Янгиликлар. Россия: Ўзбекистонлик Давронбек ‘военкомат’га ўт қўймоқчи бўлдими? Rossiya O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Бунақа хабарлар Россиядан шу пайтгача олинмаганди.
Алоқадор мавзулар:
- Россия, мигрантлар: 'Доставка'да билмай наркотик ташиганлар кўп
- Россия: Муҳожирлар қўрқуви нимадан? Қамоқдаги ўзбеклар урушга мажбурланаяптими? Мигрантлар нима қилсин? Ўзбекистон, янгиликлар
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?
- Россия: Мигрантлар учун «военкомат» Муҳожирлар урушга қандай ёлланади?
Нима гап?
Хабарларга кўра, ҳодиса Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида юз берган.
11 август куни шаҳарда 24 ёшли йигит "военкомат" - ҳарбий комиссариатга ўт қўймоқчи эканликда ҳибсга олинган.
Россия оммавий ахборот воситалари маъмулотларига кўра, йигит "хорижлик".
Худди шу каби хабарлар манзарасида Санкт-Петербург судлари қўшма матбуот хизмати расмий билдиришнома билан чиққан.
Унда қўлга олингани айтилаётган йигит Давронбек Йўлдошев сифатида тилга олинган.
Аммо унинг қай бир давлат фуқароси экани, Россияга қачон, нима учун келгани ва қандай мақомда бўлгани тафсилотлари очиқланмаган.
Давронбек Йўлдошевнинг ҳозир айнан қаерда, қандай шарт-шароитда сақланаётгани ва ҳол-аҳволи ҳақидаги тафсилотлар ҳам жорий пайтда имконсиз.
Ҳибс ва айблов

Сурат манбаси, SERGEI FADEICHEV/TASS/ILLYUSTRATIV
Расмий хабарларга кўра, Давронбек Йўлдошев теракт содир этишга уринишда гумон қилинмоқда.
У Россия Жиноят Кодексининг 30-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми "а" банди бўйича ҳибсга олинган.
Маълум бўлишича, Йўлдошев ва ҳимоячисининг енгилроқ эҳтиёт чораси умидидаги эътирозлари иш бермаган.
Санкт-Петербург суди терговнинг илтимосномасини қондирган, гумондорни жорий йилнинг 10 сентябрига қадар ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.
Тергов фаразича, Йўлдошев "ичида ёнувчи моддаси бўлган" бутилкани қўлга киритган.
Бутилка ва ёқувчи жиҳоз билан 10 август куни кечки пайт Санкт-Петербургнинг Петроград туманида Большая Монетная кўчасида жойлашган ҳарбий комиссариатга борган.
Бироқ "военкомат" ўт қўйишга улгурмаган, эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган.
Санкт-Петербург судлари қўшма матбуот хизматининг маълум қилишича, тергов Йўлдошевнинг номаълум шахслар билан ҳамкорликда иш олиб борганини тахмин қилаётир.
Аммо жорий пайтда имконли бўлган расмий хабарлардан уларнинг айнан кимлар экани, сони ва фуқароликлари ноаён қолган.
Гумон этилаётган шахсларнинг нима мақсадда бу ишга қўл уриш ниятида бўлганликлари тафсилотларига ҳам ҳалича ойдинлик киритилмаган.
Нашрлар ва иддаолар

Сурат манбаси, Skrinshot
"Фонтанкa.ру"нинг ёзишича, 24 ёшли Давронбек Йўлдошев Ўзбекистон фуқароси ва шу йилнинг март ойида Россияга келган.
Аммо, шундай деркан, нашр ўзининг манбасини очиқламаган.
Россия нашрларида янграётган бу каби даъволарга Ўзбекистон томонининг ҳам расмий муносабати ҳозирча имконсиз.
Уларнинг бу хусусда бирор бир расмий билдиришнома билан чиққанликлари ҳалича кўзга ташланмайди.
Россия, йилларки, дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд мамлакати экани билан ажралиб туради.
Россиядаги энг кўп сондаги ўзбекистонликлар эса, Москвадан кейин айнан Санкт-Петербург ҳисобига тўғри келиши айтилади.
Украина уруши ва "военкомат"лар...

Сурат манбаси, Getty Images
Янгилик россиялик масъулларнинг сўнгги ойларда мамлакат ҳудудидаги ҳарбий комиссариатларга ўт қўйиш ҳоллари кўпайганига оид баёнотлари манзарасида олинган.
Россия томони бу ҳодисаларда Украина жосуслик хизматларини айблаб келади.
Украина жосуслик хизмати ходимлари россияликларни алдаб, бу каби жиноятга ундашаётганини иддао қилади.
"Военкомат"ларга ўт қўйиш - Россия Украинада очган уруш манзарасида бўй кўрсатган ва кўрсатаётган воқеълик бўлади.
"Ҳужумчилар" орасида ҳатто кекса ёшли россияликларнинг борликлари эса, кўпчиликнинг диққат-эътиборини ҳам ўзига тортмай қолмаган.
Улар "ҳужум қуроли" сифатида асосан Молотов коктейлидан фойдаланишган.
Сўнгги ўт қўйишлар эса, Россияда армияга сафарбарлик ёши оширилганидан кейин кузатилмоқда.
Россия энди 18 дан 27 ёшгача бўлганлари билан кифояланмай, 30 ёшдаги эркакларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилишга қарор қилган.
Украина уруши учун Путин томонидан 2022 йилнинг сентябрида эълон қилинган илк ва қисман сафарбарлик ўн минглаб россияликнинг мамлакатни ошиқич равишда тарк этишига сабаб бўлган.
Уруш эса, ўзининг иккинчи йилига кириб бораётир, Украина яқинда қарши ҳужумга ўтган ва тинчлик музокаралари истиқболи ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.
Орада ҳам Украина урушига сафарбар этилишларининг олдини олиш учун ҳарбий комиссариатларга ўт қўйган ёш йигитларнинг ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилишганига оид хабарлар олинган.
Масъуллар шу ой бошида икки куннинг ўзида Россиядаги 25 та военкоматга ўт қўйишга уриниш ҳолати бўлганини айтиб чиқишган, янгилик ўшанда ҳатто сарлавҳаларга чиққан.

Охирги пайтларда Россиянинг нафақат ўз қамоқхоналарида жазо муддатларини ўтаётганлари, балки-да қатор имтиёзлар ва бир неча минг долларлик ойлик эвазига ўз фуқароси бўлмаган Марказий осиёлик мигрантларни ҳам урушга ёллаш ҳаракатида эканига оид хабарларнинг сони ортган.
Қатор кўзга кўринган ҳуқуқ ҳимоячилари бундан жиддий хавотир билдиришган, улар Россия бу мигрантларни Украинадаги урушга ноқонуний, алдов ва турли йўллар билан жалб қилишга уринаётганлигидан бонг уришган.












