Янгиликлар. Марказий Осиё: Россиясиз қийин бўладими, АҚШ пўписаси ёки бу йил ҳатто садақага пул йўқ, аҳвол тангми? Tojikiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Энди нима бўлади - янги хавотирлар...
Аҳолисининг бешдан бир қисмидан кўпроғи, яъни 2 миллион 300 минг яқин киши камбағалликда ҳаёт кечираётган Тожикистонда кўпчиликка фақат закот бериш эмас, ҳатто фитр садақаси етказиб берилмаслик эҳтимоли бор.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Мисрликларни рамазонда товуқ панжаларини ейишга нима мажбур қиляпти?
- Янгиликлар: Ейишга ҳеч вақо, уйланишга пул йўқ, Қиёматгача тўлайдиган ташқи қарзимиз бор… - $25 миллион долларлик янги масжид ғазабларни тоширмоқда
- 'Секс эвазига' озиқ-овқат ёки нархлар шунча ошадими?
- Ўзбекистон: Ҳозир ҳаммага қийин - нархлар кескин ошди - янгиликлар, озиқ-овқат
Тожикистонликлар бу йил Рамазон рўзасини олдин эълон қилинганига қараганда бир кун кам тутадиган бўлишди. Рамазон ойи 30 кун эмас, балки 29 кун давом этиши аниқланди. Айни бир пайтда Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши Рамазон ҳайити - 21-апрелда, жума куни ўтказилиши борасида қарор қабул қилди. Олдинроқ эса, шанба куни ҳайит куни деб белгиланган ва шу куни Ҳайит намози ўқилиши оммалаштирилганди.
Ҳайит куни яқинлашган сари Таровеҳ намози бошланиши ва ундан кейин масжидларда закот ва фитр садақаси борасида бот-бот эслатилмоқда. Айни бир пайтда аҳолисининг бешдан бир қисмидан кўпроғи, яъни 2 миллион 300 минг яқин киши камбағалликда ҳаёт кечираётган Тожикистонда кўпчиликка фақат закот бериш эмас, ҳатто фитр садақаси етказиб берилмаслик эҳтимоли бор.

Сурат манбаси, .
Айни Рамазон ҳайити арафасида Америка Қўшма Штатларининг Тожикистондаги янги элчиси Мануэл Микаллернинг матбуот анжумани пайтида айтган гаплари Тожикистон иқтисоди ва унга боғлиқ равишда аҳоли турмуш даражасининг янада пасайиб кетиши мумкинлиги борасида хавотирлик уйғотган. Элчи жаноблари Россия Ғарб ва Американинг санкцияларини Марказий Осиё давлатлари орқали четлаб ўтишга уринаётганини айтар экан, шу боис, Тожикистон дохил Марказий Осиё мамлакатларига санкциялар қўлланиши эҳтимоли борлигини айтган.
АҚШ Тожикистонга мустақиллиги йилларида қатор инсонпарварлик кўмакларини кўрсатиб келган. Мануэл Микаллер бу ҳақда эслатар экан, АҚШ Тожикистонга кўрсатадиган кўмакларини кўпайтириши мумкинлигини таъкидлаган. Фақат бунинг учун Тожикистоннинг тўғри танлов қилишига ишора этган. Маҳаллий таҳлилчиларнинг айтишларича унинг бу ишорасидан ё биз билан, ё Россия билан бўлишларинг мумкин, деган мазмун келиб чиқади.
У Россия ва Украина ўртасидаги уруш туфайли озиқ-овқат нархлари ошгани Тожикистонга ҳам салбий таъсир кўрсатганлигини айтган.
"АҚШ элчисининг айни рўза кунлари, Рамазон Ҳайити арафасида айтган гаплари расмий равишда камида миллион нафар меҳнат муҳожири Россияда эканлиги айтиладиган Тожикистонда албатта хавотирлик уйғотиши, табиий. Балки оддий одамларнинг аксарият кўпчилиги элчининг гапларидан умуман хабарсиз бўлишлари мумкин, ё хабари бўлганлар ҳам унинг ишораларини англаб етмасликлари мумкин. Аммо раҳбарлар агар Россиядан узоқлашиш режасини тузишса, бу яна камида 5 миллион нафар тожикистонликнинг бир йил ўтар-ўтмас камбағаллик гирдобига ботиши деган гап. Бунинг олдини олиш учун эса, ё Тожикистоннинг ўзида яхши иш ҳақи бериладиган иш жойларини кўпайтириш, ё меҳнат муҳожирларини Россиядан бошқа мамлакатларга ташкилий равишда ишлаш учун жўнатиш масаласини ўйлаб кўриш керак", дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.

Сурат манбаси, COURTESY
Кузатувчи таъкидлаганидай оддий тожикистонликлар ҳозирда Рамазон ойи рўзасини канда қилмасдан тутиш, Рамазон ҳайитини яхши ўтказиш фикри билан банд.
Лекин Тожикистонда Рамазон хайитида Қурбон ҳайитидан кейин дунёдан ўтган яқинларини хотирлаш учун тайёргарлик кўраётганлар ҳам кўп. Улар орасида Россияда турли сабаблар билан вафот этган, ҳалок бўлган меҳнат муҳожирларининг ота-оналари, қариндошлари бор.
- Менинг ўғлим Украинада ҳалок бўлди, - деди Ёвон туманида яшайдиган Тоҳир Тўйдиев. Унинг айтишича уларнинг оиласи ҳайит намози куни ўғиллари Бобоазизни хотирлашади. Россияга ишлаш учун кетган йигирма икки ёшли Бобоазизни наркотик модда сақлашда айблаб, олти йилга қамашади. Ўтган йили сентябрь ойида уни қамоқдан Россия-Украина урушига олиб кетишади. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан, марҳумнинг ўлигини олиб келишади.
- Ҳозиргача аламимга чидаёлмайман. Қандай қилиб, умрида қўлига қурол тутмаган ўғлимни урушга жўнатишди? - дейди Бобоазизнинг отаси.

Сурат манбаси, COURTESY
Кузатувчиларнинг айтишларича, Рамазон ойиининг мартнинг охирги ўн кунлигидан бошлангани, кунлар қисқалиги боисми, ё тақводор инсонлар сонининг айниқса ёшлар ҳисобидан ортаётгани боисми, жорий йилда рўзадорлар сони сезиларли равиашда кўпайган. Фақат жума намозларигина эмас, таровеҳ намозини ўқувчилар сони ҳам кўпайган. Масжидлар ҳали намоз бошланишига ярим соат ва ундан ҳам кўпроқ вақт бўлишига қарамай, намозхонлар билан тўлмоқда. Намоз бошланар экан, масжид ходимлари намозхонларни имкони борича жипсроқ туришга чорлашмоқда.
Аксарият жоме масжидларида муқаддас Қуръон қорилар томонидан тўлиқ хатм қилинмоқда.
"Мен болалик пайтимдан рўза тутаман. Таровеҳ намозларини ўқийман. Ўттиз ёшдан ошган ўғлим бу йил биринчи марта рўза тута бошлади. Таровеҳ намозларига қатнамоқда. У университетни битириб келганидан сўнг, мен уни рўза тутишга, намоз ўқишга чақиргандим. Лекин у ўз эътиқодида қолди. Бу йил эса, ўз ихтиёри билан рўза тутяпти, намоз ўқияпти", деди Душанбе шаҳрида яшайдиган етмиш ёшдан ўтган Латиф исмли отахон.

Сурат манбаси, courtesy
"Рўза ойида саховатмандлар ҳар йилгидан кўпайди. Бизнинг маҳалламизда ҳар саҳарда дошқозонда эллик кило гурунчга ош дамланади. Лекин биз шу чоққача ошнинг барча масаллиғини олиб бераётган ва ошпазлар ҳақини тўлаётган сахий инсон кимлигини билмаймиз", деди Бобожон Ғафуров туманидаги қишлоқлардан бирида яшашини айтган Собиржон.
"Тўғриси, мен бир кун саҳарликда ош пиширилаётган чойхонага бордим. Ошни еб бўлиб, бошқалар қатори сахий одамни дуо қилдим. Лекин эртасига бормай қўйдим. Чунки уйида ҳар куни палов пиширишга имкони бўлмаган муҳтож кишиларга қараганда, давлати тўла-тўкис одамлар кўп эди. Кўз олдимда камида ўнта енгил машина миниб келган кишилар катта-катта товоқларга ош бостириб, олиб кетишди. Машина бўлганда ҳам, ҳаммаси хорижда ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо машиналар», деди ўз исмини айтишни истамаган эллик ёшлардаги киши.
Кузатувчиларнинг айтишларича, рўзадорлар учун фақат катта қозонларда ош дамлатаётган сахий кишилар эмас, балки ночор оилалар эшигига билдирмасдан озиқ-овқат қўйиб кетаётган кишилар ҳам кўпаймоқда.
"Лекин савоб нималигини ҳамма ҳар хил тушунар экан-да, - деди душанбелик Аҳрор Шукуров. - Рамазон кириши билан бозорда нарх-наво кўтарилиб кетди. Тўғри, нархни арзонлаштирганлар ҳам бор, Лекин улар жуда оз".
Хўжандлик Шафоат исмли аёлнинг айтишича эса, бозорда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Лекин нархлар осмондалиги боис у арзон егулик, меваларни сотиб олади.
"Рамазон ойининг энг мазали ширинлиги ўзимизнинг нишолдадан қолмайлик. Ифторда бир пиёла нишолда ва яримта нон билан қорин тўяди", деди жилмайганча Шафоат.
- Лекин Ҳукуматимиз ҳам камбағалларга ёрдам кўрсатиб келаётганини айтмоқ керак. Қайси Ҳайит, ё байрам бўлмасин, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарлари ночорлар, қариялар ҳолидан ҳабар олишади. Моддий ёрдам кўрсатишади, - деди Гулистон шаҳрида яшайдиган, Наврўз байрами арафасида ўзига ёрдам кўрсатишганини айтган собиқ муаллим.
Ўтган йил охирида мамлакат Президентининг Мурожаатида айтилишича, жорий йилда Тожикистон аҳолисидан 475 минг нафар кишига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг ҳар бирига 600 сомоний (59 АҚШ долларига тенг) дан маблағ берилади. Ёрдам оладиганлар орасида 106 минг нафар ногирон, 81 минг нафар етим ва қаровчиси йўқ болалар, 220 минг нафар кам таъминланганлар ва 539 нафар қочқин бор.
"Биз-ку, озодликда ҳайит қиламиз. Лекин ҳар ифторликда ўғлимни ўйлаб, томоғимдан овқат ўтмайди. У машинаси олдидан югуриб ўтмоқчи бўлган хотинни уриб юбориб, қамалиб қолди. Бултур амнистия бўлади, ўғлингиз чиқади, дейишди. Амнистия бўлмади", деди кўз ёшларини артганча Душанбе яқинидаги Ваҳдат туманида яшайдиган олтмиш ёшдан ўтган аёл.
У бироз туриб, кичик ўғли қўлидаги телефондан Туркманистон Президенти Рамазон ҳайити муносабати билан маҳбусларни турмадан озод қилганини ўқиб берганини айтади.
"Беш юзтага яқин одамни авф қилибди. Бизнинг Президентимиз ҳам шундай қилса, бўлмасмиди. Ўғлим атайлаб жиноят қилмаган бўлса…", дейди аёл ҳамон йиғламсираб.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












