“Ўлим билан ўйнашиш бу” - фронтда жанг қилаётган Украина аёл аскарлари

Андриана соғлиғини тиклагач, яна фронтга қайтади.
Сурат тагсўзи, Андриана соғлиғини тиклагач, яна фронтга қайтади.
    • Author, Олга Малчевска
    • Role, BBC News

Украина аёллари Россияга қарши жанговар бўлинмаларга тобора кўпроқ жалб қилинмоқда. Би-би-си ҳам душманга, ҳам ўз сафларидаги камситувчи муносабатга қарши курашаётган 5000 нафар аёл аскардан уч нафари билан суҳбатлашди.

Ҳипча, кўк кўзли, буғдойранг аёл спорт залида машқ қилмоқда. Агар Россия оммавий ахборот воситалари уни ўлди деб хабар тарқатмаганда, бу унчалик эътиборга лойиқ нарса эмасди.

Украина Қуролли кучлари махсус бўлинмаси сержанти Андриана Арехта фронтга қайтишга ҳозирлик кўрмоқда.

Би-би-си Андрианани Украинадаги реабилитация марказида учратди - унинг хавфсизлиги туфайли аниқ жойни айта олмаймиз. У декабрь ойида Херсон вилоятида мина портлаши натижасида жароҳатланган эди.

Рус тилидаги кўплаб матн ва видео репортажларда унинг «ўлими» даҳшатли тасвирлар билан хабар қилинган эди.

"Улар менинг оёғим ва қўлларим йўқлигини ва улар томонидан ўлдирилганимни эълон қилишди, - дейди Андриана. - Улар пропагандага уста".

Репортажларда уни «жаллод» ва "йўқ қилинган нацист" деб таърифлашган.

Уни шафқатсизлик ва садизмда асоссиз айблашлар Украина армияси Херсонни озод қилганидан кўп ўтмай пайдо бўлди.

"Жуда қизиқ ҳолат. Мен тирикман ва ватанимни ҳимоя қиламан", дейди у.

Россия пропагандасининг Андриана ҳақидаги хабари.

Сурат манбаси, Eurasia Daily

Сурат тагсўзи, Россия пропагандасининг Андриана ҳақидаги хабари.

Россия босқинидан 18 ой ўтиб, мамлакат қуролли кучларида 60 минг аёл хизмат қилмоқда. Украина Мудофаа вазирлиги бизга маълум қилишича, уларнинг 42 мингдан ортиғи ҳарбий лавозимларда, жумладан, 5 минг аёл аскар фронтда.

Унинг қўшимча қилишича, Украина қонунчилигига кўра, ҳеч бир аёл ўз хоҳишига қарши ҳарбий хизматга чақирилмайди.

Аммо баъзи жанговар вазифалар борки, улар аёлларга кўпроқ мос келади.

"Мен командиримнинг олдига бориб, ундан сўрадим: "Мен нима қилишим мумкин?" У менга "Снайпер бўласан", деди», эслайди Евгения Эмералд. У яқингача фронтда снайперлик қилди.

Унинг айтишича, Иккинчи жаҳон урушидан бери снайпер аёллар ҳақида романтик ҳикоялар тўқилган, бунинг ўзига ярашир амалий сабаби бор.

"Агар эркак отиш ёки отмаслик ҳақида иккиланса, аёл ҳеч қачон иккиланмайди.

Балки шунинг учун эркаклар эмас, аёллар туғади", деб қўшиб қўяди у уч ойлик қизини қўлларида кўтариб.

Россия Қримга бостириб киргандан кейин ҳарбий тайёргарликдан ўтган, аммо 2022 йилда армияга қўшилган 31 ёшли бу аёл урушдан олдин заргарлик бизнеси билан шуғулланарди.

У украиналик аскар аёллар обрўсини ошириш учун ўзининг тадбиркорлик тажрибасидан ижтимоий медиада фойдаланди.

Андриана сингари Евгения ҳам Россия оммавий ахборот воситаларида «жаллод» ва «нацист» деб таърифланган ва юзлаб постларда унинг снайпер аёл сифатида фронтдаги роли ва шахсий ҳаёти муҳокама қилинган.

Снайпернинг иши ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан айниқса шафқатсиз, дейди Евгения.

Евгения урушдан олдин заргарлик билан шуғулланган.
Сурат тагсўзи, Евгения урушдан олдин заргарлик билан шуғулланган.

"Чунки сиз нима бўлаётганини кўрасиз. Сиз нишонга теккан зарбани кўришингиз мумкин. Снайпер кўзи билан кўрган ҳар бир киши учун бу шахсий дўзахдир."

Биз гаплашган Евгения ва фронтдаги бошқа аёллар нечта нишонга урганини айта олмадилар. Аммо Евгения кимнидир ўлдириши кераклигини билиб турган вақтлари ҳаяжони кучайганини эслайди.

"30 сония давомида бутун вужудим титрарди, тўхтай олмадим. Ҳозир ортга қайтариб бўлмас ишни қиласан деган хаёллар.

Аммо биз уларга уруш очганимиз йўқ. Ўзлари келишди."

Украина армиясидаги аёллар улуши Россиянинг 2014 йилда биринчи босқинидан бери ошиб бормоқда ва 2020 йилда 15 фоиздан ошди.

Аммо кўплаб аёл ҳарбийлар Россияга қарши курашаётган бўлса ҳам, улар ўз сафларидаги сексист муносабатга қарши курашаётганликларини айтишади.

Евгениянинг айтишича, у фронтда снайпер сифатида обрў ва ишонч қозонишдан олдин бунга дуч келган.

"Махсус кучлар сафига биринчи келганимда, жангчилардан бири ёнимга келиб: "Ҳой қиз, бу ерда нима қиляпсан? Ошхонага бориб борш [Украина анъанавий шўрва] пишир", деди. Ўшанда шунчалик жаҳлим чиқдики: "Ҳазиллашяпсанми? Мен ошхонада бўлишим ҳам, сени уриб йиқитишим ҳам мумкин", дедим.

Бошқа бир Евгения, Украина аёл аскарларига ёрдам берувчи "Аёлларни қуроллантиринг" хайрия ташкилоти вакили Евгения Велика ҳам шундай фикрда: "Одамлар қизлар эр топиш илинжида армияга боради, деб ўйлайди".

Евгения урушда снайпер бўлиб жанг қилади.

Сурат манбаси, Illia Larionov

Сурат тагсўзи, Евгения урушда снайпер бўлиб жанг қилади.

Унинг айтишича, аёллар ҳам унга жисмоний зўравонлик ҳолатлари ҳақида айтиб беришган.

"Биз муаммо кўламини тасаввур қила олмаймиз, чунки ҳамма аёл ҳам бу ҳақда гапиришни хоҳлайвермайди", дейди у.

Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг Би-би-сига айтишича, бу сафарбар қилинган "юз минглар" билан солиштирганда "бир неча ҳолатлар" холос.

Украина армиясидаги аёлларда жинсига мос форма йўқ. Уларга ноқулай эркаклар кийимлари, жумладан, эркаклар ички кийимлари, шунингдек, катта ўлчамдаги пойабзал ва қалқонлар берилади.

Ҳатто Мудофаа вазири ўринбосари Ханна Малярнинг айтишича, унинг дала формаси эркаклар учун мўлжалланган бўлиб, у «бўйи қичик» бўлгани учун уни ўзгартиришга мажбур бўлган. Унинг қўшимча қилишича, церемониал формаларда пошнали туфлилар бор.

Агар ҳарбий хизматдаги аёллар ўзларига мос форма кийишни хоҳласа, уларни онлайн сотиб олишлари, хайрия ёки краудфандингга ишонишлари керак.

Шунинг учун Андриана аёл аскарлар учун тенг ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи ва Украина ҳарбий қонунчилигини НАТОга мослаштириш учун ислоҳот ўтказувчи "Ветеранка» [Украина фахрий аёллар ҳаракати] хайрия ташкилотига асос солган.

Аммо Маляр хоним ҳукумат ижобий силжишлар қилганини айтади. Аёллар учун кийим-кечак дизайни ишлаб чиқилган, синовдан ўтган ва тез орада оммавий ишлаб чиқаришга киришилади, аммо қачонлиги номаълум.

Снайпер Евгения Эмералднинг айтишича, бундай қийинчиликларга қарамай, "урушнинг жинси йўқ".

"Уруш сизни эркакми ёки аёл, фарқ қилмайди. Ракета келиб тушса, аёллар, эркаклар, болалар - ҳаммаси ўлади.

2021 йилда Украина мудофаа вазирлиги парадга пошналарда тайёрланаётган аёллар суратини тарқатганди.

Сурат манбаси, UKRAINE DEFENCE MINISTRY

Сурат тагсўзи, 2021 йилда Украина мудофаа вазирлиги парадга пошналарда тайёрланаётган аёллар суратини тарқатганди.

Фронтда ҳам худди шундай - агар сиз маҳоратли бўлсангиз ва аёл бўлсангиз, нега ўз мамлакатингизни, халқингизни ҳимоя қилмаслигингиз керак?"

Донбасс шарқида снайпер Ирина ҳозир қарши ҳужумда иштирок этмоқда. Биз у билан жанг майдонига тинчлик тушган вақтда қисқа муддат гаплашамиз.

Уни кўплаб ҳарбий аёллар қаттиқ курашган ислоҳотлар меваси дейиш мумкин - у эркаклардан иборат бўлинманинг аёл қўмондонидир.

"Снайпернинг образи романтиклаштирилган ... ва кинолардагина жозибали. Аммо жуда оғир иш".

У снайперлар отишдан олдин нишонни пойлаб олти соатгача ерда ҳаракатсиз ётишини, шундан сўнг улар тезда позициясини ўзгартиришини тасвирлайди.

"Бу ўлим билан ўйнашишга ўхшайди", дея қўшимча қилади у.

Хизматдаги минглаб хотин-қизлар ўз ишларини, оилаларини ортда қолдириб келган.

Андриана ўтган йили Россия мамлакатга бостириб кирганида, БМТнинг Украина Ветеранлар ишлари бўйича вазирлигида гендер тенглиги бўйича маслаҳатчиси сифатидаги ишини қолдириб, Украина армиясига қўшилган эди.

"Улар ҳаётимнинг энг яхши йилларини ўғирлашди", дейди 35 ёшли Андриана. Урушдан олдинги даврларни эслаб, қўшимча қилади: "Мен саёҳат қилишим, бахтли ҳаёт кечиришим, карьера қилишим мумкин эди".

Андриана қуролли кучларга Россия 2014 йилда Қримга бостириб кирганда қўшилганди.
Сурат тагсўзи, Андриана қуролли кучларга Россия 2014 йилда Қримга бостириб кирганда қўшилганди.

Бошланғич мактаб ёшидаги ўғилнинг онаси бўлмиш Андриана менга етти ойдан ортиқ вақт давомида ўғлини қучоқламаганини кўзларида ёш билан айтади. У менга телефонида ўғлининг фотосуратларини кўрсатганида, юзидаги кўз ёшлари ўрнида табассум пайдо бўлади.

Ота-онаси каби курашиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйишдан кўра, ўғлининг ўз ватанида тинч келажагини таъминлаш истаги унга куч беради.

Ўтган йили Россия босқини бошланган кейин армияга қўшилган Евгения Эмералддан фарқли ўлароқ, Андриана аллақачон ҳарбий тажрибага эга.

2014 йилда Россия биринчи марта Украинага ҳужум қилиб, Қримни аннекция қилиб, Донбассга бостириб кирганида, у ўзининг бренд менежери ишини ташлаб, минглаб украиналиклар қатори илк кўнгилли батальонлардан бирига қўшилди. Ўша пайтда қўшин ҳозиргидан кичикроқ эди ва қаттиқ курашаётганди.

Кремль ва Халқаро Амнистия ташкилоти Андриананинг «Айдар» батальонини инсон ҳуқуқларини бузганликда айблаган, бироқ Украина армияси Би-би-сига бундай даъволарни тасдиқловчи ҳеч қандай жиддий далиллар келтирилмаганини айтди.

Амнистия ташкилоти Украина ҳукуматини кўнгилли батальонларни назорат остига олишга чақирди.

Андриана ҳеч қачон ҳеч қандай қонунбузарлик билан алоқаси бўлмагани ва саккиз йил олдин Айдарни тарк этганига қарамай, Россия оммавий ахборот воситалари уни ҳеч қандай далил келтирмасдан доимо «садизм»да айблади.

Украинада у хизматлари учун медаллар билан тақдирланган - бири "Жасорат", иккинчиси "халқ қаҳрамони".

BBC

Би-би-сига ҳозир «Айдар»га аъзо эмаслигини айтган Андриана 2022 йилда яна армияга қўшилиши кераклигини ҳис қилганини, чунки аллақачон зарур жанговар тажрибага эга бўлганини айтди.

Украина Мудофаа вазирлиги уруш давридаги махфийлик сиёсати сабабли жанговар қурбонлар сонини айта олмаслигини билдирган бўлса ҳам, Би-би-си Россия босқинидан кейин жангларда 93 нафар украиналик ҳарбий аёл ҳалок бўлганини кўрсатувчи рақамларни олди.

«Аёлларни қуроллантиринг» хайрия ташкилотига кўра, 500 дан ортиқ аёл жароҳат олган.

Андриананинг телефон рақамлари китоби марҳумлар рўйхатига айланди.

"Мен 100 дан ортиқ дўстимни йўқотдим. Қанча телефон рақамини ўчиришим кераклигини ҳам билмайман".

Аммо йўқотишлар шунчаликки, ортга йўқ йўқ энди, дейди у спорт залидаги реабилитация машғулотларини якунлаб.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002