Хайр, кўмир: Кўмирдан электр олишни кашф қилган Британия нега ундан буткул воз кечмоқда?

Томас Эдисон илк электрни ишлаб чиқарган динамо қаршисида, 1882 йил.

Сурат манбаси, Oxford Science Archive/Getty Images

Сурат тагсўзи, Томас Эдисон илк электрни ишлаб чиқарган динамо қаршисида, 1882 йил.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Британия 1 октябрдан кўмирдан электр энергиясини ишлаб чиқаришни тўхтатади. Бу билан мамлакатда ушбу ёқилғининг 142 йиллик истеъмоли ниҳоясига етти.

Мамлакатнинг охирги кўмир электр станцияси саналмиш ва 1967 йилда иш бошлаган Ратклифф-он-Соар душанба куни ўз фаолиятини тўхтатти.

Алоқадор мавзулар:

Бу ҳодиса Британиянинг иқлим исишига қўшаётган ҳиссасини камайтириш йўлида муҳим қадам бўлмоқда. Кўмир энг кир ёқилғи бўлиб, ёқилганда энг кўп иссиқхона газларини чиқаради.

Кўмирни ёқиб электр ишлаб чиқариш айнан Британияда бошланган ва айнан Британия ундан воз кечаётган илк йирик иқтисод бўлмоқда.

Дунёнинг илк кўмир электр станцияси - Ҳолборн Виадакт электр станцияси 1882 йилда Лондонда ихтирочи Томас Эдисон томонидан қурилган ва пойтахт кўчаларини ёритган.

Ўша вақтдан бошлаб ва 20-асрнинг биринчи ярми давомида кўмир Британиянинг қарийб ҳамма электр қувватини таъминлади.

1990-йилларда газ кўмирни электр саноатидан сиқиб чиқара бошлади, лекин Британия тармоқларида у яна 20 йил давомида муҳим ёқилғи бўлиб қолди.

2012 йилда Британиядаги электр қувватининг 39 фоизи кўмирга тўғри келган.

Қайта тикланувчи манбалар тараққиёти

Иқлим ўзгариши атрофидаги илм-фан ривожланар экан, Ер юзида иссиқхона газ чиқиндиларини камайтириш муҳимлиги аён бўлди ва энг кир қазилма ёқилғи саналган кўмир нишонга айланди.

Мамлакатнинг охирги кўмир электр станцияси саналмиш ва 1967 йилда иш бошлаган Ратклифф-он-Соар бугун ўз фаолиятини тўхтатти.

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Мамлакатнинг охирги кўмир электр станцияси саналмиш ва 1967 йилда иш бошлаган Ратклифф-он-Соар бугун ўз фаолиятини тўхтатти.

2015 йилда Британия ҳукумати 10 йил ичида кўмир истеъмолини буткул тўхтатишини айтганди.

Собиқ Табиат вазири Лорд Дебеннинг Би-би-сига айтишича, бу бошқаларга ибрат бўлди.

"Бу катта ўзгаришга етаклади, чунки бошқалар ҳам "Ана, улар буни қилишди. Биз қилолмаймизми", деган саволни қўйдилар", - дейди у.

Британияда қайта тикланувчи энергия манбалари электр ишлаб чиқаришда тобора кўп ҳиссага эга бўлмоқда.

2010 йилда қайта тикланувчи манбалар Британиядаги қувватнинг атиги 7 фоизини ишлаб чиқарган.

Жорий йилнинг илк ярмида эса бу рекорд 50%дан ошиқ даражага етти.

Қайта тикланувчи қувватнинг тез ўсиши кўмирни қисқа вақтга буткул ўчириб қўйиш имконини туғдирди ва 2017 йилдан баъзи кунларда кўмир истеъмоли буткул тўхтатилди.

BBC

Яшил энергия, яъни асосан шамол варракларидан олинувчи қувват шу қадар муваффақиятли бўлдики, кўмирдан буткул воз кечиш санаси 2025 йилдан 2024 йилга кўчирилди.

Лорд Дебен собиқ Бош вазир Маргарет Тетчер ҳукуматининг аъзоси бўлган. Тетчер ҳукмронлиги даврида кўплаб кўмир конлари ёпилган ва минглаб кончилар ишларидан айрилганди.

Унинг айтишича, бугунги энергия саноатидаги ўзгаришлар учун ўша даврдаги хатолардан сабоқлар олинган.

"Бугунги ҳукумат янги яшил энергия соҳасидаги иш ўринлари биринчи ўринда ушбу ўзгаришлардан зарар кўраётган жойларга берилаётганидан жуда мамнунман", - деди у.

Лорд Дебен ҳозирда кўп нефть қазиб олинадиган Шимолий денгиз ҳудудларида шамол ва қуёш энергияси инфратизилмасини қуриш лозимлигини таъкидлади.

Олдиндаги қийинчиликлар

Daniel Leal/AFP

Сурат манбаси, Daniel Leal/AFP

Сурат тагсўзи, 2023 йилда шамол энергияси Британиядаги электр манбалари ичида биринчи ўринга чиқди. Британиядаги электрнинг қарийб 30 фоизи шамол варракларидан келади.

Кўмир ўта заҳарли ёқилғи бўлса-да, об-ҳавога қараб ўзгарувчи қуёш ва шамолдан кўра, унга ишонса бўларди, чунки у ҳар доим бўлган.

Олимларнинг айтишларича, янги энергия манбалари узлуксиз ишлаши учун янги ихтиролар зарур.

Британия электр тизимини бошқарувчи Энергия тизими операторининг директори Кейт О'Нийл бу ихтиролар асосан батарея технологиясини ривожлантириш атрофида бўлиши керак.

Охирги йилларда батарея технологияларида муҳим силжишлар бўлган.

Аммо, бу батареяларни табиатга зарарсиз ҳолда ва арзон ишлаб чиқариш энг катта вазифа бўлиб қоляпти.

Британия батареяларни ишлаб чиқаришда Хитойдан мустақил бўлиши ва ўзида мутахассисларни тайёрлаши керак, дейди экспертлар.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002