Украина уруши: Россиянинг уруш блогерлари кимлар ва улар нега бунчалик машҳур? Ukraina Dunyo Yangiliklar

Украинанинг Донецк шаҳрида Владлен Татарский хотирасига ўрнатилган билборд

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украинанинг Донецк шаҳридаги биллбордда уруш мухбири Владлен Татарскийга ҳурмат бажо келтирилади - бу ерда унинг тахаллуси эмас, ҳақиқий исм-фамилияси ёзилган
    • Author, Виталий Шевченко
    • Role, BBC Monitoring

Бир неча кун олдин Санкт-Петербургдаги портлашда ҳалок бўлган Владлен Татарский Россиянинг "уруш мухбирлари"дан бири эди. Бу блогерлар ким ўзи ва нима учун бунчалик машҳур?

Улар Украинадаги урушни қўллаб-қувватлайди ва кўпинча фронтдан хабар беради. Улар ашаддий аксил-Украина ва аксил Ғарб фикрларни тарқатишади.

Рус тилида "военкор" номи билан танилган бу мухбирлар одатда махсус ҳарбий билимга эга эканлигини ва рус қўшинлари билан алоқаси борлигини даъво қилади.

Алоқадор мавзулар:

Баъзилар қўшинлар ичида, баъзилари эса улар билан бирга урушаётгандек ўзини тутади.

Уларнинг ҳукуматга алоқадорлик даражаси ҳар хил. Улардан баъзилари Кремль назорати остидаги оммавий ахборот воситаларида ишлайди, бошқалари эса ижтимоий тармоқларда блог юритади.

Уларнинг россиялик ўқувчилар орасида бу қадар машҳурлиги сабаби шундаки, улар кўпинча расмий ҳисоботлардан кўра кўпроқ маълумот беради, "махсус ҳарбий операция" зарурлигига шубҳа қилмайди, аммо танқидийроқ фикрларни ҳам айтадилар.

Улар 2014 йили Украинага биринчи босқиндан сўнг пайдо бўлди ва Россияда уруш ҳақида хабар беришда янги давр бошланди.

Кўпчилик учун урушни қўллаб-қувватлаш Москвадаги ҳокимиятни, хусусан, босқинчи ҳарбий қўмондонларни қўллаб-қувватлашни англатмайди.

Мисол учун, ишғол остидаги Макиивка шаҳридаги бинога Украина ракета зарбаси оқибатида ўнлаб рус аскарлари ҳалок бўлганида рус қўмондонлари қаттиқ танқид остига олинди.

Уруш мухбири, War Gonzo номи билан танилган Семён Пеговнинг Telegram'да 1,2 миллиондан ортиқ обуначиси бор, бу Россияда тақиқланмаган бир неча йирик ижтимоий тармоқлардан биридир.

Украинанинг Макиивкага ҳужумидан сўнг у Россия Мудофаа вазирлигини "камчиликни очиқдан-очиқ яширишга уринаётганликда" айблади.

Яна бир уруш тарафдори, Полковник Кассад номи билан блог юритувчи Борис Рожин (800 минг обуначи бор) рус қўмондонларини "уқувсизлик ва уруш оқибатларини тушунмаслик"да айблади.

Видео тагсўзи, Санкт-Петербургдаги қаҳвахонадаги портлашдан олдинги лаҳзалар

«Вагнер»нинг хусусий ҳарбий компаниясига алоқадор ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар, айниқса, Россия олий раҳбариятини танқид остига олган.

Ҳарбий раҳбариятни бу тарзда кескин танқид қилиш уруш мухбирларини Украинадаги "махсус кучлар операцияси"ни мунтазам мақтайдиган Кремль тарғиботидан ажратиб туради.

Баъзи шарҳловчиларнинг таъкидлашича, Россия ҳарбий раҳбарлари танқидчи ҳарбий блогерларни ўз нуфузларига хавф деб қарайди ва уларнинг овозини ўчиришга уринишлар бўлган.

Кремлпараст бўлган оммавий ахборот воситалари томонидан ёлланган машҳур уруш мухбирлари эса расмий позицияга кўпроқ ён босади.

Уларнинг энг машҳурларидан бири, "Комсомольская правда" газетасида ишлайдиган Александр Коцдир.

Владлен Татарскийнинг ўлдирилишида Коц Украинани айблади, бу билан Россия расмийлари гапини такрорлади.

"Киевдаги ҳар қандай амалдорнинг оёғи остида ер ёниши керак, - деб ёзди у. - Россия билан уруш олиб бораётган ноинсонийларнинг ҳеч бири ўзини хавфсиз ҳис қилмаслиги керак".

Бундай мухбирлар Кремлнинг оммавий ахборот воситаларида ўз мавқеини мустаҳкамлашда асосий роль ўйнайди.

Масалан, Россиядаги энг машҳур "Россия 1" телеканалининг уруш мухбири Евгений Поддубний «Вагнер» ёлланма аскарларининг Украинадаги иштироки ҳақидаги расмий сукунатни бузди.

2022 йил июль ойида Донбассдаги электр станцияси вайроналаридан хабар бера туриб, у кутилмаганда бу жой «Вагнер» томонидан «озод» этилганини айтиб юборди.

Бу давлат оммавий ахборот воситаларида «Вагнер» ҳақидаги хабарларнинг бошланиши эди, унгача улар гуруҳ мавжудлигини эътиборсиз қолдирган ва ҳатто рад этган.

Коц ҳам, Поддубний ҳам Украинага қарши кремлпараст ташвиқотда қатнашгани учун Ғарб санкцияларига тушган.

Украина билан урушни қўллаб-қувватловчи ижтимоий тармоқлардаги Россиянинг машҳур кўплаб аккаунтлари аноним бўлиб, улар нашр этаётган материаллар кўпинча жуда график бўлади.

Энг машҳур мисоллардан бири бу «Вагнер»га алоқадор Telegram канал Grey Zone бўлиб, у 2022 йил ноябрида «хоин»нинг босқон билан ўлдирилиши акс этган кадрларни жойлаштирган эди.

Россия уруш мухбирлари кўпинча Украинани мустақил давлат сифатида йўқ қилишга чақиради. Масалан, Юрий Котенок украин деган миллатни йўқ қилишга чақирганди.

"Ҳатто саратон касаллигини даволаш мумкин, лекин украинларни ҳеч қачон!" деди у бир марта Telegram'да. "Бу Сатанизмнинг бир тури, уни фақат битта нарса йўқ қилиши мумкин - олов! Бу ифлосликни тозалайдиган оловдир".

Котенокнинг 400 000 дан ортиқ обуначиси бор.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002