Россия, мигрантлар: ўзбекларни Украина урушига энди масжидда ёллашаяптими? Видео. BBC O'zbek Dunyo Yangiliklar

видеодан скриншот

Сурат манбаси, SCREENSHOT/@MI_MIGRANTY

Сурат тагсўзи, Челябинскдаги масжиддаги тарғибот
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россияда ўзбекистонлик муҳожирларни урушга ёллаш саъй-ҳаракатлари нафақат Москвадаги "Сахарово" миграция маркази ва Россия қамоқхоналарида, балки масжидлар, иш жойлари ва ётоқхоналарда ҳам амалга оширилмоқда.

Муҳожирларнинг сўзларига кўра, Украинага қарши урушда хизмат қилганликлари учун уларга юқори маош, хизматдан кейин турли ижтимоий имтиёзлар, энг муҳими, соддалаштирилган шаклда Россия фуқаролиги ваъда қилинмоқда.

Видеолавҳамизни кўриш учун "Қабул қилинг ва давом этинг" ёзувини босинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россиядаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мутахассислар Марказий осиёлик муҳожирларга огоҳлантиришлар билан чиқишмоқда.

"Тонг жаҳони" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассиси Жалолиддин Рустамов қаерларда ва қандай қилиб ўзбекларни Украина урушига ёллаш кузатилаётгани ҳақида гапиради.

"Россиянинг турли ҳудудларидан меҳнат муҳожирларини урушга ёлланиши учун тарғибот ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабарлар олаяпмиз. Ташвиқотлар асосан, мигрантлар кўп йиғиладиган жойлар: миграция марказлари, ётоқхоналарида, масжидларда ва иш жойларида ўтказилмоқда", дейди Жалолиддин Рустамов.

Урушга ёлланиш учун ташвиқотлар кучайган жойлардаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳуқуқ ҳимоячиларига бирнеча видеотасвирларни йўллашган.

Ташкилот ҳуқуқшунослари ушбу тасвирлардан бир нечасини Би-би-си ўзбек хизматига тақдим этди.

видеодан скриншот

Сурат манбаси, SCREENSHOT/@MI_MIGRANTY

Сурат тагсўзи, Пенза шаҳридаги Миграция марказида урушга ёлланишга чорловчи варақалар тарқатилиши

- Патентга келганларнинг ҳаммасини ушлаб ўтирибди. Шунча одам, - дея тарғибот жойидан олинган тасвирларни кўрсатади муҳожир.

Видеотасвирда ҳарбий кийимдаги бир кишининг рус тилида 30 га яқин муҳожирларга Россия фуқаролигини осон ва тез олиш учун шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташга даъват қилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Ҳуқуқ фаоллари ушбу видеотасвирлар Пенза шаҳридаги Миграция марказида олинганини билдирди.

видеодан скриншот

Сурат манбаси, SCREENSHOT/@MI_MIGRANTY

Сурат тагсўзи, Шартнома асосида ҳарбий хизматга чорловчи варақанинг муқоваси

- Ака, қўлингиздагини кўрсатиб юборинг, - дея 40-45 ёшлар чамасидаги кишига мурожаат қилди видеотасвирга олувчи. Киши экранга ҳарбий хизматга чорловчи варақани кўрсатди. Унда автомат ушлаган ҳарбийнинг сурати ва Георгий тасмасили ZOV ёзуви тасвирланган. Буклет юқорисида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги номи, пастида эса Қуролли кучларда шартнома асосида ҳарбий хизмат сўзлари рус тилида ёзилган.

Муҳожирларни тўплаб, ваъз ўқиётган ҳарбий кийимдаги эса хизмат эвазига уларга бериладиган имтиёзларни санаб ўтгган.

Бундан ташқари, мигрантларга ваъда қилинаётган йирик миқдордаги пул маблағлари муҳожирларга тарқатилаётган варақалар саҳифаларида батафсил ёзилган.

видеодан скриншот

Сурат манбаси, SCREENSHOT/@MI_MIGRANTY

Сурат тагсўзи, Муҳожирларга Россия фуқаролигидан ташқари, йирик миқдорда пул маблағлари таклиф этилмоқда.

Би-би-си ўзбек ихтиёридаги яна бир видеотасвирларда ўзбек дўпписини кийган кишилар минбардаги ҳарбий кийимли кишининг микрофондаги нутқини тинглаётгани акс этган.

- Хатто кимнинг ҳозирда фуқаролиги бўлмаса (Россия фуқаролиги - таҳр), шартнома тузса, фуқаролик олиши тезлашади. Энди фуқаролик олишни 5 йил кутиш шартмас. 1 йилга ҳарбий шартнома ёки 6 ойга бирон махсус ташкилот билан тузасиз. Шартнома тузсангиз, сиз ва оила аъзоларингиз тезда фуқаролик оласизлар, - дейди маърузачи.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу тасвирлар Челябинск вилоятидаги масжидда видеога олинганини маълум қилишди.

Москва шаҳрининг Люблино тумани ҳудудидаги меҳнат муҳожирлари ётоқхонасидан юборилганлиги айтилаётган видеотасвирда ўзбек йигит турар жойида урушга ёлланишга чорловчи плакатлар кўпайиб кетганини гапиради.

видеодан скриншот

Сурат манбаси, SCREENSHOT/@MI_MIGRANTY

Сурат тагсўзи, Мигрантлар ётоқхонасидаги эшиклар ва йўлакларга ёпиштирилган плакат

- Ётоқхоналарда ҳамма жойга урушга таклиф қилиб, ёзиб ташлаяпти. Ҳамма жойга эълон қўйиб ташлаяпти. Эълон қўйилмаган хоналаримизнинг ичи қолди, холос, - дейди муҳожир.

У олган видеотасвирларда ётоқхонанинг эшикларида ва йўлакларидаги "Бизнинг касбимиз ватанни ҳимоя қилиш" деб ёзилган бир неча плакатларда 3 нафар ҳарбий акс этган.

Марказий осиёлик мигрантларни Украинадаги урушга ёлланишга даъвати Россиянинг янги мобилизация тўлқини билан бир манзарада кучайгани таъкидланмоқда.

Муҳожирлар урушга 2022 йил сентябр ойи охирида, шу жумладан "Сахарово" миграция марказида фаол жалб этила бошланган эди. Шунингдек, Россия хукумати шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаган чет элликлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишини таъминловчи қонун қабул қилди.

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар муҳожирларнинг кўнгилли равишда урушга бориб қолишидан кўра, алдов, босим ёки бошқа турли йўллар билан олиб кетилишидан хавотир билдиришмоқда.

Ўзбекистон расмийлари эса ҳозирча ўз фуқароларини Украинадаги урушда иштирок этмасликка чақириш ва қатнашганлик ҳолатида узоқ йиллик қамоқ жазосидан огоҳлантириш билан чекланмоқда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.