Ўзбеклар зўравонми? Юз ёшдан ошганлар "Шуҳрати". Ҳибсдан уй қамоғига ўтган 24 қорақалпоғистонлик. "Uzbekistan Airways" нега йўловчиларнинг юкини юбормади? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, President.uz
Хорижликларга «Дўстлик», 100 ёшдан ошганларга «Шуҳрат»
Қорақалпоғистон воқеалари гумондорлари оилаларига қайтади
«Uzbekistan Airways», Тижорат муҳим, йўловчи муҳиммасми?
Ўзбекларни зўравонликда айблаган блогерга чора кўриладими?
Юздан ошганга медал
Ўзбекистонда анъанавий тақдирлаш маросими бошланди. Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев қатор шахслар ва фуқароларни орден-медаллар билан мукофотлаш тўғрисида бир неча фармонни имзолади.
Улар орасида «Дўстлик» ордени билан тақдирланган бир гуруҳ чет эл фуқаролари ва 100 ёшдан ошгани учун «Шуҳрат» медалига муносиб топилган 14 нафар ўзбекистонлик ҳам бор.
Барча соҳаларда орден ва медалларга сазовор топилганларнинг рўйхатлари расмий сайтлар ва ОАВларда эълон қилинмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Диққат, Ўзбекистон: Мустақиллик хавф остидами?
- Мирзиёев Нукусда: нима ўзгаришлар? ШҲТ: Асад масаласи кўтарилмаган. Тармоқдаги баҳс: Ҳижобсиз аёллар ҳақоратландими?
- Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда қийноқлар қўлланилгани рад этилди, UzAirways учоқлари сотувга қўйилди ва йўлларда ҳалок бўлаётган болалар
- Россия – Ўзбекистон: Путин нега мигрантларга бағрикенг бўлиб қолди? Янги ўзгаришлар
Уй қамоғига алмаштирилди

Сурат манбаси, Ombudsman.uz
24 нафар гумонланувчи жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди, дея хабар берди Омбудсман.уз расмий сайти.
Гап Нукус воқеаларида гумонланиб, ҳибсга олинган фуқаролар ҳақида бормоқда.
- Бош прокуратура томонидан Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, 24 нафар гумонланувчини жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди, - дейилади Омбудсман матбуот хизмати маълумотида.
Хабарга кўра, гумонланувчига нисбатан белгиланган қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилган.
«Бунда ушбу фуқароларнинг Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда содир этган қилмишларидан пушаймон эканлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, шунингдек оилавий шароити оғир эканлиги, баъзи шахсларнинг оилада ёлғиз боқувчи бўлганлиги эътиборга олинди», — дейилади Омбудсман баёнотида.
Йўлчилар кетди, юклари қолди
28 август куни Тошкентдан HY-201 авиақатновида Лондонга учган йўловчиларнинг юклари Тошкент аэропортида қолиб кетган.

Сурат манбаси, Official/«Uzbekistan Airways»
28 август куни Тошкентдан HY-201 авиақатновида Лондонга учган йўловчиларнинг юклари Тошкент аэропортида қолиб кетган.
Йўловчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги норозиликлари ортидан «Uzbekistan Airways» АЖ Ахборот хизмати HY-201 Тошкент - Лондон рейси ҳақида расмий баёнот берди.
- 28 август куни Тошкент - Лондон йўналишидаги HY-201 авиақатновида йўловчилар юклари ўз манзилига етказилмади. Бунга Airbus 320 neo ҳаво кемасининг чекланган тижорат юкланиши сабаб бўлди. Бортга юкланмаган юкларнинг умумий сони 119 ўринни ташкил этади, бу эса 2210 кг миқдорида бўлганлигини англатади, - изоҳ берган «Uzbekistan Airways» АЖ Ахборот хизмати.
Аммо учоққа нима учун аввал йўловчиларнинг юклари ортилмагани, авиакомпания томонидан истеъмолчилар ҳуқуқи бузилгани ва бошқа масалалар ҳақида ёзилмаган. Фақатгина «Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», деб ёзади «Uzbekistan Airways»
Авиакомпания HY-201 рейси йўловчиларининг юклари 30 август куни HY-201 рейси билан Лондонга етказилишини маълум қилган.
- Юк барча йўловчиларга етказиб бериш хизмати томонидан кўрсатилган манзилга бепул етказиб берилади, таъкидлайди «Uzbekistan Airways» АЖ Ахборот хизмати.
Мигрантлар зўравонлиги 75 эмас, 5 фоиз
Мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик блогер Лилия Николенконинг ўзбекистонликларни жинсий зўравонликда айблаган постига у келтирган фактни рад этувчи далил келтирди.

Сурат манбаси, Official/RF IIV
Ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг Фейсбукдаги «Потребитель.уз» гуруҳида блогер Лилия Николенко Россиядаги ўзбекистонликлар ҳақида пост эълон қилганди. Унда Лилия Николенко одамларга қизчаларини зўравонлардан асраш учун уларга зарур пайтда ёрдамга чақиришни ўргатиш лозимлигини айтиб, ўзбекистонликларда зўравонлик менталитетдалигида айблаганди.
- Москвада жинсий зўравонлик бўйича статистикани кўтаришди, ва 75 фоиз ҳолатларда зўравонлар Ўрта Осиё мамлакатлари фуқаролари эканлиги кўринди. Судларимиз ва жамиятнинг катта қисми зўравонларга жуда юмшоқ муносабатда бўлиб, айбни жиноят қурбонига ағдаришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳамма жойда жинсий зўравонлик таъқиби, - деб ёзганди блогер Лилия Николенко.
«Потребитель.уз» даги бу пост скриншоти ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва эътирозларга сабаб бўлди.
Ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар Николенконинг миллатчилик ва фашистик руҳдаги даъволарини ИИВ ўрганиб чиқиши лозимлигини ёзишди. Аммо ИИВ ёки ҳуқуқни муҳофаза этувчи ташкилотлар томонидан бирон бир муносабат билдирилмади.
- Николенко Москвадаги жинсий зўравонликнинг 75 фоизини марказий осиёликлар қилиши, жинсий зўравонлик менталитетимизда эканини айтяпти. Бу каби бемаъни даъволарни Навальный ҳам Москва ҳокимлик сайловида овоз тўплаш учун кўп қайтарган ва Россияда ўзбек, тожик, қирғизларга қарши ҳужумлар кўпайишига сабаб бўлган. Даъво мутлақо асоссиз, биз текширганмиз. Лилия Николенко жуда хавфли баёнот қилган, - дейилади Фейсбукдаги постлардан бирида.
Мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик эса Россия ИИВ нинг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан боғлиқ жиноятлар статистикасини эълон қилди.
Расмий маълумотга кўра, Россияда хорижликлар (жумладан МДҲ давлатлари фуқаролари) билан боғлиқ жиноятлар содир этилган жиноятларнинг 3 фоизини ташкил этади.
Би-би-сининг ўрганишича, Россияда сўнгги 4 ярим йил давомида жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 94 фоизи россияликлар, 5 фоизи эса МДҲ давлатларидан келган мигрантлар томонидан содир этилади.
Эслатма: Би-би-си ташқи ҳаволалардаги материаллар учун масъул эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













