Ўзбекистонлик муаллима илк бор Би-би-сининг 100 қудратли аёли рўйхатида

Муҳаббат Шаропова

Сурат манбаси, turkistonpress.uz

Би-би-сининг "100 аёл" лойиҳасига ҳар йил дунё бўйлаб энг таниқли, атоқли ва таъбир жоиз, жасоратли хотин-қизлар киришга муваффақ бўлишади.

Дейлик, Чили Президенти Мишель Бачелет ва ёки Либериянинг амалдаги раҳбари Элен Жонсон-Серлиф Би-би-си томонидан эътироф этилган ана шундай аёллардан бўлишади.

Муҳаббат Шаропова эса, бу рўйхатга тушган ўзбекистонлик биринчи аёлга айланди.

68 ёшли Муҳаббат Шаропова оддийгина математика фани ўқитувчиси.

Аммо Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига лойиқ кўрилган саноқли муаллималардан бири бўлади.

"Ўзбекистон Қаҳрамони" Ўзбекистонда энг олий даражадаги мукофот саналади.

Расмий маълумотга кўра, бу унвон "Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади".

Дейлик, бундан аввал Ўзбекистон Халқ шоирлари, ҳозирда марҳум Эркин Воҳидов ёки Абдулла Ориповлар бу номга лойиқ, деб топилишган.

Муҳаббат Шаропова Ўзбекистондаги саноқли таниқли аёл математика ўқитувчиларидан бири саналади, у қарийб ярим асрлик ўқитувчилик тажрибасига эга.

Ўзи оддий математика муаллимаси экан, ўқувчилари орасидан фан номзодлари, доктор-профессорлар қадар етишиб чиққан.

Шунча вақт давомида оддий мактаби, ўқувчиларини бирор бир университет ёки институтдаги ишга алишмаган. Муаллималиги ва ўқувчиларини афзал билган.

Унинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳатто, "Ўзбекистон қаҳрамони" бўлгани ҳам ўзининг бу аҳдидан ортга қайтара олмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02