АҚШ Украинага кучсизлантирилган уранли снарядлар беради, Россия ҳарбий штаби олдида портлаш - Янгиликлар, Dunyo Yangiliklar

Кучсизлантирилган уранли ўқларни тахлаётган ҳарбий

Сурат манбаси, AFP

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага кучсизлантирилган урандан ясалган снарядлари беришини эълон қилди. Россиянинг Ростов-Дон шаҳридаги Жанубий Ҳарбий Округ биноси яқинида дрон портлаши оқибатида ён-атрофдаги бинолар ва автомобилларга жиддий шикаст етди.

Айни пайтда Киевга борган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага 1 миллиард доллардан зиёд ёрдам пакети берилишини эълон қилди, бу ёрдам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ҳам кўзда тутади.

Алоқадор мавзулар:

Украинага кучсизлантирилган урандан ясалган снарядлар тақдим этилиши хабарлари илк бор ҳали март ойида янграганди.

Бу ҳақда дастлаб Буюк Британия, сўнг АҚШ билдирган.

Бу хабарга Россия жуда салбий муносабат билдирган, Президент Путин, бу снарядлар радиацион чанг тарқатади, деб айтганди.

Аммо ундай эмас.

Кучсизлантирилган уранли снарядлар асосан АҚШнинг Abrams, Британиянинг Challanger-2 танкларида қўлланилади.

Кучсизлантирилган уран тўйинтирилган уранни ишлаб чиқаришдан қолган қолдиқ модда ҳисобланади.

Кучсизлантирилган уран ўзининг зич ва мустаҳкамлиги билан ажралиб туради, шунинг учун ҳам ундан ҳарбий техника учун зирҳлар ва ўқ-снарядлар қобиғини ясашда фойдаланилади.

Халқаро Атом қуввати агентлигига кўра, кучсизлантирилган уран тўйинтирилган уранчалик радиоактив эмас, кучсизлантирилган уран баданига теккан ҳарбийларда ўтказилган тадқиқотлар бу ҳарбийларнинг ўлими бошқаларга нисбатан кўплиги кузатилмаган.

Шунинг учун ҳам кучсизлантирилган уранли снарядлар ўта хавфли деб кўрилмайди ва бирор бир халқаро конвенция билан тақиқланмаган.

Россия Жанубий Ҳарбий Округи ёнида портлаш

Ростов-Доннинг Пушкинская кўчасидаги портлаш оқибатлари

Сурат манбаси, ERIK ROMANENKO/TASS

Сурат тагсўзи, Россиянинг давлат назоратидаги ахборот агентлиги ТАСС Ростовдаги портлаш оқибатлари тасвирларини эълон қилди

6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси Россия жанубидаги Ростов-Дон шаҳрида дронлар портлагани ҳақида хабар бердилар Россия расмийлари.

Ростов вилояти губернатори Василий Голубев битта дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Портлаш Ростов-Дон шаҳридаги Пушкинская кўчасида рўй берган.

Яна бир дрон эрталаб шаҳар жанубидаги Батайск деган жойда қулагани хабар қилинди.

Пушкинская ва Будённовский кўчалари кесишган, Будённовскийда эса Россия Жанубий Ҳарбий Округининг штаби жойлашган.

Украинадаги ҳарбий амалиётлар ана шу штабдан бошқарилади деб кўрилади.

Июнь ойида Евгений Пригожин ўзининг "Вагнер" гуруҳи жангчилари билан ана шу штаб биносини босиб олган, сўнг Москва шаҳрига қараб юришни бошлаганини эълон қилган эди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002