Президент атрофидаги коррупцияни ўрганган журналистлар ҳибсга олинган - Озарбайжон Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, HASANLI/FACEBOOK
Озарбайжон полицияси Abzas Media суриштирув веб-сайти бош директори Улви Ҳасанли ва бош муҳаррири Севинч Вақифқизини ҳибс этди.
Abzas Media таҳририяти биносида тинтув ўтказилган.
Abzas Media Озарбайжон амалдорлари ўртасидаги, хусусан, Президент Илҳом Алиевга яқин инсонлар коррупцияси ҳақида мақолалари билан танилган мустақил нашрдир.
- Макрон Буратино каби ёки Озарбайжон Франциядаги инсон ҳуқуқларидан нега хавотирда?
- Янгиликлар: Озарбайжон ғалабаси ‘Ўзбекистон ғалабаси’ ёки Россия энди туркий давлатлар билан ҳисоблашишга мажбур бўладими?
- Макрон ва Ўзбекистон: Франция президенти нима учун Марказий Осиёга ёқишга уриняпти? - Янгиликлар
- Озарбайжон: Тоғли Қорабоғ уруши бош айбдори ким ёки нима?
Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти озарбайжонлик журналистларнинг ҳибсга олиниши муносабати билан баёнот эълон қилдилар, уларни қўйиб юборишга чақирдилар.
Полицияга кўра, таҳририят биносида ўтказилган тинтув пайти 40000 Евро топилган.
Журналистларни контрабандада айблашяпти, Озарбайжон қонунларига кўра, уларни айбдор топшиса, 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Таҳририятдаги тинтув пайти полиция Abzas Media бош директори Улви Ҳасанлини ҳам олиб келган.
Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, унинг кўзи ости кўкарган бўлган.
"Ҳеч қандай ҳибс ёки босимнинг бошқа усуллари бизнинг ишимизни давом эттиришимизга, ҳаққоний ахборот тақдим этишимизга халақит беролмайди. Фуқароларнинг ўз солиқлари ким томонидан қаёққа сарфланаётганини билишга ҳаққи бор", деб айтган Улви Ҳасанли.
Бош муҳаррир Севинч Вақифқизи хориждан қайтан вақти аэропортда ҳибсга олинган, унинг уйида ҳам тинтув ўтказилган.
Журналистлар қонунга зид иш қилганларини рад этадилар, раҳбарларнинг ҳибсга олиниши асл сабаби, таҳририят ўтказаётган коррупция суриштирувларида, деб биладилар.

Сурат манбаси, .
Abzas Media Озарбайжон ва хорижда ўзининг коррупция ҳақидаги мақолалари билан танилган.
Ана шундай мақолалардан бири Зангилан туманида барпо этилган "ақлли қишлоқ"қа бағишланган.
Abzas Media журналистлари аниқлашича, ушбу қурилиш президент ёрдамчисининг биродарига тегишли қурилиш компаниясига берилган бўлган.
Мухбирларга кўра, Озарбайжонда турли важлар билан журналистларнинг четга чиқишига тақиқ қўйиш амалиёти қўлланади.
Журналистлар буни ўзларининг профессионал фаолияти билан боғлайдилар.
Мамлакатдан ташқарига чиқиши тақиқланган таниқли журналистлардан бири Хадижа Исмоил.
У икки йил иқтисодий жиноятларда айбланиб қамоққа ташланди, сўнг 2016 йилдан 2021 йилгача Озарбайжондан ташқарига чиқарилмади.
Халқаро ташкилотлар Озарбайжондаги сўз эркинлиги вазиятини танқид қиладилар, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсиқлар мавжудлигини таъкидлайдилар.
Дунё бўйича коррупция аҳволига бағишланган Transparency International ташкилотининг 2022 йилдаги ҳисоботида Озарбайжон 180 мамлакат орасида 157-ўринни эгаллаган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














