Украина: Одесса тунда ҳужумга олинди, Россия вилоятлари яна дронлардан шикастланди - Янгиликлар Yangiliklar

Сурат манбаси, t.me/OdessaDumskayaNet
Украина матбуоти қуролли кучларга таяниб хабар қилишича, душанбага ўтар кечаси Одесса вилоятига 19та дрон ва икки юқори товушли «Оникс» ракеталари билан ҳужум қилинди. Ундан ташқари, Украинанинг турли вилоятларига 12та «Калибр»лар отилган.
Бандаргоҳ инфратизилмаси зарбаларнинг асосий нишони бўлди. Украина мудофааси «Оникс»лар вайрон қилган буғдой омборхоналари суратларини чоп этишди.
Одесса шаҳрида Денгиз вокзали сезиларли шикастланган. Вокзал ёнидаги бир неча йилдан бериш ишламаётган меҳмонхонада ёнғин келиб чиққан. У ҳозирда ўчирилган.
«Одесса Денгиз вокзалидаги меҳмонхона шаҳримизда бўлган ҳар қандай одам учун ёрқин ёдгорлик эди. Бугун Россия уни йўқ қилди», - дейилади Фавқулодда вазиятлар хизмати баёнотида.
Вилоят ҳарбийлари раҳбари Олег Кипернинг айтишича, қисман омборхона ва Одесса туманидаги хусусий уй шикаст еган.

Сурат манбаси, t.me/SJTF_Odes
Портлаш тўлқинидан оддий аҳоли орасидан бир аёл жароҳат олган - уни портлаш қолдиқлари яралаган, деди Кипер.
Россия Одессага ҳужумни шарҳламади. Одесса вилояти июль ўртасида буғдой келишувидан чиқиб кетганидан бери мунтазам равишда ҳаводан ҳужумларга учраяпти.
Украина ҳаво кучлари ўз ҳисоботида айтишича, тунда Украинага қилинган ҳужумларда Shahed типидаги дронлар, (Севастополь атрофидан) иккита П-800 «Оникс» аксил-кема ракеталари ва (Қора денгиздаги кичик ракета кемаси ва сувости кемасидан) 12та «Калибр» қанотли ракеталари қўлланилган.
«Ҳаммаси бўлиб тунги ҳужумда 33та ҳаво ҳужуми ашёси қайд қилинди», дейилади хабарда.
Украина ҳарбийлари 11та «Калибр» ва 19та дроннинг барчасини уриб туширганлар, аммо «Оникс»ларни уриб туширишга муваффақ бўлишмаган.
Россия ҳудудига янги дрон ҳужумлари
Душанба тонгида Курск ва Брянск вилоятлари губернаторлари учувчисиз жиҳозлар ҳужумлари ҳақида хабар тарқатишди, кейинроқ уларнинг баёнотларини Россия Мудофаа вазирлиги тасдиқлади, аммо тафсилотини бермади.

Сурат манбаси, t.me/SJTF_Odes
"Ҳаво мудофааси кучлари Курск вилояти узра иккита украин учувчи аппаратини уриб туширди, яна иккитаси Брянск вилояти узра йўқ қилинди", - дейилади вазирлик ҳисоботида.
Брянск ҳокими вайронагарчилик ва қурбонлар йўқлигини айтди.
Курск ҳокими Роман Старовойтга кўра, битта дрон Куркс марказига, иккинчиси ташқарисига тушган.
Курск туманида дрон қулаши билан кўп хонадонли бинолардаги ойналар синган ва ҳокимлик биноси томи, ҳамда қатор хусусий иншоотлар шикастланган.
Ҳоким айнан қандай ҳокимлик биноси эканини айтмади, аммо аввалги дрон ҳужумларида Украина кучлари Курскдаги ФСБ биноси зарар кўрганини билдирганди.
Тула вилоятида ҳам якшанба оқшомида дронлар уриб туширилгани хабар қилинган. Москва аэропортларида тунда яна чекловлар киритилган.
Шунингдек, ишғол остидаги Қрим ва Қора денгизда ҳам тўртта дрон уриб туширилгани хабар қилинди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













