Мени Украинага ташланг - урушга боришни истаётган Россия аёллари ким? Yangiliklar, Urush, Rossiya Янгиликлар

Сурат манбаси, YEVGENY YEPANCHINTSEV/TASS
Россияда маҳбус аёллар урушга бориш йўлларини қидирмоқда. Баъзилар учун бу колонияни муддатидан олдин тарк этиш имконияти, бошқалари мафкуравий мотивлар таъсирида шундай қилмоқда.
Бундай урушга ёлланиш ҳолатлари 2022 йил охиридан бери қайд этилган, бироқ улар сони эркакларникидан анча кам. Би-би-си Краснодар ўлкасидаги аёллар колониясидан бўлган, рад жавоби берилганига қарамай, барибир урушга жўнаш нияти бўлган маҳбус ҳақида ҳикоя қилади.
"Қилмаган ишим учун қамоқда ўтиргандан кўра, урушда ўлганим афзал", дейди Лада Зиньковская онасига урушга бориш истагини айтиб.
49 ёшли Зиньковская Краснодар ўлкасидаги аёллар колонияларидан бирида жазо муддатини ўтамоқда. 2021 йилда у гиёҳванд модда сотиб олиш ва сотиш (Жиноят кодексининг 228.1-моддаси) иши бўйича 12 йилга қамалган.

Лада Ростов вилояти ва Украинанинг Луганск вилояти чегарасида жойлашган кичик шаҳарча Красний Сулин шифохоналаридан бирида фельдшер бўлиб ишлаган. 2014 йилда у ярадорларга ёрдам бериш учун шифокорлар гуруҳи таркибида Украина шарқига йўл олди. Тиббий ҳарбий мажбуриятга қарамай, Лада рад этиш имкониятига эга эди. Аммо ярадорларга ёрдам беришга қарор қилди.
2015 йилда у ўша пайтда унинг беморларидан бири бўлган Александр Гурьев билан учрашди. Тез орада улар унинг квартирасида бирга яшай бошладилар. Гурьев Ладанинг яшаш жойида рўйхатга олинган эди.
"Улар муносабат бошлагандан кейин у гиёҳванд эканини билди", дейди Ладанинг 70 ёшли онаси Светлана.
Лада Александрни бу касалликдан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилди. У уни нарколог ва психиатрга олиб борди, наркология диспансерига юборди. Лекин бу ёрдам бермади. Александр Лададан пул талаб қилди, унинг банк картасини олиб қўйди, пул ололмаганда эса ҳатто бир неча бор улар яшаган квартирага ўт қўйди.
Суд ҳукмида айтилишича, Александр унинг уяли телефонидан буюртма бериш учун фойдаланган. Сабаби ўзининг тугмачали телефонида интернетга кириш имкони йўқ эди.

Сурат манбаси, ROMAN SOKOLOV/TASS
Светлананинг таъкидлашича, Ладанинг ўзи гиёҳванд модда истеъмол қилмаган. Ҳукмда таъкидланишича, 2018 йил сентябрь ойида уларнинг квартирасида биринчи тинтувдан сўнг, Александр ўзини "ноадекват" тута бошлаган. Шу сабабли, Лада ухлай олмаган ва "маълум миқдорда" гиёҳванд модда истеъмол қилган.
Лада ўз айбини фақат қисман тан олди - гиёҳванд моддаларни сотиб олиш ва уларни сақлашда шериклик. Ҳукмда айтилишича, агар дастлаб у Александр учун гиёҳванд модда сотиб олган бўлса, кейинчалик у уларни шаҳардаги бошқа гиёҳвандларга сота бошлаган.
Суд қарори гувоҳлар кўрсатмалари асосида қабул қилинган. Би-би-си уларнинг гувоҳликлари тўғрилигини тасдиқлай олмайди.
"Бу қаттиқ зарба бўлди, - дейди Светлана Ладага чиққан ҳукм ҳақида. - Қизим гимназияни кумуш медаль, тиббиёт мактабини қизил диплом билан тамомлаган. У тенгдошлари орасида ҳурматли, ишда обрўли эди. Манфий тест натижаларига қарамай, уни гиёҳвандликда айблашди. Менга жуда оғир бўлди бу."
Александр ҳам ҳукм қилинди. Светлананинг айтишича, у бир неча йилдан сўнг озод қилинган. Бу орада у Светланага қўнғироқ қилиб, полицияга Лада жиноятга алоқаси йўқлигини айтиб, мурожаат қилишга ваъда берган. Светлана эса бу қизимнинг эртароқ озод қилинишига ёрдам беради, деб умид қилган.
Аммо озодликка чиққандан сўнг, Александр Ладанинг квартирасини сотди. Қандай қилиб уйни сота олганини, Светлана билмайди. Ўша куни унинг жасади темир йўлдан топилган.
Урушга маҳбус аёллар ёлланаётгани ҳақида нималар маълум?
Лада 2030 йилда озодликка чиқади. «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати урушда қатнашиш учун маҳбусларни ёллай бошлаганидан сўнг, Лада ҳам урушга боришни жуда хоҳлаб қолди, деб эслайди Светлана.
"Менимча, қамоқхона шароитлари уни руҳан синдиради. Менимча, бу истак колониядан чиқиш истаги билан ҳам боғлиқ", деб ҳисоблайди у.
Светлана қизини ишонтиришга ҳаракат қилади. "Ҳа, муддат тугашига ҳали анча вақт бор. Ҳа, у соғлиғини йўқотиши мумкин. Судланганлиги сабабли жамиятга мослашиши ва иш топиши қийин бўлади, аммо тирик қолади, - дейди у. Бошқа томондан, Лада урушга кетиб, фельдшерлик қилса, фойдали бўлиши мумкинлигига ишонади.
Лада маҳкумлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам берувчи "Русь сидящая" жамғармасига мурожаат юборди (Россия ҳукумати бу жамғармани хорижий агент сифатида таснифлаган). Унинг асосчиси Ольга Романованинг "Настоящее время" телеканалига берган интервьюсида таъкидлашича, бундай сўровлар ташкилотга ҳар куни келади. Аёллар фронтга жўнатишга ёрдам сўрайди.
"Русь сидящая" маҳбусларни фронтга юбормайди ва бунга ёрдам бера олмайди.
Олдинроқ Ольга Романова «Холод» нашрига 2022 йил охирида аёл маҳбусларни урушга жалб қилишаётганидан хабар топганини айтди. Кейин, унинг таъкидлашича, Донецк ўлкасининг босиб олинган ҳудудларига Краснодар ўлкасидаги колониялардан аёллар борган.
Би-би-си бу ва бошқа маҳбусларнинг урушга юборилгани ҳақидаги иддаолар ҳаққонийлигини текшира олмайди. Россия расмийлари бу ҳолатларнинг ҳеч бирига изоҳ бермаган.
Ольга Романова, шунингдек, Снежное шаҳридаги (Донецк вилоятида жойлашган) колониядан 50 га яқин маҳбус фронтга юборилгани ҳақида гапирди. 4 февраль куни Украина Қуролли кучлари ўз тезкор ҳисоботида Снежное шаҳридаги аёллар колониясидан 50 га яқин маҳбус Россияга ҳарбий тайёргарликка жўнатилгани ҳақида айтилган.

Сурат манбаси, ROMAN SOKOLOV/TASS
Бундан ташқари, Романованинг айтишича, Краснодар ўлкасидаги колониялардан 100 га яқин аёл ғойиб бўлган ва ҳозир "улар худди ҳужумчилар каби жанг қилмоқда".
Август ойи бошида "Сота" Telegram канали маҳбуслар қариндошлари орасидаги манбаларга таяниб, Липецк вилояти Новоуглянка қишлоғидаги 7-ахлоқ тузатиш колониясидан 30 га яқин маҳкум аёл урушга жалб қилингани ва улар Мудофаа вазирлиги билан икки йиллик шартнома имзолагани ҳақида хабар берган эди.
Лада Зиньковская фронтга фельдшер сифатида юборишни илтимос қилиб, колония раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилди. Унга ҳозир маҳбуслар қабул қилинмаётганини айтишди ва ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонни кутишни тавсия қилишди.
Светлананинг фикрича, агар Лада урушга фельдшер сифатида юборилса, бу "унинг реабилитацияси, унинг номи" бўлади. Шунингдек, бу унга - "жамиятга фойдали бўлиш ва мамлакатга ёрдам бериш"га имкон беради.
"Аёллар колониясида интернет тақиқланган. Улар фақат телевизорда нима дейилганини билишади, - дейди Ольга Романова «Настоящее время» нашрига. - Уларнинг барчасида Ватан учун жон фидо қилиш мотивация. Улар бизга ҳар куни шеър, қўшиқ билан хат ёзишади, ҳар куни ўз айбини ювиш учун биздан уларни фронтга жўнатишда ёрдам беришимизни сўрашади.»
Светлананинг эри бир неча йил олдин вафот этган. У ҳам қизи қамалганида қийналди. Энди 70 ёшли Светлана Ладага ёрдам бериш учун ишлаши керак.
"У урушга интиляпти, мен эса бу аҳволдаман ... Уни юборишим қийин, чунки уруш барибир уруш", дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












