Макрон Буратино каби ёки Озарбайжон Франциядаги инсон ҳуқуқларидан нега хавотирда? - Янгиликлар

намойиш

Сурат манбаси, Azertag

    • Author, Магеррам Зейналов
    • Role, Би-би-си, Боку

Францияда исламофобия, ирқчилик ва империализм бор, дейди озарбайжонликлар. Телевизорда бошловчи президент Макронни болалар хори жўрлигида масхара қилмоқда. Бокулик журналистлар кўча тартибсизликларини ёритиш учун Парижга боради. Президент Алиев Франциянинг собиқ мустамлакалари вакилларини тўплаб, уларга зулм ҳақида гапиради. Кўпчилик оддий озарбайжонликлар эса Францияни ёқтирмайди. Нега шундай? Келинг, бунинг сабабини тушунишга ҳаракат қилайлик.

Ўтган ҳафта охирида Озарбайжонда француз мустамлакачилиги ва "унинг денгиз орти ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бузилиши"га бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Франциянинг чет эл минтақалари - Янги Каледония, Француз Полинезияси, Франция Гвианаси ва бошқалардан миллий ҳаракат вакиллари қатнашди.

Гвиана вакили Франция мактабларда француз тилида дарс бериш орқали аҳолисини қандай ассимиляция қилишга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирди. Ҳукуматпараст матбуот ёзишича, Франция нафақат мустамлакачи давлат, балки Жанубий Кавказга "қўл узатишга" ҳам ҳаракат қилмоқда.

Гап шундаки, Франция Қорабоғ можаросида Туркия Озарбайжонни қўллагани каби фаол бўлмаса ҳам, Арманистонни қўллаб-қувватлайди. Анқара 2020 йилги урушда Озарбайжонни ҳимоя қилди ва уни қурол-яроғ билан таъминлади. Айни пайтда Францияда арманларни ҳимоя қилиш учун резолюциялар имзоланди.

Бу йил Озарбайжон Қорабоғ арманларини қамал қилиб қўйганида, Париж мэри Анн Ҳидалгонинг ўзи Озарбайжон чегарасига келиб, у ерда қамалиб қолган арманлар учун француз гуманитар ёрдами юкланган ўнлаб юк машиналарига йўл очишни талаб қилди.

iqtibos

Оксфорд университети сиёсатшуноси Лейла Алиеванинг айтишича, айнан Франциянинг йиллар давомида арманларни қўллаб-қувватлагани Бокунинг ҳусуматли муносабатига сабаб бўлган.

"2020 йилги урушда айнан Франция биринчи бўлиб Арманистонни ҳимоя қилиб, муносабат билдирган", дейди Алиева Франция позициясини "салмоқсиз ва мувозанатсиз" деб атаб.

Мутахассислар бу позицияни Францияда кўплаб этник арманлар истиқомат қилаётгани билан изоҳлашмоқда.

Франциядаги арманлар

французлар

Сурат манбаси, Getty Images

Франция Европадаги энг катта (600 мингдан ортиқ) арман диаспорасига эга. 2020 йил Қорабоғдаги уруш пайтида француз арманлари ва уларга хайрихоҳ бўлган халқ Франция бўйлаб ҳатто Арманистоннинг ўзи ҳам тан олмаган Тоғли Қорабоғ республикасини тан олишни талаб қилиб, митинглар ўтказди.

Арманистонлик сиёсатшунос Александр Искандаряннинг айтишича, бошқа мамлакатлардаги диаспоралардан фарқли ўлароқ, Франциядаги арман диаспораси эски ва узоқ вақтдан бери француз жамиятига интеграциялашган, элитада, санъат ва маданият соҳасида кўплаб арманлар бор.

"Айнан Францияда арманлар Қорабоғ масаласида бир ёқадан бош чиқаради", деб таъкидлайди у.

Аммо, умуман олганда, сиёсатшунос таъкидлаганидек, Қорабоғ контекстида Франциядаги вазият Жанубий Кавказдаги кўпчиликка қараганда анча мураккаб.

"Диаспора ва Арманистоннинг манфаатлари баъзан бошқача бўлади, бундан ташқари, Озарбайжоннинг ҳам ўзига хос таъсир усуллари бор, масалан, Францияга нефть етказиб бериш", дейди Искандарян.

"Манзара мураккаб, Франция Ўрта ер денгизи мамлакати, географик жиҳатдан шундай жойлашганки, у Туркия билан тез-тез муаммоли вазиятга тушиб қолади, араб дунёсида собиқ мустамлакаларига эга, Кавказга Яқин Шарқ томондан қарайди ва шунинг учун Франция бироз бошқача ракурсга эга", дейди эксперт.

Америка Карнеги жамғармаси тадқиқотчиси, журналист Кирилл Кривошеевнинг таъкидлашича, баъзида Франциядаги арман сайловчиларни рози қилишга уриниш Арманистонга тескари натижа беради.

2020 йилги уруш вақтида Франция Сенати Озарбайжондан ўз қўшинларини биринчи Қорабоғ урушида (1992-1994) Арманистон қўшинлари босиб олган Қорабоққа туташ ҳудудлардан олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Резолюцияда бу "1994 йилда белгиланган чегараларни тиклаш" деб аталган.

Бундай баёнот озарбайжонликларни ғазаблантирди, чунки бу ҳудудларнинг (Қорабоғ атрофи) урушдан олдинги асосий аҳолиси озарбайжонлар бўлиб, арманлар уларни қувиб чиқарган. Президент Алиев резолюцияга жавобан Францияни "Марселни арманларга топширишга" чақирди.

Кривошеевнинг айтишича, Франция президенти Эммануэл Макрон 2020 йилги уруш авжида "Озарбайжонга қарши энг қаттиқ баёнотлар билан чиққани" минтақадаги вазиятни янада ёмонлаштирган.

Бундан ташқари, эксперт фикрича, Франция Сенатининг ўша уруш даврида қабул қилинган резолюцияси Қорабоғ арманларининг аҳволини яхшиламади, чунки бирорта ҳам давлат ўзини мустақил деб эълон қилган республикани тан олмаган, шу жумладан, Франциянинг ўзи ҳам.

2022 йилда Франция Сенати деярли бир овоздан Озарбайжон қўшинларини Арманистон ҳудудидан (улар чегарадаги тўқнашувлар натижасида унинг ерига кириб қолган эди) олиб чиқиб кетиш ва Озарбайжонга қарши санкциялар жорий этишни талаб қилувчи резолюцияга овоз берди.

Яқинда Франция Арманистонга қурол етказиб беришини эълон қилди. Бокуда ҳукумат назоратидаги матбуот буни очиқ душманона ҳаракат сифатида тақдим қилди.

Париж қандай қуролларни бермоқда ва у Арманистонга асқатадими?

Буратино

Сурат манбаси, Itv.az

Ҳозирча Франция Арманистонга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бергани маълум. Шу тариқа Франция Арманистонга ўз ҳудудини ҳимоя қилишга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

Кривошеевнинг фикрича, бу таъминот минтақадаги кучлар мувозанатига таъсир қилмайди. Эксперт фикрича, агар Озарбайжон Арманистонга яқин келажакда бостириб кирса, Франция ҳеч нарса етказиб беришга улгурмайди.

"Шунингдек, Арманистон жуда чекланган бюджетга эга эканлигини тушуниш керак ва шу маънода Россия қаноти остидан чиқиб кетиш осон бўлмайди ва, ўйлашимча, бу қуроллар рамзий холос», дейди Кривошеев.

Ҳозирча Озарбайжон Арманистон ҳаракатларига муайян чоралар билан жавоб бермоқда, экспертнинг фикрича, бу чоралар "соддаликдек кўринади". Озарбайжон француз миллий озчилик вакилларини қабул қилди. 24 октябрда эса Озарбайжон парламенти корсикаликларнинг ўзлигини сақлаб қолиш учун курашини қўллаб-қувватлаш учун махсус гуруҳ тузди.

Кривошеевнинг айтишича, "Озарбайжон кимнингдир сепаратизми ҳомийси сифатида ғалати кўринади", чунки у ҳудудий яхлитлик халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан устунлигини расман таъкидлаб келади.

«Исламофобия белгиси»

mashina

Сурат манбаси, AFP

Шу йил ёзида Францияда келиб чиқиши жазоирлик бўлган ўсмирнинг француз полицияси томонидан ўлдирилиши ортидан норозилик намойишлари бўлди. Улар тез орада тартибсизликларга айланиб кетди.

Намойишчиларни кутилмаганда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қўллаб-қувватлади. "Яқинда асли жазоирлик бўлган 17 ёшли боланинг француз полицияси томонидан ўлдирилиши бу мамлакатдаги ирқчилик ва исламофобиянинг яна бир белгисидир", деди у.

Тез орада Озарбайжон давлат телеканали журналистлари Францияга жўнаб кетди ва у ерда уларни маҳаллий бандитлар талон-тарож қилди.

Озарбайжонда кўпчилик бундан қувонди. Гап шундаки, айнан шу вақтда Озарбайжоннинг ғарбий вилоятида полиция норозилик билдирган Союдлу қишлоғи аҳолисини калтаклаган ва ҳибсга олган, бир неча ҳафта давомида қишлоқни тўсиб қўйган ва журналистларни у ерга қўймаган эди.

Қишлоқ аҳолиси маҳаллий олтин қазиб олувчи завод чиқинди тўкиши учун сунъий кўл яратилишига қарши чиққанди.

Мамлакатда кўпчилик давлат оммавий ахборот воситалари бу мавзуни эътиборсиз қолдириб, аммо французлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Парижга кетганидан ғазабланганди.

Франция ўрнига 3 + 3

prezidentlar

Сурат манбаси, President.az

Бокуда улар расмий даражада Қорабоғ бўйича музокараларда фақат минтақа давлатлари иштирок этиши керак, дейишмоқда: Озарбайжон ва Арманистон, Грузия, Туркия, Эрон ва Россия. Аммо бу осон бўлмади.

Яқинда яна бир шундай музокаралар бўлиб ўтди, бироқ аввалгидек Грузия Россия билан муносабатлари ёмон бўлгани учун унда қатнашишдан бош тортди.

Озарбайжон Грузия учун алоҳида Арманистон-Озарбайжон-Грузия форматида уч томонлама музокаралар ўтказишни таклиф қилмоқда ва Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бунга рози.

Озарбайжонлик сиёсатшунос Лейла Алиева ҳам, унинг арман ҳамкасби Александр Искандарян ҳам Озарбайжоннинг Францияни минтақадаги ўйинчи сифатида нейтраллаштириш истаги йўқ, деб ҳисоблайди.

"Умуман Озарбайжон музокаралар олиб бораётган ҳамкорлар сонини кенгайтириш орқали ўз маневр имкониятини оширмоқчи", дейди Алиева.

"Озарбайжон турли вариантларни, ҳам Ғарб, ҳам Россия платформаларини тарғиб қилмоқда, ҳозир эса вазиятга қараб 3+3, - дейди Искандарян. - 3+3, тўғрироғи 3+2 ҳам айни дамда Европани музокаралар форматидан чиқариб ташлаш ва Арманистон иттифоқчиларини камайтиришга уринишдир".

«Эм-ма-ну-эл!»

prezidentlar

Сурат манбаси, President.az

Айни пайтда, оддий озарбайжонликлар ҳам, мамлакат ҳукумати каби, 1994 йилда ташкил топган, АҚШ, Франция ва Россия ҳамраис бўлган ЕХҲТ Минск гуруҳи номи билан машҳур эски форматдан қониқмаяпти. Биринчидан, улар Францияни арманпараст деб ҳисоблагани учун ёқтирмайдилар.

Кривошеевнинг фикрича, Макрон ҳам, Франция Сенати ҳам Озарбайжонга Францияни музокаралардан чиқариб ташлаш учун асос бериб қўйган.

"Мен бунинг учун сенаторлар айбдор эканлигини тушунаман, бу ёрдам бермайди, Арцах тан олинмайди ва тан олинган тақдирда ҳам бу ҳеч қандай ёрдам бермасди, - дейди у. - Табиийки, бу Францияни музокаралар жараёнидан четлаштирди. Мен бунда ҳеч қандай сиёсий мотивни кўрмаяпман".

Демак, ҳозирча Франция озарбайжонлар учун «арманпараст» бўлиб қолмоқда.

Маҳаллий телеканаллардан бирининг бошловчиси кенг тарқалган бир видеода Франция президенти Эммануэл Макронни «арманпараст» деб атайди; унинг номи болалар хори томонидан эски совет болалар фильми "Буратинонинг саргузаштлари" қўшиғи оҳангида масхаралаб айтилган."

Бокуда ҳамиша урфдан қолмаган француз тилини ўрганаётган ҳар бир киши баъзан дўстларидан: "Тўғри қиляпсан, душман тилини билиш керак" деган ярим ҳазилни эшитиши мумкин.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002