Креатин – мушакни қувватловчи бу модда зеҳнни ўткирлаштирадими?

- Author, Рут Клегг
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Жавонимда турибди. Бир менда эмас – креатин миллионлаб одамлар учун севимли қўшимча озуқага айланган.
Дастлаб 1990-йилларда бодибилдерлар ва спортчилар орасида машҳур бўлган бу оқ кукун ҳозир ўрта ёш аёлларнинг зираворлар жавонига (ўзимникини ўша ерда сақлайман) кириб келмоқда.
Бу, эҳтимол, дунёдаги энг кўп ўрганилган қўшимча озуқалардан бири. Сўнгги ўн йилликларда унинг мушак массаси ва умумий қувватни ошириш қобилиятини баҳолаш бўйича минглаб тадқиқотлар ўтказилди.
"Креатин шунчалик оммалашиб кетдики, ундан фойдаланмасангиз, нимадандир қуруқ қолаётгандек бўласиз," дейди Эссекс университетининг спорт ва жисмоний тарбия фани ўқитувчиси доктор Ҳенри Чунг. "У элита спортидан оммавий ҳаётга кўчди. Энди уни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида эмас, балки қачон қабул қилиш ҳақида гапиришмоқда – машқдан олдинми ёки кейин? Ҳар кунми? Қанча миқдорда?
Қайси шаклда бўлгани маъқул? Кукун, таблетка, желатин конфет?"
Креатин табиий бирикма бўлиб, у мушакларимизда тўпланади ва ҳужайраларимизнинг энергия ишлаб чиқаришига ёрдам беради. У танамиздаги энг тез, энг кучли энергия тизими бўлган ATP-CP тизимининг муҳим таркибий қисмидир.
Bir narsalarni qilishga motivatsiyam ko‘paydi, ayniqsa, mashg‘ulotlarga kelganda. Ko‘tarish va tirmashish paytida o‘zimni kuchliroq his qilaman, tiniqroq fikrlay olaman.
У юқори интенсив машқларнинг дастлабки 10-20 сониясини таъминлайди – бу тез ва кучли энергия портлашини беради. Тадқиқотлар кўрсатишича, оғирлик кўтаришдан тортиб, трек бўйлаб югуришгача, креатин қўшимчаси самарадорликни оширишга ёрдам беради.
Спорт залидан ташқарида ҳам у қисқа муддатли хотира, кайфият ва диққатни жамлашга ёрдам бериши мумкинлигини кўрсатадиган, аммо нисбатан чекланган далиллар мавжуд.

Хўш, бу креатин бизнинг фикрлаш, эслаб қолиш ва жавоб қайтариш қобилиятимизни яхшилайдими?
Мен ва бошқалар учун у миямиздаги «туман»ни тозалашга ёрдам берадими? Бу тушунча аниқ фикрлай олмаслик, гапларни тўғри туза олмаслик ва энг оддий нарсаларни эслай олмасликни англатади.
Жиддий вирусдан кейин асорат қолган баъзи одамлар учун мия тумани узоқроқ давом этиши ва ҳаётини ўзгартириши мумкин. Агар хавотирингиз бўлса, тиббий ёрдамга мурожаат қилганингиз маъқул.
Кўпчилик учун мия тумани одатда вақтинчалик бўлиб, касаллик ёки маълум турдаги тиббий муолажалар туфайли юзага келиши мумкин. Миллионлаб аёллар учун бу гормонал ўзгаришлар туфайли менопауза арафасидаги белги бўлиши мумкин.
Кети Менселнинг фикрича, креатин унинг ҳаётининг кўп жабҳаларида ёрдам берган. Мерсисайдлик 46 ёшли бу аёл тош кўтаради, ҳафтасига 45-60 км югуради, дастурий таъминот компаниясининг бош молиявий директори сифатида тўлиқ ишлайди ва ўсмир ўғли ҳамда иккита ити билан уйда ҳам банд.
"Бир неча ой олдин ўзимни ёмон ҳис қилардим. Машғулотлар жуда оғирдек туюлиб қолди, диққат жамлашга қийналдим," дейди у.
"Буни менга дўстим тавсия қилганди – яхши таъсир қилади, деганди."
Менопауза арафасида турган Кети ҳам уч ой олдин кунига олти грамм креатин қабул қилишни бошлаган. Таъсири куттирмади. Кайфияти бироз енгиллашган, оғирроқ юкларни кўтара олади ва миясига чўккан туман тарқала бошлаган.

"Бир нарсаларни қилишга мотивациям кўпайди, айниқса, машғулотларга келганда. Кўтариш ва тирмашиш пайтида ўзимни кучлироқ ҳис қиламан, тиниқроқ фикрлай оламан."
Кети магний қўшимчаларини ҳам қабул қилаётгани, гормон ўрнини босувчи терапияни бошлаганини айтади, аммо креатин таъсир қилаётгани боис, кунлик дозасини давом эттиришига ишончи комил.
Баъзилар бунинг аҳамияти кам деб ҳисоблайди ва кўпчилигимиз керакли миқдордаги креатинни овқат орқали оламизми ёки йўқ, деган масалада фикрлар турлича. Маълумки, креатиннинг бир граммини танамиз табиий ишлаб чиқаради, қолган қисми эса гўшт ва балиқ каби юқори оқсилли озиқ-овқатлардан олинади.
Креатиннинг эркак спортчиларга таъсири 1990-йиллар бошидан бери ўрганиб келинган, аммо кўплаб илмий тадқиқотларда бўлгани каби, аёллар биологияси эътибордан четда қолган.
"Мен спортчи қизларимга нима кераклигини фақат тахмин қилишим керак эди, – деб тушунтиради АҚШнинг Вашингтон штатидан келган диетолог доктор Сюзан Клейнер. – Чунки барча тадқиқотлар эркакларга асосланган эди."
Фақат бир неча йил олдин аёлларнинг гормонал ўзгаришлари ҳисобга олина бошлади, дейди Creatine Health кенгаши маслаҳатчиси доктор Клейнер. Бу креатин бўйича тадқиқотларни тарғиб қилиш учун ташкил этилган глобал ташаббус. "Ўшанда олимлар тананинг бошқа қисмларида ҳақиқий таъсирни кўра бошладилар."
Олимлар креатиннинг фақат спорт шароитида мушакларимиз билан ўзаро таъсирига эътибор қаратиш билан чекланмай, унинг репродуктив саломатликка, суяклар саломатлигига ва мия фаолиятига қандай таъсир қилиши мумкинлигини ўргана бошладилар. Буларнинг бари менопауза арафасида таъсир қилиши мумкин, деб тушунтиради у.
Демак, креатин миямдаги туманни аритадими?
"Бу қизиқ фикр, – дейди фахрий профессор Тревор МакМоррис. – Балки фойдаси тегиши мумкин."
У 40 йилдан ортиқ вақт давомида бу соҳада ишлаб, креатин қўшимчалари бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказган.
Унинг айтишича, менопауза арафасидаги мия тумани уйқу етишмовчилигига ўхшаш таъсир кўрсатиши мумкин. У бу масалани чуқур ўрганиб, креатиннинг юқори дозалари уйқу етишмаслиги оқибатларини енгиллаштиришини аниқлаган.
Одамлар бу қўшимчани қабул қилганда, мия танадаги бошқа мушакларга ўхшаб ўзининг креатин захирасини ошириши мумкин. Бу кўпроқ энергия ишлаб чиқаришга ёрдам беради, натижада хотира ва маълумотларни қайта ишлаш қобилияти яхшиланиши мумкин.
Бироқ, профессор МакМоррис бу усул ҳаммага ҳам мос келмаслигини таъкидлайди. Унинг сўнгги тадқиқотлари кўрсатишича, креатин фойда бериши учун одамлар маълум даражада стресс ҳолатида бўлиши керак, масалан, уйқусизликдан азият чекаётган ёки овқатдан етарли миқдорда креатин олмайдиган бўлиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, мендаги мия туманини даволашда креатин балки ёрдам бериши мумкин. Мен суҳбатлашган мутахассислар бу тадқиқот йўналишини "қизиқ давр" деб ҳисоблайди, аммо кўпроқ изланишлар талаб этилади.
Диетолог Люси Аптон огоҳлантирганидек, креатиннинг оммалашуви туфайли унинг ножўя таъсирларини кўпроқ учратишимиз мумкин.
"Кенг қамровли тадқиқотлар ўтказилган бўлса-да, улар назорат остидаги шароитда амалга оширилган, – дейди у. – Энди биз тана ўлчамлари, дозалар ва мавжуд касалликлар бўйича фарқларни ҳисобга олишимиз керак."
Ҳозиргача маълум бўлган ножўя таъсирларга ошқозон безовталиги, мушак спазмлари ва қорин дам бўлиши киради. Буйрак касалликлари бор одамлар креатинни қабул қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишлари лозим.
Доктор Чунг соғлом катта ёшли одамлар учун креатинни "синаб кўришда" зарар йўқ деб ҳисобласа-да, натижалар одатда "минимал фойда" беришини таъкидлайди ва "бу ҳеч қандай мўъжизавий дори эмас" деб қўшиб қўяди.
Менга келсак, мен жавонимда турган креатинни қабул қилишни бошладим, лекин бир ойдан сўнг тўхтатдим (бунга мия туманини айбдор қилиш мумкин).
Балки яна бир бор уриниб кўрарман.












