Макрон ва Ўзбекистон: Франция президенти нима учун Марказий Осиёга ёқишга уриняпти? - Янгиликлар

LUDOVIC MARIN/AFP

Сурат манбаси, LUDOVIC MARIN/AFP

Сурат тагсўзи, Қозоғистон президенти Францияни "ишончли шерик" дея олқишлади.
    • Author, Идо Вок
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Франция президенти Эммануэл Макроннинг Марказий Осиёга сафари минтақанинг ядровий ва қазилма ёқилғи таъминотида Европа учун аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.

Ташрифдан кўзланган мақсадлардан бири Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш бўлса ҳам, президентнинг бу сафарининг илдизи ўтган июль ойига бориб тақалади.

Ғарбий Африка мамлакати бўлмиш Нигердаги ҳарбий тўнтариш Франциянинг ядро энергетикаси саноати келажагини хавфга қўйди.

Нигер Францияга иккинчи уран етказиб берувчи давлат эди. Биринчиси Қозоғистон бўлган.

Президент Макрон чоршанба куни Қозоғистонда бўлди. Пайшанба куни эса яна бир муҳим уран таъминотчиси бўлмиш Ўзбекстонда бўлади. Ҳар икки давлат ҳам авторитар бошқарувга эга.

Чоршанба кунги матбуот анжуманида Қозоғистон президенти Қасим Жўмарт Тоқаев Фаранцияни "муҳим ва ишончли ҳамкор" деб атади. Жаноб Макрон ҳам Россияга қарши Ғарб санкцияларига амал қилаётгани учун Қозоғистон президентини мақтади.

Украинага бостириб кириши ортидан Россиянинг Европа Иттифоқига нефть экспорти кескин камайгани сабабли Қозоғистон энди Европа Иттифоқининг Норвегия ва Қўшма Штатлардан кейин учинчи йирик нефть етказиб берувчисига айланди.

Макрон Ўзбекистонга келди.

Сурат манбаси, PRESS SERVICE OF THE PRESIDENT OF UZBEKISTAN

Сурат тагсўзи, Макрон Ўзбекистонга келди.

Электр энергиясининг 60 фоиздан ортиғини атом энергетикасидан оладиган Франция учун Марказий Осиё урани жуда керакли хомашё. Ўз навбатида Қозоғистон ҳам ўз муҳандислари ва маҳаллий атом энергетикасини ривожлантириш учун француз ноу-хаусини истамоқда.

"Қозоқлар бизнинг ядровий тажрибамизга катта қизиқиш билдирмоқда", деди Франция делегацияси аъзоси.

Франциянинг давлатга қарашли EDF компанияси Қозоғистондаги биринчи атом электр станциясини қурмоқчи ва расмий Париж Франция университетларининг Қозоғистонда филиаллари очишилини хоҳлайди, дейди делегат.

Ўзбекистонликлар бу борада қандай фикрда? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Франция анъанавий равишда Нигердаги француз компаниялари бошқарадиган конлардан ўз уранининг аксарият қисмини, гарчи кўп бўлмаса ҳам, импорт қилиб келган. Июль ойида Францияга қарши хунта ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятга келганидан бери бу таъминот келажаги шубҳа остида қолди.

Ўшанда Франция ҳукумати давлат тўнтариши унинг энергия таъминотига бевосита таҳдид солмаслигини айтиб, уран заҳираси тахминан икки йилга етишини айтган эди.

Аммо жаноб Макроннинг Марказий Осиёга ташрифи Парижнинг хавотири жиддийроқ эканини кўрсатади.

Ташриф Марказий Осиёнинг Россия билан муносабатларида чуқур ўзгаришлар рўй бераётган бир паллага тўғри келди, дейди Қозоғистон пойтахти Остонадан сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

BBC

Унинг айтишича, Украинадаги урушдан сўнг минтақада Россиянинг таъсири пасаймоқда.

"Ҳарбий ҳамкорлик камайган, урушдан кейин Россия ҳақида фикрлар салбийлашган, - дейди Сатпаев. - Марказий Осиё ҳукуматлари бу ҳақда очиқ гапирмаса ҳам, бу жараён кечяпти."

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган ҳафта "қўшнилар, дўстлар ва иттифоқчилар"ни Москвадан узоқлашаётганини қоралади.

Аммо ўзаро муносабатларда кескинлик ҳам мавжуд.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Россия Марказий Осиё орқали Ғарб товарларини сотиб олиб, санкцияларни четлаб ўтаётгани ҳақида огоҳлантирди. Уюшган жиноятчилик ва коррупция амалиётлари ҳисоботи лойиҳаси ўрганишича, булар орасида Қозоғистондаги Россияга қарашли шўъба корхоналари орқали импорт қилинган DJI дронлари ва Ғарбда ишлаб чиқарилган микрочиплар ҳам бор.

Лойиҳа маълумотига кўра, бу товарлар ва бутловчи қисмлар Россиянинг ҳарбий кампаниясига хизмат қилади.

Россия урушни чўзишга уринаётган ва Украина эса Ғарб бераётган кўмак унинг русларни ушлаб туриш қобилиятига путур етказаётганидан хавотирда экан, параллель импорт масаласи Марказий Осиё ва ЕИ ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Худди шу муҳим мавзу - Хитой таъсирига қарши курашда ҳам кўринади.

Пекиннинг минтақадаги ҳарбий ҳозирлиги кичик бўлса ҳам, сўнгги йилларда унинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсири сезиларли даражада ошди. Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббуси (БМБЙ)нинг «Макон» қисми Хитойдан Марказий Осиё орқали Европага қуруқликдаги йўналишни қамраб олади.

Марказий Осиёда 100 дан ортиқ БМБЙ лойиҳалари молиялаштирилган.

Франция ва ЕИ Хитой билан бевосита чегарадош минтақада бундай даражадаги молиявий таъсирга эга бўлишга умид ҳам қила олмайди.

Аммо Макрон Украинадаги уруш сабабли туғилган стратегик имкониятдан Россиянинг баъзи анъанавий ҳамкорларини Ғарбга оғдиришга умид қилмоқда.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002