Москва: ярим очиқ карантин давом этади, ўзбеклар нима қилади?

Сурат манбаси, Getty Images/Anadolu Agency
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Би-би-си Ўзбек, Москва
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Пандемия кўрсатгичлари борасида Москвада вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда.
Гарчи пойтахтда вируснинг чўққи даври ўтган, дея ҳисобланаётган бўлса-да, апрель ойида ўлимлар сони ортди.
Соғлиқни сақлаш департаменти мавжуд рақамларни 639дан 1561тага кўтарилганини маълум қилди.
Шаҳар мэри Сергей Собянин Москвада карантин чекловлари номи ўзгарганини айтди.
Энди ўзини яккалаш чорасидан ўзини сақлаш тартибига ўтилади.
Би-би-сининг ахборот манбаларига кўра, пойтахтда пропуск тизими июнь ойининг охиригача, ниқоб тартиби эса куз охиригача шу зайлда қолдирилишини мумкин.
Зотан Собянин шаҳарда чекловларнинг сақланиши коронавирусга қарши вакцина пайдо бўлгунга қадар давом этишини эълон қилди.
Шу билан бирга пойтахт мэри ҳудудда чекловларнинг сақланиши инсонларнинг эркин яшашига монеълик қилмаслигини билдирган.
Дўконлар очилади, хизматлар кўрсатилади

Москва мэрияси эълон қилишича, 1 июндан бошлаб хиёбонлар, ноозиқ-овқат дўконлари, маиший хизмат кўрсатишнинг айрим тармоқлари ишга тушади.
Фаолияти янгиланадиган корхона ва ташкилотлар орасида рухсатнома билан ишлаши белгиланган соҳалар бор.
Масалан, сартарошхона ва соғломлаштириш марказлари шулар жумласидандир.
Йирик савдо марказлари эса тест тартибида фаолият бошлаши кўзда тутилмоқда.
Барча масканларда ташриф буюрувчиларнинг ниқобда бўлиши ва ижтимоий масофа сақланиши ҳам белгиланган.
Июнь ойидан бошлаб пропуск тартиби сақланган ҳолда, шаҳар аҳолиси ниқоб тақиб, белгиланган тартибда ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Аммо Яндекс тизими шундоқ ҳам 25 майдан кейин кўчаларда аҳоли кўпайганини кўрсатди.
Москва расмийлари карантин чекловларини юмшатиш тартиби билан бирга аҳолини оммавий равишда коронавирус тестидан ҳам ўтказмоқчи.
"Пик" ўтди, парад вақти етди

Сешанба куни Владимир Путин мутахассислар фикрига таяниб, Россияда пандемия кўрсаткичлари чўққисидан ўтди, дея эълон қилди.
Россия президенти май ойида коронавирус тарқалиши сабабли ўтказилмаган анъанавий Ғалаба куни намойишини 24 июнга белгилади.
Намойиш билан бир кунда ўтказиладиган "Ўлмас полк" кциясини эса президент 26 июль, яъни Ҳарбий-денгиз флоти кунига белгилашни таклиф қилди.
Шунингдек, бу сана кечиктирилиши мумкинлигини ҳам қўшиб қўйди.
Тиббий хизматдан бебаҳра мигрантлар
Россия матбуоти Москва шаҳри ва вилоятида 1 миллиондан зиёд мигрант пандемия даврида тиббий ёрдам олмаганини билдирмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари ОАВ ларга меҳнат муҳожирлари орасида вирус тарқалганлик ҳоллари кўплиги, аммо уларга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини маълум қилишган.
Матбуот хабарларига кўра, мигрантлар "Тез ёрдам" чақирганда шифокорлар бормаган, борганлари ҳам бемор мигрантларни касалхонага олиб кетмаган.
Расмийлар эса бу каби ҳолатлар нафақат мигрантлар, балки маҳаллий аҳоли орасида ҳам борлигини билдириб, сабабини шифохоналарда жой етишмаслиги билан изоҳлаганлар.
Ҳар учинчи мигрант ишсиз ва пулсиз
Расмий рақамларда пойтахт Москвада 2 миллиондан зиёд мигрантлар борлиги кўрсатилган.
Айни пайтда уларнинг 32 фоиздан ортиғи ёки учдан бир қисми ишсиз ва пулсиз қолмоқда.
Шу боис ватанига қайтишни истаб, элчихона ва консулликларга мурожаат қилганлар сони кун сайин ортмоқда.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, карантин чекловлари даврида 70 мингдан зиёд ўзбекистонлик мигрант чартер рейсларга навбатга ёзилишган,
Бу ўзбекистонликларнинг 5000 нафардан кўпи беморлардир.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












