Британия олтин визаси, 12 Ўзбекистон миллионери ва коррупция

Мадяр Аблязов

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қозоғистон банкидан 7 миллиард долларни ўмаришда айбланган собиқ энергия вазири Мухтор Аблязовнинг ўғли Мадяр Аблязов ҳам олтин виза олганлар орасида
Ўқилиш вақти: 3 дақ

2008 ва 2020 йиллар орасида 12 нафар Ўзбекистон фуқароси Британияда яшаш ҳуқуқини берувчи олтин визани олганлар. Бу «Spotlight on corruption» («Коррупция диққат марказида») ташкилотининг ҳисоботида айтилди.

«Ифлос пул учун тўшалган қизил гилам» дея номланувчи бу ҳужжат Британиянинг ушбу схемаси коррупционерларни бу давлатга яшашга таклиф қилаётганига ишора қилади.

Сизда 2 миллион фунт стерлинг бўлса, Британия олтин визасини қўлга кирита оласиз. Бу 2 миллион етти юз минг долларга тенг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Расман Tier 1 - Investor Visа деб номланувчи бу визаларнинг 50 фоизини ҳозирда Британия ички ишлар вазирлиги мамлакат хавфсизлигига эҳтимолий таъсирини қайта кўриб чиқмоқда. Аммо, мана 3 йилу 4 ойдирки, бу текширув жамоатчиликка очиқ тақдим қилинмаяпти.

Олтин визани олишни истасангиз, сиздан Британияга камида 2 миллион фунт инвестиция киритиш талаб қилинади.

Паспортга элтувчи йўл

Олтин виза учун 2 миллион фунт стерлинг сарфласангиз, сизга Британияда 3 йил давомида яшаш, сўнг уни яна 2 йилга узайтириш имконияти берилади. Беш йилдан сўнг эса сизга доимий яшаш ҳуқуқи берилади. Яна бир йил ўтиб эса Британия фуқаролигини олиш имкониятига эга бўласиз.

Агар 5 миллион фунт инвестиция киритишга қурбингиз етса, доимий яшаш рухсати учун 3 йил кифоя, 10 миллионга эса - 2 йил.

Nirav Modi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндистондаги давлат банкида 1,5 миллиард фунтни ювишда айбланган Нирав Моди Британиядан Деҳлига экстрадиция қилиниши кутиляпти

Дунёнинг етакчи иқтисодларидан бирига эга Британияга келиб яшашни истовчилар сони жуда кўп. Уларни хусусий таълим тизими, кўчмас мулк бозори, соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодий ва сиёсий барқарорлик, ҳамда британ паспорти билан сафар қилишдаги енгилликлар ўзига тортади.

Олтин визага топширган аризангиз атиги 3 ҳафтада кўриб чиқилади. Қиёслаш учун, сиёсий бошпана сўрасангиз, аризангиз 6 ойгача чўзилади.

Айни дамда, олтин виза аризаларининг атиги 9 фоизи рад этилар экан. Бошпана сўраганларнинг эса 42 фоизи «йўқ» жавобини олади.

Кимлар шубҳа остида?

Ҳисоботда ўзбекистонлик 12 миллионер ким экани айтилмаган, аммо шу йўл билан Британияда яшаш ҳуқуқини олган қатор шубҳали шахслар ёритилган:

Улар орасида:

  • Ҳиндистондаги давлат банкида 1,5 миллиард фунтни ювишда айбланиб Британиядан Деҳлига экстрадиция қилиниши кутилаётган Нирав Моди;
  • Озарбайжон давлат банкининг собиқ раҳбари рафиқаси, Британияда бойлиги тергов этилаётган Замира Ҳажиева;
  • Озарбайжон президентининг амакиваччаси, Британияда бойлиги жиноий тергов қилинган Иззат Жавадова;
  • Қозоғистон банкидан 7 миллиард долларни ўмаришда айбланган собиқ энергия вазири Мухтор Аблязовнинг ўғли Мадяр Аблязов;
  • «Челси» футбол клубининг россиялик эгаси Роман Абрамович;
  • Британияда суиқасд қурбони бўлгани гумон қилинувчи марҳум россиялик олигарх Александр Перепиличный;
  • Бангладешда пул ювиш ва ноқонуний қурол савдосида айбланаётган собиқ полковник Муҳаммад Шаҳин Уддин Хон ва бошқалар бор.

«Яхши гумон» ва туйнуклар

Roman Abramovich

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Олтин виза соҳиби Роман Абрамович текширувлар ортидан Британиядан Исроилга кўчиб ўтди

Ҳисоботда айтилишича, 2008 ва 2015 йиллар орасида амал қилган «кўр-кўрона ишонч», ёки халқ тилида айтадиган бўлсак, «яхши гумон» муддати даврида олтин визага ариза берганлар шахси жуда кам текширилган ёки умуман текширилмаган. Россия фуқароларига берилган олтин визаларнинг 85 фоизи айнан шу яхши гумон даврига тўғри келади. Айни давр мобайнида 206та шундай виза Қозоғистон фуқароларига ҳам берилган.

Икки йил аввал Британия журналистлари - Channel 4 ва the Sunday Times газетаси олиб борган суриштирувда Қаддофий оиласининг аъзоси, Тайланднинг коррупционер вазири ўғли, мисрлик коррупционер, эритреялик қурол савдогари, Ироқ ва эронлик миллионерларга осонлик билан олтин визани олиб бериши билан мақтанган британиялик адвокат ва молиявий маслаҳатчилар фош қилинганди.

Олтин виза схемасининг туйнуклари ҳам фош қилинмоқда. Жумладан, Россиялик 100та олтин виза эгаси айлана инвестиция тизимини қўллашган. Унга кўра, улар Россия фуқаролари эгалик қилувчи фирмалардан қарз олиб, гўёки Британиядаги компанияларга инвестиция киритишган, аммо бу компания эгалари россияликлар бўлган ва инвестиция Россияга бориб тушган.

Бадавлат шахсларга берилувчи бу каби визалар аслида мезбон давлатга қанча фойда келтириши тобора кўп савол остига олинмоқда. Халқаро валюта жамғармасига кўра, у пул ювиш, солиқдан қочиш, коррупция ва бошқа жиноятларни рағбатлантиради. АҚШ ҳозирда ўзининг олтин виза схемасини шаффофлаштиришга бел боғлаган, Европа комиссияси эса Мальта ва Кипрнинг олтин виза сиёсатини судга оширган.

Spotlight on Corruption ташкилоти Британия ҳукуматидан олтин виза тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни, унинг давлатга иқтисодий фойдасини таҳлил қилишни, ариза эгаларининг пуллари манбасини синчиклаб текширишни, ҳамда бу борадаги статистик маълумотларни мунтазам чоп қилишни сўрамоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek