Янгиликлар: Путинга қарши чиққан одамларнинг тақдири қандай тугайди? Россия Украина Yangiliklar

Путин

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Виталий Шевченко
    • Role, BBC Monitoring

Президент Владимир Путин ҳозирда Россиянинг мутлақ ҳокимидир. Унга қарши гапирган аксарият одамлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, бошқалари қамалди, айримлари ўлдирилди.

2022 йил феврали, Украинага босқин бошланган вақтга келиб, 20 йил давом этган мухолиф овозларни ўчириш ҳаракатлари ниҳоят Россияда мухолифатни буткул йўқ қилди.

Президент Путин бошқарувининг илк йилларида ёқ мамлакатдаги сиёсий амбицияси бор олигархларни жиловлашни бошлаган эди.

Россия нефт гиганти "Юкос"нинг раҳбари бўлган Михаил Ходорковский мухолиф партияларга молиявий ёрдам бергани ортидан 2003 йили ҳибсга олинди, солиқлардан қочишда айбланиб, 10 йилга қамалди. Қамоқдан озод бўлгач, Россияни тарк этди.

Путиннинг ўзига ҳокимиятга келишига ёрдам берган бошқа бир олигарх Борис Березовскийнинг ҳам у билан ораси бузилди ва 2013 йили Британияда, хабар қилинишича, суицид сабабли вафот этди.

Алоқадор мавзулар:

Россиядаги муҳим ОАВлар аста секин давлат назоратига ўтди ва Кремлнинг расмий чизиғидан чиқмайдиган бўлиб қолди.

Алексей Навальний

Ҳозиргача Россияда энг таниқли муҳолифат етакчиси Алексей Навальний бўлиб, у қамоқда туриб Путинни "жиноий, тажовузкор" урушига юз минглаб одамларни тортаётганликда айблади.

2020 йил августида Сибирга сафари чоғида Навальний ҳарбий кимёвий модда "новичок" билан заҳарланган. Заҳар уни ўлдиришига бир баҳя қолган эди. Шундан сўнг уни даволаш учун Германияга олиб кетишганди.

навалний

Сурат манбаси, Getty Images

2021 йил январида унинг Россияга қайтиши қисқа муддатга мухолифат намойишларига туртки берди, аммо етакчи дарҳол ҳибсга олинди, фирибгарлик ва суд ҳукмидан қочишда айбланди. У ҳозир тўққиз йиллик қамоқ муддатини ўтамоқда. У ҳақда Оскар мукофотига лойиқ кўрилган ҳужжатли фильм ҳам олинди.

Навальний 2010 йилдан ҳукуматга қарши оммавий намойишларда фаоллик кўрсата бошлаган. Унинг муҳим сиёсий қуроли бўлмиш "Коррупцияга қарши жамғарма"си (КҚЖ) тайёрлаган ва ҳукуматни фош қилишга қаратилган фильмлари интернетда миллионлаб марта кўрилди. 2021 йили бу жамғарма экстремистик деб эълон қилинди ва Навальний ўзига қарши даъволарни сиёсий мақсадларда қилинаётганини таъкидлади.

Унинг кўплаб ҳамкорлари хавфсизлик хизматлари босимига учради, айримлари хорижга қочди, жумладан, КҚЖ собиқ раҳбари Иван Жданов, жамғарманинг бош ҳуқуқшуноси Любов Собол ва Россия бўйлаб Навальнийга қарашли тармоқнинг аксар катталари қувғинга учради.

Навальнийнинг яқин ҳамкори Леонид Волков 2019 йили ўзига қарши пул ювиш айблови қўйилганда Россияни тарк этган эди.

Урушга мухолифлик

Путиннинг панжара ортидаги яна бир асосий танқидчиси Россия урушини қаттиқ танқид қилган Илья Яшиндир. 2022 йил апрель ойида Youtube'даги жонли эфирида у Россия кучлари томонидан содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятларни тергов қилишга чақирди ва президент Путинни "ушбу урушдаги қассоб" деб атади.

Ушбу жонли эфир сабабли у Россия армияси ҳақида "атай ёлғон маълумот" тарқатиш тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб, саккиз ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу қонун 2022 йил 24 февралида Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай, парламентда зудлик билан қабул қилинганди.

Яшин сиёсатга 2000 йилда 17 ёшида Путин ҳокимият тепасига келганида кириб келган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Яшин сиёсатга 2000 йилда 17 ёшида Путин ҳокимият тепасига келганида кириб келган.

Яшин сиёсатга 2000 йилда 17 ёшида Путин ҳокимият тепасига келганида кириб келган.

2017 йилда бир неча йиллик мухолиф фаолиятидан сўнг у Москванинг Красноселский туман кенгаши раиси этиб сайланган ва Кремлга нисбатан танқидий фикрларини билдиришда давом этган.

2019 йилда у ҳокимиятнинг Москва шаҳар думаси сайловларида мустақил ва мухолифатчи номзодларни рўйхатга олишдан бош тортганига қарши намойишларда фаол иштирок этгани учун бир ойдан кўпроқ қамоқда ўтириб чиққан.

Кембрижда таҳсил олган журналист ва фаол Владимир Кара-Мурза 2015 ва 2017 йилларда икки марта сирли тарзда заҳарланиб, комага тушган. У 2022 йил апрелида Россиянинг Украинага бостириб киришини танқид қилганидан сўнг ҳибсга олинган ва Россия ҳарбийлари ҳақида "ёлғон хабарлар" тарқатиш, "номақбул ташкилот" фаолиятини ташкил этиш ва давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда. Унинг адвокатининг айтишича, агар айбдор деб топилса, 25 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

У таниқли рус ва Ғарб оммавий ахборот воситаларида Путин танқид қилинган кўплаб мақолалар муаллифидир. 2011 йилда мухолифатнинг Россияда инсон ҳуқуқларини поймол қилувчиларга қарши Ғарб санкцияларини жорий этиш ҳаракатларига раҳбарлик қилган.

Кўпгина Ғарб давлатлари киритган бу санкциялар 2009 йилда фирибгарликда айбланиб, Россия қамоқхонасида вафот этган адвокат Сергей Магнитский номи билан "Магнитский қонуни" деб аталган.

Демократия учун кураш

Кара-Мурза қочқинликдаги собиқ олигарх Михаил Ходорковский томонидан асос солинган демократия учун "Очиқ Россия" ташкилоти раиси ўринбосари ҳам эди. Россияда бу ташкилот расман «номақбул» деб тан олинган ва ниҳоят 2021 йилда ёпилган. "Очиқ Россия" раҳбари Андрей Пивоваров "номақбул ташкилот"да иштирок этгани учун тўрт йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Кара-Мурза узоқ муддатга қамалиши мумкин, бироқ у яқин дўсти ва Россия мухолифатининг асосий етакчиси Борис Немцовдан фарқли ўлароқ хали тирик.

Немцовнинг ўлдирилишида чечен миллатига мансуб беш киши судланган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Немцовнинг ўлдирилишида чечен миллатига мансуб беш киши судланган

Немцов Путин давридан олдин Нижний Новгород вилояти губернатори, энергетика вазири, кейин эса Бош вазир ўринбосари бўлган, шунингдек, Россия парламентига ҳам сайланган эди. Кейин у Кремлга қарши тобора кўпроқ чиқиш қила бошлади, Владимир Путин танқид қилинган бир қатор мақолалар чоп этди ва унга қарши кўплаб юришларга бошчилик қилди.

2015 йилнинг 27 февралида Россиянинг 2014 йилда Украинага бостириб киришига қарши маршни қўллаб-қувватлашга чақирганидан бир неча соат ўтиб, Кремль олдидаги кўприкдан ўтаётганда Немцовга тўрт марта ўқ узилган.

Немцовнинг ўлдирилишида чечен миллатига мансуб беш киши судланган, аммо бунга ким ва нима учун буюртма бергани ҳамон номаълум. Унинг ўлимидан етти йил ўтиб, суриштирув давомида суиқасддан бир неча ой олдин Немцовни яширин суиқасд гуруҳига алоқадор ҳукумат агенти бутун Россия бўйлаб кузатиб юрганини тасдиқловчи далиллар топди.

Булар мухолифлиги учун нишонга олинган русларнинг бир қисмидир.

Ўтган йили Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши билан «Медуза» ва "Новая газета" каби мустақил рус оммавий ахборот воситалари, шунингдек, «Дожд» телеканали хорижга кетишга мажбур бўлди. Бошқалар, масалан, "Эхо Москви" радиостанцияси шунчаки ёпилди.

Россияда "хорижий агент" тамғасини олган ва рус ҳарбийларига қарши «фейк» тарқатганликда айбланиб, сиртдан саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган фахрий журналист Александр Невзоров каби сон-саноқсиз шарҳловчилар сургунга кетди.

Лекин қамалиш учун миллионлаб аудиторияга эга бўлишингиз шарт эмас. 2023 йил мартида урушга қарши Telegram каналини бошқарган математика талабаси Дмитрий Иванов ҳам армия ҳақида "ёлғон хабарлар" тарқатгани учун саккиз ярим йилга қамалган эди.

Айни пайтда, ёлғиз ота Алексей Москалев мактабда 13 ёшли қизи томонидан чизилган урушга қарши сурат сабабли бошланган терговдан сўнг ижтимоий тармоқларда ўзгача фикр билдиргани учун икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ҳеч бир кучли рақиб ўзига қарши чиқа олмаслигига эришиш учун Владимир Путинга йигирма йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Агар бу унинг режаси бўлса, мақсадига ниҳоят эришди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002