада бошлаб, 1980-йилларда у Лотин Америкасидаги илк уюшган секс ходимлари ҳаракатларидан бири бўлган Бразилия Фоҳишалар Тармоғига асос солди.

Ҳозир 80 ёшда бўлган Баррето ўнлаб йиллар давомида янглиш қарашларга қарши курашиб келди.

У мамлакатда ОИВнинг олдини олиш сиёсатини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнади ва олтин қазиб олувчи жамоалар орасида ОИВ тарқалишининг олдини олиш учун кампания олиб борди. 2023 йилда ўзининг автобиографиясини чоп этди.

Ҳикояларимиз қадрлансин, ўчирилмасин. Орзу қилиш, эришиш ва фикрлаш улкан салоҳияти билан аёлларнинг дунёдаги ўрни жамиятни ўзгартиришдир.

Лурдес Баррето

Розмари Видлер-Вельти

Розмари Видлер-Вельти, Швейцария

Ўқитувчи ва иқлим фаоли

Розмари Видлер-Вельти KlimaSeniorinnen - Иқлим Ҳимояси учун Ёши Улуғ Аёллар уюшмаси ҳамраиси. У Швейцария ҳукуматига қарши тўққиз йиллик курашга бошчилик қилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида биринчи марта иқлим бўйича ишда ютиб чиққан.

Болалар боғчаси ўқитувчиси ва маслаҳатчиси бўлган Видлер Вельти икки минг аёл билан биргаликда Швейцария ҳукуматининг глобал исиш натижасида юзага келган иссиқлик тўлқинларига муносабати аёлларнинг соғлик ҳуқуқларини бузаётгани, кекса аёллар ёши ва жинси туфайли кўпроқ хавф остида эканига оид даъво билан чиқишган.

Апрел ойида суд мамлакатнинг чиқиндиларни камайтириш бўйича белгиланган кўрсаткичларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари етарли эмас, деган қарорга келган.

Гарчи Швейцария парламенти кейинчалик бу қарорни рад этган бўлса-да, мазкур иш иқлим бўйича суд жараёни учун янги прецедент яратган.

Жина Модарес Горжи

Жина Модарес Горжи, Эрон

Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси

Курд журналисти ва фаоли Жина Модарес Горжи 2019 йилда Zhina - Жина аёллар уюшмасига асос солган. Уюшма аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш учун таълим, норозилик ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Эронда “Аёл, ҳаёт, эркинлик” ҳаракати бошланганидан бери икки марта ҳибсга олинган. Модарес Горжи дастлаб “режимга қарши ташвиқот” каби айбловлар билан 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳозирда у икки йилу тўрт ойга қисқартирилган жазо муддатини ўтамоқда.

Модарес Горжи Эронда аёлларни камситувчи қонунларни ислоҳ қилиш учун жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган "Бир миллион имзо" кампаниясининг ҳам иштирокчиси.

У курд аёллари фотогуруҳи, аёллар подкасти ва илҳомлантирувчи курд аёллари ҳақида ҳикоя қилувчи болалар китоби муаллифи.

Аманда Журавски

Аманда Журавски, АҚШ

Репродуктив ҳуқуқ ҳимоячиси

2022 йилнинг август ойида Аманданинг қоғаноқ сувлари вақтидан олдин кетиб қолади. Шифокорлар унга ҳомиласи омон қолмаслигини айтишади.

Журавски Техасда яшайди ва ҳомиласини олдира олмайди. Икки ой аввал Олий суд абортнинг қонунийлигига оид қарорни бекор қилганлиги боис, штат беморнинг ҳаёти хавф остида бўлган ҳоллар истисно бундай процедурани тақиқлаган. Уч кундан кейин у септик шокка тушади ва ҳаёти хавф остида бўлганлиги боис, унга ва ниҳоят ҳомиласини олдиришга рухсат берилади.

2023 йилнинг март ойида Журавски ва яна шундай куйга тушган 19 аёл штатга қарши судга даъво аризаси билан чиқишади. Бу Олий суднинг қарори ортидан ҳомиласини олдиришлари рад этилган аёллар томонидан илгари сурилган биринчи суд ишига айланади. Техас Олий суди абортни тақиқлашга оид даъвони рад этади.

Энди у "мамлакатда репродуктив ҳуқуқларни тиклаш ва ҳимоя қилиш" учун курашни давом эттириш аҳдида қатъий.

Эйнав Зангаукер

Эйнав Зангаукер, Исроил

Тутқунларни озод қилиш бўйича фаол

Фаол ва ёлғиз она Эйнав Зангаукернинг 24 ёшли ўғли Матан 7 октябр куни Ҳамас ҳужумлари чоғида гаровга олинган. Ўғлининг йўлдоши Илана алоҳида олиб қочилган ва охир-оқибат маҳбуслар алмашинуви доирасида ортга қайтарилган.

Ўшандан бери у доимий равишда тутқунлар инқирозига эътибор қаратади. Етакчиларни чора кўришга чақириб, жамоатчиликни ҳар ҳафта намойишга чиқишга ундайди.

Зангаукер аввалроқ Бош вазир Беньямин Нетаньяҳунинг ҳукмрон партиясига овоз берган бўлса-да, гаровга олинганларни ватанига қайтариш йўлини топа олмагани учун Исроил ҳукуматининг ашаддий танқидчисига айланган.

У қолган гаровга олинганларни озод қилишни таъминлаш учун сулҳ битимини талаб қилмоқда.

Нажла Ишик

Нажла Ишик, Туркия

Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва ўрмон фаоли

Яқинда Туркия ғарбидаги Икизкўй қишлоғи фуқаролар йиғини раиси этиб сайланган фермер Нажла Ишик сўнгги беш йил давомида ўрмонларнинг кесилишига қарши курашиб келади.

Кўмир конини қазиш лойиҳаси сабаб, Икизкўйни ўраб турган Акбелен ўрмони хавф остида қолади. Ишик ва маҳалла аёллари мазкур лойиҳа учун ерни тозалаш мақсадида ўрмонни кесишларига қаршилик қилишади, судга даъво аризаси билан чиқишади.

Уларнинг экологик кампанияси баъзида полиция ва ўрмон ҳимоясида турган намойишчилар ўртасида шиддатли тўқнашувларга олиб келди. Аммо Ишик ва қишлоқ аҳолиси рухсатсиз ўрмонга кириш учун жарима илова ўзлари тўқнаш келган қийинчилик ва таҳдидларга қарамай, қатъий туришди. Жарима кейинчалик бекор бўлди.

Хотин-қизлар уйда, далада, кўчада, курашда... дунёни гўзаллаштираётганлар ҳам улар, уни асраб қолишлари ҳам шубҳасиз.

Нажла Ишик

Герлин М. Йозеф

Герлин М. Йозеф, Гаити

Иммиграция ҳуқуқлари ҳимоячиси

Қўшма Штатларда сиёсат ва ирқ кесишган ҳудудларда ишлаётган Герлин М. Йозеф иммигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

У аёллар бошчилигидаги Haitian Bridge Alliance (Гаити Кўприги Иттифоқи)нинг асосчиси. Унинг фаолияти африкалик иммигрантларга ёрдам беришга қаратилган.

Йозеф бошчилигида иттифоқ шу йил Дональд Трампни Огайо штатининг Спрингфилд шаҳридаги сайловолди кампанияси чоғида гаитилик муҳожирлар “уй ҳайвонларини еяётгани” ҳақидаги ёлғон даъволари учун судга берди.

Йозеф узоқ вақтдан бери гаитилик муҳожирларнинг депортацияси давом этаётганини очиқ танқид қилиб келади. Яқинда унинг ташкилоти Байден маъмуриятини ўз оролларидаги қуролли тўдаларнинг зўравонлигидан Америка Қўшма Штатларига қочиб келаётган гаитилик бошпана изловчиларни ортга қайтариб юбормасликка ҳам даъват қилди.

Даниэль Кантор

Даниэль Кантор, Исроил/Фаластин ҳудудлари

Маданий фаол

Пандемия даврида бошланган Culture of Solidarity (“Бирдамлик маданияти”) лойиҳасининг асосчиларидан бири сифатида Даниэль Кантор Тель-Авивдаги оилаларга озиқ-овқат етказган ва ёрдам қилган.

Ҳаммуассиси Алма Бек билан биргаликда у House of Solidarity ("Бирдамлик уйи")ни ҳам бошқаради. Бу уй одамлар учрашиши, мулоқот қилиши, маданий тадбирлар ва семинарларда қатнашиши мумкин бўлган муқобил бир масканга айланган.

У яқинда Spreads тасвирли китобини ёзди ва тасвирларини олди. Китобда Исроил ва Фаластин ҳудудларидаги жамоалар ўзига хосликларининг ньюанслари миллий таомлари объективи орқали ўрганилади.

Аёллар Жамоавий Тинчлик акциясининг бошқа аъзолари билан бир қаторда Кантор Яқин Шарқда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва доимий тинчлик келишувига чақирувчи намойишларда ҳам қатнашиб келади.

Аёлларга хос ҳамдардлик ҳисси пайдо бўлганда, биз адолатсизликни чинакамига тан олишимиз ва олдинга борадиган йўлимизни қайта тасаввур қилишимиз мумкин.

Даниэль Кантор

Шелли Мур Капито

Шелли Мур Капито, АҚШ

Сенатор

Сьюзан Коллинз Мэн штатидан АҚШ Сенатига кетма-кет беш марта сайланган. У АҚШ Сенатида энг узоқ вақт хизмат қилган Республикачи аёл ҳисобланади.

У қолган партиялар билан бирга муҳим қонунларнинг қабул қилинишида муҳим роль ўйнаган. Бундан ташқари, Сьюзан Коллинс менопауза ва ўрта ёшдаги аёллар саломатлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун масъул бўлган олти сенатордан бири эди. Ушбу қонуннинг мақсади менопауза даврида ўрта ёшли аёлларга ғамхўрлик қилишни яхшилашдан иборат. Келгуси беш йил ичида ушбу даврда аёллар саломатлигини сақлаш, тегишли тиббий тадқиқотлар ва аҳолини менопауза ҳақида хабардорлигини ошириш учун $275 миллион доллар ажратилади.

Коллинз, шунингдек, Альцгеймер бўйича миллий лойиҳа қонунининг муаллифи. Мазкур лойиҳа ушбу касалликнинг олдини олиш ва даволаш бўйича миллий режани мувофиқлаштиради. У лойиҳанинг 2035 йилгача молиялаштирилишини таъминлаш ва кам таъминланган аҳоли, шу жумладан Даун синдроми билан касалланган одамларни ҳам қамраб олиши учун иш олиб борди.

Рут Лопез

Рут Лопез, Сальвадор

Ҳуқуқшунос; адвокат

Ҳуқуқ ва адолат учун курашга иштиёқманд Рут Лопез Марказий Америкада демократияни ривожлантириш билан шуғулланувчи Cristosal ташкилотининг бош юридик раҳбари.

У ўзининг эътиборини Сальвадорда коррупцияга қарши кураш, сайлов қонунчилиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратган.

Рут Лопез мамлакат ҳукумати ва идораларининг ашаддий танқидчиси. У ижтимоий тармоқларда сиёсий шаффофлик ва фуқаролар томонидан назорат этилувчи жамоатчилик ҳисобдорлигини кенг тарғиб қилади.

Сальвадор шу йил бошида Найиб Букелени иккинчи муддатга президент этиб сайлаганидан кейин унинг фаолияти янада яққол кўзга ташланган. Жиноятчиликка қарши кураш бошланганидан кейин обрўси ошиб кетган Букеле ўзини “дунёдаги энг зўр диктатор”, деб ҳам атаган.

Ҳана-Равити Майпи-Кларк

Ҳана-Равити Майпи-Кларк, Янги Зеландия

Сиёсатчи

Ҳана-Равити Майпи-Кларк 22 ёшида Янги Зеландия парламентига сайланган энг ёш маори аёлига айланди.

Ўзининг биринчи нутқи чоғида Ҳана-Равити Майпи Кларк Маори тантанали рақси бўлган хакани ижро этди. Кўпчиликнинг эътиборига тушди. У парламентда туб аҳоли вакилларини кўпроқ тақдим этишга чақирди. Яқинда эса, мунозарали қонун лойиҳасига норозилик сифатида парламент фаолиятини тўхтатиб қўйган яна бир хакани бошлаб берди.

Майпи-Кларк Маори ҳуқуқлари, маданияти ва атроф-муҳитнинг ашаддий ҳимоячиси. 17 ёшида у Маори ой тақвими ҳақидаги биринчи китобини нашрдан чиқарган.

Шу йил Майпи-Кларк сиёсатда ёш туб аҳоли вакилларининг овозини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун “Йилнинг энг яхши сиёсатчиси” нуфузли мукофотини ҳам қўлга киритган.

Сиёсат соҳасидаги аёллар, хоҳ маҳаллий, хоҳ миллий ва глобал миқёсда бўлсин, ўзлари таклиф этилмасликларини билган эшикларни бузиб ўтишлари керак.

Ҳана-Равити Майпи-Кларк

Латиша МакКрудден

Латиша МакКрудден, Ирландия

Irish Traveller Movement фаоли

У атиги 20 ёшда. Лекин Латиша Маккруден ўзини аллақачон ирландиялик саёҳатчилар ҳамжамиятининг ашаддий ҳимоячиси сифатида танитиб бўлган.

Ҳаракат аъзоси сифатида у Ирландиядаги этник озчиликлар атрофидаги табуларни енгмоқчи. Маиший зўравонликлар жабрдийдаси. Энди ўзининг овозидан хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашда ҳам фойдаланмоқчи.

Голуэя университетининг ҳуқуқшунослик факультети талабаси МакКруден Ирландия саёҳатчилари ҳаракати миллий ёшлар форуми, Ирландия Миллий аёллар кенгаши ва сайёҳларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи Mincéirs Whiden аъзоси сифатида иш олиб боради.

У 2029 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги маҳаллий сайловларда қатнашиб, Ирландия келажаги учун ўзгаришлар қилишга умид қилмоқда.

Кэтрин Мартинес

Кэтрин Мартинес, Венесуэла

Инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат

Венесуэла пойтахти Каракасдаги José Manuel de Los Ríos болалар касалхонасидаги ёш беморларнинг аксарияти кам таъминланган, отасиз ёки онасиз оилалардан.

Кэтрин Мартинес томонидан асос солинган Prepara Familia нодавлат ташкилоти уларни энг зарур нарсалар - кийим-кечак, тиббий буюмлар, озиқ-овқат ва психологик ёрдам билан таъминлайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Мартинес ўзининг жамоаси билан бирга болалар ва уларга қараётган аёлларга нисбатан ўзлари инсон ҳуқуқларининг бузилиши, деб ҳисоблаган ҳолатларни ҳужжатлаштиради. Шу орқали одамларга товон олишларига ҳам ёрдам беради.

Венесуэлада юқори даражадаги тўйиб овқатланмаслик ҳолатига тўқнаш келган Prepara Familia болалар ҳамда ҳомиладор аёлларни бепул озуқавий қўшимчалар ва витаминлар билан таъминлаш учун ҳам марказ очган.

Энни Синандуку Мванге

Энни Синандуку Мванге, Конго Демократик Республикаси

Кончи

Энни Синандуку Мванге Конгонинг тоғ-кон саноатида ишлайдиган аёл сифатида ишчиларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлар бўлган бу соҳада тенгсизлик ва жинсий зўравонликка қарши оммавий ҳаракатга раҳбарлик қилмоқда.

У Renafem миллий Аёллар Кончилик Тармоғини бошқаради. Ўзини “шунчаки хўжайин” ёки “хўжайин она”, деб атайди. Эркак ҳамкасблари томонидан жинсий эксплуатация қилинмасликлари учун конларга аёлларни масъул этиб тайинлайди.

Аёлларнинг турмуш тарзига сармоя киритиб, у саноатда болалар меҳнатини камайтиришга ҳам умид қилмоқда. Чунки дунёда кобальт ва электромобиллар каби тоза энергия маҳсулотлари учун зарур бўлган бошқа минералларга талаб ортиб бормоқда.

Надия Мурод

Надия Мурод, Ироқ

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори

Надия Мурод ҳозир жинсий зўравонлик жабрдийдаларининг етакчи ҳимоячиси, инсон ҳуқуқлари фаоли ва Тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори. У 2014 йилда ўзини “Исломий давлат”, деб атовчи гуруҳ томонидан Ироқда язидийларга қарши амалга оширилган геноциддан омон қолган.

У ИШИД жангарилари томонидан қўлга олинган, қулликка мажбурланган, жинсий зўрланган ва таҳқирланган. Мурод уч ойдан сўнг қочган. Можароларда юз бераётган жинсий зўравонликлардан огоҳликни ошириш учун ўз кечмиши ҳақида ошкора гапиришга жасорат қилган.

Мурод ИШИДни жавобгарликка тортиш учун таниқли ҳуқуқшунос Амал Клуни билан бирга ишлаган. Жамоаларнинг ҳаётини тиклашга кўмаклашиш ва тирик қолганларни қўллаб-қувватлаш учун у Nadia’s Initiative нотижорат ташкилотига асос солган.

Язидийлар геноцидидан 10 йил ўтиб, Мурод матонатнинг глобал рамзига айланган.

Биз тенглик ва адолат учун курашда мен “руҳ қуроллари” деб атайдиган: ҳақиқат, умид ва ҳамдардлик”ка эга бўлишимиз шарт.

Надия Мурод

Каша Жаклин Набагесера

Каша Жаклин Набагесера, Уганда

Турфа хиллик ва инклюзивлик тарғиботчиси

Угандада гомосексуал ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланади, қамоқ жазоси билан жазоланади – ва LGBTQ+ ҳимоячиси Каша Набагесера бу репрессив қонунларни ўзгартириш учун курашмоқда.

Очиқ гей аёл сифатида у бутун Африка бўйлаб LGBTQ+ стигмасига қарши камапанияга катта таъсир кўрсатди.

Набагесера газеталарни ва Уганда ҳукуматини LGBTQ+ га қарши риторикаси учун судга беришга муваффақ бўлган; у икки марта Уганда судларида гомосексуализмга қарши қонунларга эътироз билдирган ва ҳозирда 2023 йилги қонунга қарши чиқаётир.

У Уганданинг Нкумбиа университетини битирган. Бизнес бошқаруви бўйича ўқиган. Стэнфорд университети стипендианти. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Парламенти ва Африка Комиссияси каби олий даражадаги форумларда хилма-хиллик ташаббусларига ҳисса қўшган.

Жизель Пелико

Жизель Пелико, Франция

Жинсий зўравонлик жабрдийдаси ва фаол

Анонимлик ҳуқуқидан воз кечиб, ўзининг ҳикоясини дунёга етказишга рухсат бериш билан Жизель Пеликот жасорат ва матонат тимсолига айланди.

Собиқ эри бир оила бўлган пайтларида унга гиёҳванд моддалар бериб, зўрлагани, зўрлашлари учун бошқа эркакларни ҳам чақирганини тан олди. Улардан аксарияти тасвирга ҳам олинган.

Қонунга кўра, Пеликот анонимлик ҳуқуқига эга эди. Аммо у суд жараёнининг очиқ ўтказилиши ва айбланувчилар ўзларининг "шарманда" бўлишлари учун видеоларни кўрсатишни сўради. Ишда иштирок этган бошқа 50 эркакдан баъзилари зўрлаганликларини тан олишди. Аксарияти эса, ўзларининг фақат жинсий алоқада бўлганликларини айтишмоқда.

Суд жараёни якуний босқичига етиб борар экан, бутун дунёдаги аёллар ўзининг иши Франция қонунчилиги, зўрлаш ва розиликка бўлган муносабатни ўзгартиришига умид қилаётган француз бувисидан илҳомланишмоқда.

Анжела Рейнер

Анжела Рейнер, Буюк Британия

Бош вазир ўринбосари

Анжела Рейнер Буюк Британия сиёсатидаги энг юқори лавозимлардан бирини эгаллаган. У июл ойидаги умумий сайловлардан кейин Бош вазир ўринбосари бўлган.

Стокпортда туғилиб ўсган Рейнер жуда ёшлигидан онасига қараган ва 16 ёшида ҳомиладор бўлиб, мактабни ташлаб кетган. У маҳаллий кенгашда ижтимоий ғамхўрлик соҳасида ишлаган ва касаба уюшмаси вакили даражасигача кўтарилган.

Рейнер илк бор парламентга 2015 йилда Эштон-андер Лайндан Лейбористлар партияси депутати ўлароқ сайланган – сайлов округи вакили бўлган илк аёл – кейинчалик бошқа лавозимлари қаторида Аёллар ва тенглик масалалари бўйича соя вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Ҳозирда у уй-жой, жамоалар ва маҳаллий бошқарув бўйича вазир.

Аруна Рой

Аруна Рой, Ҳиндистон

Ижтимоий фаол

Ҳиндистондаги камбағаллар ҳимоячиси Аруна Рой қишлоқ жамоалари билан кўпроқ мулоқот қилиш учун давлат хизматидаги ишидан воз кечган.

У Mazdoor Kisan Shakti Sangathan (МКСС) ноҳукумат ташкилотининг асосчиларидан бири. Ташкилот шаффофлик ва адолатли иш ҳақига эътибор қаратади. 2005 йилда одамларнинг ҳукуматдан ҳисобдорлик талаб қилишларига имкон берувчи муҳим қонуннинг қабул қилинишида катта ўрин тутган.

Қирқ йил давомида оммавий ташаббусларнинг бошида турган Рой кўплаб, жумладан, "Осиё Нобель мукофоти", деб ҳисобланган Ramon Magsaysay мукофотини ҳам қўлга киритган.

У Ҳиндистон Аёллари Миллий Федерацияси президенти. Бу йил ўзининг “Шахсий бу - сиёсийдир” номли мемуарини ҳам чоп этган.

Буюк ғояларга берилиб, биз кўпинча ёнгинамиздаги мақсадни кўрмаймиз.

Аруна Рой

Юми Сузуки

Юми Сузуки, Япония

Мажбурий стерилизация даъвосида даъвогар

Мия фалажи билан туғилган Юми Сузуки ёшлигидан камситишларга дуч келган. Сузуки атиги 12 ёшда бўлганида, бачадони жарроҳлик йўли билан олиб ташланган.

1950-йиллардан 1990-йилларгача Японияда Сузуки каби баъзи ногиронлар евгеника қонуни туфайли мажбуран стерилизация қилинганлар. Мазкур қонун фақат 1996 йилга келибгина бекор бўлган.

Сузуки бошқа 38 даъвогар билан бирга ҳукуматни судга берган ва кўп йиллик маҳкама жараёнларидан сўнг ишда ютиб чиққан. Июл ойида Япония Олий суди ушбу амалиётни Конституцияга зид, деб топди ва ҳукуматга жабрланганларга товон тўлашни буюрди.

Ҳуан Цзи

Ҳуан Цзи, Тайвань

Сиёсатчи

Ҳуан Цзи гендер тенглигини ҳимоя қилиши билан танилган. У шу йилнинг январ ойида парламентга сайланган. Бу билан Тайваннинг биринчи очиқ LGBTQ+ қонун чиқарувчисига айланган.

У ўзининг сиёсий фаолияти давомида катта ислоҳотларни амалга оширган. Ёлғиз аёллар ва лесбиан жуфтликларнинг тиббий йўл билан ҳомиладор бўлиш ҳуқуқларини кафолатлаган. Кам таъминланган ва ногирон хотин-қизлар учун ҳайз кўрганда қўлланилувчи маҳсулотларнинг давлат томонидан қопланишига эришган.

Цзи 2023 йилда жинсини ошкора эътироф этган. Шундан сўнг ўзи юз тутган ҳақоратлар ҳақида ҳам очиқча гапирган. Дипфейк порнография қурбони сифатида у рақамли жинсий зўравонликларга қарши курашишда мавжуд қонунларни кучайтириш тарафдори.

Ростмана чидамлилик хилма-хилликни қабул қилишдадир. Бир пайтлар заиф деб ҳисобланган аёллар ва LGBTQ+ ларники илова қанчалик кўп овозларни қамрай олсак, биз шунчалик кучли бўламиз.

Ҳуан Цзи

Лилия Чанишева

Лилия Чанишева, Россия

Сиёсий фаол ва собиқ маҳкума

Лилия Чанишева йирик халқаро маҳбуслар алмашинуви доирасида жорий йилнинг август ойида озод этилган 26 кишидан бири бўлади. Сиёсий фаол эркинликка чиққач, Россияни тарк этган.

Чанишева марҳум мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийнинг Россиянинг Бошқирдистон вилоятидаги идорасини бошқарган. Унинг вазифаси коррупцияни текшириш, адолатли сайловлар ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш эди.

У муваффақиятли молиячи бўлган. Навальний жамоасига қўшилишдан олдин Москвадаги халқаро фирмаларга солиқ бўйича маслаҳатчилик қилган.

Лилия 2021 йилда экстремизмда айбланиб, ҳибсга олинган. Тўққиз ярим йилга қамалган. Озодликка чиққунича икки йилу тўққиз ой қамоқда ўтирган.

Фэн Юань

Фэн Юань, Хитой

Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси

Хитойда узоқ вақтдан бери аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган Фэн Юань Equality Beijing ("Пекинда Тенглик") ташкилотининг асосчиси ҳисобланади. 2014 йилда ташкил этилган ташкилот ишонч телефони орқали ҳуқуқий ислоҳотлар, салоҳиятни ошириш ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш учун курашни мақсад қилган.

Сўнгги йилларда у Хитойдаги MeToo қурбонларини қўллаб-қувватлаб келади. Иш берувчиларга иш жойида жинсий зўравонликнинг олдини олиш бўйича тренинглар ўтказади.

Фэн 1986 йилдан 2006 йилгача аёллар масалалари бўйича журналист бўлиб ишлаган.

1990-йилларнинг ўрталаридан бошлаб у аёллар, оммавий ахборот воситалари, ОИВ/ОИТС, етакчилик ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ кўплаб нодавлат ташаббусларни йўлга қўйишга ҳисса қўшган. У Хитой ва хорижда нашр этилган мақолаларга муаллифлик қилган, таҳририда кўмаклашган.

Фавзия ал-Отаибий

Фавзия ал-Отаибий, Саудия Арабистони/Буюк Британия

Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси

Фавзия ал-Отаибий ўз овозини эшиттириш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. У узоқ пайтдан бери Саудия Арабистонида эркаклар васийлик тизимини бекор қилишга ҳаракат қилиб келади.

Аммо расмийлар томонидан сўроққа чақирилгач, у мамлакатни тарк этишга қарор қилади.

Унинг ўзига ўхшаб аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган синглиси Манаҳел ал-Отаибий шу йил бошида ҳибсга олинади ва 11 йилга қамалади. Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, у кийган кийими ва интернетда билдирган фикрлари билан боғлиқ айбловларда айбланган.

Ал-Отаибий синглисини озод қилиш учун тинимсиз кампания олиб борди. Саудия Арабистонида сўнгги пайтларда ўзгача фикрни бостириш натижасида кўпчилик ижтимоий тармоқдаги постлари учун қамоққа олинган.

Илм-фан, Соғлик ва Технология

Сафо Али

Сафо Али , Судан

Акушер (доя)

Ўтган йили унинг Судандаги шифохонаси ёнида оғир жанглар бошланади. Тўхтовсиз отишмаларга қарамай, доктор Сафо Али унинг ҳамкасблари касалхонани тарк этишдан бош тортишади.

Сафо Али Муҳаммад Юсиф Акушерлик ва гинекология бўйича маслаҳатчи. Армия ва Тезкор Мадад кучлари ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар чоғида у кўнгилли ходимлар ва ҳомиладор аёлларни хавфсиз жойга кўчиришга ёрдам берган.

Ҳозир Сафо Али Муҳаммад Юсиф Ал-Саудия туғруқхонасида ишлайди. Кесарча кесиш амалиётларини қилади. Уруш шароити остида аёлларнинг соғликлари билан боғлиқ муаммоларни даволайди.

Шунингдек, у тиббиёт ходимлари тақчиллигини камайтириш мақсадида таҳсилини энди тугатган 20 га яқин ёш шифокор аёлни акушерликка ҳам тайёрламоқда.

Мен ишонаманки, аёллардаги бардош бизга шифо, адолат ва қўрқувда яшашимиз керак бўлмаган келажакни ваъда қилади. Улардаги куч менга ҳатто энг қоронғу пайтларда ҳам умид борлигини эслатади.

Сафо Али

Шилшила Ачарья

Шилшила Ачарья, Непал

Барқарор тараққиёт соҳасида тадбиркор

Шилшила Ачарья Непалдаги энг йирик пластикни қайта ишлаш тармоқларидан бирини бошқаради. Унинг чиқиндиларни бошқариш бўйича бизнеси Avni Ventures маргиналлашган жамоалар ходимларини иш билан таъминлайди ва яшил секторда кўпроқ аёлларни жалб қилишга эътибор қаратади.

Ачарья 2014 йилда пластик харид халталарининг тақиқланишига олиб келган "Йўқ раҳмат, мен ўз сумкамни олиб юраман" кампаниясида ҳам пешқадамлик қилди.

Иқлим ва чиқиндилар бўйича йўриқчи Ҳимолайда ҳар йили ўтказиладиган оммавий ҳашарнинг ҳам ташаббускори. Мазкур акция давомида кўнгиллилар альпинистлардан қолган ахлатларни тозалашади. 2019 йилдан буён улар 119 тонна чиқинди йиғишга муваффақ бўлишган.

Унинг фаолияти орқали маҳаллий ҳунарманд аёллар бу чиқиндиларнинг бир қисмини қайта ишлаб, ундан сават, бўйра, заргарлик буюмлари ясашади ва шунинг орқасидан ҳам ўз рўзғорларини тебратишади.

 Брижит Батист

Брижит Батист, Колумбия

Эколог

Трансгендер аёл биолог сифатида Брижит Батист биологик хилма-хиллик ва гендер ўзига хослиги ўртасидаги умумий жиҳатларни ўрганади.

У экотизимларни яхшироқ ҳимоя қилиш учун "табиат" тушунчасини кенгайтиришга ҳаракат қилиб, ландшафтлар ва турларни ўрганишда ўзининг ғайриоддий тажрибаси призмасидан фойдаланарди. 2018 йилги TEDx нутқида у Колумбия миллий дарахти бўлган Киндио мумли пальмасидан турларнинг бутун умри давомида "фан мунтазам равишда жинс ва гендердаги ўзгаришлар ҳақида хабар беришига" мисол ўлароқ фойдаланган.

Таниқли академик Батист 10 йил давомида Александр фон Гумбольдт институти директори лавозимида ишлаган ва ҳозирда Боготадаги барқарор тадбиркорликка ихтисослашган олий таълим муассасаси EAN университети президентидир.

У, шунингдек, LGBTQ+ вакилларини олий таълимга кўпроқ жалб қилиш учун молиялаштиришни яхшилаш тарафдори.

Сара Беркай

Сара Беркай, Буюк Британия/Эритрея

Болалар учун "ўзинг яса" тўплами дизайнери

Суданда туғилган ва Лондонда улғайган эритреялик Сара Беркай оиласидан биринчи бўлиб университетга борган ва у ерда болалар ривожланиши бўйича таҳсил олган.

У Ambessa Play ижтимоий корхонасининг асосчиси. Болалар учун "ўзинг яса" ўқув тўпламларини ишлаб чиқаради ва уларни ўйинчоқлар дизайни билан шуғулланишга ундайди.

Беркай қилаётган иш дунёнинг турли давлатларидаги мактабга бормайдиган болаларга ўйин орқали билим олиш имкониятини беради. У бу ғояни 2019 йилда Эфиопия ва Эритреядаги уйларини тарк этишга мажбур бўлган болалар учун ташкил этган фан, технология, муҳандислик ва математика бўйича машғулотлари чоғида ўйлаб топган.

Унинг инновацион ғоялари бошқа мукофотлар қаторида Forbes нинг Ижтимоий таъсирга эга 30 ёшдан кичик 30 киши рўйхатига киритилиши билан ҳам эътироф этилган.

Чидамлилик амалда некбинлик - муҳаббатга асосланган яхши келажакка содиқликдир.

Сара Беркай

Рикта Ахтар Бону

Рикта Ахтар Бону, Бангладеш

Ҳамшира ва мактаб асосчиси

Бангладеш шимолидаги ҳамшира Рикта Ахтар Бону яшайдиган чекка ҳудудда аутизм ташхиси қўйилган ёки ногирон болага эга бўлиш лаънат сифатида кўрилади.

Унинг ўз қизи ҳам аутизм ва мия фалажига чалинган. Қизини маҳаллий бошланғич мактабга қабул қилишмаган. Шунда у ерини сотиб, ўзининг мактабини қурган.

Рикта Ахтар Бонунинг мактабида ҳозир 300 та бола ўқийди. Унинг мактаби жамиятнинг ногиронлик ҳақидаги қарашларига ижобий таъсир кўрсатди.

Мактаб дастлаб аутизмга чалинган ёки ўрганишда қийналувчи болалар учун қурилган бўлса, ҳозир унда турли ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган ўқувчилар ҳам таҳсил олишмоқда.

Нур Имом

Нур Имом, Миср

Fem-tech соҳасидаги тадбиркор

Жинсий саломатлик бўйича саводхонликни оширувчи Нур Имом ҳайз кўриш гигиенаси, репродуктив саломатлик ва жинсий хабардорлик каби Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги аёллар учун кўпинча тақиқланган мавзуларга эътибор қаратади.

Имом Қоҳирадаги клиника ва рақамли платформа орқали гибрид хизматларни тақдим этувчи fem-tech (аёллар технологияси) компанияси Motherbeing ширкатининг ҳаммуассиси ва бош директори. У технологиялар орқали аёлларнинг соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишларини яхшилашни мақсад қилган.

У аёлларнинг ўз таналари ҳақида асосли билимларини ошириш, шу билан бирга, контрацепция ҳақида ишончли маълумот олишларини осонлаштириш, бирор бир хижолатсиз нозик муаммоларини ҳал этишга ёрдам беришни мақсад қилган.

Габриэла Салас Кабрера

Габриэла Салас Кабрера, Мексика

Дастурчи ва маълумотлар тадқиқотчиси

Габриэла Салас Кабрера аралашмагунча унинг она тили Наҳуатл Google нинг кенг фойдаланилувчи таржима платформасида йўқ эди.

Салас Наҳуатл ва Мексиканинг бошқа маҳаллий халқларининг она тилларини ҳам Google Translate га интеграция қилиш учун тилшунослик лойиҳаларида технология гиганти билан ҳамкорлик қилди. Наҳуатл тилидаги таржима иловасининг ўзи эса, шу йил бошида ишга тушди.

Салас сунъий ақл ёрдамида етарлича эътибор топмаган тилларни кучайтириш билан шуғулланади. У, шунингдек, технология соҳасида туб аҳоли вакиллари бўлган аёлларнинг иштирокини оширишга интилади.

У объектга йўналтирилган дастурлаш ва сунъий интеллект бўйича ихтисослашган. Испаниянинг Мадрид Политехника университетида маълумотлар фанини ўрганади.

Аёлларнинг чидамлилиги - ҳеч қачон сўнмайдиган, оғриқни мақсадга айлантирадиган ва эргашганларнинг йўлини ёритадиган алангадир.

Габриэла Салас Кабрера

Каталин Карико

Каталин Карико, Венгрия

Биохимик ва Нобель мукофоти совриндори

Венгриялик биохимик Каталин Кариконинг ўзгартирилган матрицали РНК (мРНК) бўйича машҳур тадқиқоти BioNTech/Pfizer вa Moderna томонидан Covid-19 вакциналарини яратиш учун ишлатилган.

Мазкур тадқиқоти учун у ва ҳамкасби Дрю Вайсман "замонавий даврда инсон саломатлиги учун энг катта таҳдидлардан бири пайтида вакцинани ишлаб чиқишнинг мисли кўрилмаган тезлигига" қўшган ҳиссаси учун физилогия ва тиббиёт бўйича Нобель мукофотига лойиқ, деб топилди.

ДНКни оқсилларга айлантириш учун масъул бўлган мРНК жуда нозик ва у билан ишлаш қийин, аммо Карико унинг тиббиётда муҳим роль ўйнашига ишонганди.

Пандемиядан олдин у ишлаб чиққан технология фақат экспериментал эди, аммо унинг натижаларидан ҳозир бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ўзларини COVID-19 нинг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш учун фойдаланмоқда.

Мақсадлар сари ҳаракат қилинг ва бошқалар нима қилиши кераклигига эмас, балки ўзингиз қила оладиган нарсаларга эътибор қаратинг. Муваффақиятсизликка учрасангиз, ундан ўрганинг. Туринг ва худди шу иштиёқ билан давом этинг.

Каталин Карико

 Жоржина Лонг

Жоржина Лонг, Австралия

Онколог

Жоржина Лонг мақсадли терапия ва иммуно-онкология ёрдамида саратон ўлимисиз дунёга эришмоқчи.

Жоржина Лонг Австралия Меланома институти ҳамраҳбари. 2024 йилда тилга тушган. Ҳамкасби ва дўсти Ричард Скольерга саратондан халос бўлишига ёрдам берган. У чалинган ўта тажовузкор мия саратони турига қарши дунёда биринчи даволаш услубини ишлаб чиқишда ҳаммуаллифлик қилган.

Лонг ва унинг жамоаси, шунингдек беморнинг ўзи ҳам, ўсимтани олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётидан олдин дорилар комбинацияси қўлланилса, иммунотерапия яхши самара беришини аниқлаган.

Уларнинг илғор ишлари меланома бўйича кўп йиллик изланишлардан келиб чиққан. Тери саратони ташхиси қўйилган минглаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Келажак раҳбарлари ҳамдардлик ва инсонпарварликни қўллаб-қувватлаши, одамларга эскирган тизимларга қарши курашиш ва муаммоларга инновацион ечимларни топишга имкон беришлари керак.

Жоржина Лонг

Саша Луччиони

Саша Луччиони, Канада

Компьютер олими

Сунъий ақлнинг жадал ривожланишига мослашаётган дунёда саноатнинг углерод изи кўпинча эътибордан четда қолиши мумкин.

Сунъий онг бўйича етакчи олим Саша Луччиони дастурчилар 1,3 миллион мартадан кўпроқ юклаб олинган кодни ишга туширганда ўзларининг углерод чиқиндиларини миқдорини аниқлашлари мумкин бўлган воситани яратишга ёрдам берди.

У Hugging Face стартапининг иқлим бўйича раҳбари. Hugging Face очиқ манбали сунъий ақл моделлари билан ишлайди ва “яхши машина ўрганиш” (ML)ни демократлаштиришни мақсад қилган.

Луччиони сунъий ақлнинг барқарорлигини яхшилашни истайди ва СА стартаплари иқлимга таъсирини солиштириш учун фойдаланиши мумкин бўлган "юлдузчали энергия рейтинги тизими"ни яратишни мақсад қилган.

Кауна Мальгви

Кауна Мальгви, Нигерия

Контент модераторлари уюшмаси раҳбари

Кауна Мальгви технология ва сунъий интеллект соҳасида ишчилар ҳуқуқларининг фаол ҳимоячиси. Нигерия Контент Модераторлари Иттифоқи раҳбари сифатида клиник психолог Мальгви Сунъий Ақл тизимларини ўқитишга кетадиган барча кўринмас меҳнат ҳақида хабардорликни оширмоқда.

Мальгвининг сўзларига кўра, ўзининг Facebookдаги ташқи контент модератори сифатидаги олдинги вазифасида у жинсий зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш ва болаларга қарши зўравонлик видеоларига тўқнаш келган, бу эса уйқусизлик ва паранойя(руҳий парокандалик ёки восвос)га олиб келган.

У Кениядаги Facebook'нинг бош компанияси Метани иш шароитлари ёмонлиги ҳақида хабар берганидан сўнг ўзларининг адолатсиз ишдан бўшатилганликлари даъвоси билан судга берган 185 нафар собиқ модератордан бири.

У Европа Парламентида контент модераторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб кўрсатма берган.

Аёллар технологик тараққиётни ҳам, руҳий саломатликни ҳам қадрлайдиган яхлит нуқтаи назарни келтириб, парчаланиб кетган дунёмиз ҳақиқатларига қарши чиқишлари ва ўзгартиришлари мумкин.

Кауна Мальгви

Ширин Обид

Ширин Обид, Фаластин ҳудудлари

Болалар шифокори

Портлашлар ва захираларнинг ўта тақчиллиги Ширин Обиднинг Ғазодаги янги туғилган чақалоқларга ғамхўрлик қилишига тўсқинлик қила олмади.

2023 йилда бошланган Исроил-Ғазо уруши сабаб, хонадони вайрон бўлди. Ширин Обид уй-жойсиз қолди. Аммо, шунга қарамай, шифокор ён-атрофдаги қочқинлар жамлоқларидаги гўдаклар саломатлиги ҳақида қайғуришда давом этади.

У энг сўнггида аш-Шифо тиббиёт мажмуасидаги туғруқ маркази раҳбари сифатида ишлаган. Ғазонинг йирик шифохоналари болалар бўлимларидаги узоқ йиллик тажрибасига таяниб, Ширин Обид фавқулодда вазиятларга оид протоколларни ҳам ишлаб чиқди. Улар шифокорларга ўта чекланган захиралар билан ҳаётни асраб қолувчи муолажаларни қилишга имкон беради. Ширин Обид, шунингдек, бошқа шифокорларни тайёргарликдан ҳам ўтказди.

Вазият уни шу йил бошида икки қизи билан Ғазони тарк этишга мажбур қилди, аммо Обид шифокорларга масофадан туриб ёрдам беришда давом этмоқда.

Ольга Олефиренко

Ольга Олефиренко, Украина

Фермер

2015 йилда отаси вафот этганида, Ольга Олефиренко унинг фермер хўжалиги ташкил этиш орзусини амалга оширмоқчи бўлди. Чорва сотиб олиб, ишлай бошлади. Лекин тез орада молиявий қийинчиликларга дуч келди ва барча чорвасини сотишга мажбур бўлди.

Аммо у Донбассдаги жанг жабҳасида ҳалок бўлган ва денгиз флотининг махсус кучлари қўмондони бўлиб хизмат қилган отасининг ниятларини йўққа чиқаришни истамади.

Ўтган йили Ольга Украина Фахрийлар Жамғармасидан маблағ олиш учун бизнес-режа тузди ва меҳнати зое кетмади.

Олефиренко фермер хўжалигини қайта юрита бошлади, асосий эътиборини модернизация, янги деҳқончилик технологияларини қўллаш ва маҳаллий жамоаси учун иш ўринлари яратишга қаратди. У ўз ташаббуси ва етакчилиги учун илҳом манбаи сифатида кўрилади.

Субин Парк

Субин Парк, Жанубий Корея

Stair Crusher Club асосчиси

Субин Парк ногиронлар аравачасида юради. Сеулдаги ўзи истаган ҳамма ерга ҳам боролмаслигини англаб етади. Шундан сўнг, у мазкур муаммога эътибор учун собиқ IT-лойиҳа менежери сифатида ўз маҳоратини ишга солади.

Парк Жанубий Кореядаги ногиронлар аравачаси учун қулай бўлмаган йўллар ва унда кириш имконсиз жойлар ҳақида маълумот тўпловчи Stair Crusher Club нотижорат лойиҳаси асосчиларидан бири.

Лойиҳа ўзининг фойдаланувчилари учун қулайлик харитасини яратишга қаратилган.

Ҳозиргача 2000 дан ортиқ фуқаро Stair Crusher Club тадбирлари орқали унинг маълумотлар базасини кенгайтиришга ўз ҳиссаларини қўшишган. Бутун мамлакат бўйлаб 14000 та жойнинг ногиронлар учун қанчалик қулайлиги текширилган.

 Снеҳа Реванур

Снеҳа Реванур, АҚШ

Сунъий ақл бўйича мутахассис

Снеҳа Реванур эндигина 20 ёшда. Аммо у аллақачон рақибларини ортда қолдирган. Реванур хавфсиз ва адолатли сунъий ақлни яратишга қаратилган ва дунёнинг 30 давлатида 1300 аъзога эга "Encode Justice" глобал ёшлар ҳаракатига асос солган.

Реванурнинг фаолияти янги технологиялар туғдирувчи таҳдидларни юмшатиш ва ёшларни муҳим суҳбатларга жалб этишга қаратилган.

У Стэнфорд университети талабаси, Сунъий ақл ва рақамли сиёсат марказида ёзги илмий ходим.

Яқинда у Time журналининг илк сунъий ақл соҳасидаги катта таъсирга эга 100 овоз рўйхатига кирган энг ёш одам бўлди.

Бизда сунъий ақлнинг инқилобий салоҳиятига соя солишидан аввал хавф-хатарларининг олдини олиш имконияти бор. Мен учун чидамлилик келажакни қайта тасаввур қилиш учун ўтмишдан устун туришни англатади.

Снеҳа Реванур

Ольга Руднева

Ольга Руднева, Украина

Superhumans маркази асосчиси

Россиянинг Украинага босқини ортидан Ольга Руднева можарода яраланганларга ёрдам бериш учун нимадир қилиш кераклигини ҳис қилди.

Жанг майдонида оёқ-қўлини йўқотган одамларни кўпчилик жабрдийда, деб ҳисоблайди, лекин Рудневанинг назарида улар ўзи кўрсата оладиган барча ёрдамга лойиқ “суперинсонлар” эди.

У Львовда Superhumans травматология марказини очди ва ҳозир уни мутахассислар жамоаси билан бирга юритади. Марказ беморларни сунъий оёқ-қўллар билан таъминлайди ва яқинда реабилитация марказини ҳам ишга туширди.

Фаолиятининг дастлабки икки йилида 1000 дан ортиқ киши уларнинг хизматларидан фойдаланди.

Чидамлилик ҳар куни тонгда сирена садолари остида уйғониш, Ватанингиз учун курашни давом эттириш, “нега мен?”, деган саволга ёпишиб олмасдан, “нима учун?”, деганининг маънисини қайта кашф қилиш. Ҳар куни камроқ нарса билан кўпроқ иш қилиш йўлларини топиш.

Ольга Руднева

Самия

Самия, Сурия

Психолог консультант

BBC шахсий хавфсизлигини ўйлаб, кимлигини сир тутаётган психолог Самия кўп йиллик урушлар натижасида руҳан жароҳат олган сурияликларни қўллаб-қувватлаб келади.

Узоқ давом этган фуқаролар урушида юз минглаб одамлар ҳалок бўлди, омон қолганлар оғир шароитларда яшаб, руҳий тушкунлик ёки безовталик каби психологик муаммолардан азият чекмоқда.

Халқаро Қутқарув Қўмитаси томонидан бошқариладиган шифохонада ишлайдиган Самия Сурия шимоли-шарқидаги қочқинлар лагерида уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамлар ва уларнинг оилаларига руҳий ёрдам кўрсатади.

Имкониятлари чекланганига қарамай, у беморларнинг руҳий саломатлигини яхшилаш аҳдида қатъий ва инқирозли вазиятларда хабардорликни оширишда давом этмоқчи.

Сильвана Сантос

Сильвана Сантос, Бразилия

Биолог

Биолог-новатор Силвана Сантос ўзининг генетика соҳасидаги оламшумул кашфиётини бутунлай тасодиф билан боғлайди - у ўзи яшаган кўчада номаълум касалликка чалинган оилани учратиб қолади.

У Бразилия шимоли-шарқида прогрессив фалажга олиб келадиган ноёб генетик нейродегенератив касаллик бўлган SPOAN синдромини (спастик параплегия, оптик атрофия ва нейропатия) аниқлашга киришади.

Серринья-дус-Пинтос шаҳрида ўзининг тадқиқотларини бошлаган ўтган 20 йил ичида Сантос касалликка чалинган одамларга муҳим ташхис қўйишда ёрдам бериб келади.

У ноёб генетик касалликларнинг пайдо бўлишини ва уларнинг Бразилиянинг қашшоқ ҳудудларида яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар билан боғлиқлигини ўрганади.

Қандай қилиб биз чидамлилик кучини кўрсата оламиз? Ҳаётнинг цикл эканлигини англаш орқали. Қаттиқ қурғоқчиликда биз шунчаки жон сақлаймиз. Ёмғирли мавсумда эса, гуллаб-яшнаймиз ва мева етиштирамиз.

Сильвана Сантос

Аденике Титилопе Оладосу

Аденике Титилопе Оладосу, Нигерия

Иқлим бўйича адолат ҳимоячиси

Нигериялик экофеминист Аденике Титилопе Оладосу иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун аёллар ва ёшларнинг оммавий ташаббуси бўлган I Lead Climate Action асосчиси.

У Нигерия, Нигер, Чад ва Камеруннинг чорраҳасида жойлашган Чад кўлига таъсир этаётган экологик инқироз ҳақида хабардорликни оширишга ҳаракат қилди, бу ердаги сув ресурсларининг қисқариши эса, можароларни кучайтирган.

Оладосунинг иши экологик ва ижтимоий муаммолар, айниқса африкалик аёлларга тааллуқли масалаларга қаратилган. У бу аёлларга чўлланиш озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир қиладиган ҳудудларда барқарор деҳқончилик кўникмаларини ўргатади.

2019 йилдан бери Аденике Титилопе Оладосу БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича кўплаб анжуманларида қатнашди. Сиёсатчиларни Африкадаги иқлимга чидамлиликни устуворлаштиришга чақирди.

Иқлим инқирози бу - бизга ғалаба қозонишдан бошқа танлов қолдирмайдиган чидамлилик муаммоси. Ушбу инқироздан омон қолиш учун технология ва инновацияларга муҳим сармоя керак.

Аденике Титилопе Оладосу

Сунита Уильямс

Сунита Уильямс, АҚШ

Фазогир

НАСА фазогири Сунита Уильямс 5 июн куни Boeing Starliner кемасида фазога кўтарилган. У Халқаро Фазо станциясида саккиз кунлик миссияни бошлаш илинжида эди.

Аммо бортда қатор техник носозликлар юз беради. Шундан сўнг, Сунита Уильямс ва унинг ҳамкасби Барри Уилморга Ерга фақат 2025 йилнинг февралидагина қайта олишлари мумкинлиги айтилади.

Уильямс Ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги учувчиси. Аёллар ўртасида энг кўп космосга чиқиш бўйича собиқ рекордчи. 2007 йилда у фазода марафон югурган илк инсонга ҳам айланган.

Ҳозир Сунита дўстлари ва оиласидан узоқда. У Ердан 400 километр баландликда узоқ вақт қолишни чидам ва кўтаринки кайфият билан қабул қилди. Сунита фазо кемасини ўзининг “бахтли жойи”, деб атади.

Наоми Чанда

Наоми Чанда, Замбия

Фермер ва мураббий

Наоми Чанда ўқув фермасида қишлоқ хўжалиги йўриқчиси сифатида ўз жамоасини ерни ҳурмат қиладиган ва асраб-авайлайдиган усуллардан фойдаланган ҳолда ишлашга ўргатишни мақсад қилган.

У сувни тежовчи томчилатиб суғориш ёки қисқа даврли экинларни етиштириш каби "иқлимга оид смарт" кўникмаларга эътибор қаратади. Аёлларни иқлим ўзгариши бўйича ечимлар марказига қўяди.

Чанда қизлар таълимига ихтиослашган Camfed нодавлат нотижорат ташкилоти билан бирга 150 га яқин ёш аёлларга деҳқончилик усулларини мослаштириш ва Замбиянинг узоқ шимоли-шарқидаги иқлим инқирозига бас келиш йўлларини ўргатишда ёрдам бермоқда. У ерда узоқ давом этган қурғоқчилик ва кескин мавсумий ўзгаришлар кичик фермерларга ҳалокатли таъсир кўрсатган.

Роза Васкес Эспиноза

Роза Васкес Эспиноза, Перу

Биолог-химик

Табиб бувисининг донолигидан илҳомланган олима ва биохимик Роза Васкес Эспиноза ўз фаолиятини Перунинг Амазонкасидаги биохилма-хилликни ҳимоя қилиш учун илғор илм-фан ва анъанавий билимларни уйғунлаштиришга бағишлаган.

Amazon Research International асосчиси сифатида у ўрмоннинг биологик хилма-хиллигини ўрганиш учун туб аҳоли вакиллари билан бирга иш олиб боради.

Эспиноза сайёрамизнинг олис экотизимларига тез-тез саёҳат қилади. У ерда Амазонканинг афсонавий Қайнаётган дарёсида янги бактерияларни кашф этиш, Перудаги нишсиз асаларилар ва доривор асалларнинг биринчи кимёвий таҳлилларини ўтказиш ишларига бошчилик қилади.

Эспиноза, шунингдек, Жанубий Американинг энг йирик маҳаллий халқларидан бири бўлган Ашанинканинг халқаро элчиси.

Энас ал-Ғул

Энас ал-Ғул, Фаластин ҳудудлари

Қишлоқ хўжалиги муҳандиси

Уруш туфайли Ғазода сув танқис бўлиб қоларкан, Энас ал-Ғул муаммога ечим топиш кераклигини ҳис қилди.

Қишлоқ хўжалиги муҳандиси ёғоч, шиша ва брезент каби қайта ишланувчи маҳсулотлардан фойдаланиб, денгиз сувини ичимлик сувига айлантира оладиган ва қуёш энергияси билан ишлайдиган тузсизлантириш қурилмасини яратди.

Ўшандан бери мазкур қурилма Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнисда қад ростлаган чодирларда жон сақлаётган кўпчилик учун ҳаёт манбаига айланди. Чунки сув ва канализация иншоотлари ўтган йилнинг октябр ойидан буён шикастланган ёки вайрон бўлган.

Дарбадар фаластинликларга ёрдам бериш учун ўз маҳоратидан фойдаланишга қарор қилган ал-Ғул, шунингдек, қуёш энергияси билан ишлайдиган пиширгич ҳам яратди. Тўшак ва сумкага ўхшаш нарсаларни қилиш учун маҳсулотларни қайта ишлашни ўрганди.

ББС Жаҳон хизматининг 2024 йилги 100 Аёлидан айримларининг суратлари.

100 Аёл лойиҳаси нима ҳақда?

ББСнинг мазкур лойиҳаси ҳар йили дунё бўйлаб катта таъсирга эга ва илҳомлантирувчи 100 аёлни танлайди. Улар ҳақида ББСнинг барча платформаларида нашр этилувчи ва эфирга узатилувчи ҳужжатли фильмлар, репортажлар, ҳикоялар, мақолалар ва суҳбатлар тайёрлайди.

BBC 100 Аёлни Instagram ва Facebook'да кузатиб боринг. #BBC100Women орқали суҳбатга қўшилинг.

100 Аёл қандай танланган?

BBC 100 Аёл жамоаси изланишлар натижасида тўпланган, 41 тил хизмати ва BBC Media Action томонидан таклиф қилинган номлар асосида қисқа рўйхат тузади.

Биз сўнгги 12 ой ичида сарлавҳаларга чиққан ёки муҳим воқеаларга таъсир қилган, чиқмаган бўлса-да, илҳомлантирувчи ҳикоялари бор ёки катта муваффақиятларга эришган ва ўз жамиятида ўзгаришлар қилаётган аёлларга эътибор қаратдик.

Номзодлар яна бу йилги бардошлилик мавзусига мувофиқ танланди. Биз кечаётган йил бутун дунё аёллари учун қанчалик оғир бўлганини эътироф этмоқчи бўлдик. Шу боис, чидам билан ўз жамоаларида ёки бутун дунёда ўзгаришлар қилаётган аёлларга эътибор қаратдик. Иқлим ўзгариши соҳасида фаолият юритаётган аёлларни ҳам назардан қочирмадик. Мазкур рўйхатга иқлим кашшофлари ҳамда атроф-муҳит бўйича етакчилари ҳам киритилган.

Биз турфа сиёсий қарашларга эга ва жамиятнинг турли қатламларидан бўлган аёлларни намоён этдик. Зиддиятли фикрларга сабаб мавзу ва воқеаларга алоқадор номзодларни ҳам кўриб чиқдик.

Якуний рўйхат тасдиқланишидан аввал номзодлар барча минтақаларни бирдек намоён этган-этмагани ўрганилди. Танловнинг холис бўлишига ҳам эътибор қаратилди. Барча аёллар рўйхатга ўз розиликлари билан киритилган.