Россия эркаклари доимий қўрқув остида яшашмоқда Yangiliklar Dunyo Ukraina

Сурат манбаси, RUSSIAN DEFENCE MINISTRY
- Author, Ольга Ившина
- Role, BBC News Россия
"Доимий қўрқувда яшаяпман. Ҳеч нарсани режа қилолмаяпман", дейди 27 ёшли Пётр.
У санкт-петербурглик сотувчи. Аммо ҳозир у Укранина урушига чақирилиш хавфи остида.
Июль охирларида Россия ҳарбий чақирув ёшини уч йилга кўтарди, яъни ҳизматга чақирилиши мумкин одамлар сони ошди. Пётр ана шу ўзгариш таъсир қилган миллиолаб эркаклардан бири.
Илгари 18-27 ёш оралиғидаги барча соғлом эркаклар бир йил мажбурий ҳарбий хизматни ўтар эди. Армияга чақирув йилда икки марта бўларди.
Ҳозир эса 30 ёшгача бўлганлар чақирилиши мумкин.
"Бу йил мен ипотека олиб, оиламиз учун квартира сотиб олмоқчи эдим, - дейди Пётр Би-би-сига. - Хотиним билан келажак режаларини муҳокама қилардик. Энди ҳамма нарса тўхтади.
"Кейинги январдан мени хизматга чақиришлари ва Украинага юборишлари мумкин. Мен армияга қўшилишни хоҳламайман, бу урушда қатнашишни ва бошқаларнинг мақсади йўлида ўлишни хоҳламайман."
Россия парламенти, шунингдек, чақирув ҳақида билдиришнома олгандан кейин чақирув комиссиясига келмаганлар учун жарима миқдорини сезиларли даражада оширадиган қонун лойиҳасини ҳам қабул қилди.
Қонун 1 октябрдан кучга киргач, улар 30 000 рублгача (315 доллар) жаримага тортилиши мумкин. Бу максимал жариманинг 10 баробаридир.

Ўтган йил кузида ҳукумат 300 минг заҳирадагилар сафарбар этилишини эълон қилгач, ўн минглаб одамлар Россияни тарк этган. Эндиликда, расмийлар чақирув бўйича хабарнома олгандан сўнг мамлакатдан чиқиб кетишни тақиқловчи янги қонунни жорий қилди.
"Мен қизим тинч яшашини хоҳлайман"
Алекс 30 ёшда, Москвадаги заводда ишлайди. Унинг айтишича, у заводда бажарадиган вазифа жуда муҳим деб баҳоланган, шунинг учун унга армияга чақирувдан дахлсизлик берувчи ҳужжат ваъда қилинган.
"Икки ҳафта олдин менга тўсатдан мудофаа бўлимидан кўплаб қўнғироқлар ва хабарлар кела бошлади. Менга келиб, иммунитети борлар рўйхатидан ўтишим кераклигини айтишди", дейди у Би-би-сига.
"Шубҳам бор эди, лекин барибир боришга қарор қилдим", дейди у.
Кутилмаганда ҳарбий хизматга чақирувчилар унга "ҳақиқий эркак бўлишинг керак, қоғоз ортига яширинмасдан", деб айта бошлашди.
Кейин, унинг айтишича, офицерлардан бири ундан ҳужжатларини олиб, муҳр босган ва Алексни сафарбарлик бўлганда армияга қўшилишга мажбурлар орасига киритиб қўйган. У норозилик билдиришга ҳаракат қилди.
"Офицер қовоғини уйиб, менга "Ватан кўп нарса берган ва эркаклар аскар бўлиш учун туғилган" деди. Демак, энди мен Ватан учун жанг қилишга ва ўлишга тайёр бўлишим керак".
"Мен жанг қилишни ёки ўлишни хоҳламаслигимни айтдим - қизим ўсиб, тинч яшашини хоҳлайман. [Офицер] агар келмасам, 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишим мумкинлигини эслатди", дейди Алекс.
"Агар стоматологга борсам, мени урушга жўнатишади"

Сурат манбаси, Getty Images
Апрелда Россия қонунчилари армияга рақамли чақирув тизимини йўлга қўювчи қонунни қабул қилди.
Бу чақирув хабарномаларини шахсан топширмай, онлайн юборишга имкон беради. Натижада армияга қўшилишдан қочиб юрганларни тутиш имконияти ошади.
Алекснинг айтишича, у қаерга бормасин, ҳукумат унга эргашишидан қўрқади: "Стоматологга борсам ҳам, мени қўлга олиб, урушга юборишларидан қўрқаман.
Менинг хавотирим максимал даражага етди. Хотиним ва қизимни безовта қилмаслик учун хотиржам кўринишга ҳаракат қиляпман, лекин улар ҳали ҳам қийналаётганимни кўришади."
Босқин бошида Россия президенти Владимир Путин муддатли хизматга чақирилувчилар жангларда қатнашмасликка ваъда берган эди. Бироқ баъзи муддатли ҳарбий хизматчилар Украинадаги жангларга қайта-қайта юборилганлиги ҳақида далиллар мавжуд.
Би-би-си Рус хизмати босқиннинг сўнгги 17 ойида камида 57 муддатли ҳарбий хизматчи ўлдирилганини тасдиқлади.
Ҳозирда Россия-Украина чегарасини қўриқлаш учун юзлаб муддатли ҳарбий хизматчилар қўйилган.
"Йигитларимиз Украина билан чегарага ўтказилди. Айримлари аллақачон ҳалок бўлган, бошқалари яраланган, - дейди Валентина, унинг 19 ёшли ўғли ўтган кузда армияга чақирилиб, Украина билан чегарадош Брянск вилоятига жўнатилган.
"У ерда доимий равишда ракета учади, улар рус позицияларини дронлардан доимий ўққа тутмоқда.
Бу ҳақиқатан ҳам муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар учун тўғри келадиган вазифами? Уларнинг тайёргарлиги деярли нолга тенг. Қани чегарачилар ва профессионал бўлинмалар?"
Унинг айтишича, у ҳарбийлар ва прокуратурага кўплаб аризалар ёзган, аммо ҳеч қандай тайинли жавоб олмаган.
Россия деярли бир ярим йил давом этган жангларда катта талафот кўргани тахмин қилинмоқда, бироқ мамлакат Мудофаа вазирлиги бу рақамларни ошкор қилишни истамаяпти.
Би-би-си Рус хизмати Россиянинг мустақил Медиазона сайти билан ҳамкорликда ўтказган суриштирув босқин пайтида ҳалок бўлган 29 000 дан ортиқ россиялик жангчининг исмларини тасдиқлади.
Бунга россиялик ҳарбийлар ҳам, Вагнер ёлланма гуруҳи тарафида жанг қилаётганлар ҳам киради. Бу Россиянинг жами ҳарбий йўқотишлари учун минимал кўрсаткич, аммо реал кўрсаткич камида икки баробар кўп бўлиши мумкин.
"Менинг отам Путинни қўллаб-қувватлайди, шунинг учун босқин бошланганидан кейин биз деярли гаплашмаймиз", дейди петербурглик 27 ёшли сотувчи Пётр. У яқинда адвокатлар билан гаплашиб, янги қонун кучга киргунга қадар, қонун бўйича заҳирадаги ҳарбий хизматчи мақомини олмоқчи, чунки у янги қонун кучга киргунга қадар 27 ёшга тўлган.
Бироқ, улар айтишича, агар у чақирув комиссиясига бу масалада мурожаат қилса, уни жойида урушга чақиришлари мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














