Cамарқандда туғилган Украина янги мудофаа вазири Умеров аллақачон Кремл жиғига тегиб улгурдими? - Видео Ukraina Dunyo Yangiliklar

Рустам Умеров

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Рустам Умеров
    • Author, Святослав Хоменко
    • Role, Би-би-си, Украина
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Украина президенти Володимир Зеленский Мудофаа вазири Оликсий Резниковни истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига Самарқандда туғилган 41 ёшли қрим татар Рустам Умеровни тайинлади.

Вазифасидан кетаётган Оликсий Резников ўзининг Украина Мудофаа вазири сифатида асосий ютуқларидан бири деб Киевнинг Ғарбдаги ҳамкорлари фикри ўзгарганини санаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия бостириб киришидан бир неча ҳафта олдин Вашингтонга келган Резников Украинага Россия авиациясига қарши туриш учун Stinger зенит ракета мажмуасини сўраганди. Ўшанда унга "Йўқ, Оликсий, бунинг имкони йўқ", деб жавоб беришган.

Орадан 1,5 йил ўтиб Украина ҳужумларида Ғарб танклари иштирок этмоқда. Украина қуролли кучларига замонавий қирувчиларнинг етиб келиши эса вақт масаласи.

Зеленский атрофидагилар сўнгги вақтларда айнан мана шу масалада Резниковни танқид қилишаётганди: Ғарб қуролларини Украинага етказиш тизими охиригача ишлаб чиқилмаган ва бунга фақат Ғарб айбдор эмас.

Резников ва Украина президенти идораси ўртасида сўнгги 1,5 йилда бир-биридан чарчаш аломатлари сезилиб қолди. Юрист Резников унга яқинроқ бўлган Адлия вазирлигига ўтиш истагига аллақачон ишора қилган.

Zelenskiy

Сурат манбаси, Reuters

Шунга қарамасдан ҳозирги кадрлаш алмашинувини техник дейиш қийин. У жанг қилаётган армияга керакли нарса сотиб олиш можароси манзарасида рўй бермоқда. Унга Мужофаа вазирлиги бош-қош бўлган. Резников барча айбловларни рад қилиб келмоқда.

Резников вазир мақомидан кетганидан сўнг катта эҳтимол билан Украинанинг Буюк Британияда элчиси бўлиши мумкин.

Самарқандда туғилган вазир

Якшанба куни Володимир Зеленский Резниковнинг ўрнига келадиган вазир ҳақида гапирди. Бу Украина давлат мулки жамғармаси раиси Рустем Умеров. Унинг номзодини Олий рада шу ҳафта кўриб чиқиши керак.

Reuters агентлиги уни Самарқандда туғилгани, ота-онаси 1940 йилларда Сталин томонидан Қримдан Ўзбекистонга сургун қилинган қрим-татарлар эканлигини ёзган.

41 яшар Умеров иқтисодни ўқиган. Телекоммуникация ва сармоя бизнесида ишлаган. Паралел равишда Қрим татар халқининг мажлисида фаол ва унинг раҳбари Мустафо Жамиловнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда халқаро фаолият бўйича ёрдамчиси бўлган.

2019 йили "Овоз" партиясидан Украина парламентига депутат бўлиб сайланади. Ўнлаб қонун лойиҳаларининг муаллифи ва ҳаммуаиллифи бўлган. Уларнинг орасида Кремлнинг жиғига теккан "Украинанинг туб халқлари" қонуни ҳам бор.

Россия Украинага бостириб киргач Умеров Россия билан музокаралар олиб бориш учун Украина хайъати таркибига кирди. Ғарб матбуоти у ушбу музокаралар давомида заҳарланган бўлиши мумкинлигини ёзди. Бироқ Умеров ушбу хабарларни рад қилган.

Умеров асрларни айирбошлаш билан ҳам шуғулланган. У ўтган йил кузда қийин айирбошлаш жараёнида Саудия Арабистонига борди.

Саудияга у Украина давлат мулки жамғармаси раҳбари сифатида борди. Ушбу лавозимга у 2022 йил сентябрда тайинланганди.

Умеровнинг ҳарбийларга алоқаси бўлмаган ўтмиши муаммо бўлмаслиги керак. Биринчидан, бу Украина киришга ҳаракат қилаётган НАТО давлатлари учун оддий ҳол. Иккинчидан, уруш бошлангандан бери Украинада шундай тизим яратилдики, Бош штаб урушади, Мудофаа вазирлиги эса уруш логистикасига жавоб беради, урушни таъминлаш учун сиёсий ва хўжалик қарорларини қабул қилади. Бироқ ҳужум уюштириш ва мудофаани ташкил қилиш учун генераллар ишига бурун суқмайди.

Умеровнинг ақлли ва пухталиги айтилади. Украина ичида ва ташқарисида кўплаб танишларга эгалиги, шунингдек, инглиз ва турк тилларида бемалол мулоқот қилиши яхши мулоқотчи эканлигидан дарак беради.

Бундан ташқари Украинада бугун энг аҳамиятли бўлиб турган нарса - президент идорасининг раҳбари, мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири Андрей Ермак билан яхши алоқаларга эга.

Шунингдек, Киевда Умеровнинг тайинланишини Зеленский томонидан ғарблик таҳлилчи ва сиёсатчиларга қаратилган кучли ва аниқ мессаж сифатида кўраётганлар ҳам бор.

Сўнгги вақтларда ғарбликлар Украинанинг бир қисми Россия таркибида қолиш эвазига бўлса ҳам урушни тугатиш ҳақида бот-бот гапиришмоқда.

Айрим киевликлар наздида, Зеленский "Украина урушдан Қримсиз чиқишини истаяпсизларми, яхши, унда ҳуқуқбон ва Қрим муаммоси билан йиллар давомида шуғулланиб келаётган қрим татари бўлмиш ушбу вазир билан гаплашинглар" демоқчи.

Расман янги Мудофаа вазирини Олий рада тасдиқлаши керак, кўпчилик ушбу техник қарор бу ҳафта олинишига шубҳа қилмаяпти.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002