Ўзбекистон ёшлари нега университетда ўқишни исташмаяпти? Видео

Сурат манбаси, NUU/BBC/Rasmiy
Ўзбекистонлик ёшларнинг олий таълимга бўлган қизиқиши йилдан-йилга камайиб боряпти.
Охирги вақтларда аксар ёшлар орасида университет таълимига нисбатан салбий қараш шаклланган.
Кўпчилик ишга киришда энди диплом шарт эмас деган фикрда.
Қисқа муддатли курслар тобора оммалашмоқда.
Университет фақатгина техник кўникмалар учун эмас, балки ёшларнинг ижтимоийлашуви учун ҳам муҳим жойдир. Ўзбекистон каби бой ва ривожланган бўлмаган мамлакатда юқори даромадли касблар учун университет даражаси ҳануз муҳим ўрин тутади.
Шунга қарамасдан ҳам ёшларнинг олий таълимдан узоқлашиб бораётганлиги, табиийки, баъзи ижтимоий ва иқтисодий саволларни юзага келтиради.
Ўзбекистондаги маҳаллий университетларнинг сифати ҳақиқатан пастми? Ёки ёшлар бир соҳани 4-5 йил ўрганишда тобора сабрсиз бўлиб бораяптими? Бугунги кунга келиб олий таълим қанчалик ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда?
2022 йилда 1 миллион 200 мингдан ортиқ абитуриент университетларга ҳужжат топширган бўлса, 2025 йилга келиб, уларнинг сони қарийб 2 бараварга камайиб, 670 мингдан бироз ортиқни ташкил қилган.
Кўпчиликда олий таълимга бўлган ишонч сусайган. Ёшлар орасида айниқса "университет менга амалда керакми?" деган фикр оммалашган. Айни сабабдан, қисқа муддатли курсларга бўлган қизиқиш ривожланиб бормоқда.
Айниқса ИТ, маркетинг, дизайн, таржимонлик каби соҳаларда 3 ойдан 1 йилгача бўлган дастурлар ишсиз юрган, университетга кира олмаган ёки умуман ўқишни истамаганлар учун тез, самарали ва нисбатан арзон танловга айланган.
Бу курсларнинг кўплари халқаро стандартларга мос, амалий машғулотларга бой ва иш берувчиларнинг талабларига бевосита мослаштирилган.
Бироқ, ушбу курслар одатда фақат техник билимларнигина беришга ихтисослашган. Уларда ўқувчилар чуқур назарий тайёргарликдан ўтмайди, фан асосларини ўзлаштирмайди ва профессионал мутахассис эмас, аксинча, бошланғич ходим сифатида ўқитилади.
Айрим кузатувчиларнинг фикрича, бу Ўзбекистон меҳнат бозорига йирик техник ишчилар оқими кириб келаётганини англатади.
Таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг айтишича, университетга нисбатан фақат диплом берувчи муассаса деб қараш ёшларда таълим жараёнлари ҳақида ҳам янглиш тушунча туғилишига сабаб бўлмоқда.
"Университет бу фақатгина техник кўникмаларни ўргатадиган жой эмас, университет – бу муҳит. Университет олти ойлик ёки бир йиллик курслар беролмайдиган билимларни беради. У талабаларга тизимли фикрлашни ўргатади. Бирон масалага моҳиятдан ёндашувни ўргатади. Техник билимлар билан талабалар ишда муайян даражагача чиқиш мумкин. Аммо яхши фуқаро ва ўз соҳасининг профессионали бўлиш учун олий таълим муҳим аҳамиятга эга," – дейди у.
Universitet bu faqatgina texnik ko‘nikmalarni o‘rgatadigan joy emas, universitet – bu muhit. U talabalarga tizimli fikrlashni va biron masalaga mohiyatdan yondashuvni o‘rgatadi.
Шу билан бирга, сўнгги беш йилликда Ўзбекистонлик ёшларнинг хорижий университетларга қизиқиши кескин ошди. Бу эса маҳаллий университетларга қизиқиш пасайиб бораётганлигининг сабабларидан бири.
Маълумотларга кўра, 2023 йил Ўзбекистон талабалари хорижда ўқиётган давлатлар рўйхатида 3 ўринни эгаллаган. Ундан аввалги ўринларда эса энг кўп аҳоли сонига эга бўлган давлатлар Хитой ва Ҳиндистондир.
Бироқ, бу иккисидан фарқли равишда, Ўзбекистон аҳоли сони жиҳатидан анчайин кичик ҳамда мамлакатнинг умум иқтисоди унчалик барқарор эмас.
Шунга қарамасдан ҳам, таълим учун хорижга чиқиб кетаётган ўзбекистонликлар сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Биргина 2023 йилда Ўзбекистон талабаларининг 10 фоиздан ортиғи чет элда ўқиган бўлса, кейинги йилларда бу янада ўсди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Айниқса, ҳукуматнинг ўзи грантлар ажратиб, иқтидорли ёшларни хорижга ўқишга юбораётгани муҳим сигналдир. Демак, ҳукумат ҳам ички тизимга тўлиқ ишонмаяптими ёки камида уни етарли даражада замонавий деб ҳисобламаяптими?
Севинч Ҳамраева ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг "Эл-юрт умиди" стипендияси ғолиби, у Буюк Британиядаги Йорк университети талабаси. Айни жамғарма унинг хориждаги ўқиш ва яшаш харажатларини қоплайди.
Стипендиатлар ўқишни тамомлагач, Ўзбекистонга қайтиши ҳамда мамлакатда 5 йил муддат қолиб ишлаши керак. Бу ҳар бир стипендия ғолиби учун белгиланган мажбурият. Бироқ, хорижда ўқишга ўз ҳисобидан ёки халқаро грантлар орқали кетаётганларнинг аксарияти четда қолишни афзал билмоқда.
"Мендаги хавотир шуки, одатда бакалавр йўналишида четга юбориладиган ёшлар 17-18 ёшда бўлади. Бу эса уларнинг дунёқараши эндигина шаклланаётган ёш. Бу даврда [ташқи омил] таъсири жуда кучли бўлади. Шу билан бирга, келажакни буткул бошқа жойда нолдан қуриш имкони бор уларда. Айни сабабдан ҳам, уларнинг Ўзбекистонга қайтиб келиши эҳтимоли жуда паст бўлади. Бу эса "браин драин", одатий айтганда, "мия"ларнинг четга оқиб кетишига сабаб бўлиши мумкин," – дейди Комил Жалилов.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Тошкентдаги имтиҳон марказларида эса одам гавжум. Июлнинг сўнгги ҳафталарида ёшлар маҳаллий университетлар учун тест топширмоқда. Уларнинг баъзилари ўз келажагини ҳақиқатан олий таълим даражаси билан кўради.
"Мен ёшлигимдан олий таълимнинг аҳамиятини ҳис қилиб катта бўлганман. Бу аллақачон оиламиздаги муҳим одатга ҳам айланган. Яхши бир фуқаро ва ўз касбимнинг устаси бўлиш учун университетга топширяпман. Ўйлайманки, университет таълими жуда муҳим. Сабаби, инсон, албатта, бир соҳани эгаллаши учун 3-4 йил умрини сарфлаши ҳамда ўқитувчилар билан ишлаши керак, деб ўйлайман," – дейди имтиҳон топширувчи ёшлардан бири.
Университет диплома ва иш топиш йиллардирки ўзбек жамоатчилиги орасида қайноқ муҳокама мавзуси. Бироқ, олий таълим фақатгина касбий эмас, балки ёшларнинг ижтимоий шаклланиши учун ҳам муҳим жойдир. Ўзбекистонда эса баъзи ёшлар ҳануз ўз келажагини университет дипломи билан кўрса-да, унга параллел равишда, мактабдан кейинг таълимни ёқламайдиганлар сони ҳам ошиб бормоқда.












