Хитой Тайванни босиб олишни симуляция қилувчи “уруш ўйинлари”ни ўтказяпти

Хитой тарқатган суратда машқлар Тайванни ҳар томондан тобора сиқаётгани акс этади.

Сурат манбаси, CHINA PEOPLE'S LIBERATION ARMY

Сурат тагсўзи, Хитой тарқатган суратда машқлар Тайванни ҳар томондан тобора сиқаётгани акс этади.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Хитой Тайвань атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказаётгани минтақада яна асабларни таранглаштирмоқда. Бу машғулотларда Хитой ўзини мустақил деб кўрувчи оролга гўёки ҳужум уюштираётгандек машқлар қиляпти.

Машқларга ҳарбий кемалар ва қирувчи учоқлар ҳам жалб қилинган.

Алоқадор мавзулар:

Бир неча кун аввал Тайвань Президенти Уилям Лай ўз ҳукумати ҳеч қачон Хитой назоратини қабул қилмаслиги ҳақида қатъий нутқ сўзлаганди.

Хитойнинг таҳдидларига қарамай, миллионлаб тайванликлар жаноб Лайни январда президентликка сайлашган.

Хитой уни "бузғунчи" ва хавфли "бўлгинчи" дея қоралади.

Охирги машқлар Хитойнинг Тайвань атрофида беш ой ичида қилган иккинчи ҳарбий машқлари бўляпти.

Биринчиси май ойида бўлиб ўтган "Қўшма қилич 2024А" номли машғулотлар оролни ўраб олиш ва пиёда аскарларсиз ишғолни бошлашни симуляция қилган.

CHINA PEOPLE'S LIBERATION ARMY

Сурат манбаси, CHINA PEOPLE'S LIBERATION ARMY

Оролни Хитойга қўшиб олишни мақсад қилган Ши Жинпин ҳукуматига кўра, бу ҳарбий машқлар Тайвань мустақиллигини тарғиб қилаётган тарафларга огоҳлантириш сифатида амалга оширилмоқда.

АҚШ ҳукумати вазиятни яқиндан кузатиб турганини билдирар экан, расмий Пекин уни Тайванни қуроллантиришни тўхтатиш ва "Ягона Хитой" сиёсатини ҳурмат қилишга ундади.

"АҚШ Тайванни қуроллантириш ва Тайвандаги мустақилликпараст кучларга нотўғри ишораларни беришни тўхтатиши керак", - деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мао Нинг.

Унга кўра, Тайваннинг мустақиллиги ва Тайван бўғозидаги тинчлик - бир-бирига зид тушунчалар.

Хитой ҳозирча ўз ҳарбий машғулотларини "кулранг ҳудуд"да олиб бормоқда. Ҳарбий тилда бу уруш ва тинчлик орасидаги аросат ҳолатни англатади.

Тайвань Мудофаа вазирлиги Хитой машғулотларига жавобан қандай ҳарбий чоралар кўраётганини акс эттирувчи видеоларни чоп қилди.

Сурат манбаси, TAIWAN MINISTRY OF DEFENCE

Сурат тагсўзи, Тайвань Мудофаа вазирлиги Хитой машғулотларига жавобан қандай ҳарбий чоралар кўраётганини акс эттирувчи видеоларни чоп қилди.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги алоқаларда Тайвань ҳар лаҳзада портлаш хавфи бўлган қутидек кўрилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, кулранг ҳудудда тактикаларни олиб бориш Хитойга битта ҳам ўқ отмасдан Тайпейни назорат қилиш имконини беради.

Тайвань Мудофаа вазирлиги Хитой машғулотларига жавобан қандай ҳарбий чоралар кўраётганини акс эттирувчи видеоларни чоп қилди.

Уларда ҳаводан ҳужумларни бартараф қилувчи техника, ҳарбий машиналар ва денгиз қўшинлари кемалари ҳушёрликка келтирилгани акс этади.

Аввалроқ вазирлик Тайвань армияси Хитойнинг таҳдидларини яқиндан кузатиши, лекин тўғридан-тўғри тўқнашувгача етиб бормасликка уринишини айтиб баёнот чиқарганди.

BBC

Тайвань президенти Хитойнинг машқлари "минтақавий тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришни мақсад қилган"и ва қўшни давлатларни куч билан ўзига оғдириш ҳаракати эканини айтди.

Президент Лайга кўра, унинг ҳукумати Тайваннинг демократик тизими ва миллий хавфсизлигини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилади.

Таҳлилчиларга кўра, Хитойнинг Гонконгдаги демократик овозларни ўчиришига гувоҳ бўлган тайванликлар расмий Пекин назорати остида бўлишни исташмайди.

Бунга жавобан Хитой ўз армиясини кучайтирди: унга гипер овозли ракеталар, ядровий каллаклар ва бешинчи авлод қирувчи учоқлари қўшилган. Хитойнинг денгиз қўшинлари ҳозирда дунёдаги энг йириги ва ўсмоқда.

Бироқ, дейди таҳлилчилар, Тайванга бевосита бостириб киришни Хитой Коммунистик партияси энг охирги чора деб билади, чунки у ҳам аскар ва ҳам иқтисодий йўқотишлар жиҳатидан Пекинга жуда қимматга тушиши мумкин.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002