Украина. Урушдан кейинги секс: Украин ҳарбийлари нима ўрганишмоқда? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, RESEX
- Author, Тоби Лакхерст
- Role, BBC News, Киев
"Одамлар ўляпти, сизлар секс ҳақида ўйлаяпсиз!.." ёки урушнинг яна бир фожеий оқибати...
Алоқадор мавзулар:
- Украина: Покровскка ҳужумда кўплар ўлди, Зеленский ҳаётига суиқасд фитнаси маълум бўлди
- Россия-Украина: Сўйишга ташланган қуллардек ё Путин урушидаги ўзбек, қирғиз ва тожиклар. Видео
- Россия: Путин пропагандаси учун ишлатилаётган болалар - янгиликлар
- Россия ўлган аскарларини санамаяпти, шунинг учун бу ишни биз қилдик - Янгиликлар
Бу ReSex учун реклама: жисмоний ва руҳий жароҳатлардан кейин собиқ аскарлар жинсий ҳаётида ёрдам берадиган хайрия ташкилоти.
Ўтган март ойида босқинчи рус қўшинлари Украинанинг Мариуполь порт шаҳрини қамал қилган, унинг катта қисми вайронага айланган эди.
Глеб Стрижко - ўша пайтда денгиз пиёдаси - шаҳар ҳимоячиларидан бири эди.
Руслар снаряди портлаши уни уйнинг учинчи қаватидан ерга йиқитди ва у вайроналар остида қолди.
Глебнинг тос суяги, жағи ва бурни синган, кучли мия чайқалишидан ташқари, портлашдан пайдо бўлган иссиқлик тактик кўзойнакларини юзидаёқ эритиб юборганини айтади. Кейин рус қўшинларига асир тушган.
Глеб кейинги ой озод қилиниб, маҳбуслар алмашинуви доирасида Украина ҳудудига қайтариб юборилди. Аммо унинг айтишича, асирликда бўлганида унга тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
Би-би-си дастлаб Глеб билан озодликка чиққанидан бир неча ҳафта ўтиб гаплашган эди, кейин уни мамлакат ғарбидаги шаҳар - Львовдаги касалхонада топди.

Сурат манбаси, ,
Глеб соғлиғини тиклаётганда, ReSex у билан боғланди.
"Тос суяги жароҳатидан сўнг, менда даволаниш учун бироз вақт керак бўлди. Бу [жинсий алоқа масаласи] ҳақда кўп гаплашилмади, мен каби бошқа одамлар бошига бундай кун тушишини истамасдим", дейди у.
"Бу лойиҳада иштирок этишга туртки бўлди."
Ивона Костина - ReSex лойиҳасини бошқарадиган Veteran Hub гуруҳи асосчиларидан бири.
Унинг айтишича, лойиҳа ғоясини 2018 йилда америкалик аскарлардаги муаммо ҳақида ўқиганларида пайдо бўлган.
Россиянинг кенг миқёсли босқини бошланиб, маблағ топилгач, улар украиналик аскарлар ва мутахассислар билан маслаҳатлашиб, муҳтож эркаклар ва аёлларга ёрдам бериш шароитларини ишлаб чиқишди.
Улар биринчи марта интернет орқали сўровлар юборишганда, жамоатчилик ва ветеранлар "Одамлар ўляпти, сизлар секс ҳақида ўйлаяпсиз!" каби норози муносабатлар ҳам билдирди, дейди Ивона.

Сурат манбаси, .
Улар яна ўзларидаги барча ярадор ветеранларда жинсий ҳаёт бузилади, деган нотўғри тушунчаларга ҳам дуч келишлари керак эди.
"Касалхонада секс, уйда секс, процедурадан олдин секс, кейин секс... - дейди Ивона. - Ажойиб, ҳаммаси жойида бўлса, бизнинг нима ёрдамимиз тегиши мумкин, деб ўйладик."
Аммо умуман олганда, унинг айтишича, реакция жуда ижобий эди.

Ташкилот 6000 га яқин буклет босиб чиқарди ва уларни бутун Украинадаги тиббиёт марказлари, ветаранлар ва уларнинг оилаларига юборди, интернетга ҳам жойлаштирди.
ReSex шунингдек, видеолар, графикалар ва ёрдам учун телефон рақамлари билан ижтимоий медиа кампаниясини бошлади. Хайрия мастурбациядан тортиб, жинсий ўйинчоқларгача ва ҳатто элементар биологияни ҳам қамраб олади.
"Биз ҳамма нарсани ёритишга ҳаракат қиляпмиз", дейди Ивона ва китобчада бокира бўлиши мумкин бўлган ёш ярадор ветеранлар учун алоҳида боб борлигини қўшимча қилади.
"Шунинг учун, жароҳатдан кейинги секс уларнинг биринчи жинсий алоқаси бўлади, бу улар тасаввур қилганидан жуда фарқ қилади."
ReSex лойиҳаси менежери Катерина Скороходнинг таъкидлашича, улар аёллар ва эркаклар учун уларнинг танаси ва тажрибасини ҳисобга олиб, алоҳида қўлланмалар нашр этган.
Бироқ, унинг таъкидлашича, лойиҳа жисмоний эмас, балки ҳиссий томонга қаратилган.
"Ўзингизни қандай қабул қилишингиз, ўзингизни қандай севишингиз ва бу жароҳатлардан кейин ўзингиз ва жуфтингиз билан интим муносабатларни қандай ўрнатишингиз мумкинлиги ҳақидадир."

Ветеранларнинг сўровномаларига жавоб беришида бўшлиқлар бор, дейди у ва ЛГБТ ҳамжамиятидан жавоб олишга қийналганликларини қўшимча қилади.
Аммо улар Украина ветеранлари ҳақида ҳам кўп нарсаларни билиб олдилар. Масалан, мамлакатда мия шикастланишлари кўпинча аниқланмайди ёки аниқланса ҳам яхши даволанмайди, бу унинг айтишича, "либидо ва умуман жинсий қобилиятга" кучли таъсир қилади.
Унинг таъкидлашича, ветеранлар агар хоҳламасалар, жинсий алоқа қилишлари шарт эмаслигини билишлари муҳим, жинсий алоқа дастлаб қийин ёки оғриқли бўлиши мумкин.
Глеб, албатта, бу лойиҳа ҳақида ижобий фикрда. Жароҳатларидан кейин қиз дўстинг борми, деб сўрашса, у кулади.
"Асирликдан ва касалхонадан қайтганимдан сўнг, менинг бир қиз дўстим бор эди, кейин эса лойиҳа анкетасини ўтказаётганимда бошқаси бор эди. Ҳозир эса партнерим бор, - дейди у.
Аммо у ўтган йили учрашган ҳар бир инсондан миннатдор эканлигини айтади.
"Ҳар бир партнер мен учун ўзимга ишончимни қайтариш учун муҳим бўлган. Бунинг учун жуда миннатдорман".
Ушбу мақолани тайёрлашда Свитлана Либет ҳам ёрдам берган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













