Украина: Покровскка ҳужумда кўплар ўлди, Зеленский ҳаётига суиқасд фитнаси маълум бўлди - Янгиликлар

Сурат манбаси, DSNS
Украинанинг Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти билдиришича, душанба куни Россия қўшинлари Покровск шаҳрини ўққа тутиши оқибатида етти киши ўлди ва 67 нафари жароҳат олди.
Ҳалок бўлганларнинг беш нафари оддий фуқаролар бўлишган.
Яраланганлар орасида 29 оддий фуқаро, жумладан 2006 ва 2012 йилда туғилган болалар, 29 полиция ходими, етти нафар Фавқулодда вазиятлар ходими ва икки ҳарбий бор.
Покровск ҳозирги фронт чизиғидан тахминан 40 километрлик масофада жойлашган.
Душанба куни кечқурун Россия қўшинлари Покровск марказига икки марта зарба беришди.
Маҳаллий ҳарбий маъмуриятга кўра, соат 19:15 ва 19:52да "Искандер" ракеталари билан ҳужум қилинди.

Сурат манбаси, DSNS
Ҳужумлар натижасида кўп қаватли бинолар, одамлар яшаётган хусусий уйлар, меҳмонхона ва қаҳвахона шикаст еган.
Украина телеграм-каналлари тарқатаётган видеода ракеталардан бири Покровскдаги "Дружба" меҳмонхонасига келиб тушгани англашилади.
Видеони олаётган одам: "иккинчи зарба - "Дружба" меҳмонхонаси", - деб айтгани эшитилган.
Айни дамда, урушнинг 530-кунида фронт чизиғида сезиларли силжишлар кузатилмади.
Душанба куни Украинанинг Херсон шаҳри ҳокимияти шаҳар Россия қўшинлари томонидан кенг кўламли ўққа тутилганини билдиришганди.
Ҳужумда ракета 9 қаватлик турар жойга келиб тушган, ҳужумда камида бир киши нобуд бўлган ва 12 киши яраланган.
"Хоинларга қарши кураш"

Сурат манбаси, SBU
Украина хавфсизлик хизмати Президент Володимир Зеленский ҳаётига суиқасд уюштиришда гумонланиб бир аёл ҳибсга олинганини айтди.
Айтилишича, аёл июнь ойида Зеленскийнинг сув остида қолган Миколаив шаҳрига сафари жадвалини олдиндан билишга уринган.
Украина Россияни қўллаб-қувватловчи маҳаллий аҳолини Россияга маълумот етказиб туришда мунтазам айблаб келади.
Зеленский бу ҳибс ва "хоинларга қарши кураш" ҳақида хабардор қилинганини айтди. Россия изоҳ бермади.
Украинанинг хавфсизлик хизмати, СБУ, ўз баёнотида аёл россияликларга маълумот бериш жараёнида қўлга олинганини билдирди.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












